УРУШ ҲАЛИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Қўчқор НОРҚОБИЛ УРУШ ҲАЛИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
ҳикоя
– Етиб келдик! Мана, Оять дарёси! А... қишлоғи шу! Қани, юкларни туширайлик!
Чиндан қишлоқмисан қишлоқ экан...
Дарё мавжланади. Эни эмакайингни энтиктиради ---кенг. Соҳилда ёғоч уйлар тизилган. Белурди ўт-ўлан, гулчечакларни ёриб ўтган заранг сўқмоқ осмонга бўй чўзган йўғонтан қарағайлар пойида чўккан қишлоққа тақалади. Борлиқ ёмғирдан сўнг янада тиниқ тортган. Ҳаво шунчалар тозаки, ботининг ёришиб, руҳинг юксалади. Табиатнинг тирик суврати – жозибадор қишлоқ манзараси ҳушингни олади.
– Уҳ-ҳ-ҳ-ҳ, бунчалар гўзал! Худди туш кўраётгандайман, – дейман кўзларимни чирт юмиб, -- бақиргим келаяпти, Андрей!
Андрей илжаяди.
Биз рўпарамиздаги, шундоқ, қирғоқдаги уйга юзланамиз. Ёғоч панжарали ҳовли эшигини очиб, ичкари ҳатлаймиз.
– Мана, шу бизнинг саройимиз бўлади! – Қўлини сермайди ҳамроҳим.
– Ўҳ-ҳе, зўр!
– Ҳа! Фақат Игнат бобомни ҳисобга олмаганда, бу ерда ҳаммаси яхши! У ҳамиша ҳам шундай эмас, баъзида тутиб қолади. Эсидан оғади-да... Ҳеч кими йўқ. Қаричилик...
Ёғоч уй ичидан баланд бўйли, келбати кунни тўсадиган, оппоқ юзида самимият балққан, кексаликни тан олмаган, кўринишидан серғайрат, хушрўй аёл отилиб чиқади. Лапанглаб Андрейни айланиб улгуради, гиргиттон бўлади.
– Вооййй, Андрюша! Андрюш, яхши келдингми? Қанча қиш, қанча ёз ўтди-я, қорагинангни кўрсатмайсан. Ўлсин, шу телефониям! Шу ўлгур чиқди, тамом, оқибат ордона қолди. Дийдорнинг йўли музлади. Телефон дийдор бўлармиди, холанг ургилсин?! Хола деганлари ҳам бегона эмас, ахир! Онангнинг жонтомирдошиман. Раҳматли онангдан сўнг, орадаги риштани уздинг. Оёғинг ерни эмас, осмонни босадиган бўлди. Ёзувчи бўлсанг ўзингга, менга деса, Толстой бўлмайсанми, Достоевский бўлмайсанми, менга нима? Бари бир бу дунёда сенга мендан яқин одам йўқ.
Аёл гўё нафас олмай дийдиё қилар, айни дам шу гапларни айтиб олмаса, бошимизга осмон қулаб тушадигандай бобиллар, лабларининг “борди-келди”си пулимётни ортда қолдирарди.
– Бўлди! Холажоним, бўлди. Ахир, меҳмон билан ҳол-аҳвон сўрашмайсизми? Тураверсинми, жойида сўппайиб? Қаранг, шўрликкина ўзини қаерга қўйишни билмаяпти. Хўў-ш-ш, чолимизнинг соғлиги қалай? Ҳали ҳам қишлоқдами? Кўринмаяпти-ку? Дарё бўйида ҳам кўзим тушмади.
– Сени кўриб шошиб қолдим, айланай... Чол ўрмон ичкариси кетган. Кўзинг учаётган бўлса келиб қолади. --- Холамиз бидирлаб олам-жаҳон маълумот берди-да,менга қаради. --Хўш келибсиз, ҳурматли меҳмон. Бағоят хурсандман. Қани, уйга киринглар.
Аёлнинг истараси иссиқ, қишлоқ нуқси урган беғубор ойкулча юзида табассум балқар, катта кўк кўзлари қаърида меҳр мавжи ёлқинланарди. У оппоқ ва тўлиқ, бақувват билакларини кўйлаги енги билан ёпишга уриниб, менга қўл чўзди.
– Салом! Мен, Клавдия Сергеевна! – ўзини таништирди.-- Клава хола десангиз ҳам бўлаверади.
Ҳовлидаги ҳамма нарса ёғочдан ишланган эди. Ўриси ҳаммом, ошхона, товуқкатак, итқўним, уловпана ҳамда супаайвон... ҳамма-ҳаммаси ёғочдан тикланган. Супаайвоннинг тўртала ёғоч устунига ҳам қип-қизил бўлиб очилган атиргул новдалари чирмашиб, тепага ўрлаганди. Алвон новдалар том устига чиқиб ёйилган, гўё қип-қизил гилам тўшалган. Тасаввур қилинг, том устида “атиргуллар гилами...”
Супаайвонда дастурхон тузалди. Чор тарафимиз очиқ. Ёнимизда дарё мавж уради. Майин шабада эсади. Ҳуув осмон бурчига қадар чўзилган, эҳтимол, осмонни суяб турган бесарҳад ўрмон ҳидини туясиз.
Клава хола очиқдил, бироқ аччиқтил, яна десак, меҳмон келса, севиниб, учиб қўнадиган аёл экан. Қўли олти, оёғи етти, терисига сиғмай ғизғизон бўлиб, югиргилаб хизмат қиларкан. Қишлоқ аёлига хос дангал ва тўпорилик бунга ҳам юргакмерос эканлигини ҳис қилдим. Гаплари ўқдай. Аниқса, Андрейни аяб ўтирмади:
– Хўш, ўша мегажининг кимгадир эргашиб, аллақаёқларгадир судралган экан, сенгина сўлоқмондай бўлиб сўққабош юраверасанми? Каламушнинг инидай кулхонангда қоғоз кемирганинг кемирган. Ўлгурдим, сендай ёзувчидан. Аввал оилангни тўғирлаб қўй, кейин ўзинг биласан; ёзасанми, чизасанми... Ёзувчи эмиш... Қоғозқийронсан, қаламқирронсан!
Мен ўзимни баъзўр тутиб тураман. Димоғи осмонни ёришга шай Андрейга киноя ила қарайман. Унинг лаб бурчи қийшайиб, юз териси дир-дир титраётгандай бўлади. Ўзини қўлга олиб, ўлмаганнинг кунидан ишшаяди:
– Холажон, меҳмоннинг олдида-я. Уят бўлади, хола...
– Нима қипти меҳмон бўлса?..
– Ахир у ҳам, ҳалиги... ёзувчида, у ҳам, нима дедингиз, ҳалиги, қоғоз билан қаламга беҳуда қирон келтирадиганлар хилидан.
– Қўя қол энди. Бу сен каби латта эмас, далли - ғуллига ўхшаяпти-ку. Сен шу аҳволингда қандай қилиб афғон урушига бориб келгансан, ҳайронман.. Ё гапим нотўғрими? Айтинг-чи меҳмон, одам деганлари шунчалар бўш-баёв бўладими?
– Тўппа-тўғри холажонгинам! Сиз ҳақсиз. Бу тирик-мурда одам бўлмайди, – дедим холадан илҳомланиб.
– Ана, кўрдингми? Ўртоғинг ҳам гапимни маъқуллаяпти. Чин дўст ачитиб гапиради. Шўрлик синглим, онанг Анисия гўрида тик турмасин десанг, уйлан, бола! Менинг ҳам бир ташвишимни ўн ташвиш қилма! Ўша... ўша.. ҳалиги (бир оз жим туради) ҳалиги, хотининг ўлгурнинг исми нима эди-я, ҳа, майли, исми ордона қолсин, ўша манжалақи итўйнашининг думига боғланиб, ўзига қўшиб болангни ҳам олиб кетди. Сендан тортиб олди. Ер юзи кенг, энди уларни тополмайсан. Кексайганда куним кунботарга термулиб ўтмасин десанг, уйлан бола! Тўғри айтяпманми, меҳмон?
– Тўп-па-тўғри, холажон!
– Ана кўрдингми? Дўстинг ҳам тасдиқлаяпти. Буни ҳақиқий ёзувчи деса бўлади. Тушунган одам экан. Қисқаси, сен шу қишлоқдан, шу ердан бирортасини топсанг ҳам майли, гўрга эди. Ана, Варвара бор. Ойдеккина. Қўшиқ ҳам айтади. Акулина-чи, Акулина! У ҳам бинойидай. Қулоғи озгина оғирроқ, унчалик эшитмайди, лекин, ўзи кўҳликкина! Ёки Иван гарангнинг қизи Таисияни айтмайсан. Сўлқиллаган нарса. Шунга уйлан. Уйингни болага тўлдириб ташлайди. Хоҳласанг, уларни чақираман. Учиб келишади. Ўлиб ўтиришибди, мени ким хотин қиларкан деб. Тўғри гапираяпманми, меҳмон?
– Тўғри! Жуда ҳам тўғ... --- гапимни тугатмасимдан Андрей бир ўқрайди-да, столга қарсиллатиб мушт урди:
– Бўлди-и-и-и!!! Бўлди, уйланаман! Топганим бор, ажойиб жувон. Шу ойнинг охирида тўй қиламиз. Келишиб қўйганмиз. Холажон, Сизни қарангу, Сизни тўйга айтиш учун ва манови (у менга ёлғондакам қовоқ уяди) бекорхўжага чинаккам рус қишлоғини, сокин дунёни кўрсатиб келай десаму, Сиз бўлсангиз, бошимдин тош ёғдирсангиз. Э-е-ей, холам-а...
– Э-е-е-й, шундай демайсанми, қоқиндиқ. Нега шу пайтгача жим ўтирибсан? Шундан гапирмайсанми, ўргилай!?
– Ўзингиз гапиртирмадингиз-ку?! Бобиллаб бомбордимон қилдингиз ҳамма ёқни.
Клава холанинг кўнгли ёришди. Жилмайиб Андрейнинг юз-бошини силади-да, кўзақорин шиша идишдан қулоқли қадаҳларга ичимлик қуйди.
– Қани, тўй учун олдик!
Хола ошхонага қараб югурди. Бир зумда газпечида қотириб пиширилган ғоз гўшти солинган патнис кўтариб чиқди.
... Супа айвоннинг атиргул чирмашган устунига суянган кўйи атрофга разм солдим. Осмон остида, кўз илғамас кенглик узра ёйилган ўрмон, ёнгинамизда оқаётган тип-тиниқ дарё, мовийлик ичра ғарқ борлиқда алвон елканли кемалар каби саф тортган қизғиш томли яшил уйлар, тақир сўқмоқлар тарс ёриб ўтган, гулчечаклар барқ урган ўтлоқлар... бари... бари чиндан ҳам буюк мусаввир – Табиат чизган жонли суврат эдики, мен бу манзарани сўз билан кўзларим кўриб тургани каби мукаммал таърифлаб беролмайман! Борлиқ гўзал эди. Юрак энтикади. Кўз ёнади!
Клава хола ошхонада андармон пайт нигоҳимни чирт юмиб, қулочимни кенг ёздим:
– Қара, Андрей! Қандай гўзал! Табиатнинг гўзал таронаси, илоҳий симфония янграётгандай. Ҳаммаси жойида! Гўзал!
– Фақат холамнинг шанғилигини айтмаганда, – тўнғиллади Андрей ва шу заҳоти ошхонага қаради.
– Холанг ҳам тилла хотин! Аслида сенга жони ачигандан гапираяпти...
Шу онда ҳовлининг ёғоч панжарали кичик эшиги очилиб, мункиллаган қария пайдо бўлди.
– Ана, бизнинг Игнат бобомиз ҳам келдилар, – Андрейнинг туси ўзгарди. У нимадандир безовта эди.
Ҳовли ўртасига келиб улгурган озғин ва букриқад, кумуштус соч-соқоли ўсиқ, бошига кепкасини бостириб кийиб олган чол лўкиллаган алфозда юриб, бизга эътибор ҳам бермай, айвон ёнидаги харакка чўкди. Бир нуқтага термулиб, тураверди.
– Бобо ишлар қалай? – Шунчаки ҳол-аҳвол сўради Андрей.
Қария бизга қайрилиб ҳам қарамайди; бормизми, йўқмизми, ундан нари эди, гўё... Парвойи фалак. Чўнтагидан тамаки олиб, қоғозга ўради-да, буруқситиб тутатди.
Клава хола ёғочтовоқда қоврилган балиқ олиб келди.
– Ўзимизнинг дарё балиғи, Игнат бобом тутиб келган. – Хола чолга бир оз хавотир билан қараб қўйди.
Андрей ҳам чолга кўз қирини ташлаб, зимдан кузатиб турди. Улар ўз кўйида андармон бу қариядан ҳадиксирашаётгани, нимадандир безовталанишаётганини сезиб қолдим.
– Отахонни чақирмайсанми? – дедим Андрейга. – Бир ўзи ўтириши ноқулай-ку...
– Келмайди. Ҳуши тутса, чақирмасанг ҳам ёнингга келиб улфатчилик қилади, – шипшиди Андрей.
Чол биз томонга ўгирилиб қаради. Худди гапимизни эшитиб қолган каби, тикилиб турди ва ўриндан қўзғалди. Клава хола “и-е-е”, деб юборди-да, ўриндиққа осилган сочиқни олиб, шартта стол четидаги идишда турган қора нон устини ёпди. Чол тик турган кўйи илжайди. Ҳовли ўртасига борди. У ёқ – бу ёққа аланглади. Юзини қўллари билан тўсиб, титраб-қақшади. Ерга ўтириволди. Бармоқлари билан ерни тирнаб йиғлай бошлади. Қариянинг йиғисидан этим жўнжикиб, қўрқиб кетдим. Ўрнимдан шаҳд туриб қотиб қолдим. Клава хола супаайвондан югуриб чиқиб қўшни уй томон бақирди:
– Нина! Ни-ин-а-а! Ниночка! Қаердасан? Чоп, бу ёққа югур! Игнат бобонг йиғлаяпти! Юги-и-и-ир!
Шу тобда қўшни уйдан бир қизалоқ отилиб чиқди-да, биз томон чопди. Ёнимизга учиб келиб, ҳансираган кўйи сочиқ остида беркитилган қора нондан бир бўлак олди. Токчадаги қоғозни йиртиб, буклади-да, чолнинг ёнига ғизиллади. Қизалоқ унинг қошида тиззалаб ўтириб олди. Қариянинг бошини силади. Унга қўлидаги нонни узатди:
– Ма, ол! Йиғлама! Топдим! Қара, мана, нон карточкангни топиб олдим. Шу сеники! Ол, олавер, мана қара! – Қизалоқ унга қоғоз парчасини ҳам беради. Игнат бобо жим бўлади, озғин қўлларини чўзади. Қоғозни авайлаб шими чўнтагига солади. Бир пас ҳардамхаёл бўлиб, бир нуқтага термулади ва ўрнидан туради. Жилмаяди. Ҳовли эшиги томон лўкиллайди. Қизалоқ эса одатий юмушни бажарган каби уйига йўл олади. Клава хола кўз ёш тўкади;
– Бечора чол... Нарги ҳовлида ёлғиз яшайди. Бироқ қишлоқдаги барчи эшиклар унинг учун очиқ, бемалол кириб келаверади. Болалиги Ленинград қамалида кечган. Бу касалга йўлиққанига икки йил бўлди. Болалигида нон карточкасини йўқотган дейишади. Э-е-ей, нимасини айтасан, бу дунёда касалликнинг ҳам тури кўп эканда... Хайрият, Ниночка бор. Чолни шугина қиз тинчлантира олади. Қиз ҳам ўрганиб қолган. Бояқиш мактабда бўлса ҳам югуриб келади. Ана, мактаб яқин...
– Уни айнан, шу қизалоқ овутишини ким англадийкин? – дейман Андрейга.
– Питердаги руҳий касалликлар шифохонаси, кейин илмий текширув институтидаги мутахассислар аниқлашган...
... Бўғзимга нимадир тиқилади. Уруш даҳшати ва қаҳатчилиги авж олган, шаҳар очлик вабосига йўлиққан изғиринли қиш кунларининг бирида энг сўнгги умиди – “нон қоғози”ни йўқотиб, ажал оғзида изиллаб йиғлаётган болакай кўз олдимда гавдаланади. Ана, нон дўконидан эски, йиртиқ-сиртиқ пахталиги қўйнига бир бурда нон тиқиб олган озғин, қилтаноқ қизалоқ чиқиб келди. Қора нон бўлагини ушатиб, бир бурдасини болакайга узатди.
– Ол! Бу Сенга! Йиғлама! Албатта нон корточкангни топасан. Фақат йиғлама!
Болакай унинг қалтироқ қўлларидаги нон бўлагига боқиб ҳиққиллайди.
– Менинг исмим Нина, – дейди қизалоқ – Сеники-чи?
– Игнат..., – ҳамон ҳиққиллайди бола.
Улар бир-бирига термулиб туришади...
... Мен уларни кўриб турибман гўё. Вужудим сесканиб, томирларим увишади. Кўзларим хиралашади. Нигоҳимдан қайноқ ёшлар сиза бошлайди. Соҳил бўйлаб лукиллаб бораётган чолга термулиб қоламан.
Андрей сигарет тутатади. Клава хола ўзини ошхонага урган.
– Андрей...
– Нима дейсан?
– Кетамиз. Шаҳарга қайтамиз, – дейман.
– Ахир... Ўзинг айтувдинг-ку, чиройли, сокин қишлоққа борайлик деб. Бу ер ёқмадими?
– Ёқди. Жуда гўзал жой. Лекин кетамиз. Хўп дегин...
Айтдим-ку,, қишлоқ чиндан гўзал, таърифига тил ожиз даражада кўркам ва хушҳаво эди. Бироқ мана шундай ажойиб жойда ҳанузгача уруш давом этаётгани, унинг изи ўчмаганини ҳис қилдим. Оғриқли жиҳати шуки, энди ҳар бир дов-дарахт, манови дарё, ўрмон ҳамда еру кўкка даҳшатли бир изтироб -- ўша, нон қоғозини йўқотган оч - юпун болакайнинг йиғиси сингиб кетгандай туюлди.
--- Андрей, бу ерда уруш ҳали давом этмоқда..., --- дейман беихтиёр.
Андрей менга ажабсиниб қарайди.
Игнат бобога қайта йўлиқишга юрагим дов бермаётганди.
16.05.2023 йил