МАНА СЕНГА, КИНО
Қўчқор НОРҚОБИЛ
МАНА СЕНГА, КИНО
Ҳикоя
Саттор афғон ўлди, маҳалла раиси қутулди. Лекин ўзини сабабчи билиб ичи ёришмади, эзилди. Худди биров унга, сен айбдор, деяётгандай... Майит чиққан ҳовлига учинчи кун эрталаб яна борди. Ланг очиқ, лоғори-қийшиқ, отам замонидан қолган ёғоч дарвозага айтгулик-дегулиги йўқ, лиқилдоқ-сиқилдоқ эски курсилар тақаб қўйилган. Келган-кетган шуларга омонатгина чўкиб, марҳумнинг ҳаққига дуо қилади.
Раис эшик олдида тик туришни афзал билди, хушомадига Қудрат самоварчи югургилаб олиб келган бошқаларидан беҳироқ курсига ижирғаниб қаради:
– Керакмас. Олиб бор, жойига қўй...
Раис эзғинди, жигаридан айрилган мотамсаро қиёфасига киришга уринади. Ичидан бир оташ уради юзига, ҳа, юзи қизаради, ўзида одамийлик тамомила ўлиб кетмаганини ҳис қилади. Кўнглида хижиллик тугун боғлайди. Камига Қудрат самоварчи темир чойнакда чой дамлаб, ўзи томон қадамлайди, раис кўзини олиб қочади: “Довдир. Каттапарастлик калтафахм қип қўяди-да, одамни...”.
– Раис бова, чой ичинг... – дарбозанинг бир қанотига тиркалган қўҳна стол устида тўнкарилган пиёла Қудратнинг қўлида пайдо бўлиб қолади, – чой, раис бова, чой...
– Мен чой ичмайман, нега менинг олдимга келиб кино қўйяпсан, сен бола? – ўқраяди “падхалим”га, – ўралашма бунча...
Раис рўпарасида бел боғлаб мотамқад турган кимсалар – марҳумнинг хеш-ақрабосига бир кўз қадаб, саф бошида ғўддайган Тўра мижғовга синчков назар солади. Мижғовнинг тунд ангоридан ҳеч нарсани англамади: “Демак, бехабар. Саттор афғонни хонамдан ҳайдаб чиқарганим, кетар жафосига афғон ҳам соғ қўли билан қулоқ-чаккамга қарсиллатиб қўйиб юборганидан бехабар. Айтмаган, ҳеч кимга айтмаган, афғон раҳматли... Йўқса, одамларнинг оғзида эрмак, қўлида элак бўлардим. Ҳамма жим-ку...”
Шу тобда марҳумга ён қўшни Тўра мижғов ҳам маҳалла раисининг нигоҳига хавотиру ҳадик билан кўз қирини ташлади. Ҳеч бир маъно уқмади: “Айтмаган. Раис бехабар. Ўлармидим, ўғилларимга айтиб шу тол ўлгурнинг қуриган шохлари тугул, таг-туги билан кестириб ташласам...”
Саттор урушдан ногирон бўлиб қайтди. Сўл қўли йўқ. Кейинчалик ўнг қўли ҳам калталик қилиб қолди – турмушнинг тутуми-ю, рўзғорнинг ютуми аяб ўтирмади, оёқ-қўли бут, тўрт мучаси соғларни сарғайтирган бу ҳаёт тупканинг туби, тоғ тагидаги бир майда қишлоқдаги ногирон кимсага ҳам шафқат қилмади. Даромадли иш отлига топилмайди-ю, Саттор афғонга йўл бўлсин. Нафақасини нафсига бойлаб бир кунини кўраверди шўрлик. Ногиронга ноз қилувчилар кўп бўлди. Кеч уйланди. Қишлоқнинг четидаги чўнтаккўчанинг охиридан ер олиб, уй қурди. Қўлдан берганга қуш тўймас – ака-укалари ҳам ортганини илинди, лекин йўққа ямоқ не даркор, деганларидай, ўзингда бўлмаса қийин-да, хайрият, бир парча бўлса ҳам ери бор, хотини кўксига тиргак бўлади – томорқадан топгани боис қозонига қора куя ўрлайди.
Айтдик-ку, Сатторнинг ҳовлиси қишлоқ четига уланган чўнтаккўчанинг охирида. Тамом, нарёғи берк – зовлик. Аҳли қишлоқ бу жойни “жин кўча” деб айтади. Дунёбехабар бу шўрлик кўча пайдо бўлганига ўттиз йилдан ошди, лекин икки ҳовуч тош, бир арава шағал босилмаган. Асфальт ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига, Сатторнинг қўни-қўшнилари ҳам ўзидан қолишмайди, қўли юпқа, чўнтагида шамол ўйнайдиган кимсалар. Ўбир-дўққи, араванинг авра-астарини тўкадиган жинкўчага тош ётқизиб эпақага келтириш ғам-ташвишига тушган Саттор йўқ қўлининг енгини ҳилвиратиб, ғайрат-шижоат билан ҳокимиятга йўл олди. Рўпарасидаги қўшниси Тўра мижғов далда берди: “Қўшни, сиз афғонсиз. Жангчисиз. Бунинг устига, ярадор бўлиб, қўлдан айрилгансиз. Ҳокимият сизга қулоқ солмай, менга қулоқ солсинми?!”
Биринчи гал каттаконларни тополмади. Яна борди. Ҳокимиятдаги масъул раҳбар, ҳал қиламиз, фақат кейинги йиллар режасига киради, деб хонасининг остонасигача кузатиб келди-да, эшикни қарсиллатиб ёпди. Кейин бундан ҳам каттароқ амалдорга учради. У ҳам “кўриб чиқамиз”дан нарига ўтмади, кўчангиз режага кириши керак, деди.
– Қачон режага киради?..
– Кейинги йиллар.
– Ахир, мен бир ойдан кейин тўй қиламан. Қизимни турмушга чиқаряпман. Қуда-андалар олдида ноқулай-да, – асаби чатнади афғоннинг.
Мансабдор унга ажабсиниб қаради:
– Сиз бораверинг. Мен маҳаллангиз раисига айтиб қўяман. Бирорта тадбиркор-мадбиркор топилар, йўлини қиламиз.
Бу гал Саттор афғоннинг ўзи амалдор эшигини қарсиллатиб ёпди.
Эртасига маҳалла раиси билан “сен-мен”га борди.
– Қаерда эшитгансан, маҳалла шағал тўшаб, асфальт ётқизиш билан шуғулланганини? – ижикилади раис.
Саттор афғон умрида бунча музтар бўлмаганди. Шундай ғавғога бош суққани учун ўзини ич-ичидан лаънатлади, умрида бировнинг олдида бунчалик мулзам бўлмаганди, худди тиланчига ўхшаяпман, деб ўйлади. Бироқ бир ойдан кейин қизининг тўйи, Худонинг ёдидан кўтарилган бу кўчага осмондан икки томчи ёғин тушса, юз ботмон лой бўлишини хаёлига келтирди. Ёғингарчиликсиз ҳам ўйдим-чуқур бундай кўчага кўникмаган одамларнинг ўпкаси тўкилади, бизлар-ку ўрганиб кетганимиз, деб ўйлади.
– Иложи йўқми? – ижирғанди.
– Иложи йўқ. Айтдим-ку, бу менинг вазифамга кирмайди деб, – хўмрайди раис.
– Давлат ичидаги давлатмиз, маҳалла ундай, маҳалла бундай, деб чиранасанлар-ку, – деди афғон ҳам боши қизиб, – қўлингдан ҳеч иш келмасканда-а?! Карриллайсанлар фақат!
– Тушунмас экансан-а? Афғон бўлсанг ўзингга. Нега менга кўзингни чақчайтирасан? Чиқ хонамдан, чиқ! Бор, қаерга борсанг, боравер! Ўша ёқдан ўлмай келибсан, шунга шукр қилиб юравер!
Раиснинг охирги гапи жон-жонидан ўтиб кетди. Асаби ўйнаб, қони қайнади. Соғ қўли билан раиснинг қулоқ-чаккасига тарсиллатиб тарсаки тортди.
Идорадан дарди дунёсига ўт кетиб қайтди. Мана шу, эскининг эсини кеткизар шалоғи шумшук ёғоч дарбозани тепиб очаркан: “Қаматсанг, қаматавер, қўлингдан келганини қил!” – дея ёзғирарди. Шу тобда қаршисида қўшниси Тўра мижғов кўриниш берди:
– Ҳа, ҳамсоя, бўрими тулки? Ўхшамадими ишлар?
Саттор афғон унга ҳам ижирғаниб қараб қўйди-да, шаҳд билан ҳовлига кирди. Ичкаридан болта кўтариб чиқди. Томошаталаб қўшни Тўра мижғовнинг жонида жон қолмади, ортга тисланди:
–Э-й-е-е...
– Ҳамсоя, менга қаранг, манави қариб-чириб қуриган тол эпкин эсса, ерга шох ташлаяпти. Шунинг катта шохларини кесиб ташланглар, кеча сўлоқмондай бўлиб бири ағнади. Томимни босиб қолди. Мана болта, уч ўғли бор уйнинг ҳам толи қуриб ётадими?
Тўра мижғов эшитмаганга олиб ўзини ҳовлига урди. Афғон бир қўлида болта бироз серрайиб турди, сўнг шимига тортилган қайишига болтани қистирди-да, бир қўли билан толга тирмашди. Жон аччиғида чирмашиб, танада бўртган новдага ўтирди. Ҳансиради. Кўз олди хиралашди, сўнг юрагида оғриқ туйди-да, вазнсиз бир ҳолатда ерга қулади...
Тез ёрдам машинаси шифохонага олиб кетди. У ерда бир кун шифтга термилиб ётди. Бошида жонсарак ўтирган хотинига армон билан шундай деди:
– Бизнинг ҳам ўғлимиз бўлганда эди. Сора, ўғлимиз бўлганда эди...
Кейин алаҳсиб кўп нарсаларни гапирди. Кўча... тол... тўй. Хотини Сора ҳеч нарса тушунмади. Саттор афғон тонг-саҳарда омонатини топширди.
...Хуллас, таъзиянинг учинчи куни ҳам элкўрсинга келган маҳалла раиси қаршисида серрайиб турган Тўра мижғовга бир қур назар ташлаб, нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдики, чўнтагидаги қўлтелефони жиринглади. Телефонга қулоқ осган раиснинг туйқус ранги оқариб, тутилиб, гапини йўқотиб гандираклаб қолди.
– А-а-а, хўп. Мен шу ердаман. Бу ердами, ҳалиги Саттор афғонни сўраяпсизми? Уни у ёққа олиб боролмайман. У... У... У ўлиб қолди. Таъзиядаман.
Атрофдагилар қулоғини динг қилишди. Тўра мижғов раиснинг ёнига келиб томоқ қирди:
– Тинчликми, раис?
– Тинчлик. Ҳоким, ҳокимимиз сўради. Қизиқ... – шивирлади раис.
– Кимни сўради? Сўраса сўрабди-да.
– Саттор афғонни сўради. Нима иш билан шуғулланяпти, аҳволи қандай, оиласининг шароити билан қизиқди.
Тўра мижғов алпанг-жалпанг бўлиб, раисга ҳайратланиб боқди:
– И-е-е, ҳоким сўрадими? Сиз нима дедингиз?
– Эшитмадингизми? Ўлган, дедим-ку, – минғирлади раис, – энди ўзи келяптийкин. Мен бу худобехабар кўчадан тезроқ катта йўлга чиқиб турай, балки аҳволни тушунтириб ўша ёқдан қайтарворарман.
Раис катта йўл томон лўкиллаб кетди.
Пешинга бориб Тоғтаги қишлоғида “алақуюн-оқтойлоқ”, тўс-тўполон бошланди. Қишлоқнинг бирдан-бир марказ кўчасидан тош-шағал, тупроқ, асфальт ортган турли-туман баҳайбат уловлар ўта бошлади. Олдида зил-замбил каттакон катоги бор асфальт ётқизғичдан тортиб, текислаш учун сургичи, қазишга мос чўмичи бор техникалар пайдо бўлди. Борлиқ гувиллаган овоз ва тутин ичида қолди. Бирпасда замин пайдо бўлгандан бери сон-сафога кирмаган, қишлоқнинг қарғишга йўлиққан ўша “ўлик” кўчасида тиркамали тракторлар йўлни суриб текислашга киришиб кетди. Тош-шағал, асфальт ва яна алламбало юкланган баҳайбат уловлар ўз юкларини тўкиб, ғизиллаб изига қайтишар, улар худди асаларилар каби бири қўйиб, бири қатнарди. Айниқса, Саттор афғоннинг уйидаги томошани кўрсангиз, бир автобус махсус кийимли ишчилар келишиб, уловдан тушишлари ҳамоно афғоннинг уйига “ҳужум” бошлашди. Энг аввало, хароби чиққан ёғоч эшик олиб ташланди. Бир неча киши эса қийшайиб турган ўша қуриган толни кесишга киришишди, ғувиллаган мотоарра кекса, баҳайбат толнинг шохларини бир зумда ғизиллатиб узиб ола бошлади. Ишчиларнинг ярми девор оқлашга киришди. Йўлакка шағал ётқизган ким, брусчатка тортган ким, рангин тошчалар тўшаб, тувакгуллар жойлаган ким... Хуллас, бир зумда уй деворлари оқланди, ромлар бўялди. Остонага қўшқанотли темир дарвоза ўрнатилиб, оч-яшил ранг урилди. Бир зумда Худо раҳмат қилгур афғоннинг уйи таниб бўлмас даражага келди. Ҳовлига ям-яшил чим ётқизилиб, “жони қаттиқ” қимматбаҳо ажнабий гул кўчатлари ўтқазилди.
Эрталаб, ё қудратингдан, ўша икки чақиримга етар-етмас чўнтаккўча, жинкўча, қарғишкўча дейсизми, нима десангиз денг, тасмадай сип-силлик, равон асфальт йўлга айланибди. Кўча четидаги бошқа уйларнинг ҳам деворларига оҳак суркалиб, кўримли ҳолга келтирилибди. Айниқса, айниқса... Саттор афғоннинг баланд, ланг очиқ оч-яшил тусли қўшқанотли улкан дарвозаси ортида кўзга ташланган кўм-кўк чимзору гулу гулзор ҳовлисига кираверишда салобатли ва пўрим, нотаниш кимсалар саф тортиб туришарди. Кечаси билан киприк қоқмаган маҳалла раиси уйқусизликдан гарангсиб турган Тўра мижғовга шивирлаб қўйди:
– Ана, ҳокимимизнинг ўзлариям келиб турибдилар. Саф бошида. Вилоятнинг каттасиям келаркан.
– Бу дейман, Худо раҳматли Сатторжон ҳеч нарсани билдирмай юрарканда-а? – деди Тўра мижғов ич-ичидан ҳасрат ўти гуриллаб.
– Юртимиздаги энг катта раҳбарларнинг бири билан афғонда бирга жанг қилган экан. Ўша раҳбар вилоят марказига келгач, Олтинтепада менинг қуролдош жангчи ошнам бор, ўша ерга бориб, уни ҳам бир кўриб қўйсак, дебди. Афсус, у кишига Сатторжон билан дийдор кўришиш насиб қилмади, – маҳалла раиси оғир ютиниб кўз ёшларини артган бўлди. Сўнг ер остидан ҳокимга назар солди, у киши ҳам саф бошида ғамгин бош эгиб турибди. Ёнида ҳалиги тунов кунлари бечора Саттор афғонни кўчанг таъмири режага кирмаган, деб қайтариб юборган икки мулозим ҳам қад тутган.
Йиғилганлар Сатторжон (энди)нинг яқин дўсти – энг катта раҳбарлардан бирини кутишмоқда эди... Қудрат самоварчи бир чойнак чой ва тўртта пахтагулли яп-янги пиёлани яп-янги юмшоқ курсилар ёнида ялтиллаб турган яп-янги стол устига қўяркан, ҳокимга тавозе этди ва маҳалла раисига илжайиб, хушомадгўйлик қилди:
– Азизларимиз келаркан, балки нону туз билан қарши олиш керакмикин? Ирими шундай, шекилли?
Раиснинг жон-пони чиқиб кетди. Ўқрайиб қаради. Ўнг қўли бармоқларини бир нуқтага мушукпанжа қилиб, худди ҳар йили Тўхта чолнинг молхонаси олдида ўз-ўзидан ўсиб қолаверадиган кўкнорининг тумшуғидай тугиб сўз қотди:
– Мундайгина қилиб, қиси-и-иб ўтир, эси паст... Яна кинони бошладинг-а?
Бу машмашани хўжайин эшитмадимикин, деб саф бошига кўз югуртирганди, қўлтелефонда ким биландир гаплашаётган ҳоким юзини буриштирди-да, маҳалла раисига ижирғаниб қаради, “бу ёққа кел” маъносида қўли билан ишора қилди. Раис авзойи аёзни қўрқитар даражага келган ҳокимнинг ёнига пилдираб бориб, дами ичига тушиб кетди.
– Э-е-ей, тентаккалла, миянгга қурт тушганми? Каттаконнинг афғон ошнаси бошқа Саттор экан-ку. Сувлисой хўжалигидаги мактаб директори Саттор Тўраев у киши билан афғонда бирга бўлган экан... Кечқурун ўша ёққа бориладиган бўлибди.
Раис анграйиб қолди, ичидан нимадир чирт узилгандай бўлди. Қулоғи динг қўшни Тўра мижғов қаҳрли, бироқ қувонч туйғулари ифодаланган табассум билан илжайди. Ҳоким... ҳоким эса қўлтелефони орқали кимгадир заҳрини сочди.
– Сувлисойдаги, анави директорнинг уйини топинглар. Нима? Кўча-пўчасини эпақага келтиринглар...
Бирпасда таъзияли хонадон атрофида ҳеч ким қолмади. Ҳамма гумдон бўлди. Йўқ, биргина Қудрат самоворчи яп-янги курсига чўккан кўйи, сип-силлиқ асфальт йўлга қараб, жилмайиб турарди. Хаёлида маҳалла раисининг заҳар-заққум афт - ангори жонланди.
– Мана, сенга кино! Сенга кино керакмиди? Кинонинг зўри шу! – дея шивирлади ва ичкарига, ҳовлидагиларга эшиттирмай ич-ичидан, ўзини тўхтатолмай, чайқалиб кула бошлади.