Меҳринисо ҚУРБОНОВА
ЮЗГА КИРГАН ОДАМ
Ҳикоя
Қишнинг одамни эт-этини музлатиб юборувчи қировли кунларнинг бирида юртга таниқли олим боболаримиздан бири юз ёшга тўлди. Физика, химия соҳасида кўп ишлар қилган одам. Чет давлатларга ҳам донғи етиб борган, ўзиям нечалаб давлатларни кўриб келган, ордену медалларга сазовор бўлган олим. Радиода муҳаррир бўлиб ишлайман. Таҳририятимиз бош муҳаррири шу бобо ҳақида ярим соатлик эшиттириш тайёрлаб келишимни буюрди. Оёғим остига тўшалган қорларни ғарч - ғурч босиб йўлда кетаяпману йўл-йўлакай бобога берадиган саволларимни миямда пишитиб бораяпман. Юз ёш... Ўзимни олтмиш-етмишлар атрофида қай тарзда қариганимни тасаввур этдим. Аммо юз ёшдаги кўринишим кўз ўнгимда сира намоён бўлмади. Начора, инсон зоти хаёл суради, фақат хаёлот оламидагина кўп нарсаларни бир неча дақиқа ичида ўзгартира олади холос.
Кўпинча суҳбатдошимга бериладиган саволларим унинг амалга оширган ишлари, фарзандлари, набиралари ҳақида бўлади. Лекин кўпинча тасаввурларим панд беради. Масалан, мен оддий, камсусум деб тасаввур қилган қаҳрамоним анча асабийроқ, вақти тиғизроқ бўлиб чиқади. Ёки бўлмаса “калондимоғ бўлса керак” деб тасаввур қилган одамим эса хушчақчақ ёки серилтифот бўлиб чиқади. Ҳатто бир пиёла чой ёки қаҳва таклиф қилишгача боради. Мен йўлда кетиб борар эканман, юзга кирган бобо ҳақида хаёлан кичик лавҳа ҳам тўқиб қўйдим.
...Унча катта бўлмаган ҳовли. Ҳаммаёқни қор босган. Аммо иссиққина уйда бобо етти қават, йўқ, майли, тўрт қават кўрпача устида ўтирибди. Елкасига яп-янги тўн ёпилган, бошида чоллар киядиган кўк дўппи. Атрофида чевара-ю эваралари шовқин–сурон солиб ўйнашаяпти. Бобога яқинлашиб саволларимни ёғдираман:
- Бобо, набираларингиз билан кўпроқ нималар ҳақида гаплашасиз?
- Э, болам, набираларим кап-катта эркагу аёлларга айланишган. Сиз чевара-ю эваралардан гапиринг. Уларга эртаклар, ривоятлар сўзлаб бераман. Чет элларга борганимни, кўрган-билганларимни сўзлаб бераман. Вой-бўй...буларнинг ширинлигини. Мағзи ширин бўларканда, она қизим...
- Юзга кирибсиз. Узоқ умр кўришингизнинг сабаблари нимада?
- Кўнгли тинч, хотиржам одам узоқ йиллар яшайди, болам. Болаларим 70 ёшдан ошиб кетгандир. Аёлим билан тўрт фарзанд кўрдик. Холангизнинг оламдан ўтганига 25 йиллар бўлди. Фарзандларимдан иккитаси оламдан ўтган. Набираларим ҳаммаси ўзидан тинган. Чевара-ю эвараларнинг сони қанчалигини билмайман. Узоқ умр кўришимнинг асосий сабаби: мени тушунган, ардоқлаган инсоним билан бахтли яшадим.
Юзга кирган одам билан суҳбатимиз узо-о-оқ давом этади...
Излаб-излаб, зўрға топиб борган жойим ҳовли эмас, маҳалла ичида жойлашган ва тўкилиб қолган тўрт қаватли уйлардан бири экан. Бу уйларни кўпинча “Хрушчёв” даврида қурилган уйлар, дейишади. Уй олдида одам тирбанд. Кўпчилиги менга ўхшаган журналистлар. Телевидение машинаси ҳам шу ерда. ”Фалончи бобо юзга кирдилар” деб кимдир Ёзувчилар уюшмасига хабар берган экан. Ахир юзга кирган одамни ким кўришни истамайди. Қайси журналист тўлқинланиб қўлига қалам олгиси ёки тележурналист кўрсатув тайёрлагиси келмайди. Йўлакда одам гавжум. Мен ҳам бир бало қилиб кириб олдим ва эшик ёнбошидаги бурчакдан жой эгалладим. Бобонинг квартираси биринчи қаватда экан, хона анча совуқ эди. Ичкаридан димоққа “гуп” этиб зах ҳиди урилди. Бобонинг атрофида ўтирганлар ҳам менимча, бу ҳидга бир бало қилиб чидаб ўтиришганга ўхшарди. Меҳмонлар (улар орасида элга машҳур, халқ шоири ҳам бор) жуда эскириб кетган стол атрофидаги шалоғи чиқиб кетган стулларга тиқилишиб, бир амаллаб жойлашиб олишган. Одам кўпая бошлагач, шу ерда юрган ёш-яланглар қўшниларнинг хонадонларидан беш-олтита стуллар олиб чиқишди. Квартиранинг йўлагидаги гулқоғозларнинг деярли ярми кўчиб тушган. Ўпирилиб кетган жойлари ҳам бор.
Тасаввурларим ҳақиқатга айланмади. Тўрт қават кўрпача устида ўтирган бобо аллақачон кўз ўнгимдан ғойиб бўлган эди. Бобонинг бошида эскироқ дўпписи бор, костюм-шимининг ранги униқиб кетган. Бобо кровати устида отасидан дакки еган боладек совуқ қотибми, қунишибгина ўтирарди. Тўпланганларнинг барчаси бобонинг анча вақтлардан бери қаровсиз қолганлигини фаҳмлаб туришибди. Назаримда набиралари олим бобомизни меҳмонлар кўргани келишларидан олдинроқ бутунлай урфдан қолиб кетган костюмини сандиқдан топиб, шоша-пиша кийинтиришган. Соқоли ҳам бундан бир-икки соат илгари шоша-пиша қиртишланган шекилли, чунки боя чап юзининг пастроқ қисмида қон изи ёпишиб қолган қоғоз парчасига кўзим тушувди. Телеоператор суратга туширишдан олдин бу қоғозни олиб ташлади. Стол устига чойнак, пиёлалар тўнтариб қўйилган.
Шу пайт хонага ёши қирқлардан ошган, басавлат, қорачадан келган, елкасига ёйилган сочлари ўзига сира ярашмаган гавдали бир жувон кириб келди. Боя меҳмонларни эшик олдида салом бериб кутиб олаётганида кўрувдим. Ичкаридагилар олиб келишган гулларини аёлга узатишган эди, у ўша одамга истеҳзо билан қаради ва зарда билан олиб чиқиб кетди. Эшик олдида турган эдим, туртиб ўтганига парво қилмадим, негаки дарди-ўйим қандай қилиб бўлсада, бобонинг овозини ёзиб олиб, эфирга узатишим керак.
Сураткаш фотоаппаратини чиқиллатаяпти. Телевидение ва радиожурналистлар олим бобога саволларини ёғдиришаяпти. Бобо ҳар бир саволни уч-тўртта марта сўраб олганидан сўнг бироз қалтираган, бироз ҳаяжонланган ҳолатда жуда паст овозда жавоб бераяпти. Хафсалам пир бўлди. Бундай паст овозни эфирга бериб бўлмайди. Сифатли чиқмайди. Таниқли шоиримиз ҳар замонда бобога ҳазил-ҳузул қилган бўлади. Бобо химия, физика соҳасида амалга оширган ишлари ҳақида бироз сўзлаган бўлди-ю тўсатдан, томдан тараша тушгандек: ”Айтишларича, мен Эйнштейнга жуда ўхшаб кетармишман, агар ишонмасаларинг суратига қараб солиштиринглар. Нариги хонадаги ёзув столимнинг тортмасига қаранглар. Эйнштейннинг рангли суратини бир замонлар журналдан қирқиб олган эдим”, - деб қолди. Эшик олдида турганлардан энг ёши мен бўлганлигим учун суратни олиб келиш учун йўлакка чиқдим. Таваккал қилиб йўлак бошидаги қўшни эшикни очдим. Эшик зич ёпилган экан. Зарб билан очдиму... ичкаридаги манзарага кўзим тушиб ҳайратда қолдим. Стол усти нозу неъматлар билан тўлдирилган, базми жамшид авжида, коньяк ва ароқнинг ҳиди анқиб, хона бўйлаб кезинар, стол атрофида бир-бирига жуда ўхшаб кетадиган, аниқроғи, “Зумрад ва Қиммат” эртагидаги жанжалкаш она-болани эслатувчи икки аёлга ва икки эркакка кўзим тушиб, на ортга қайтишимни, на бирор сўз айтишимни билмай, остонада донг қотдим. ”Аёллар менга “нима гап?” дегандек ўқрайиб тикилишди, чунки уларнинг оромини бузган эдим. Ҳар иккала аёлнинг тилла тақинчоқларга беланганлиги ва башанг кийинишларидан кўриниб турибдики, анча ишбилармонларга ўхшайди.
