ЭЛМУРОДБОЙ ЭЛГА ҚАЙТДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
           
  ЭЛМУРОДБОЙ ЭЛГА ҚАЙТДИ
Ҳикоя

   Қишлоқдагилар уни Тошайиқ дейишади. Бу лақаб муллага мос маҳсидай ярашади. Юришини кўрсангиз; оёқлари ноғора таёқдай бориб келади — айиқмаймоқнинг худди ўзи. Тошлиги ҳам чин; ўлгудай қаттиқ, тошметин — бировга бир нарса бермайди. Доним “чўзилгунча” жоним узилсин, дейдиганлар хилидан.
  Ўз кўланкасига ўзи кўрпача тўшайди. Одамови. Топганини уйига ташийди, киргани амал, чиққани ажал! Хуллас, унинг исми Элмурод эканлиги аллақачон элнинг эсидан чиқиб кетган.
  Қишлоқдаги тирранчадан тортиб манглайи тиртиқ кекса чолларгача Тошайиқ деб чақиради. Ўзи ҳам ўрганиб қолган, ҳеч кимсадан хафа бўлмайди. Тошайиқ бўлса Тошайиқда-э...
  Бу дунёда Худонинг эсидан чиқиб, худобехабар қолган кимсанинг ўзи йўқ эканда-а... Хасису хасфеллигига қарамай Яратган Эгам унга бемисл уқув берган. Қўли тегса бас, темир гуллайди. Темирнинг жонини ушлаб хамирдай эшади. Ишонмасангиз келиб кўринг, Олтинтепадаги айрим уйларнинг эшик роми, ҳовли четидаги панжараларига урилган “темиргуллар”ни кўринг, ҳайратингиз тошмаса, биздан хафа бўлиб, қўл силтаб Тошкандингизга қайтиб кетаверинг. Темирнинг тили, ўз ишининг йўлини топган Тошайиқ бир йилда бир марта буюртма олади. Кўнглига хуш келган кишининг уйига дарвозами, ромми ё панжара ясайди-да, кетар чоғи ҳисоб-китобни ҳам аниқ тиниқ қилади: “Манови дамлаб берилган чой,  дастурхонга қўйилган нону тузингизнинг ҳаққи, манови уйингизда мен ишлатган электр ҳаққи, бу эса сув, бу даранг-дурунгда кўчган бетон йўлакча, буниси узилган симнинг ҳаққи. Тамом, сиз билан нулу нул!...” Уй эгаси ҳайратланиб, нону туздан тортиб узилган дорнинг эски симигача ҳисобга киритган Тошайиққа таъсиру мулзам ҳолда термулади. “Э-е-е-й, Тошайиқ ака, қўйинг-е, буларни ҳисобга қўшманг, мана, олинг, одам устага берган нону тузи...ни ҳам пулга чақадими”. Йўқ, Тошайиқ унга жиддий қарайди. Қовоғи уюлиб ўқраяди. Мижознинг жон-пони чиқиб кетади. Тошайиқнинг ажинаси отланса ҳамма ёқни остин-устин қилиб ташлаши, гап билан ҳоварлашини сезиб, жим қотади.
  Ҳа, шундай. Бир йилда бир марта бир кишиникида темирчилик қилади. Бошқа усталарга ўхшаб эшик санамайди, мижоз қидирмайди. Буюртманинг катта-кичиклиги, кўп-озлиги қизиқтирмайди. Бир жойда ишлайди, тамом, вассалом! Бошқалар кутиб турсин, кейинги йил боради. “Пулнинг изидан қувиб ҳали у, ҳали бу деб, осилиб ўлиб ётмайди...” (“Бу таъриф қишлоқдаги Холтош холага тегишли).
  Темирчининг тўрваси тузсиз қолмайдиган замон ҳозир. Итингга ин, қўйингга қўра қураман, десанг ҳам шу зормандаги зориқасан.
  Темирни тўра, темирчини жўра демай иложинг йўқ. Лекин Тошайиқнинг тўралигини ҳам, жўралигини ҳам сезмайсан. Туси ўзгармайди. Ҳамиша бир хил, бошидан чебахмал шляпа тушмайди — қишин ёзин шу киррати бош кийимда. “Бу дунёга келганда ҳам бошида шу ўриси шапка бўлган”, дейди Ҳусан тоға эчки соқолига озғин бармоқларини тароқ этиб. Айниқса, Чори аканинг изоҳи ҳаммасидан ошиб тушади: “Топгани тумандай тарқалади бунинг. Баракаси йўқ бадбахт-да... дуо кетган бунга” дейди у. “Нега?”, деб сўрайсиз. Чори ака гўё воқеанинг гувоҳи бўлиб, худди ўз кўзи билан кўрган каби далил келтиради:  “Бу нокас кимнингдир уйида темир эшик қуриб, хуллас, тақур-туқур ишини адо этиб келаётган ойдин тунда рўпарасидан Ҳизр бобом чиқиб қоладилар. Бу нокас эса авлиёни кўриши ҳамона қўлидаги тугунни яширишга уринади. Ҳизр бовамиз: “Болам, қўлингдаги нима у?”, деб сўрайдилар, атайлаб... Бу хасис довдираб:  “Кул. Ўчоқнинг кули. Уйга олиб бораяпман...”,  дейди. Шу-шу Ҳизр бовомиз: “Топган кулингнинг баракасини берсин...”, деб юборган эканлар. Шу-шу, бу одамёввойининг топгани туманга кулдай сочилиб кетаверади...”
  Бундай гапу-гаштакларнинг тагида алам, нисбатан  ҳасрат ҳам ётади. Чунки, темирчи қурғуримиз жини жимирлашмаган одам билан гаплашиб ҳам ўтирмайди. Жағи жизғанак тортса, ўрисчани ўрмалатворади — совет армиясидан ўрганиб келган сўкинишларнинг бари тили остида отилиб чиқади ва охири гапига “Пошёл ты...” деб нуқта қўяди. Кимки, Тошайиқни хушламай, унинг изидан ғурбатини қилиб, ошкора майна-мазах этса, билинки, у ўша “Пошёл ты...”дан бенасиб эмас. Тана-дашномнинг таъсирчан йўлини топган Чори акамиз ҳам худди шундай, Тошайиқнинг тутқаноғи тутгач, “Пошёл ты...”сидан қуруқ қолмагани тайин.
  Тошайиқнинг қўрслиги қумурсқани қўтир этиши камлик қилгандай, зиқналиги заминни зирқиратишига нима дейсиз...
  Элчилик-да, барибир зориққан бор, зўриққан бор, бирининг қўли, бирининг йўли қисқалик қилиб, кўпинча Тошайиқдан қарз-ҳавола сўраб келишади. Бундай пайтда жавоб тайин бўлади: “Э-э-еей, бунча пулим бўлса, бу ерларда темирга тенг бўлиб юрармидим. Менда пул қаёқда, мунча пулим бўлса буюрмасин...” Айниқса, боласи Олий ўқув юртида ўқиётган ҳамсоя-овул, оғайни-жамоа контракт пули қистовга олиниб турган маҳал, чиқмаган жондан умид деб Тошайиқнинг остонасида ҳам ҳозир бўлишади. “Маккажўхоримни сотиб қайтараман...”, “Узумни майиз қилиб, бозорга оп чиқсам бас, қарзимни бераман”, “Кейинги бозор машинамни сотмоқчиман...”, “Йўқ деманг, кўринг, картошкам тайёр бўлади — бозор оғзини очиб қараб турибди. Сотаману Сиздан қутиламан...” Тошайиқ бундай маҳзун илтижоларни тош қотиб эшитади. Сўнг жавоби шу бўлади: “Менда бунча пул йўқ. Э-е-ей, дипломни ҳам пулга сотиб оладиган замонларга етиб келибмизда-а? Топганим нону чойга зўрға етиб турибди... Ортиқча пулим бўлса, буюрмасин...” Ҳатто қасам ҳам ичиворади. Шундай кезда қарз сўраб борган киши мулзам тортиб, сесканиб тушади: “Чори аканинг гапи чин эканда-а. Шунча топса ҳам кулга айланарканми ё..?”, деган ўй хаёлидан кечади.
Бугун ҳам айнан шу йўсиндаги дилтанглик содир бўлди. Уйга келса, супада қайниси Собир мижғов ўтирибди.
— Почча, шу, шу десангиз, қизимиз Ойтошнинг, шу десангиз, омади чопиб, шу десангиз,  ўқишга кириб қолди.
— Яхши бўпти, — деди Тошайиқ сергак тортиб.
— Шу десангиз, шу, шу... бизнинг уруғдан ҳам ўқимишли одам чиқсинда энди. Раҳбар-паҳбар бўлиб кетса ҳам ажабмас, шу десангиз.
— Бинойида, бинойи. Яхши бўларди, — энсаси қотди Тошайиқнинг.
— Шу десангиз, Сиз ҳам барибир бизнинг уруққа кирасиз-да. Поччамсиз ҳар ҳолда.
  Шу жойда Тошайиқнинг қони қайнаб ҳеч қачон сенинг уруғингга томирим туташмаган, сен мени ўзингга тенглаштирма, деб юборгиси келди-ю, ҳаётида камдан-кам юз берадиган ҳолат — бир амаллаб ўзини тийди.
— Гапни чўзмай мақсадга ўтсангиз-чи, Собирвой, — деди асаби ўйнаб.
— Шу, шу, — десангиз.
— Оббо! Эҳ! — Тутақди Тошайиқ.
— Сигирим соғин сигир, томорқам ҳам зўр, ер кучли. Серҳосил, шу десангиз....
— Хўш, — сергакланди почча бўлмиш. 
— Шуларни Сизга берсам. Тўғриси, томорқанинг тенг ярмини ҳам, шу десангиз...
  Тошайиқнинг кўзидан ўти чиқиб кетаёзди, юзлари жимирлаб, ич-ичидан энтикиб ҳаяжонланди.
— Текингами?!!
— Шу десангиз... Тек... текиндай гап...
— Мен-чи? Эвазига мен..?
— Эвазига Сиз, жоним поччам, шу десангиз, қизимнинг контрактини тўлаб берсангиз бас. Ҳар йили бўлиб-бўлиб тўлайсиз. Тўрт йилгина.
  Тошайиқнинг кўз ўнги қоронғулашди. Ичида оғриқ турди, нафаси қайтди. Ғазабнинг зўридан ҳали бир замонлар хаёлга ўрнашган ўрисий сўкинишлар ҳам тилига келмай қолди, чунки шу ҳолатда забон шўрлик ҳам лаҳча чўққа айланиб, оғзида оғирлик қилиб қолганди. Тошайиқ бир амаллаб ўрнидан турди-да, ўнг кўлини дарвозага бигиз қилди!
— П-п-п-паш...ёл. Йўқол!!!
  Қурумсоқ поччасининг оттепки гаплари ва итфеллиги яхши маълум Собир мижғов бундан ҳам даҳшатлироқ дакки-дашномни кутган эди. У совуқ бир илжайиш олиб эшикка қараб юзланаркан, ўзича минғирлаб қўйди:
— Шу десангиз,  уруғи урвоқдан ун сўрама дейишгани чинда-а? Илоё, йўқ бўлса, йўқ бўлиб ўлсин. Келиб-келиб сиздан пул сўрайманми?
— П-пошёлл!!!
  Шовқиндан эсанкираб ошхонадан отилиб чиққан Зумрад жазава отига миниб чақчайган эри ва майда қадамлар билан пилдираб эшик томон йўрғалаган укасини кўриб гап нимада эканлигини фаҳмлади. Қўлидаги чойнакни дўққиллатиб супа четига қўйди-да, эрига бир норизо қараб, ичкари уйга кириб кетди.
  Бойвачча Соли россия (Россияда қурилиш бригадаси бор-да)нинг данғиллама ҳовлисида икки қаватли супасўри тиклаётган Тошайиқ боғ адоғидаги деворнинг қарсиллаб қулаши-ю, гувиллаган овоздан бир сесканиб чайқалди, оёғини илиб турган бурчактемир устидан пастга қулашига бир баҳя қолди, зўрға ўзини ўнглаб олди. Не кўз билан кўрсинки, девор ўрни чанг-тўзон кўтарилиб, теп-текис бўлди, ҳовлининг ярмини босган лойқа сувнинг шиддатли оқими неки тўғаноқ бўлса шипириб, оқизиб-суриб кетаверди. Тандир билан ўчоқни ҳам оний лаҳзада ямлаган бўтана сув қўшни Қудрат калнинг омонат  кулбасига урилиб, унинг ҳам деворини қарсиллатиб ағдарди. Қудратнинг кулбаси вайрона-сайрона ҳолда, Худо кўрсатмасин, бомба тушган уйдай ағдар-тўнтар бўлиб қолди. Сўрисупанинг иккинчи қаватида қўлида темир тутганча бу манзарага карахту лол, тош қотиб қараб қолган Тошайиқ дастлаб нима бўлаётганини англамади. Сўнг хаёлига келган оний хабардан вужуди титраб кетди. Сел! Ҳа, сел келди. Офат бу. Оёқ-қўли бўшашиб бундан икки юз қадамлар наридаги ўз уйига қаради. Бақрайиб қолди: Оғилхона билан бостирма йўқ. Қутурган сел сойдан ҳам тошиб чиқиб тиккайган неки бор оқизиб кетаётганди. Тошайиқ ўзини қай ҳолда ерга отганини ҳам билмайди. Ғўладай бўлиб гупиллаб тушди-да, ўзини ўнглаб, жон уҳмида ўз уйи томон югурди. Шундагина қулоғига хотин-халажнинг қий-чуви, бақир-чақирлари эшитилди.
  Ҳайрият, мол-ҳолига зиён-заҳмат етмабди. Бола-бақраси омон. Товуқ катак, бостирма билан оғилхонанинг бир қисмини айтмаганда, куйинадиган жойи йўқ, Худойимга шукр қилиш керак. Ўзи-ку, шу катагу оғилхона, бостирмани ҳам Чори оқсоқол ва Берди кадастрнинг огоҳлантирганига қарамай, уч-тўрт қадам бўлса ҳам ҳарна деб, ўз томорқасини сой томонга кенгайтириш мақсади-да, атайлаб муштумзўрлик қилиб қирғоқнинг қуйруғида қурган эди. Бу-ку майли-я, анави шўринг қурғур Қудрат кал мен сендан камми, дегандай қилиб нақд қирғоқда уй солувди. Одамзот бир парча ерни деб минг бор ўлиб-тирилади-да, нафси қурсин. Ана энди, кетди кетадиган жойига — на Қудрат калнинг уйи, на Тошайиқнинг молхонаси омон қолди. Даҳмазаи дард бўлди буёғи. Чори оқсоқолга энди Худо берди. Элни кулдириб, эшакни ҳангратиб тилини бир қарич қилади, роса хуморидан чиққунча кулади: “Айтдим-а, сойга яқин қурма деб. Қулоқ солмади. Кўр бўлсин, баттар бўлсин...” Ҳа, айнан шундай дейди ва бошқа кўп бемаза ва илмоқли гапларни дастурхон қилади.
  Тошайиқ ҳуши учган кўйи ҳовли ўртасида бироз серрайиб турди. Шу маҳал осмондан тушдими, ерни ёриб чиқдими, билмайди, қаршисида қайниси Собир мижғов пайдо бўлди.
— Э-е-ей-ей, шу... шу десангиз,  почча, нега қаққайиб турибсиз? Одамлар Оқтепа томон югуришаяпти. Бу фалокат яна кучайиши мумкин. Шу десангиз,  тепадаги Обшир сув омбори ёрилиб кетибди. Опам, жиянларим ҳам тепаликда, бутун қишлоқ, ўша ерда. Тез бўлинг почча-а-а!!! — шанғиллади Собир мижғов.
  Тошайиқ Собир мижғовдан нигоҳини олиб, яна сел йўли — молхона томонга қаради. Лаблари уча бошлади. Турган жойида ичига чўғ тушгандай сакраб-сакраб қўйди. Собирга илжайиб қаради-да, қўли билан сел кунпоякун қилган молхонани кўрсатди. Турган жойида яна ирғишлай бошлади, сўнгра циркдаги айиқдай бўлиб уйни айланиб югургилай кетди. Поччасининг эсдан оға бошлаганидан ҳозирги бир қўрқуви минг бўлган Собир турган жойида бақадай бақрайиб қолди. Тошайиқ айиқюгуриш қилиб ўчоқ бошига бориб паншахани олди-да Собирга ирғитишга чоғланди-ю, бироқ мажоли етмай гурсиллаб қулади.
  Тошайиқ шифохонада бир ҳафта ўзи билан ўзи алаҳсиб ётди. Аввало Худо, сўнгра дори-уколнинг шўри, дўхтирнинг зўри билан кўзини очиб, ҳушига қайтгач тепасида кўз ёш тўкиб турган хотинига иҳраб айтган гапи шу бўлди:
— П-п-пилак (биз томонда оғзи қопқоқли алюминий сув идиш, бидонни пилак дейишади негадир), п-пилак топилдими? Пи-пилак?..
— Мени қўрқитманг, отаси. Ҳушсиз алаҳсиб ётганингизда ҳам пилак, пилак, деб тўлғондингиз. Қайси пилакни айтаяпсиз. Жонимиз омон қолди, шукр қилинг.
— Оғ-оғ-оғилдаги пилак? Қирқ литрлик пилак, Оғиле...
— Майли-е, пилаксиз қолайлик, илойим. Бир эмас, минг пилак сизнинг боши кўзингиздан садақа.
  Тошайиқ довдираб жондош бўлаётган хотинига қараб жилмайишга уринди, кўз қирғоқларидан симиллаб қайноқ ёш сизди. Сўнгра уйқуга кетди...
  Тошайиқ шифохонадан чиққач, янаям одамови бўлиб қолди. Остона ҳадлаб кўчага юзланмади. Ҳеч кимни кўргиси келмай қолди. Соч-соқолга ҳам тиғ урилмади. 
...Орадан бироз вақт ўтиб қалбида енгиллик ҳис қила бошлади. Ич-ичида чўкиб ётган зил-замбил, тошдай юк, уваланиб, пардай тўзғиди. Тошайиқ ҳам ўзини тетик туйди, юзига кулги ёйила бошлади, Оллоҳимнинг қудратини кўринг, тонгларнинг бирида анча хушҳол уйғонди. Ҳовлига чиқди. У-бу нарсаларни тузатган, атрофни қўйқа-қуйқумлардан тозалаган бўлди. Тошайиқ ўзгарганди. Болалари билан ҳам ҳазил-ҳузил қила бошлади. Оилада мутлақ бошқа бир одам, мўмин ва мулойим, кўнгли хотиржам инсон пайдо бўлгандай эди. Хотини ҳайрон; осойиш ва меҳрибон эрнинг атрофида гиргиттон, учиб-қўнади. Худойим берган ўғил-қизни айтмайсизми, мактабдан келиши ҳамона отасининг ёнида куймаланишади — у-бу ишга ёрдамлашишади. Оғилхона ва бостирма ҳам сойдан анча берида, ўз томорқасига тобин ерда қуриладиган бўлди. Сойнинг “ҳаққи” сойнинг ўзига қолдирилди. Ҳовлини обдан тузатиб, ҳатто чиннидай топ-тоза этишгач овқатдан сўнг хотинига дил ёрди:
— Зумрад, Сенга бир гап айтаман, фақат маъносини тушунсанг бўлди.
— Ўлдимми тушунмай, тушунаман отаси, — деди Зумрад ҳам кўнгли ийиб.
— Сенга айтсам,  кеча тушимга Хўжаи Ҳизр бовом кирди. Билмадим яна, мен шу киши деб ўйладим. Ўйлаганим шуки, оппоқ либосдаги бир келбатли бово йўлимдан тўхтатиб, қўлимга бир жонлиқ — бўйнидан ип ўтказилган панжи қўйни берди. Овози жуда ёқимли, жарангли тиниқ эди. Лекин у кишининг нима деганларини тушунмадим. Ҳамон шу овоз қулоқларим остида жаранглаяпти, лекин маъносини англай олмаяпман, шу овозни йўқотиб қўйишдан қўрқаяпман, хотин. Ҳа, шу овоз доим жаранглаб туришини хоҳлаяпман.
Хотини анграйиб қаради.
— К-ке-кейин нима бўлди, отаси?, — деди энтикиб.
— Кейин... Ҳизр бовам менга ўша қўйни бериб ғойиб бўлди...
— Яхши туш кўрибсиз, Оллоҳимга минг шукр, отаси, Оллоҳимга минг шукр...
— Шу тушдан сўнг қушдай енгил уйғондим. Ич-ичимдан йиғи тошаверди. Билмадим, нега шундай. Биласанми, Ҳизр бовам берган қўй, қўрамиздаги катта, Ҳисори қўйнинг айнан ўзи эди — жуни қиртишланган сариқ катта панжи қўйимиз эди... Хаёлимга бир фикр келди эрталаб;  мана, атроф-ўнгирни тозалаб бўлдик, эртага шу қўйимизни сўйиб Худойи қиламиз. Яқин-атрофга ош берамиз, нима дейсан?
Хотинининг ҳам ботинида ажиб нурланиш юз берди, ҳаётида илк бор эрининг юзига эркаланиб, меҳр ила сару — сархуш ҳолда тикилди.
— Қанийди шундай қилсак... Жудаям яхши иш бўларди, отаси. Сизнинг дилингизга шу ниятни солган Оллоҳимга минг бора шукр, отаси!  Худойимга шукр, отаси!
  Эртасига Тошайиқ аҳли қишлоқни лол этиб дастурхон ёзди. Элга ош берди. Одамлар кўзларига ишониб-ишонмай Тошайиққа қараб-қараб қўйишарди. Ўз ишидан мамнун Тошайиқнинг чеҳрасида сирли бир нур жилваланар, ботинидаги чароғонлик кўзларида ҳам акс этарди.
— Раҳмат сизга Элмуродбой , яхши иш қилдингиз, — деди Чори оқсоқол бир гуруҳ қари-қартанглар билан ҳовли эшигидан чиқаётиб.
  Тошайиқ унга анграйиб қаради ва жилмайди. Чори оқсоқол ҳам нимадир эсига тушиб, қаҳ-ҳақ уриб кулиб юборди.
— Энди ҳақиқий исмингизни айтиб чақирамиз. — Бошқалар ҳам гурра кулишди.
— Э-е-ей, майли-э, қайтамга Тошайиқ деган отга ўрганиб қолган эканман. Тошайиқ дейверинглар.
  Шу маҳал олдида тиркама сургичи бор тракторини тариллатиб қайини бўлмиш Собир мижғов келиб қолди. У кабинадан шаҳд билан тушди-да, дарвоза олдида уймалашиб турган одамларга мамнун жилмайиб, тиркама сургич ортидаги пачақланиб кетган алюминий бидонни олиб эшик олдига ташлади. 
— Шу... шу десангиз, сел оппориб Хурсан калнинг бетондеворига уриб, почақлабди. Сойни сураётиб топиб олдим. Шу десангиз, энди буни сеҳрли, уста қўлларингиз билан пийпалаб-сийпалаб тузатиб оласиз.
  Собир мижғовнинг кўнглида чўкиб ётган ўша кунги, Тошайиқ “пошёл ты...”лаб қувиб солган кунги “томоша”нинг алами бор эди. Заҳарга ботириб айтган бу пичинглари  эшик олдидаги одамларни бироз ҳижолатли ҳолга солган бўлса-да, Тошайиққа зиғирча ҳам таъсир этмади. Аксинча, қайнисининг алланечук яқинлик ила ўз хафалигини ошкор қилиб қўйгани дилига ҳузрбахш этди. Ерда ётган пачақ бидонга тикилиб турди-да, яна жилмайди. Бидон қанчалар пачақланмасин, унинг оғзидаги босма ёпқичи очилиб кетмаган эди.
— Худога шукр, топганим ҳалол эди. Қилган эҳсоним ҳалол топганларимни қайтариб келди, — деди-да, эшик ёнида сўқилган ипсиз қозиқни суғириб олиб, идишни маҳкамлаб турган қопқоқ остидан тиқиб, унинг оғзини очди. Идиш ичига қўл солиб, қора елим билан ўралган тўпдай бир нарсани олиб Чори оқсоқолга узатди.
— Ака, манавини олинг.
— Нима бу?
— Шунинг ҳаммаси йирик пуллар. Анчагина пул. Қишлоқдаги қўли калта, камбағал, бева-бечораларга тарқатинг, ака! Чин кўнгилдан бераяпман. Мени дуо қилсалар бас.
Оқсоқол ва унинг атрофидаги одамлар ҳайратдан тош қотиб туришди.
— Шу... ш... шу... И-и-иеее, п-п-почча-а, —шошиб қолган  Собирнинг ҳуши учди.
  Тошайиқ идишга қўл тиқиб яна бир елимтугунчани олди.
— Бунда эса аҳмоқ бўлиб йиққаним тилла-темир тақинчоқлар бор. Собирвой, бунинг бир қисмини сизга бераман. Бир қисми менга етади. Эртага шаҳарга бориб заргарларга топширасиз. Пул бўлади. Қизингизнинг ўқишига тўлайсиз. Қолганини рўзғорга ишлатинг. Ҳар нарсанинг буюргани, насиб қилгани бўлади.
  Одамлар ҳамон тахта бўлиб туришар, Собирнинг кўзидан дувиллаб ёш оқарди.
  Чори оқсоқол дуога қўл очди. Унинг ҳам бўғзига нимадир тиқилиб, димоғи ачишди, қароқларида қайноқ ёш айланди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот