ЧУВ ТУШДИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЧУВ ТУШДИ
Ҳикоя
Зуля Гуляга кўз қирини солди.
“Ранги оқариб кетибди. Ҳансирайди, бечора..."
Гулянинг чиндан ҳам аҳволи аянчли. Гўё эсдан оққан каби бир нуқтага термулади.
— Сумкангизда шу нарса борлигини ким биларди, бирортага кўрсатганмидингиз?, — ижикилади Зуля.
— Йўқ. Ҳеч ким билмасди, — ингради Гуля.
— Ҳамма сумкасини стол устига қўйсин! — Амр этди Зуля.
Тап-туп... Сумкалар стол устида. Зуля уларни бирма-бир очиб, текшириб, ичидагиларни шарақлатиб ағдара бошлади.
Ҳамма тош қотди.
— Э-е-е-ей, — ҳайратдан чинқирди Зуля.
Тақинчоқ Раънонинг сумкасидан чиқди.
Раънонинг кўз олди қоронғулашди. Аъзойи-тани жимирлаб, ич-ичидан музлади:
— М... М-м-мееен...
— Уялмадингизми?, — эсанкиради кимдир.
Раънонинг кўз олди-да, энди алланучук шарпалар жимирлай бошлади.
...Бу ҳол яшин тезлигида бутун жамоага тарқалди, фаррошдан тортиб бошлиққача хабардор.
“Шу бева-бечорадан ҳам баттармикан-а?”
“Ўлсин-а, бу кунидан...”
“Беш минг долларга яқин, қимматбаҳо, бириллиант кўзли тақинчоқ-а?”
“Бундай қиммат нарса бевада нима қилади?”
“Ҳа, бева одам эмасми? Уйини сотганда харид қилувди, ўзим кўрганман”.
“Сандиғида сақласин эди. Ишхонага олиб келиб нима қилади?”
“Ўғлимни уйлантирсам, сотаман дерди...”
Эртасига бошлиқ шу бўлимдагиларни ўз хонасига чақирди — қозонга қопқоқ урди; “Тамом. Бу гапни кўчага шамоллатмаларинг, ҳиди ҳамма ёқни тутиб кетмасин... Қани, Раҳимованинг ўзи қани?”
— Уйида ётибди. Бетоб эмиш.
— Юзи йўқ-да энди, — кесатди Зуля?
— Бас қилинг! Айтинглар, келиб аризасини ёзсин!
Раънонинг эрта-индин бўлим бошлиғи бўлиши кутилаётганди. Юраги билан талпинадиган ишхонасидан оёқ узди. Одамларга бетлашга кўнгнли дов бермади. Кимга нима дейди? Бошлиққа қўнғироқ қилувди, қисқа маломатли жавоб эшитди: “Ҳалиям мелиса-пелиса хабар топмади-ку. Шукр қилсангиз-чи...”
Ҳа, қўни-қўшни, хеш-ақрабо, ақниқса, қуда-анда, дегандай, бу гап кўчага ўрмаласа, умрови баттар эзилишини билган Раъно нафасинигина эмас, бўғзигача тўлиб турган қонни ҳам ичига ютди. Ўзбекчилик, нима дейсиз, бу ёғига...
Катта ишхонанинг кичик бўлимида ўзгаришлар юз берди. Зуля бўлим бошлиғи, Гуля унинг ўрнига етакчи ходим бўлди. Икки дугона ҳам хурсанд.
— Балосиз. Режангиз айнан ўйлаганингиздай бўлди-я. Узоқни кўра биласиз, — илжайди Гуля шампан виноси тўлғизилган қадаҳни бурнига яқинлаштириб. — Бир ҳафтадирки тақинчоғимни ўзингиз билан олиб юриб, сабр билан пайтини топиб, бу ишни усталик билан амалга оширдингиз-а, қойил...
— Секинроқ, — жилмайди Зуля, — ҳатто, қўлингиздаги қадаҳнинг ҳам қулоғи бор, айланай. — Ишнинг бир ҳафта чўзилганининг сабаби, у гаранг сўмкасини сиро қаровсиз қолдирмаскан. Анови жойга ҳам ўзи билан олиб кираркан-да.
Улар кулишди. Ичишди. Бир-бирига тасанно айтишди.
— Яхши бўлди, қутулдик. Ўзини жуда ақлли, фаришта кўрсатарди. — Зуля қадаҳга лаб теккизди ва Гуляга кўз қири билан қараб қўйди.
Орадан бир ой вақт ўтди. Тўй ташвиши билан андармон Гуля қиммат тақинчоғини заргарга олиб борди.
— Хўш, неча пул сўрамоқчисиз?, — маъноли жилмайди заргар.
— Ўзи беш минг долларга сотиб олганман.
Заргарнинг таажжуби ошди. Унга анграйиб тикилди:
— Кимдан олгансиз, буни?
— Сизга нима қизиғи бор?
— Қизиғи йўқ. Мен буни икки ярим чақага ҳам олмайман. Бу умуман сохта, ясама тақинчоқ-ку.
Гулянинг ҳуши учди.
Заргар матоҳни тақиллатиб стол устига қўйди. У аёлнинг юз териси дир-дир ўйнаб, лаблари пирпираётганини кўрди. Унга ич-ичидан ачинди.
Гуля тор йўлда тентираб, эсдан оққан каби алаҳсиб борарди.
Бу пайтда меҳнат таътилига чиққан Зуля Тошкентга келиб, пойтахтдаги заргарларнинг бирига бриллиант кўзли тилла тақинчоқни баҳолатаётганди.
— Раҳмат сизга!
—Агар бошқа бировга сотолмасангиз ўзимга олиб келинг. Ишонаверинг, бунинг нархи беш минг доллар атрофида бўлади. Ўзим сотиб оламан.
Ўз ишининг устаси Зуля бошқа заргарга ҳам учрашишни дилига тугиб, эшикни оҳиста ёпти. Агар бошқаси арзон сўраса, яна шу ерга қайтиб келишни дилига тугиб қўйди.
Афсус, бир неча дақиқадан сўнг Гуля қўлидаги манови сохта, ясама тақинчоқнинг аслини Зуля олисда, пойтахт дўконларининг бирида заргарга беш минг долларга пуллашини хаёлига келтирмас эди. Гулянинг хаёли жойида эмасди.
Зуля, Зуля эса айни дамда шод эди...