Нариги хонада боболарининг юз йиллиги республикада танилган ҳурматли кишилар қуршовида нишонланаяпти-ю булар меҳмонларга мулозимат кўрсатиш ўрнига, ҳеч нима бўлмагандек қадаҳ уриштиришаяпти. Нариги хонада савол-жавоб, ҳазил-ҳузул, отанинг шаънига не-не табриклар бўлаяпти-ю манави хонадаги хонимлардан бирортаси чиқиб, меҳмонларга бир пиёла чой узатишга фаросатлари йўқ. Ичкаридагилар ўғирлик устида қўлга тушиб қолишгандек менга бақрайиб тикилишди. Боя гулларни олиб чиқиб кетган хоним “овозимни ўчириб қўйиш учун” зудлик билан ёнимга келди.
- Узр, безовта қилдим, - дедим унинг важоҳатидан чўчиб.- Бобо сўраяптилар. Стол тортмасида... бир сурат бор экан. Журналдан қирқиб олинган. Шуни олиб берсангиз... Эйнштейннинг сурати...
- Э, Худо билади, сиз айтган сурат қаерларда ётган экан? - шанғиллади хоним. - Тавба қилдим додам ҳеч тинч ўтирмайдилар-а, шундоқ тўс-тўпалонда суратни қаердан топаман? Йўқ, деб айтинг. Тополмади, деб айтинг! Майлими?
У шундай деди-ю эшикни юзимга ёпди. Мулзам бўлиб, сўраганларимга минг пушаймонлар еб ортимга қайтдим. Хонага кирганимда бобо суратни унутган, гурунг қизигандан қизиётган экан. Халқ шоири бобога “Бир кампир топиб берайликми? Зерикиб қолганга ўхшайсиз. Розимисиз?” деб сўраган эди, бобо “Розиман!” ишорасини қилиб бош ирғатди. Бобонинг гўдаклардек маъсумлигидан ҳамма завқ билан кулди. Бир четда туриб гурунгга қулоқ тутдим.
- Мана, менга қаранглар-а, манави кийимларни кийиб одамга ўхшаб қолдим, - деди бобо. - Тўртта фарзанд кўрдим, иккитаси ўлди. Иккита қизим бор. Улар ҳам қариб қолишган. Ҳар замонда келиб кетишади. Куним набираларимга қолган. Мен ҳам кампиримнинг олдига кетай дейман, Худога ёлвориб ётибман...
- Ҳали кўп умр кўрасиз, отам, - деди туман маҳалла жамғармасининг раиси. - Мана бу пул жамғармадан ёрдам. Яхши кунларингизга ишлатинг, отам!
- Киссага уринг, ота, киссага, -деди кимдир ҳазиллашиб. - Шоколад олиб ейсиз!
- Э, қайда! - деди бобо ичидагини яширмай.- Анави... аждаҳо набирам олиб қўяди. Пенсиямни ҳам шулар олади. Юзга кирмай мен ўлайин-а... Кетиш пайти аллақачон етган. Бунча яшаб қўйиш... уятда энди. Янги тишим чиқаяпти, сочим қулф уриб ўсаяпти...
Кимдир нимадир деди шекилли, бояги хонимлардан бири бир чойнак чой дамлаб келди. Бир пиёла чойдан сўнг ҳамма бобо билан хайрлаша бошлади. Меҳмонлар кетишаётганида бояги хонимлардан бири ўлганининг кунидан илжайиб меҳмонлар билан хайр-хўшлашди. Мен қолишга мажбур эдим. Бобонинг овозини диктофонимга ёзиб олишим керак. Озгина суҳбатлашмасам бўлмайди. Аёлга мақсадимни айтувдим, “билганингни қил” оҳангида бир тикилди-да, нариги хонага кириб кетди. Меҳмонлар кетишганидан сўнг, бобо негадир жиддийлашиб қолди. Хира кўзлари номаълум нуқтага тикилган, хонада ким бор, ким йўқлиги билан иши йўқ. Қизиқ, шу ёшдаги инсонлар хаёлан неча-неча оламларга сайр этар экан-а... Тагидаги сим кроватнинг пачоғи чиқаёзибди, тўрда темирдан ясалган, занглаган стол устида отам замонлардан қолган, мурватлари ҳам ишламаганига неча йиллар бўлган алламбало кўринишдаги ойнаижаҳонни экспонатга топшириб юборса ҳам бўлади. Деворга ёпиштирилган гулқозғозларнинг гуллари, ранги униқиб кетган, чеваралари роса шўхлик қилишиб, бўяб бежашибди. Бобо ётган девор томонга “Анвар+Диля”, “Руслан +Лайло + любовь” деб ёзиб ташланган. Бу болалар аллақачон уйланиб, муҳаббатларига етишиб ёки етишмай оила қуриб бўлишгандир. Чарчаб, толиққан бобога қараб юрагим увишди. Нима десангиз денг-у, “Одамнинг юзга кириши шарт эмасдир” деган ўй хаёлларимни бир зум пармалаб ўтди. Бир маҳал хаёлларимни йиғиштириб ўзимга келсам...
- Бу ерда кўп яшаб юбордим, кампир, - деяётган экан бобо. -Набираларинг ўзингдек меҳрибон чиқмади. Ҳаммаси ўзлари билан ўзлари овора. Кўпинча хабар олгани келишмайдиям. Яхшиям оқибатли қўшниларим бор. Ҳар замонда ярим коса овқат обкириб беришади, барака топгурлар. Мана, бугун жуда ҳурматли меҳмонлар келишди. Уларнинг орасида фалончи халқ шоири ҳам бор. Набираларинг дастурхон тузатиш у ёқда турсин, бир чойнак чойни айта-айта зўрға олиб кириб беришди. Эссиз, бутун умрим зое кетибди. Юзга кирибман-у аммо яшамабман. Эҳ, худойим-ай, ҳаммаёғим қақшаб оғрияпти...
Бобо ўзига келгач, ўзимни таништириб, уч-тўрт оғиз гапларини зўрға ёзиб олдим. ”Бобо, тушларингизга нималар киради?” деган савол беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди. Бобонинг юз-кўзларида ним табассум пайдо бўлди.
- Тушларимга зинапоялар киради, қизим, - деди бобо. - Баланд-баланд зинапоялардан чопқиллаб-чопқиллаб тушаман. Худди ёшлигимдагидек...Зинапоялардан ҳеч қачон сокин, хотиржам тушмаганман. Чопиб, елиб-югуриб тушишни яхши кўрардим. Энди-чи? Худди икки оёғимга иккита оғир ғўла осилгандек қимирламайди. “Алам қилсин, бобой, алам қилсин” дейман ўз-ўзимга. Тушларимга нуқул ой киради, рўпарамда жамолини кўрсатиб, жилмайиб тураверади. Унинг аксида аёлим кўринади. Лекин “Бу ёққа келаверсангиз бўларди, кўп яшаб юбордингиз” демайди...
Бобо ухлаб қолди. Кетаётганимда ортимдан набираси чиқди. “Қайси газетадансиз?” , - деб сўради. Радиода ишлашимни айтдим.”Эшиттириш эфирга кетганидан кейин додамга гонорар берасизларми?”, - деди тап тортмай. Индамадим. Наҳотки рўпарамда турган бу сатанг шундоқ таниқли, республикага меҳнатлари сингган олим бобонинг авлоди бўлса? Ичкарида юз ёшга тўлган бобоси ғам андуҳ ичида ўлимини кутиб яшаяпти. Бу бўлса уч-тўрт сўм ишлаб олишнинг пайида ҳеч нимадан қайтмаяпти. Набиралари бугун отанинг дийдорини кўриш учун эмас, балки юз йиллик йиғинига тушган пуллар ва совғаларни олиб кетиш ниятида келишган. Бобо сонда бору саноғда йўқ эди.