Карантин ва пора


Қўчқор НОРҚОБИЛ

Карантин ва пора
Эртак
   
   Шифокорнинг бир парча рўйхатқоғози билан шаҳарга чиқиб, ўзига керакли малҳам-мадор олиб келган Собир бобо уйга кириб ювиниб-чайингач, энди мириқиб дам олмоқчи бўлиб турувди, набираси Носиржон пешвоз чиқди:
— Энди Сизнинг навбатингиз.
— Нима? Қандай навбат? — деди бобо илжайиб, ўзини ҳеч нарсани билмасликка олиб.
— Эртак. Эртак айтиш.
— Момонг нима қилаяпти? Момонг-чи?
— Момом айтиб бердилар. Момом тўқияпти.
— Даданг билан ойинг-чи?
— Улар ҳам айтишди, энди китоб ўқишаяпти.
   Собир бобо ноилож қолди. Курсига чўкди. Ўйга толди. Стол устидаги елим халтачадаги дори-дармонларга кўз ташлаб, қиёфаси жиддий тортди, сўнг жилмайди.
— Хўп, унда эшит. Қадим замонда, бундан минг-минг йиллар илгари бир юртда вабо тарқалибди. Ўша юртнинг одил ва дадил подшоси ўз халқини асраб қолиш учун оқил чора ўйлаб топибди. Машҳур табибларни йиғиб одамларни даволашнинг энг яхши усулларини сўрабди. Табибларга алоҳида шароитлар қилиб берибди, подшолик хазинасидан жуда катта маблағлар ажратибди. У халқини эсон-омон сақлаб қолиш учун куну тун тиним билмабди. Одамлар юрагидан қўрқув ва ваҳимани суғуриб олиш учун муҳим чоралар кўрибди. Воизлар минораларнинг тўсилган туйнукларидан бор овозда бирдамлик, тозалик ва озодаликка оид ваъзлар ўқишибди. Одамлар кўнгли таскин топа бошлабди. Шаҳарлар орасига тўсиқлар қўйилибди. Сарбозлар тўсиқжойларда хушёр туришибди, ҳатто бу сарбозларга подшоликнинг махсус баҳодирлари ҳам ёрдамга келишибди. Шаҳар ёпилибди. Аҳолининг уйидан чиқмасликка оид подшонинг даъватини воизлар миноралар туйнукларидан эълон қила бошлабди. У пайтлар ҳамма бозор-ўчар, тўй-томошага турли-туман от-арава ёки от, хачир, эшакларда боришарди. Аҳоли уй-уйига киргани билан шаҳар ва туманлар, қишлоқ-овулларда от-арава, эшак-арава ва ҳўкиз-аравалар тинмасди. Шу боис подшоҳ сарбозларига ҳеч бир туман ва шаҳар оралиғидаги тўсиқжойлардан бирорта ҳам арава-уловни ўтказмасликка буюрибди. Шаҳар-туманларга от-уловда кириб-чиқиш учун фақат табиблар, табобат малҳамлари сотадиган савдогарлар, эл-юрт тинчлиги учун қоровуллик қилиб юрган навкарлар ва навкарбошларига рухсат берилибди. Хуллас, шаҳар ёпилибди. Одамлар уйида чилла сақлашибди.
— Чилла? Чилла нима у?, — дейди набира эртакни қоқ белини синдириб.
— Чилла... Чилла... Хўш... Бу...
— Карантин деб қўя қолинг, — дейди нариги хонада пайпоқ тўқиётган кампир.
— Э-е-ей, карантинми? — дейди бола бироз фаромуш.
— Хуллас, бир куни подшо шаҳарни яширинча кузатса, от-уловлар кириб-чиқиб ётганмиш. “Мен шунчалик халқимни бу бало-қазолардан асрайин десаму, шаҳарга тўсиқлар ўрнатсагу, нега булар менинг амримга бўйсунишмайди?”, — деб подшо хафа бўлибди. Махсус сарбозларни юбориб, тўсиқжойларда хуфиёна текширув ўтказибди. Шунда айрим тўсиқжойларда инсофи йўқ сарбозлар ҳадялар эвазига баъзи бир кишиларни шаҳарга киритиб юборишаётган экан.
— Қандай қилиб? — дейди бола ҳайрон. — Улар подшосидан қўрқмайдими?
— Бундайлар Худодан ҳам, подшодан ҳам қўрқмайди. Хуллас, тўсиқжойдаги нафси бузуқ сарбоз бой-бадавлат от-улов эгасидан уч-тўрт танга олиб, аравасининг ёки от-эшагининг жабдуғига белги қўйиб қўяркан. Нариги ёқдаги тўсиқжойда турган бошқа бир баднафс шеригига бу ўзимизнинг одам қўйиб юборавер дегани экан бу.
— У пайтлар бир-бирига хабар етказгани Айпон телефонлар бўлмаган-а, бобо?
— Баракалла. Яхшиям бўлмагани. Хуллас ҳушёр ва ақлли подшо буни сезиб ўзининг хос баҳодирларига шаҳарда изғиб, вабо тарқатишга сабабчи бўлаётган, ҳеч бир рухсатсиз юрган от-уловларни ушлаб келишга фармон берибди. Шаҳардаги от-уловларнинг тенг ярми эгалари баъзи хиёнаткор сарбозларнинг ёрдамида шаҳарга кириб-чиқиб, вабонинг кенг тарқалишига сабабчи бўлишаётгани аниқланибди.
   Шундай қилиб ҳалиги хоин сарбозларни тутиб келишибди. Подшо шундай оғир пайтда ўз Ватани, халқига хиёнат қилган, нафс йўлида элнинг изтиробидан, қайғусидан ҳам бойлик тўплашга уринган кўрнамакларнинг барини, сотқин сарбозлардан тортиб, сохта савдогарларни ўлимга буюрибди. Қадим замонларда сотқинлар шаҳар майдонида халқининг кўз ўнгида жазоланар экан. Буларни жазолаш учун халқни майдонга чорлаш асло мумкин эмас. Вабо пайти одамларни уйидан чиқариш жуда хавфли эди. Подшо ва мулозимларнинг боши қотди. Шунда мулозимларнинг бири таклифига биноан хиёнаткорларни сарой четидаги қафасга вақтинча қамаб қўйишга изн берилди. Орадан бир фурсат ўтгач, осмонни қора булут қоплаб даҳшатли момақалдироқ тутди. Шаҳар бинолари зириллаб кетди. Момақалдироқ гумбурлашидан осмон қоқ иккига бўлиниб кетди ва осмоннинг ёриғидан олов отилиб, чақмоқ чақди, бир парча ўт яшин тезлигида тўппа-тўғри ҳалиги темир тўсиқли, усти очиқ, каттакон қафас ичига тушди-да, унда қамалган баднафс халқфурушларни тилкалаб, пора-пора қилиб ташлади ва лаҳзада ўчди. Хиёнаткорлар Яратганнинг ғазабига дучор бўлган эди. Бу воқеа шунчалар тез содир бўлди-ки, сарой аҳли даҳшатга тушиб, хангу манг бўлиб қолди. Шунда подшонинг тўтиси нариги қафасда туриб тилга кирди:
— Пор-р-ра, поррра, пора-пора, пора-пора бўлишди. Пора. Пора...а, — дея бошлади.
   Шу-шу қадим-қадим замонлардан нафси йўлида тамагирлик қиладиганларни пора олди, пора сўради, дейишаркан. Пора деган сўз ҳам ўша замондан қолиб кетган экан.
   ...Эртак тугади.
   Бобо бир нуқтага тикилиб, хомуш тортади, сўнг стол устидаги дори-дармонларга нигоҳ ташлайди. Бола эртакка ишонади. Бобо эса... бобо...
   Энг муҳими, биз-чи, биз ҳам бу эртакка ишонамизми? Сизни билмадим, мен ишонаман.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот