БУ ОЛАМДА ОҚ АТИРГУЛДЕК АЁЛ БОР ЭДИ... У МЕНИНГ ОНАМ ЭДИ


Зулфия МЎМИНОВА

БУ ОЛАМДА ОҚ АТИРГУЛДЕК АЁЛ БОР ЭДИ... У МЕНИНГ ОНАМ ЭДИ
ЭССЕ

   Нарпайнинг чанг кўчаларида бола кўтариб олган,бир қўлида катта тугунчали  аёл далага, пахта чопиғига кетаяпти. Орқасидан  3 ёшли сингилчасини қўлчасидан ушлаб олган 6 ёшли қизалоқ. Дала  шийпони жуда узоқ. Қизалоқнинг оёқлари толиқиб кетади. Шундай бўлсада синглисини ўйлайди. Синглисини гоҳ опичлаб олади,гоҳ туширади. Синглиси тушириши билан инжиқлик қилиб йиғлай бошлайди. Қизалоқ уни яна опичлаб олади. Бўйи энгашганидан тупроқ кўчадан бошқа ҳеч нарсани кўрмайди. Орқасида сингилчаси, қизалоқ ерга қараб кетаётиб бир нарсани орзу қилади: “Қани энди олдимдаги тупроқ кўчадан икки дона канфет чиқиб қолса эди. Биттасини синглимга берар эдим,биттасини ўзим еяр эдим”. 
   Йўқ, қизалоқ бу чанг кўчалардан жуда кўп марта ўтди.Унинг олдидан икки дона конфет чиқмади. Кейинги йиллар у укаларини кўтариб ўтди. “Қани эди олдимдан икки дона конфет чиқиб қолса эди,биттасини укамга берар эдим.Биттасини ўзим еяр эдим”.
   Қизалоқ  9 ёшида онасидан жудо бўлди.  Бир оилада етти гўдак ярим етим қолди. Энди бу чанг кўчалардан унинг кичкина юраги катта айрилиқни зўрға кўтариб ўтарди. Бу қизалоқ мен эдим.  Саккизинчи фарзандини туғиш арафасида, қирқ уч ёшида вафот этган муштипар аёл-менинг онажоним эди. Онажонимнинг исми-Муқимтош эди. Бобом ва момомнинг фарзандлари  кетма-кет  нобуд бўлавергач, Оллоҳнинг розилигини сўраб,шу қизимиз ўлмасин,тошдек муқим турсин,деб Муқимтош дия атаган эканлар. Афсус ўша бебаҳо тош ҳам бўлакланиб,бир коса сувдек тўкилиб кетди. Биз суяниб турган жуда улкан тоғ  қулади. Етти гўдак ер парчин бўлиб йиқилдик. Қанотларимиз қирқилди. Атрофимизда болалар парвоз айлаб, учиб юришар эди.
   Бизнинг парвозимиз кечикиб кетди. Кейинчалик билсам, оналарининг бевақт ўлими туфайли юраклари яра бўлган гўдаклар ўзбекистонда кўпчилик экан. Уларнинг  оналари ҳам менинг онам каби ўша пайтдаги давлатга ҳам, ҳукуматга, раҳбариятга ҳам керак бўлмаган.
  Худди шунингдек биз ўзбек болаларининг фожиаси  ҳеч кимни ташвишга солмаган экан. Бизнинг  оналаримиз,орзуларимиз,келажагимиз,соғлигимиз пахта деган якка ҳокимдан кейин, учинчи, тўртинчи, бешинчи...ўнинчи ўринларда турар экан.
   Биз етти фарзанд ерга қараб ўсдик. Шу гўдаклар ўксимасин деб, ҳолимиздан хабар олиб,байрамларда янги кўйлаклар тикиб берадиган холам ҳам орадан  уч йил ўтиб вафот этдилар. Унинг исми  Санггул эди.  Бу тошгул деганидир. Бечора бобом ва момом бу қизларини ҳам бевақт ўлмасин деб,шундай аташгани экан. Замоннинг аёл тақдирига бефарқлиги тошгулни ҳам чил-чил синдирди. Холим ҳам онам каби гўзал эди. Қишлоқдагилар уни ёшлигидан- Парзод- деб,аташар эдилар. Холамнинг орқасидан ҳам етти фарзанд зор йиғлаб қолаверди. Йўқ!  Биз билан ўн тўрт фарзанд қақшаб қолавердик. Юрагининг икки бўлагидан жудо бўлган,ўн тўртта набирасининг кўзларидаги қайғусини кўтаролмаган моможоним - Санобар  энам ҳам холажоним вафотидан икки йил сўнг, адо бўлган омонатини яратгангга топширди.
   Ана энди бизнинг ҳаётимизни,  оҳ, эссизгина болалигимизни тасаввур этаверинг. “Оналик етим гул етим,онасиз етим шўр етим”  деган, нақл бор эди эл ичида. Бу дегани онанг тирик бўлса отасизлигинг билинмайди,агар онанг йўқ бўлса,пешонангни шўри ўшадир дегани экан. Биз ўша шўрлик етим бўлиб ўсдик. Ҳали ҳам онасизлигим билинади...Ҳали ҳамон онаси борларни кўрсам онамни эслайман. Ҳали ҳамон бировнинг онаси вафот этибди деса,ўшанинг олдига ҳаммадан олдин дод ,деб борувчи шўрида бағирман,сарғайган сағирман... 
   Мен сабрман, мен бардошман. Мен умидман,мен орзуман. Истиқлолни,юрт эъзозини кўролмай,хазон бўлиб кетган юзлаб,минглаб Муқимтошларнинг Санггулларнинг,Тошгулларнинг тилагиман.
   Истиқлолгача ўзбек аёл ким эди?  Ҳаммаси деҳқон эди. Ҳаммаси пахтакор эди,чўпон эди,кийгани чопон эди. Нимжон бўлсада,камқон бўлсада,бола туғавериши керак бўлган ,жони борлиги унитилган темир  эди. У даладами?  Уйдами? Аравадами? Юк машинасидами? туғавериши керак эди. Қон кетишиданми? Нафас етишмаслигиданми? Қон босимиданми?   Жигар эзилишиданми? Ўпка силиданми? Оддий кўр ичакданми? ўлиб кетавериши  керак эди,қирилиб кетавериши керак эди.
                                                               ***
   Оиламизнинг еттинчиси Собиржон укам ҳали икки ёшга тўлмаган эди. Онажоним саккизинчисига ҳомиладор бўлдилар. Негадир у бу ҳолати учун биздан уялиб юрди.  Қандайдир айбдордек. Ўша кезларидаги ҳолати гўё,бир ишни рухсатсиз қилиб қўйган гўдакдек, яъни пиёлани билмай синдирганмияй, сутни тўкиб юборганмияй болачадек  ҳадик билан  юрарди. Биз  эса яна битта укамиз бўлади деб,бундан хурсанд бўлдик. Биздан бошқа ҳеч кимни онамнинг саккизинчи болага ҳомиладорлиги қизиқтирмади.  Ҳатто отам ҳам унчалик хурсанд эмасдек эди.   Бечора онам   чумолидек оғир меҳнат қилишдан тўхтамади. Ҳар икки куннинг бирида хамир қориб, тандир – тандир нон ёпар эди.  Бизнинг унга раҳмимиз келар аммо, у қилган оғир ишларни қила олмас эдик. Нон ёпса тандирга  ғўзапоя ташиб берар, кир ювса сиқишиб юборар эдик холос.  Отам кечқурин ишдан келардию овқатдан сўнг тошдек қотиб ухлар эди. Бирор марта онамдан “Аҳволинг қандай? “ –деб сўрамас эди. Онам кундан – кун оғирлашиб борар эди. Изғирин қиш кунларида  ҳам у нон ёпиб,  сигир соғиб, куви пишишдан, етти бола ва эрининг кирини ювишдан озод бўлолмади. Кечқуринлари ҳолсизланиб ўтириб қолса кичкинтой укам кўксага бош қўйиб оларди. Тўғри ҳали унинг ҳам она сути оғзидан кетмаган эди. Унинг ҳам  онасининг пинжига тиқилишга, ҳидини ҳидлашга ҳаққи бор эди. Аммо, она сутидан эрта ажратилган етмагандек, ўзи хоҳлаганчалик она бағрида бўлолмасди. Гўдакнинг инжиқлигини,аразини онам тоқат билан кўтарар эди. Онамнинг асосий вақти  тандирхона ва ошхона, молхонада ўтарди.
    Рўзғорнинг  ошхонаси ва тандирхонаси билан отамнинг ҳеч ҳам иши бўлмаган. 
   Қаҳратон қиш кунларининг бирида  усти  айвон қилиб ёпилмаган   тандиримиз  ёмғир ва қор таъсиридан уюб, қулаб тушди. Энди онам  қишлоқнинг нарига томонидаги ота – онасининг уйига бориб нон ёпиб келар эди.  Ўзимизнинг тандир нурамаганида нон ёпиб бўлгач, тандир чўғини сандалига солиб бизни иссиқ кулчалар билан сийлар эди.  “Мана оёқларинг ҳам ичларинг ҳам иссиқ бўлади”, - дердилар қувониб.  
   Ҳеч эсимдан чиқмайди онам  бечора  момомнинг  тандирида нон ёпиб, чўғини эски пақирга солиб бизга олиб келгани...  Ўчоқ бошининг  қорларини кураб, ҳўл ўтинларни минг бир азобда ёқиб,қорларни  эритиб кир ювардилар. “Қорнинг суви яхши, кир тез оқаради”-деб хурсанд бўлар эди бечорагинам. У аёзли қиш кунларини онам шундай азоб билан ўтказди. Бизнинг қишлоғимизда нонвойхона умуман бўлмаган. Буханка нонни эса одамлар станцияга чиқиб поезднинг проводникларидан сотиб олар эди. У ҳам доимий эмас эди  албатта.
   Қиш тугаб баҳор кириб онамнинг “ойу куни” яқинлаша бошлади. У ўзи хоҳласа ҳам илгаригидек чаққон ҳаракат қилолмас эди.  Ўша оғир кун ёдимда.  Эрталаб онам ўрнидан турай деб қўзғолувди кўзи тиниб ўтириб қолди.  Анча ўтиргач, ўзига келди ва нонушта тайёрлади. Отам ишга, акам ва опам мактабга кетди. Менинг дарсим тушликдан кейин бошлангани учун уйда эдим.  Укаларимга қараб ўтирибман.   Молхона томонга кетган онам  соат 10 ларда уйга кириб ётиб қолди. Менга “Югур қизим момонгни айтиб кел. Момонг йўлда  табиб Омоной аммани олиб келсин. Мени   тобим йўқ  тез келсинлар” деди. Мен шамол тезлигида онамнинг онаси  Санобар  момомникига югурдим. Момом  онамнинг аҳволидан хабар топгач,Омоной аммамни эргаштириб бизникига келишди. Онамда қон кетиш бошланиб  аҳволи оғир эди.  Шунда момом менга “Укаларингни  Санггул холангникига олиб бориб ўзини бу ерга юбор,  уйдан бобонгга  ҳам айт бу ерга келсин!”-деди. Мен укаларимни Санггул холамникига қўйдиму, бобомни олдига боридим, бобом “Оқ йўрға” лақабли отига мени мингаштириб етиб келди. Биз бобом билан уйга кирганимизда Омоной амма “ Бечора туғаолмаяпти”- деди. Мен қўрқувдан ташқарига чиқиб йиғлаб ,худога илтижо қилиб ўтирдим.  Ичкарида онам гоҳ ҳушидан кетиб, гоҳ ўзига келиб икки йўл орасига бориб келар эди.  Ичкарида нима маслаҳат бўлдию бобом отига миниб уйлари томонга кетди.  Ҳаялламай бобом ов милтиғини кўтариб келдилар.   Бобом Омоной аммамнинг  маслаҳати билан инс- жинсларни қувдимияй,  онамни ҳушига келсин дедимияй, уйимиз бурчакларига қарата ўқ узди. Аммо, онам  кўзини очмади. Қишлоқда телефон йўқ, “Тез ёрдам” машинаси ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бир кишида енгил машина бор у ҳам ишга кетган ҳозир уйида йўқ.  Уйдаги таҳликали ҳолатдан хабар топгандай  бир юк машинасини миниб  отам ишдан қайтиб келиб қолди. Улар: отам, бобом, шопир ва  Санггул холам онамни катта кўрпага солиб , тўрт томонидан кўтариб машинанинг бортига чиқардилар. Улар онамни туман маркази туғриқхонасига олиб кетишди. Юк машинасида онамнинг ёнида отам, бобом ва момом кетдилар.   Мен билан уйда қолган холам йиғлаб –йиғлаб қип қизил қон бўлиб ётган кўрпа -тўшакларни совуқ сувда чайиб  сўрига ёйиб қўйдилар.  Кечқурин эшитишимча онамни операция қилишиб ичидаги нобуд бўлган болани олиб ташлашибди.  Ўлик туғилган чақалоқни  отам қандай дафн этгани айтишни ўзи оғир... Операциядан  бир кун ўтиб онам  кўзини очган. Шифохонага бизни олиб боришмади. Фақат катталар бориб келар аммо ҳеч бирининг ичига чироқ ёқса ёришмас эди. Онам бир ҳафта шифохонада ўлим билан олишди...   
 1970 – йил 9 март. Кечаси билан “Қоплон” лақабли итимиз  бехосият  увлаб чиқди.  Эрта тонгда  мудҳиш хабардан юракчаларимиз бўлак – бўлак бўлди. Уйимизга қариндошлар келиб дод, фарёд  билан онамни сўнгги бор ўз уйига “меҳмон” бўлиб келишига  тайёргарлик қилишди кейин  тумонат одам йиғилганини эслайман. Кўздан ёшимиз дарёдек оқди аммо фойдаси йўқ. Онам билан бирга уйимиздан қут – барака чиқиб кетди.  У ўз топган даромадига қурилган янги ҳовлида яйраб яшамади.  Онамдан кейин ҳовлимизда йигирматалаб  сигиру новвос, юзлаб парранда, сон – саноқсиз қўйу эчки  боқилмади. Онамнинг вафотидан сўнг ундан қарз олган қишлоғимиз аёллари қарзларни бирин – кетин бизга бериб кетишди. Биттаси 11 сўм( ўша пайтда 4 келограм гўштнинг пули),  бири 25 сўм, бири иккита қўйнинг пули ташлаб кетганини эслайман.
   Мен бу инсонларда ҳақиқий муслималик эътиқодини кўриб қойил қолганман.

                                                      ***

   Онам оқ атиргулларни яхши кўрар эди. Ҳовлимизда эрта баҳордан то совуқ кузгача атиргуллар очилиб турар эди. Ўша йили  қиш қаттиқ келиб атиргулларни ҳам совуқ уриб кетди. Ёзи билан ҳовли файзсиз турди. Бу йили баҳорда отам билан опам кўчат бозорига бориб оқ атиргул кўчатини олиб келмоқчи бўлишди. Афсуски, кўчатчи ўзида оқ атиргул кўчати йўқлигини фақат қизил атиргул кўчати борлигини айтибди. Қуриқ қўл билан қайтмайлик дия отам ва опам бор кўчатларни олиб қайтишди. Кўчатларни ҳафсала билан парваришладик. Ёзнинг иссиқ кунларида атиргуллар ғунчалай бошлади.  Ажойиб кунларнинг бирида чаппар уриб очилган атиргулларнинг тенг ярми оқ атиргуллар эканини кўриб ҳайратда қолдик. Онам яхши кўрган оқ атиргуллар. Биз бу мўъжизанинг сири – синоатига етолмадик.
   Отам атайлаб таниш кўчатчиникига бориб “Холбой ака атиргул кўчатларингизни орасида оқ атиргуллар ҳам бор эдими?”-деб сўрабди. Холбой тоға эса “Йўқ, ўша келганингизда ҳам оқлари йўқлигини айтувдим, мана ҳовлимни қаранг ишонмасангиз”-дия қизил атиргулларини кўрсатибди.
   Не бўлганда ҳам ҳовлимизда онам яхши кўрган оқ атиргуллар очилиб ётибди.  Тонгда туриб уларнинг ёнида дуо ўқилса улар шундай хушбўй таратадики, ҳатто йўлдан ўтаётган одамлар ҳам - ҳовлиларингдан атиргул ҳиди келади –деб ҳавас қилишади.
   Ҳа, бу оламда оқ атиргулдек бир аёл бор эди. У атиргулдек назокатли, нафосатли эди. Уни қисматнинг совуқ изғини  хазон қилди. Уни замонининг шавқатсиз бўрони ҳалок этди. Уни лоқайдлик суғуриб отди. 
   Аммо, у кучли эди. У барибир кўкариб яшил япроқ ёзди. У барибир ғунча очди. У илдизини чуқур олган экан. Унинг уфори оламни тутади. У ғарқи латофат, пайванди муҳаббат, соҳибаи жасорат эди. У йўқолиб кетмади. У  йилдан-йилга  кўпайиб бормоқда.
   Ҳар баҳор унга қараб “ Бу оламда оқ атиргулдек бир аёл бор эди. У менинг онам эди “- дейман.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот