ЕВРОПАНИНГ ҒАРОЙИБ БИР КУНИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЕВРОПАНИНГ ҒАРОЙИБ БИР КУНИ 
             ҳикоя
 
--- Дадаси, қаранг, қандай чиройли!  Бунақаси бизда йўқ... Охирги мода!
     Ҳақиқатан пальто жуда мақтагулик эди. Тепа ва паст қисми қорамтир, ўртаси кўкимтир рангда . Соф теридан. Ўта замонавий ва хушбичим. Бунақасини кўрган ҳар қандай аёлнинг ҳуши учади. Ўзиям Италияда тикилган. Модельер, ёхуд санъат юлдузини қўяверинг, ҳар қандай аёлнинг эгнида турса, эгасини осмон бўйи ҳаволатадиган матоҳ!
--- Оламизми дадаси?
--- Неча пул экан?
--- Бор йўғи юз доллар...
        Зумда улкан, алламбало кўп қаватли, сароймонанд дўконнинг дастиёр икки нафар адлқад қизи  уларнинг олдида гирдиеапалае бўлишди. Табассумини кўринг; лаблари орасидаги дур тишлардан нур таралади. Худди уларнинг ўзларига сотиб олиб бераётганинг каби хурсанд.
Хотини кийиб кўрди; ё ҳайратингдан, кийим деганларида ҳам гап кўп эканда – а?  Шу заҳотиёқ хотинининг қадди басти тик бўлиб,  кўзига бошқача кўриниб кетди.
--- Оламиз – э, энасини эмсин!!!
   Ҳалиги гиргиттон "дўконгуллари" уларнинг атрофида “гуд-гуд” лашиб табассумини ҳадя этишни канда қилишмайди. Аёли улар билан инглиз тилида чуғурлаша кетди.
--- Дадаси, келинимиз билан қизимизга ҳам олайлик. Уларга мослари ҳам бор экан.
   Савдоси қизиётганидан кўнгли гул очган дўкондаги соҳибжмолларнинг энди чеҳрасида офтоб жилвасидай табассум ёйилганди. Бу баландбўй, қадди - басти тик санамлар бир хил кийинишган, иккисининг ҳам эгнида яшил кўйлак, бошида дурракмонанд қизил кепка.  Улар шу туришида олисдан қарасангиз,  баланд новдали қизил атиргулга ўхшаб кетишарди. Хушомадига бири чарм пальтони эгнига кийиб кўз-кўз қилди.
--- Қаранг, қизимизнинг бўйига мос. Қандай ярашимли.
--- Ол, майли ол. Келинга ҳам қўшиб ол!
   Учала пальтони ҳам аллатовур, оҳангжамоли ялтур-юлтур қўлтўрвага солиб беришди. Касса ёнидаги қиз инглизчалаб нимадир деди.
   Хотини унга анграйиб қараб турди. Соҳибжамол яна нимадир деди. Хотини бош силкиди-да, титроқли сас ила  инглизчалаб жавоб қайтарди. Қиз жилмайди. Хотини пальтоларни стол четига қўйди. Ўйланиб қолди ва эрига қараб жилмайди:
--- Учаласи уч минг доллар экан. Биз адашибмиз.Ўлсин, ҳар бирининг нархи минг доллар экан. 
     Улар мулзам қотишди. Эр қизарди. Тилига келган гап шу бўлди:
--- Пулимиз қолиб кетибди. Бошқа сафар келиб олиб еетамиз,   деб айт.
   Хотини минг бир ҳижолат билан сотувчига тушунтирган бўлди. Дўкондаги икки кўмакчи қиз ҳам табассум ҳадя қилишди. Уларнинг бу муносабати самимий бўлса-да,  эркакка оғир ботди. Ич-ичидан уят бўрони қўзғолди ва эшик томон йўл олди. Ортидан хотинининг зил-замбил қадам товушлари эшитилди.
   ...Улар одми  ва ўртача мовқедаги меҳмонхонага жим  келишди, ҳеч бири миқ этмади. Собир  хонага еириб,  уст-бошини алмаштириб, яна ташқарига чиқди. Ҳардам хаёл ҳолда атрофни айланиш, бироз ўзини чалғитишга уринди. Агар падарланъати шу уч минг доллар бўлганда эди, албатта, майли нима бўлса ҳам шу пальтоларни сотиб оларди. Лекин... лекин уларнинг бор йўғи беш юз доллар атрофида пули қолган. Деярли икки ҳафталик  саёҳатнинг охири кўринган, индинга қайтишлари керак --- қайтарга чипта бор!
    Собир  ўз хаёлига андармон бўлиб, қизил чироқчалар ўрнатилган ола-була тўсиқтаёқ доимо тўсиб турадиган кичик шаҳарча ҳудудига кириб қолганини сезмади. Қаердан билсин, тўсиқтаёқ диккайган кўйи кўтарилиб турган экан, кириб келаверганда, бунга эътибор берадиган ҳолатда эмасди-ку, хаёлида ҳамон ановиларнинг табассум қуёши порлаган чеҳраси азоб бериб турган пайтда, тўсиқтаёқсиз қолибдими,  дейсиз.
    ...Шаҳарқўрғон ғаройиб эди. Атрофи девор билан ўралган. Девор ёнидан эса бир хил шаклдаги осмонўпар ойнаванд бинолар қад ростлаган. Улар ҳам атрофни доира шаклда ўраб турарди. Ўртада сунъий кўл пайдо қилинган. Кўл ложувард чайқалар,  булутли осмон акс этарди. Кўл атрофидаги қимматбаҳо қизғиш тошлар ётқизилган силлиқ йўлак бўйлаб зич бўталардан иборат яшил девор  "ўсар"  эди. Кўл сатҳида оппоқ оққушлар сузиб юрар, қумлоқ соҳил узра ҳам чағалайлар ёйилиб кетганди.
   Шаҳарча (хоҳласангиз қўрғонча денг) жуда тоза. Қизил йўлаени айтмайсиз,  сув товланиб, дил мавжланар даражада ораста.  Яшил  бутадевор теп-текис --- буталган. Кўл мавжига монанд оққушларнинг учиб қўнишишмоқда. Баланд,  бир тусдаги ойнабинолар ора ётқизилган ям-яшил чимзорларнинг четида ҳатто итлар учун “эҳтиёжхона”лар бор. Соҳилнинг ҳар жойида куй-қўшиқ ва ялла-таралла учун рақс майдончалари  қурилган. Турли хил тадбирларга мослаб очиқ осмон остидаги пайдо қилинган мавлудгоҳларда худди театр ё концерт залларидаги каби юмшоқ ўриндиқлар ўрнатилганди. Дунёнинг ғало-ғовурларидан узоқ, вақт тизгини тебранишларида жони ҳалак Европа ҳаётига зид ҳолда бу ердаги сокинлик чиндан ҳам ҳайратли эди. Очиғи , бу ерда одам ўзининг одамлигини, табиат ва тараққиёт уйғунлигини ҳис қиларди...
     Шаҳарча ичида ҳуриллаган шамол эсарди. Собирнинг бошидаги тундлик  тарқаб, ҳаёли ёришди. Йўлак бўйлаб юра бошлади. Шаҳарча ичини икки бор айланди. Қаршисидан чиқиб табассум ила саломлашаётган кимсаларга жилмайиб жавоб қайтарди. Чеҳраси ёйила бошлади. Бу жойда фақат дунёнинг тўқ ва бут, томири баққуват бой кишилари яшашини англаб етди ва ўзини ҳам худди ўшалар каби ҳис қилди, чиндан ҳам дили-дунёси кенгая борди.
    У йўлак четидаги ўриндиққа чўкди. Атрофга хушнуд назар ташлади. Туйқус кўл соҳилидаги қумлоқдан бир галла оққуш ваҳмали потирлаб учди. У ўша ёққа қаради. Не кўз билан кўрсинки,  бутадевор орасидан отилиб чиққан бир чўлоқ  ит қирғоқ томон чопиб келарди. "Оққушлар учиб кетишди-ку, бу чўлоқ кўппак энди нега ўзича югурар экан?",  деган хаёлга борган Собир туйқус ўрнидан сапчиб туриб кетди, соҳилга етиб улгурган ит оғзида потирлаб тўлғанаётган   оққушни кўрди.  Беихтиёр жон ҳолатда қичқирган куйи ит томон югурди. Ит бир оз довдираб турди-да, оғзидаги оққушни ташлаб ортга тисланди. Унинг шаҳд билан чопиб келаётганини кўриб, оқсоқланиб бутадевор ортига ўтиб кетди.
    Собир соҳилда қаноти ёйилиб ётган оққушни қўлига олди. У кафти орасида пилт-пилт титраётган озурда,  ўтакаси ёрилган шўртумшуқнинг қанотларини силади. Қушнинг оғзида қон сизибгина турарди. Қўрқиб кетган жонивор ҳамон титрар, тумшуқчасини очиб - юмиб, нималардир деб зорланарди. Кўл юзасини тозалаш учун ташлаб қўйилган соҳилдаги чўмичтўрга илакишиб қолгани боис  ит чангалида тилкаланишига бир баҳя қолган қушнинг илтижоси Яратганга етиб борганини англаган Собир ўз ишидан ботинан қувонди; ахир у бир шўрлик мавжудотни ўлим оғзидан тортқилаб қолди. Атрофга аланглади. Ит йўқ. Қушни соҳилга қўйди. Қўрқувдан гангиб қолган қуш бир жойда қимир этмай, тош қотиб тураверди. Бу ҳолатда  анови чўлоқ олғир  уни тит-питини чиқазиб, ўз жиғилдонига уриши аниқ... 
   Собир саросимасаланиб қолди. Кун салқин бўлишига ҳам эътибор бермай эгнидаги еийим-  кечагини ечиб,  қушни қўлига олди-да, кўл ичига юра бошлади. Сув муздай эди, бироқ, унинг танаси қизиб борар, не бўлса-да, анови чўлоқ итдан қушни қутқазиш ташвиши аъзойи танини қиздирарди. Сув ичига олиб бориб қўйсам, ит уни ололмайди, деб ўйларди. Тиззаси, бели, кўкрагигача сувга ботди-да, сўнг қушни сўл қўлига тутиб, баланд кўтариб,  сузиб кетди. Анча жойга боргач, қушни сув сатҳига қўйиб,  ортга сузди. Ҳолсираган куйи қирғоққа чиқиб, қушни кузатди. Қуш бир оз тўлғонди-да, сув юзасида потир-путур қилди, сўнг, турган жойдан ўқдай отилиб кўкка парвоз қилди. Қуш энди ҳушига келган, танасида қанот борлигини ҳис қилганди.
   У кийиниб шаҳарчанинг чиқиш эшиги, ўша тўсиқтаёқ томон, доимо махсус кийимдаги назоратчи ўтирадиган, кичкина ойнаванд, худди бульдозер кабинасидай уйча томон юраркан, ўз қилмишидан кўнгли шод эди.
    Уйча дарчасидан бош кўрсатган қоровул унга таажубланиб қаради ва шоша-пиша ташқарига чиқиб,  унинг йўлини тўсди-да, табассум билан қўл чўзиб,  кафтларини қисиб,  алланималар деб гапира бошлади.  Уйча ичидан юмшоқ курси олиб чиқди-да, ўтиришга таклиф қилди. Юзидаги самимият, нималардир деб жовраши Собирнинг ҳайратини тоширар, кошки қурмағурнинг тилини тўлиқ тушунса...
    Назоратчи қўлтелефонини  олиб, қаергадир қўнғироқ қилди. Бир амаллаб унга паспортингни кўрсат,  деган гапни уқтира олди. Собир ён чўнтагидан паспортини олиб узатди. Назоратчи жилмайган куйи паспортини очиб қўлтелефонда сувратга олди-да, яна табассум билан жоврай кетди. Собирнинг азойи-тани энди қақшай бошлади, қалин, жун  спортшимининг  ичидаги калтакийгич ҳўллиги боис, думғазаси ва бели зирқираб оғрий бошлади. Нима қилиб бўлса ҳам бу эзма ва вайсақи норғул қоровулдан қутилишни истар, меҳмонхонага бориб ҳўл калтаиштондан холос бўлиб, ўраниб ётиш истаги хаёлини банд этган эди.
     У тўсиқтаёқ томон юрганди ҳамки, қашисида худди ҳарбийларникидай усти-бош кийган икки дорроз кимса ва ўша йўсиндаги илвасин илган жувон пайдо бўлишди. Улар ҳам чеҳрасидан табассум ёйилган алфозда унга нималардир деб чулдирай бошлашди. Тоқати тоқ бўлган Собир  бош ирғаб қичқира бошлади:
--- Ай им нов инглиш... Ай им спек  Рашин. Ю спек Рашин?
--- Ес. Ес,  --- Жувон жилмайди.
   Ҳаммаси маълум бўлди;  улар қушлар ва жониворларни муҳофаза қиладиган алақандай идорадан экан. Жувоннинг гапига қараганда, бундан ўн минут олдин қўлтелефонда тасвирга олинган ғаройиб ва жуда таъсирли тасвир машҳур телеканал орқали мамлакатга  тарқалибди.
--- Мана ўша видео. Бу кўл. Бу,  Сиз...  Соҳил томон югуряпсиз.
    Собир аёлнинг қўлидаги телефон экранига қаради. Ё қудратингдан – эй!  Бундан ўн минут илгари шўрлик оққушни ит оғзидан қутқараётган пайти, сўнгра...  кўл ичра сузиб бораётган ҳолати акс этган тасвирни кўриб ҳангу манг бўлиб қолди.
--- Сизни айни дам чин қаҳрамон деб эълон қилишаяпти. Бу воқеани шу ердаги уйлардан бирида яшаётган довруқли миллиардерлардан бири, улкан нефть еомпанияси раҳбари жаноб Жек Адамснинг ўғли тасвирга олиб улгурган экан. Лавҳани сотиб олишга қарор қилган телекомпания раҳбариятига болакайнинг ота –онаси пулни ушбу қаҳрамонлик соҳиби бўлган Сизга ҳадя этишларини сўрашибди. Сизни ҳозирча шу ерда эканлигингизни  айтишибди  Телекомпаниядан бизга хабар қилишди. Хуллас, Сиз билан шу ернинг ўзида суҳбатлашадилар.--- Аёлнинг рус тилида қийналиб – сийналиб гапириши жонига оро кирди.
--- Яхши,  мен анови меҳмонхонага бориб,  кийиниб келай, совуқтаяпман.
--- Хўп, юринг бирга борамиз. Кўл бўйига тез қайтишимиз керак.
   Улар меҳмонхона фойесида қолишди. Собир хонага кириб уст-бошини алмаштирди.  Ҳўл калтаиштонини ваннадаги иссиққувурга илиб, устидан кофтасини ташлаб қўйди.    Юмшоқ курсига суянган аёли ўзини ухлаганга солганди. Собир жуфти ҳалолининг кўнглида кечаётган оғриқли ўйни ҳис қиларди. “ Эримни ҳижолатга қўйдим, ажнабийлар олдида уялтирдим... ” ,---  деган дилхиралик туфайли кайфияти тунд тортганини ҳам сезиб турарди. Хотинига хеч нарса демай, йўлакка чиқиб, лифт тугмасини босди. Пастда ҳалиги ғалати-ғулати, уст-боши ҳам ҳарбиймонанд кимсалар ---  жониворлар ҳимоячилари кутиб туришарди. Улар биргалашиб кўл томонга қайтишди.
    Орадан кўп ўтмай, ҳаддан зиёд бой-бадавлат ва элита қавм яшайдиган шаҳарчанинг қоқ ўртасида мавж урган кўл соҳилида,  камералар қаршисида  микрафон тутган тиллаюз, тилла соч қизгина бидир-бидирлаб жилмайган ҳолда Собирга юзланди. Собир ҳам кулимсиради. У телекамера рўпарасида табассум ҳадя этиб, тележурналистлар томонидан ўргатилган биргина жумлани инглиз тилида, худди бирор сўз эсимдан чиқиб қолмасин, деган хавотирда шошиб такрорларди:
---- Одамлар, қушлар Яратганнинг энг гўзал мўъжизасидир!!!
    Қарсаклар чалинди. Собир аллақандай қоғозларга имзо чекди... ва, сочлари елкасига тушадиган, қора кўзойнак тутган жиблажибондай нусха унга конверт тутди.
   ...Собир меҳмонхонага кечқурун қайтди.
    Хотини ... энди юмшоқ ўриндиқда китоб ўқиб ўтирибди. Собир томоқ қирди. Хотини китобдан кўз узиб эрига қаради. Эрининг қўлида ҳалиги алламбало кенг-мўл дўеондаги ўша таниш,  аллатовур ялтир-юлтур пасон сўмкаларга кўзи тушди. Анграйди. Нигоҳини очиб-юмди.
--- Ўша пальтоларни сотиб олдим,  --- деди жилмайиб.
   Аёл ҳамон эсанкираб турарди. Собир ажабтовур учала сўмкани ҳам унинг пойига қўйди. Аёл эрининг кўз қирғоғида ёш милтиллаганини кўрди. 
--- Кўрдингми,  мана, олиб келдим...,  --- деди эри яна жилмайиб.
   Аёлнинг лаблари титрай бошлади. У нима дейишини билмасди...
                               28.11.2022 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот