ҚАДР


Мунаввара УСМОНОВА

БИР КУНИ...
ҚАДР

     Наврўз арафасида онамни йўқлаб бордим. Ҳовлига чиқиб кетиб ҳаяллаб қолган онамдан хавотирланганимни кўрган укам:
 − Хавотирланманг, опа, бувим (онамизни буви деб атаймиз) товуқларини тиббий кўрикдан ўтказяпти. Беш-олти йилдан бери баҳорда қўни-қўшниларнинг товуқларига касал тегиб нобуд бўлади, табибимиз моҳирлигидан касаллик ҳовлимиздан айланиб ўтади, – деди кулиб.
Товуқлар катаги олдида куймаланаётган онамни кўриб кўзимга ёш келди. Бир этак бола, невара, чевараларнинг корига ярашдан чарчамайдиган, қадр қилиб сочлари оқарган, оқибат деб, беллари букчайиб бораётганига қараб юрагим увушди. Қорамни кўриб ёш боладек севиниб кетди.
− Буви, маҳаллада битта сизнинг товуқларингизга касал тегмасмиш, сабабини қўшниларга ҳам айтдингизми?
− Айтганман, болам, айтмоқ тугул ҳаммасининг уйига кириб дори-дармон улашган куним бўлди. Ҳафсала қилишмайди, ҳозирги ёшлар негадир эринчоқ. Ота-боболаримиз товуқни етти хазинанинг бири, деб бежизга айтмаган-да! Товуқнинг гўшти ҳам, тухуми ҳам танга мадор. “Ўлат” теккан жонивор бир кунда тап этиб йиқилиб ўлиб қолмайди. Беморланган одамдек ранги сарғаяди, пати ҳурпайиб бир чеккада ҳоли қуриб ётади. Шунгаям эътиборлари йўқ. Бир ҳовли товуғи ўлиб бўлгач қадрини билиб изиллайди…
− Қандай даво қилади, табиб момомиз? Онам менга қараб: – Газитга ёзасанми? – дейди майингина жилмайиб. – Бир коса қатиққа бир-икки хил витамин дори қўшаман, қалампир, пиёзни майдалаб тўғраб аралаштираман. Ҳозиргидай “иликузилди” даврида ҳафтада бир-икки товуқларимни сийламан. Баъзида мажбурлаб оғзига қуяман... 
     Кейин бир сўлиш олиб давом этади: 
− Қизим, ахир тухумидан жўжа очириб, қисматига шерик бўлганимдан кейин, тил-забони йўқ бу жонзотларга меҳр кўрсатмасам, Худонинг олдига борганда нима дейман!
     Кун оға бошлаганда онамни ўчоқ бошида кўраман: 
– Вой-бўй, бир қозон овқат пиширибсизларми? Бутун маҳаллага етади-ку!
− Ҳа, Назокатхон қозонга уринди, мен угра кесдим. Бугун жума, болам, маҳаллада беморлар, кексалар бор, ўшаларга бир косадан овқат илиниб ҳол сўраб турамиз. Жаннатхон аянгни кўриб чиқ. Оёғи лат еган, ётиб қолди. Сени телевизорда кўрса қувониб, ҳақинга дуо қилиб ўтиради. Қизи йўқ, кўнгли ярим. Қўшнимас, эгачи-синглимдек бўлиб қолган. Менга обкеган рўмолни унга ҳадя қил, атайлаб Тошкентдан сизга обкелдим, дегин. Бошига ўратиб қўй... Дугонанг Тожихон бу йил қишда кўп шамоллаб бетобланди шўрлик. Пешонаси шўр экан, қисматида борини кўриб турмуш қурмай ўтди. Ёз ичи далага чиқиб, беш-ўн сўм топганини онасига, укаларининг рўзғорига сарф қилади. Сени кўп сўрайди, келишингни ёш боладай кутади. Аммо келганингдан хабар топсаям, негадир кирмайди. Ўзидан уялса керак. Чиройли кўйлаклик мато олиб қўйдим, дугонангдан кўнгил сўра. Этагини тўлдириб беҳи, олма олиб келиб сени сийларди, доим ёнингда эди. Қиёмат қарз-да, болам...
Неварамни етаклаб кўчага отланган пайтим онамнинг овози келди: 
–  Райҳонани олиб чиқма! Кейин набирамни бағрига босиб: “Юр, болам,  сенга қурут бераман, бувинг бирпасда чиқади”. Онамнинг қилган ишидан ҳайрон бўламан.
–  Олиб кирсам нима бўлади, она, –дейман ғашланиб.
–  Дугоналарим набирасини етаклаб юрибди, мендан бир тирноқ қолмади, деб ортингдан ўкинмасин, дейман-да, болам. Болаларинг ҳақида гапирма, Тожихон содда, хокисор кўрингани билан ақлли қиз...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот