ЁМҒИРДА ЁНГАН ҲИСЛАР


Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЁМҒИРДА ЁНГАН ҲИСЛАР
Ҳикоя
 
    Европанинг озода ва жуда гўзал, авжи тараққийдаги S шаҳрида ёмғир шиғалаб, эзиб ёғмоқда.
    Ҳашаматли рестораннинг ойна деворига тақалган столга тирсак тираб, кафтлари билан иягини ушлаб, ташқаридаги эзғинди фасл навозишига ғамгин тикилиб турган Аёлнинг кўз қирғоқларини қайноқ ёшлар куйдиради. Соябонлар гўё қўзиқориндай потраб чиқаётган кўчалардан хору зор бўлган алланечук ҳислар, соғинчми, муҳаббатми, ёлғизликми ё қўрқувми ёмғир тимсолига айланиб ойнадеворга шатирдаб урилаётганга ўхшайди. Ҳа, ташқарида ёмғирда ёнган ҳислар рестораннинг ойнадеворларидан бу ерга, Аёл турган ҳашамату маззаматли, мумтоз мусиқалар жонингни аллалаб, томир-томирларингни куйдириб, тотли туйғуларинг мавж уражак масканга ёпирилиб кирмоққа уринар, айни дам Аёл буни ич-ичидан ҳис қиларди.
    Хуллас, ташқарида соғинчми, оғриқми ё висолми, алламбало ёғар, Аёл бунинг нима эканлигини англай олмас эди.  У оддийгина Аёл, туйғулар тилини кўз ёшлари ила шарҳлашга кўниккан ўзбек Аёли эди. Бу дову дасткаси донғирдоқ маскандан, Европанинг кўз қорачиғи – S шаҳридан ўн минг чақирим нарида, ўзбекюртнинг оддийгина ҳовлисида улғайганди.
    Аёл ойнадеворга шамол оғушида зарб билан урилаётган ёмғир томчиларини ҳарир парда янглиғ ёйилишини узоқ томоша қилди. У сиртдан дарвишона далли-дилига эрк бергувчи бўлиб туюлса-да, қалб қаърида нурланиб турган аёллик қадр-қиммати-ю ор-номусини ойнадеворга чарсиллаб урилган ёмғир каби мингпарчин бўлишига йўл қўймайдиган ботиний куч-ирода, гўзал хулқ ва ахлоқ соҳибаси эди. У кўп ўқир, мутолаа жони-дили, адабиёт кўнгил малҳами эди. Адабиёт оламининг соф туйғулар рангида товланган сирли эшигига қўл чўзиб, ўзининг борлигини билдириб қўйишга журъати етмаган бўлса, бу унинг ношудлигидан эмас, балки улуғ даргоҳга ҳурмати ўлароқ, мукаммал тайёргарлик билан бу қутлуғ остонага қадам қўйиш керак, деган тушунча дил тубида чуқур илдиз отгани туфайли эди.
    У ўқув даргоҳининг филология бўлимида уч йил таҳсил олгач, орзусининг алласи бўлган бу гўшанинг эшигини тарақлатиб ёпди – ўқишни ташлади. Нима бўлди, нима қўйди, Худойимга аён. “Ўқимайман” деди, вассалом! Бу нарсанинг сабаби тафсилотини титкилашнинг ҳожати йўқ. Буни қизнинг (ўша пайтдаги) ўзига яраша ўр ва қайсар,  ғурури ғумбак урмаганига йўямиз.
    Аёл ёзувчи эди. Ҳар куни у-бу нарса қораларди. Кундалик ёзишни эса канда қилмасди. Агар термулиб қарашга журъат этсангиз, унинг тим қора кўзлари қаърида ҳаётнинг авра-астарини тит-пит қиладиган фалсафий идрок нури порларди.
    Ҳозир ҳам ташқарида энди игнабўронга айланиб ураётган ёмғирга кўз тикиб, хаёл дафтарига соғинч ва муҳаббат бобидаги лирик ҳикоя битардики, ҳар бир жумладан ёмғир оғушида чарсиллаб ёнаётган ҳислар учқуни сачрарди – ёмғир томчиларидан ҳиссиёт учқунларини ясарди. Чин ёзувчи шундай бўлади-да, тўғрими?
    Унинг ҳаёти, ўтмиши билан Сиз каби мен ҳам қизиқдим. Билганим шу; юқорида айтганимдай ўқишни ташлаб кетди, турмуш қурди, фарзанд кўрди, эри билан ажрашди, ёлғиз қизини оқ ювиб, оқ таради, турмушга узатди, ўзига тобин мол-ҳолни сотди-да, ота ҳовли эшигини тарақлатиб ёпиб, олис-олисларга кетди. Охир-оқибат мана шу ер – Европанинг озода ва гўзал S шаҳрига келди. Муҳташам ресторанда иш бошлади. Фаррош, идиш-товоқ ювувчи, дарбон, ошпаз ёрдамчиси, бош ошпаз... S шаҳридаги таржимаи ҳоли шугина. Зарур бўлса айтамиз, шаҳар четидан уй олди. Лекин бу инъому иноятлар осмондан тушмади, ит ётиш, мирза туриш, қанчалар изтироб заҳри абгор этган уйқусиз тунлар, азоб-уқубатли қора меҳнат эвазига пайдо бўлди.
    Биров "ҳолинг не", - деб сўрамайдиган, меҳр кўчалари ёпилган Европада  ўмганингни кўтариб юришнинг ўзи бўлмайди. Ўлсанг ўзинг учун ўласан, яшасанг ўзинг учун яшайсан, тамом.
    Ойнадевор ортида ёмғир ёғмоқда. Оғир, эзиб ёғмоқда. Борлиқ тумантус.
    Бугун Аёл учун ўзгача кун.
Ёмғир қаърига термулгани сайин бу тунд намлик пардаси йиртилиб, унинг ортида болалиги кечган уй – ота ҳовли, қўшниларнинг пахса деворлари, қишлоқ кўчалари, боғлар, шарқироқ дарё, наридаги оқ чўққи тоғ, бепоён дала, полизлар, қишлоқ хонадонларида ловуллаб ёнаётган ўчоқлар, қўй-эчкилар маъраши, бола-бақранинг қий-чуви эшитила бошлади. Ҳа, туйқус ёмғирпарда йиртилиб кетди – ана шу очиқ жойдан бутун бошли қишлоқ манзараси кўриниб қолди. Аёл соғинч ўти куйдирган нигоҳини ташқарига қадар экан, ботиний бир қудрат кучи ила ўз Она қишлоғини мана шу ойнадевор ортига чақириб, тортиб олди. Ана, ҳовли ўртасида отаси помидор чопиқ қилаяпти. Онаси челак кўтариб бостирма томон бораяпти. Укаси томорқа адоғидаги йўнғичқани ўраяпти. Момоси зардоли тагидаги супада урчиқ йигираяпти...
    ...Ёмғир яна кучайди. Шиддат билан ёғаяпти. Чарс-чурс, чарс-чурс... Ёмғир. Аёл ёшли кўзларини ҳамон ташқаридан узолмаяпти. Тепасида кимдир тош қотиб турганини сезди. Бош кўтариб қаради: Жек. Ҳамкасби Жек. Очиқкўнгил Жек!
– Жек, менинг қишлоғимни сен ҳам кўрдингми? Ҳозиргина манови ерда пайдо бўлди. – Аёл қўл чўзиб кўрсаткич бармоғи билан ташқарини кўрсатди.
    Жек бироз тараддудланди. Унга хавотиру ҳадик билан термулди. Ниманидир ҳис этиб жилмайди:
– Кўрдим. Қишлоғинг жуда чиройли экан. Жуда гўзал. Олдин гапириб бергандинг-ку, чиндан ҳам чиройли...
– Сен ҳаммасини кўрдингми? Ота-онам, укам, бувим, ҳовлимиз...
– Ҳа, ҳаммасини кўрдим. Ахир мен сенинг ёнингда эдим-ку. Жуда ажойиб экан!
– Раҳмат сенга, Жек!
– Манови таомномани тасдиқлаб берсанг бўлди. Мана, бир кўз югуртир.
– Хўп, қани бер-чи... Бугун ўзбекча ош ҳам қиламиз.
– Ҳа, албатта! Ахир бугун бошқача кун-ку!
– Бор энди, боравер, Жек. Мен бирпас ёлғиз қолмоқчиман.
    Аёл Жекнинг ортидан жилмайиб қараб қолди.
     Одамзот бир-бири билан юрак тили орқали сўзлашиши қандай яхши-я?! Одамзот бир-бирини қадрдоним деса қандай гўзал, азизим деса қандай ажойиб-а?! Аслида, она сайёрамиз ҳаммамизнинг уйимиз. Ҳаммамиз бир-биримизга оға-ини, опа-сингил, жондошу қондошмиз. Фақат унда яшовчилар юрак тилида гаплашишни ўрганолмаяпти. Юрак тили – бу табассум! Юрак тили – муҳаббат! Инсонга инсон деб қараш, юрак тили; тамом, вассалом, тилнинг қоидаси шу! Шуни билиш, ўрганиш наҳотки шунчалар қийин бўлса? Одамзот учун юрак тилини ўрганишдан бошқа чора, ўзга йўл қолмади. Дунёни омон сақлаш, одамзот бир-бирини асраб қолиш учун ҳам шундай қилиши керак!
    Аёл Жекнинг ортидан термулиб тураркан, хаёлида шундай фикрлар чарх урарди.
    Бир пасда ресторанда мижозлар кўпайиб қолди. Залда тирикликнинг оддий қонуни--- емак симфонияси янграй бошлади.
 Аёл ўз хонасида тўрдаги юмшоқ курсига чўккан ҳолда кундузги газетнинг театр саҳифасидаги янгиликларга тикилиб турарди. У шаҳардаги нуфузли театрнинг кечки спектаклига буюртма бериш учун қўлтелефонда рақам тера бошлаган ҳам эдики, хона эшиги тақиллаб, бека жавобини ҳам кутмасдан, остонада Жек пайдо бўлди. У ҳансирарди:
– Сен чиндан ҳам авлиёсан, Мэри. (Бу ердагилар уни шундай чақиришарди). Ресторанимизга бир одам келди. Марта тавозеъ билан сўраб билди. Сенинг юртингдан экан, Ўзбекистондан!
Аёл ўрнидан туриб кетди. Ботинида нимадир узилгандай бўлди. Оёқ қўли бўшашиб, гандираклаб эшикка қараб юрди.
Рестораннинг бир бурчагида, ҳозиргина Аёл ўтириб ўй сурган ўриндиқни худди у каби кўксини столга тираб, бир эркак банд этганди.
  Аёл ҳаяжонланди. Юраги гупиллаб ура бошлади. Ич-ичидан соғинч ҳисси олов олган ҳолда мижоз қаршисига келди. Унга термилиб турди; қадди-басти баланд, елкалари кенг, юзида жиддийлик ҳоким, тойпоқ бурни остидаги устки лаби яссиси тиртиқ, кўзлари жиддий боқувчи бу кимса Аёлга беписанд қаради. Ўзича илжайди. Аёл ҳам унга табассум ҳадя этди. Эркак тағин унга бош-адоқ разм солди. Хаёлидан не ўй ўтди, биргина Худойимга аён.
– Хўш, хизмат? – айёргина ишшайди эркак.
– Юртдошим келди, деб севиниб кетдим. Бу ерларга, умуман бу шаҳарчага ўзбеклар жуда кам келишади.  
– Шундай денг. Мана, сиз борсиз-ку, – яна ишшайди эркак.
– Ҳа, мен шу ерда яшайман.
– Яшайсизми, ишлайсизми?
Аёлнинг бошидан кимдир бир челак сув қуйиб юборгандай бўлди:
– Икковиям!
– Менга қаранг, синглим, гапнинг дангали мен икки ярим соатдан сўнг учиб кетаман. Бу лаънати ёмғирдан бошпана излаб кирдим.
Аёлнинг кўз олди қоронғилашди. Ичида қўзғолган оғриқ ониятда унинг бош чаккаларини ҳам зирқиратиб юборди.
– Яхши қипсиз, бу ерга кириб, – деди овози титраб. 
– Муддаога ўтинг. Ҳеч нарсангизни Ўзбекистонга олиб кетолмайман. Бирор нарсамни тиқиштираман, деб овора бўлманг. Юким ўзимга етарли.
     Аёлнинг бошига кимдир гурзи билан ургандай бўлди. Турган жойида гандираклаб, ўзини ярим қадам ортга олди. Аёл тош қотди. Гўё шу тобда рестораннинг ойнадеворлари чил-чил синиб, ташқаридаги ёмғир қутуриб-ўкириб, ичкарига бостириб киргандай бўлди. Аёлни, манови, бадфеъл эркакни, Жек ва Мартани, офицанту барча мижозларни ёмғирбўрон даст кўтариб, юлқиб, осмон қаърига тортиб, чирпирак қилиб учириб кетгандай бўлди.
Аёл аранг ўзини қўлга олди. Рестораннинг емак узатиладиган эшиги ёнида уларга ажабсиниб, боқиб жилмайиб туришган ҳамкасбларини кўрди. Аёл қаршисидаги эркакка карахт аҳволда тикилди-ю ботинидан синиқ иҳроқ отилди:
– Овқатингизни еган бўлсангиз, тезроқ чиқиб кетинг бу ердан...
Эркак унга ҳангу манг бўлиб тикилди. Истеҳзоли илжайди.
– Э-е-ей-ей, зўрсиз-ку! Фаришта-ей...
     Эркак кетди. Аёл нарида турган ҳамкасбларига ўлмайиннинг кунидан жилмайди. Улар шод эдилар. Улар ҳам аёлга табассум ҳадя этардилар.
– Бугун ажойиб кун бўлди, – деди Марта. --- Юртдошингни кўрдинг.
– Бугун чинданам сенинг кунинг, – деди Жек.--- Юртдошинг ҳам ажойиб инсон экан.
 ---Ҳа жуда яхши инсон. Сизларга ҳам салом айтди...
      Бир зумда зал чироқлари ўчди. Сукунат чўкди. Ресторан тўрида мусиқа янгради. Чироқ ёнди. Залнинг қоқ ўртасида ярим доира бўлиб рестораннинг барча ходимлари чапак чалишди. Жек эса саф ўртасида қирқ битта шам қадалган каттакон торт кўтариб турар, Марта шамларга олов улашарди.
– Туғилган кунинг муборак бўлсин, Мэри!
– Табриклаймиз, Мэри!
– Таб-р-и-к-л-а-й-м-и-з!!!
Йиғилганлар инглиз тилида “Туғилган кун” қўшиғини айта бошлашди. Аёл қаршисидаги юрак тили билан сўзлашувчи ҳамкасбларига кўзда ёш ва ҳаяжон ила термилар, уларга ўз она тили – ўзбек тилида ташаккур айтарди. Назарида рўпарасида турганларнинг бари унинг сўзларига тушунаётгандай эдилар. Ахир бу издиҳомдаги одамлар унга самимият билан жилмайишарди. Ҳа, дунё тили, одамият забони – юрак сўзласа, юрак тилга кирса, сўзлари бани башарга тушунарлик бўлиб қоларкан... Айтдим-ку, юрак тили – инсоният тили деб! 
   Аёл шоду хуррамлик ҳолда ерда эмас, самоларда парвоз қилиб, ўз хонасига кирди. Кайфияти баланд, кўнгли чароғон эди. У жавондаги француз адибасининг китобини олиб варақлай бошлади. Бир-икки саҳифа ўқигач, қайта жойига қўйди. Шкафдаги байрамбоп кўйлаги ва кенг-мўл плашини олиб, эгнига илиб, ўзини ойнага солди. Кечки театрга шу алпозда боришга қарор қилди. Токчадаги кенгайвонли қўнғиртус шляпа ёмғирпўшга мосу хос эканлигидан кўнгли таскин топди. Шу топда эшик тақиллаб қолди. Хонага Марта кириб келди. Қўлида кичик елим пакет.
– Юртдошингизнинг нарсаси қолиб кетибди. – Қиз унга елим пакетни кўрсатди.
Аёлнинг кўнглига тироқ кирди. Ҳалиги дилозор кимсанинг тунд ангори кўз олдида пайдо бўлди.
--- Қўй. Ташлаб кетавер.
Марта елим пакетни ўриндиқ қирғоғига илдириб қўйди. Аёл очиқ пакетга назар ташлади. Аллақандай ҳужжатлар ва паспортга кўзи тушди. Туйқус бир қалқиб қўйди. “Ахир у паспортсиз учолмайди-ку. Бу шаҳардан юртимизга ҳафтада бир марта,  фақат якшанба куни авиарейс бўлади..."
Аёл ташқарига отилди. Ёмғир янада кучайган. Машинанинг олд ойнасидан йўлни кўриб бўлмасди, чирпирак бўлиб айланаётган ойнатозалагич шовуллаб қуйилаётган ёмғирга дош беролмас, машина тумантус  йўл узра аэропорт сари учиб борарди. Икки кўзи олддаги машинанинг орқа, қизил чироқларига қадалган аёл тезлик кўрсатгич таблоси ёнидаги навигатор чизиғига тез-тез кўз ташлаб қўярди.
  Аэропорт уловжойида машинадан тушиб, учиш зали эшиги томон югурди. Нафаси бўғзига тиқилган кўйи ичкарига кириб борди. Кенг файенинг қоқ ўртасида серрайиб турган юртдошига кўзи тушди. Нима қиларини билмай талмовсираб, гарангсираб қолган ватандош, худди дор остидаги махбусдай эсанкираган аҳволда эди.
  Аёлни кўриши ҳамона беихтиёр у томонга югурди. Шошиб, ҳансираб Аёл қўлидаги пакетни оларкан, бутун борлиғи титраб, лаблари пириллади, семиз бетининг қалин териси дир-дир учди:
 --- Р-Р-Ра-а-ҳмат-т!
--- Югуринг, рейсдан кеч қоласиз!
Эркак рўйхатдан ўтиш таблоси томон лапанглаб чопди.
     Ташқарида ёмғир ёғарди. Ёмғир энди анча секинлашган, Аёлнинг юрак уришига монанд бир маромда шивалаб ёғарди.
Аёл машина эшигини очгани ҳамон қўлтелефони жиринглади. Қизи қўнғироқ қиляпти!
--- Ойи-и-и, ойи-и-ижо-они-им, табриклайман. 
--- Қизим, сенмисан? Нега овозинг ҳорғин? Нима бўлди?
--- Ойижо-о-н, туғилган кунингиз билан табриклайман!!!
--- Раҳмат, қизим!
- Бизни ҳам табрикланг, ойижоним!!!  Ўғил набирали бўлдингиз. Ойи, ойижо-о-о-он-н,  ўғил!
   Аёл кутилмаган хушхабардан оёқ-қўли увишиб, машина ўриндиғига чўкди.
--- Табриклайман. Менга энг ажойиб совға шу бўлди, қизим.
--- Ойи, исмини ким деб қўяйлик, ойи?
--- Исмини... Исмини... Ўзбек деб қўй, қизим!  Ўзбек!
    Куз ёмғир симфониясини чаларди. Равон йўлда оппоқ машина қуш каби елиб борарди.
 
Кисловодск. 21 июль,  2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот