ФИРИБ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ФИРИБ
Ҳикоя
Кимсан, Қудрат эди. Исми-жисмига мос, куч-қуввати гулдирос. Шамолга шаппати тортса, довул дирилларди. Дам урса довучча қизарарди. Э-е-е-ей, мана бугун ўтирибди, ҳамласи ҳаводан енгил, бир нав бўлиб. Ҳол-мажоли йўқ. Жони-сўли ёшлик билан бирга кетди. Олдинги Қудратнинг шашти-шижоати қаёқда дейсиз?
Умр ўтгач ўнгирингни ҳам ўнглай ололмаскансан. Эпкин эсса эсхонанг чиқади.
Олдинлари ҳеч бир касалликка бўйин эгмаганди. Кўрпа-ёстиқ қаёқда, бетобликни оёқда эзғилаб, тик турган ҳолда ўтказиб юборарди. Хасталик ундан ҳол сўролмасди.
Аҳволини кўринг, ётибди; тоғ тагидаги тоғҳовлида. Зиппа-зич арчазорнинг қоқ ўртасида ўрнатилган шоҳсупада. Кейинги йиллар боши бетобликдан чиқмай қолди. Етмишдан ўтгандан сўнг қайси гўрдан шу беҳолликни орттириб олди, билмайди, нафаси қисиб кўзи тинади, қон босими ошиб, камига юраги ўйнайди. Бир неча бор ўлимнинг оғзидан қайтиб келди.
Дўхтирларнинг ташхиси ўнг келгач, дориси ҳам аниқ бўлди; бу— анқонинг уруғи. Кичкинагина биллуртоб шишачага жойлашган ферузатус ҳапдори. Бир нечагина донаси қил устида турган ҳаётингни тирикликка қайтариши чинданам ғаройиб. Унинг суянчи ҳам, таянчи ҳам шугина биллуртоб шишача. Ферузатус ҳапдорисиз бир лаҳза ҳам ярим қадам нарига силжимай қолди; доимо ёнида олиб юради. Ҳа, шундай, кап-катта одамнинг шунга қараб қолиши, бу ҳам аламли-да. Ҳа, начора, нима деймиз, тақдирда бори...
...Қудрат Соҳибович муовуни, олти йилдан бери қўл остида ишлаб, чаққону чиндиллиги билан ҳамманинг меҳрини тортган Шунқорни ўз ҳузурига чорлаб, масалани узил-кесил ҳал этишни ният қилди. Шогирд айтилган пайтда шамолдай учиб келди. Кекса “Бос” ишларни обдон суриштирди. Тагли-тугли, пухта-пишиқ Шунқор хўжайиннинг ҳамма сўровларига жўяли жавоб берди.
Ўлка бўйлаб ёйилиб, довруғ солган сертармоқ бунёдкор компаниянинг барча қурилиш ишлари рисоладагидай кетаётганини, хорижий сармоядорлар билан ҳам ишлар анча бадастур эканлигини ҳис қилган хўжайин Шунқор келтирган янги лойиҳаларни бирма-бир кўздан кечираркан, жонини жабборга бериб ишлаётган бу болани “бегона” қилмаслик керак, эҳтимол, хотин тўғри айтгандир, деган фикрга ҳам келди. Олти қизнинг қизил дурраси ҳовлиси дорини қизартган Қудрат Соҳибовичнинг супрақоқди қизи ҳам бўй етиб қолганди. Беш қизини эрга берди. Шу олтинчисининг пешонасига битилгани балки, ўғиллик қилар деган ният ҳам йўқ эмасди.
Чунки, анави беш куёвнинг бари қурилишга уқуви йўқ, ғишт-бетондан нари кимсалар эди. Лекин ўз ишларини тўғрилаб олишди; кимсан фалончининг куёви. Ҳа, майли, ўз кунига омон бўлишсин.
Хўжайин лойиҳалар битилган қоғозларни супа четига қўйиб Шунқорга ўйчан тикилди. Шунқор ўнғайсизланди. “Анави фирма билан шартнома тузиш борасидаги фикримни айтсаммикин? Кайфияти яхши. Балки рози бўлар. Жарақ-жарақ доллар оқиб келади, йўқ демас...”, — деган ўй кечди хаёлидан.
— Менга нимадир демоқчимисан, ўғлим? — Қудрат Соҳибович уни ўзига яқин олди, лекин нигоҳидаги алланечук таъқиб Шунқорни эсанкиратиб қўйди.
— Й-ў-ўқ! Ҳаммаси жойида, — довдиради.
— Яхши қилибсан, хабарим бор, анави, фирмани бизга яқинлаштирма, ўзинг ҳам ундан узоқроқ юр. Шартнома тузиш борасидаги таклифини рад этиб, менга ҳам айтмай, тўғри иш қилибсан.
— А, А? Албатта, ҳар бир ишни Сизнинг рухсатингиз билан қиламан...
— Ўғлим, Сен эртага шу пайтда кел. Айрим ҳужжатларни нотариусдан ўтқаздириб қўяман. Бундан кейин компанияни ўзинг бошқарсанг деган фикрдаман.
Шунқор ўрнидан туриб кетди. Кутилмаган хабардан кўз олди тиниб, боши гир айланди. Дарҳол ўзини қўлга олди:
— Менга компания керакмас. Ёнингизда юрсам бўлди. Сизсиз мен ҳеч нарса қилолмайман.
Қудрат Соҳибович жилмайди:
— Ҳечқиси йўқ! Ёнингда бўламан. Энди бизникига бориб янганга учраш. Ота-онангни келаси ҳафта меҳмонга чақирамиз деётувди. Мени рози, деб айт!
Шунқор гап равиши қай томонга кетаётганини фаҳмлаб, оёқ-қўли бўшашиб, ич-ичидан сурурбахш бир тўлқин мавж урди. “Демак, рози. Қизи ва хотини барибир ўз фикрини ўтказишибди...”, деган хаёлга борди.
Шунқор тоғҳовлидан ҳардамхаёл бўлиб чиқди. Беш йилдан бери туну кун миясида ўрнашиб, илдиз отган орзу-армонларининг шу лаҳзада ушалаётганидан эс-ҳушини йўқотаёзди...
У машина орқа ўриндиғида ўз хаёллари оғушида сармасту сархуш чайқалиб бораркан, туйқус ҳайдовчига амр этди:
— Тўхтат, машинани. Чиқ, чиқиб тур, бир оз айланиб кел!
Ҳайдовчи унга ажабсиниб қаради-да, машинани тўхтатиб, ташқарига чиқди. Ёлғиз қолган Шунқор қўлтелефонини очиб, қаергадир қўнғироқ қилди.
— Ҳаммаси ҳал. Чол “пишиб”, нарёғи яқин қолганга ўхшайди Келаси ҳафта фирмангиз билан шартнома тузамиз. Ҳа, ўзим имзо чекаман, — деди қатъият билан. — Фақат келишганимиз каби, ҳалигисини, “ғишт”ини олдиндан олиб келасиз! Гап битта! Тамом. Ҳозирча сир! Келишдик.
...Эртаси куни Шунқор тоғҳовлига айтилган вақтда етиб келди. Шохсупада ҳозиру нозир бўлган ўғлонга Қудрат Соҳибович маъноли тикилди:
— Мен ҳамма ҳужжатларга имзо чекдим. Компанияни энди сен бошқарасан.
— Раҳмат, — деди у ўрнидан дик этиб туриб.
Хўжайин чап кўксини оҳиста силади. Юзида ҳорғинлик аломати.
— Кечаси билан ухлолмадим. Яна ўша лаънати хасталик хуруж қилди. Ҳозир ҳам юрагим чимиллаб оғриб турибди. Йўқ, бунга компаниянинг умуман даҳли йўқ. Мен ҳаммасини ўйлаб қилдим. Даврим ўтганга ўхшаяпти, ўғлим, — Қудрат Соҳибовичнинг овози титраб чиқди.
Шунқор шохсупа четидаги кумуш столчадаги ичимлиги яримлаган “Виски” шишасига кўз қирини ташлади. Хўжайинга ажабсиниб қаради.
— Ҳа, кеча бироз ичдим. Шунга юрак ўйнаб қолди, чоғимда, — деди айбдорона.
— Э-е-ей, ахир, Сизга мумкин эмас-ку!
Хўжайин оғир хўрсиниб, кўзларини юмди, иҳради. Чап кўксини силаб Шунқорга азоб билан тикилди:
— Д-доримни оп ке, анови уйда, деразада қолдирибман, — оғир ҳансиради.
Шунқор унга ҳангу-манг бўлиб термулди-да, уй томон югурди. Хўжайин ёстиққа суяниб, беҳол чўзилди. Шунқор дераза рахида турган ўша биллуртоб шишачани олди-да, бир оз туриб қолди. Юзи қаҳрли тусга кирди. Деразани зарб билан очди-ю, шишачани уй ортида шарқираб оқиб турган катта ариққа ирғитди. Шохсупага қаради. Хўжайин чўзилиб ётибди.
Тоғ ҳовли адоғида нималар биландир андармон бўлиб турган хизматкор бола югуриб келди.
— Йўўўқ-ку, дори йўқ, — деди Шунқор дағ-дағ титраб.
Хизматкор уй ичини гир-гир айланиб, ўзини шкаф, диван ҳамда стол-стуллар тагига урди. Эсхонаси чиқиб, дераза раҳини, пардалар ортини тимдалади.
— Х-х-хўжайин ўлиб қолади, — деди зор-қақшаб.
Шунқор турган жойида тош қотиб, шахсупадан кўз узмасди. Хизматкор эшикдан отилиб чиқаётганда Шунқор унинг билагидан маҳкам тутди:
— Борма, яқинлашма, дориси йўқ. Барибир ўлиб бўлди. Сени айбдор қилишади. Кечаси билан “Виски” ичибсанлар-ку, ярамас...
Хизматкор эшикка суяниб турди-да, шилқ этиб ерга ўтириб қолди. Ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Шунқор гандираклаб шохсупа ёнига борди. Қимир этмай ётган хўжайинга қарашга юраги дов бермай, пиёлага маъданли сув қуйиб, тик турган кўйи сипқорди. Кўзларини чирт юмди.
Лаҳза ўтиб-ўтмай хўжайин томондан овоз келди:
— Анови шишадаги памил чойдан ичсанг бўларди. Сен ит эмган боласан. Ичингда иблис бор. Дори ҳамиша ўзимда бўлади. Ишондинг-а?...
Ёстиққа яримбел бўлиб суянган кўйи қаҳрли илжайган Қудрат Соҳибович ён чўнтагидан ўша биллуртоб шишачани олди.
Шу тобда... айни онда... Шунқорга нима бўлганини эса айтолмайман. Бу ёғини таърифлаб беролмайман.