Қўчқор НОРҚОБИЛ
УРУШ ТУГАСА ҚАЙТИБ КЕЛАМАН...
Киноҳикоя
Муқаддима
2014 йил... Донбасс. Оддийгина ҳовли. Деразадан ташқари қараб турган қизалоқ. Ҳавода увиллаган товуш; снаряд учаяпти. Қизча кўзларини юмиб, қўлчалари билан қулоқларини бекитиб олади. Ҳовлида портлаш юз беради. Бир лаҳза осмон қотиб туради. Сўнг деразага қизча ажи - бужи ҳарфлар билан ёзади: “Мен кетдим. Уруш тугаса хабар беринглар. Қайтиб келаман!”
Тасвир алмашади...
1
...Украинанинг ғарбий ҳудуди. 1941 йил. Тонг пайти. Ёзнинг дастлабки кунлари. Оддий бир ҳовли. Турфа дов-дарахтлар барг ёзиб, ғўра урган. Ёруғ ва ёниқ ҳаётнинг сокин ва осойиш кўриниши. Кўзга иссиқ шу ҳовли орқали оддийгина бир кулбага нигоҳ ташлаймиз. Тонг пайти. Кулба деразалари ланг очиқ. Пардалар тонг сабосида оҳиста титраб-тебранади. Ҳолатга мосу хос мусиқа.
2.
Кулба ичига ўтамиз. Дераза қанотлари ланг очиқ хона ўртасидаги столда одмигина тузилган дастурхон. Стол атрофида хонадон эгалари нонушта қилишаяпти. Уй соҳиблари — тўрт нафар. Ота — 35-40 ёшларда, куч-қувватга тўлиқ, алпқомат. Она — 30 ёшларда, жуда келишган, қадди камоли адл, гўзал аёл. Тилларанг сочлари елкасида шовуллаб турибди, чеҳраси тиниқ ва ёниқ, мовий кўзлари ёлқин, оппоқ чеҳрасида ёйиқ табассум. У ўз бахтидан масруру мағрур ҳолда қаршисидаги эридан кўз узмайди, ёнида ўтирган беғубор ва маъсум қизчаларидан кўз узмайди. Қизлар ҳали норасида. Уларнинг бири — 7 ёшда. Бири — 6 ёшда. Иккисининг ҳам сочлари худди ойисиники каби олтинтус, нигоҳлари мовий. Хуллас, улар шоду хуррамлик билан нонуштага йиғилишган. Жувон ўрнидан туриб стол четидаги кўзачани олиб дастурхондаги косачаларга сут қўйиб, ўз жигарларига улашади. Қизчаларининг бошини силаб-сийпаб, уларнинг юзидан ўпиб эркалайди, эрига янада хушҳол бўлиб табассум ҳадя этади. Эркак апил-тапил овқатланиб ўрнидан туради. Қизларини суйиб-эркалаб, хотинининг ҳам чеҳрасидан ўпиб қўяди-да, остона томон йўл олади. Ишга кетаяпти. Жувон уни ҳовли остонасигача кузатиб чиқади, хайрлашган бўлади. Қизчалар очиқ дераза раҳига суяниб отасини кузатиб, ортидан қўл силтаб қолишади. Ишга кетаётган эркакнинг ортидан унинг елкаларини кўриб турамиз.
3.
Кичкина қиз. (6 ёшдагиси) деразадан ҳовлига қараб турибди. Отасининг йўлига кўз тикиб турибди. Оқшом. Қизча ҳамон дераза ёнидан жилмай отасининг келишини кутиб ўтирибди. Қоранғулик чўкади.
4.
Кулба ичига ўтамиз. Кулбани хира шуъла ёритади — шифт ёки девордаги, балки столчироқ ожиз нур таратиб турибди. Она деразадан ташқарига боқиб турган қизалоқни оҳиста кўтариб олиб келиб, опасининг ёнига ётқизади. Уларнинг устига енгил ёпинчиқ ташлаб қўяди. Осмонда юлдузлар ғужғон. Олис самовот қадар тинчлик ва осойишталик ҳоким. Ташқарида ёз симфонияси авжида: чигирткалар чириллаши, қурбақалар қур-қури, тунги қушлар сайроғи.
5.
Ота ишдан кеч қайтади. Остонада уни кутиб олган аёли юзига нечундир хавотир билан қараб тураверди. Аёл ҳам эрининг кўзларига мунгли термулади. Улар дастурхон атрофида бир-бирига ғамгин боқиб тураверишади. Аёлнинг кўзларидан ёш сизади. Ухлаётган қизчаларига мунг ва қўрқув билан қараб қўяди, сўнг нигоҳини эрига қадайди. Лаблари парпирайди. Ёнига ўтариб эрининг кўксига бош қўяди. Эри унинг олтинтус сочларини силайди.
6.
Тонг пайти. Эрталабки нонушта. Бу гал эр ҳам, хотин ҳам қувноқ эмас. Уларнинг чеҳрасида алланечук хавотир ҳамда изтироб ҳоким. Қизчаларга улар ўз аҳволи руҳиятини сездиргиси келмайди. Жувон косачаларга кўзадан қўллари қалтириб сут қўяди. Ўриндиққа минг бир азоб иҳроғида ўтириб, иягини икки кафти орасига олиб тирсагини столга қўяди, эрига яна мунгли қараб тураверади. Эркак ўртада ғамгинликни юмшатиш учун баъзўр жилмайиб, дастурхондан чақмоққанд олиб қизчаларига узатади. Сўнг нимадир эсига тушгандай ўрнидан даст туриб кеча айвонда қолдирган юкхалтасини очади. Унинг ичидан мактаб портфели олиб катта қизига узатади. Қиз ўрнидан туриб сумкачани шоду шодмон ҳолда олиб ўзини отасининг бағрига отади. Уни эркалаб ўпа бошлайди. Кичик қиз ўтирган жойида отасига “Менга ҳеч нарса олиб келмадингми...”, деган каби қовоқ уюб қарайди. Ота катта қизини бағридан бўшатиб ерга қўяди-да, юк халтадан катта расм дафтар ва рангли қаламлар тахламини олиб кичик қизига узатади. У ҳам хурсанд бўлиб совғани олади. Отаси уни суйиб-эркалайди. Юкхалтадан икки жуфт этикча олади. Қизил ранглисини катта қизчасига, кўк рангли этикчани эса кичигига беради.
7.
Тасвир алмашади. Осмонини қоп-қора булутлар тўсиб келаётганини кўрамиз. Шунга мосу хос мусиқа янграйди.
8.
Кичкина қиз дераза раҳига суяниб расм дафтарга қуёшни, тоғлар ва дарёларнинг сувратини чизиш билан банд. Катта қиз ўз тўшаги устида дадаси олиб келган мактаб портфелини кўксига босиб ўтирибди, бир қўлида қип-қизил этикчалари.
9.
Айвонда тик турган эрини қучган аёл изиллаб йиғламоқда. Эркак минг бир азоб билан эшикка — ичкарига қараб қўяди. У бу ҳолатни, бу эзғинди манзарани қизчалари кўришини асло истамаётганини, хотинига ўзингни қўлга ол, деган маънода илтижоли боқаётганини ҳис қиламиз.
10.
Қишлоқ адоғидаги Черков гумбази. Черков қўнқироғлари вақтни белгилаб занг уради.
11.
Ота кулба ичига отилиб киради-да иккала қизини ҳам кўтариб олади. Уларни юз-кўзидан ўпади. Аёл эса ташқарида деворга мажолсиз суяниб йиғлай бошлайди. Осмонда самолётлар овози эшитилади.
12.
Ота кетаяпти. Унинг ортидан кўриб турамиз. Унинг елкаларига кўзимиз тушади. Энди иккала қиз кулба деразасидан унинг ортидан мунгли кузатиб туришади. Эркак кетаяпти. Рамзий тарзда тўғри у зимистонлик, уруш ўпқони ичига кириб боради, кадрда энди чинакам уруш манзаралари, отишма, портлаш, ваҳимали чинқириқлар, снарядларнинг чийиллаб учишларини эшитиб, кўриб турамиз. Эркак кетиб бормоқда, уруш зулматини тилкалаб кетиб бораётган одамнинг ортидан биз ҳам кузатиб турамиз. Уруш бошланди.
13.
Рамзий тасвир (Символика)
Йўл. Бош-адоғи кўринмайдиган йўл. Йўл борган сайин қоронғулашиб бораверади, яъни, зимистонликка бориб тақалади, сингиб кетади. Тасвирда йўл ушлаб турилади. Сўнг туйқус автоматнинг тариллагани эшитилади. Йўлнинг қоқ ўртасига болалар тақадиган кўзойнак тушади. Тушган кўзойнакни этик кийган оёқ топтаб эзғилайди. Яна автоматнинг тариллаши эшитилади. Йўл ўртасида болалар ўйинчоғи, қўғирчоқми, айиқчами келиб тушади. Этикли оёқ уни ҳам топтаб-эзғилаб, йўл четига тепиб юборади. Яна автомат овози эшитилади. Йўл ўртасига бу гал балакайнинг уч ғилдиракли велосипеди келиб тушади. Этикли оёқ уни ҳам тепиб-тепкилайди ва йўл четига чиқариб ташлайди. Шундан сўнг йўл устига ёш болакайларнинг сан-саноқсиз сувратлари хазон япроғидек тўкила бошлайди — автоматнинг эса тариллаши сира тинмайди. Фашистлар болаларни қирмоқдалар. Аянчли мусиқа янграб йўл тақалган даҳшатли манзара — Киев шаҳридаги Баби-Ярь майдони кўринади. (Фашистлар у ерда одамларни отиб, ғорга кўмиб ташлаган). Урушнинг даҳшати Баби-Ярь осмонини тутган йиғи ва чинқириқ, даҳшатли дод солиш ва автоматларнинг тариллаши билан қўшилиб кетади. Тасвир Баби Ярдан осмонга кўчади, даҳшатли мусиқа остида биз қонталаш осмонни кўрамиз.
14.
Қаҳрамонимизнинг ҳовлиси. Ҳамма томон тўзғиб ётибди. Кичкина қизалоқ деразадан ҳовлига қарайди. Ҳовлида портлаш содир бўлади. Ташқарида ўқ овозлари эшитилади. Қизалоқ пардани ёпиб ўзини стол тагига олади. Хонанинг бир бурчида онаси ва катта қизалоқ қўрқувдан дағ-дағ титрайди. Ҳовлида яна портлаш содир бўлади. Этикларнинг гурсо-гурс топташ овози эшитилиб туради. Аёл нима қиларини билмай, карахт аҳволда кулбадан ташқарига чиқади. Кулба ичида, бурчакда дағ-дағ титраб ўтирган катта қизалоқ ҳам эшик томон йўл олади. Стол тагидаги кичик қизалоқ эса уларнинг ташқарига чиққанини пайқамайди. Ўқ овозлари ва портлаш, аёлнинг чинқириғи эшитилади.
14.
Яна ўша йўл. Йўлнинг қоқ ўртасига катта қизалоқнинг ҳуув ўша — дадаси олиб берган мактаб портфели ҳамда қип-қизил этикчалари келиб тушади. Этикларнинг ёнига дадасининг суврати ҳам келиб қўшилади. Этикли оёқ уларни тепкилаб-топтайди. (Биз қизалоқ ва унинг отаси ҳалок бўлганлигини ҳис қиламиз).
15.
Кулба. Кулба эшиги шарақлаб очилади. Кўксига ўққа учган қизалоқнинг ўлигини кўтариб олган она кириб келади. У остонада дағ-дағ титрайди ва дод солиб йиғлаб юборади. Стол тагидан отилиб чиққан кичик қизалоқ ҳам онаси томон югуради-да, унинг оёқларидан кучади. Аёл қўлида катта қизалоғининг ўлиги, энди бир нуқтага тикилиб туради. Лаҳзада унинг юзларига ажин тушиб, сочлари оқариб кетганини кўрамиз. Аёл телбанома бўлиб илжаяди. Қизалоқнинг мурдасини ерга қўяди, у ёқ-бу ёққа аланглайди, сўнг илжаяди.
16.
Осмон. Тиниқ осмон. Оқ булутлар орасидан катта қизалоқнинг, дадасининг сиймоларини, уларнинг руҳини кўрамиз. Улар уруш қурбонига айланганини ҳис қиламиз. Шу лаҳзада фалакда бесаноқ фаришталар — уруш ўлдирган ёш норасида болаларнинг руҳини ҳам кўрамиз.
17.
Кулба. Тонг пайти. Қоп-қора кийинган аёл, столга кўксини тираб ўтирибди. Унинг рўпарасида кичик қизалоқ. Уларнинг иккиси кўзида ҳам мунг. Аёл ўрнидан туради. Токчадаги этикчалар, ўққа учган ўша катта қизалоғининг эгасиз қолган қип-қизил этикчаларини столнинг бир четига қўяди. Дастурхондан қора ноннинг бир ушоғини олиб этикчага тутади. “Ма, ол, еб ол”, маъносида нон бурдасини унинг ёнига қўяди. Сўнг этикчаларга жилмайиб қараб турди.
Сут солинган стаканни ҳам этикчанинг олдига қўяди: “Ол, сут ич”, қабилида бош ирғайди. Яна этикчиларга қараб илжаяди. Қизалоқ эса дағ-дағ титраб ўрнидан туриб, дераза ёнига бориб, ташқарини кузатади. Унинг кўзидан дуввиллаб ёш отилади. Аёл ўрнидан туриб гўёки этикчаларга шаппати ургандай бўлади, нон бурдасини этикчаларга теккизади-да ва бирдан уларга қараб ранги оқаради, уларни бағрига босиб чинқириб юборади.
18
Кулба ичига фашистлар — этикли оёқлар кириб олишган. Уларнинг фақат этикли оёқлари кўринади. Қизалоқ ўша столнинг тагига кириб бекиниб, юзини саватми, ёхуд бирор нарса, латта-путта билан бекитиб олган. Этикли оёқлар хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди. Қизалоқ титраб-қақшаб бекиниб турибди.
19.
Кулба ичи. Аёл столдаги ош пичоқни олади. Унга қараб турган қизини бағрига босади-да, унинг юз-кўзидан ўпиб хонадан шаҳд билан чиқиб кетади.
20.
Яна ўша йўл. Автомат тариллайди. Йўлакнинг қоқ ўртасига қонга ботган ош пичоқ келиб тушади.
21.
Осмон. Олис осмон бурчида аёлнинг руҳи тип-тиниқ сиймоси кўринади. У аввалгидай гўзал. Юзида ёниқ табассум ёйилган. Биз уни фашистлар отиб ўлдирганини англаймиз.
22.
Кулба. Қизалоқ дераза ёнида ташқарига қараб турибди. Қаҳратон нам этган дераза ойналаридан ташқарини кузатмоқда.
23.
Тасвир, уруш даҳшатлари, портлашлар кўринади.
24.
Қизалоқ ҳамон деразадан ташқарига қарайди. Қиш аёзи нам этган деразага бармоқлари билан (қалам ёки бўёқ билан) ажи-бужи қилиб ёзади: Деразада “Мен кетдим. Уруш тугаса хабар беринглар. Қайтиб келаман!” деган ёзув пайдо бўлади. У токчадан суратни олди. Суратда. Отаси, онаси, опаси ва ўзи...
25.
Йўл. Қизалоқнинг уруш дахшати, ўқ бўронлари ичидан кетиб бораётганини кўрамиз. Унинг ортидан кузатиб қоламиз. Титраб қақшаб кетаётган қизалоқнинг нозик елкаларини кўрамиз
26.
Вокзал ёки поезд. Поезд вагонларида эвакуация қилинаётган ёш болалар тасвири.
27.
Ўзбекистон. Фронт ортида ишлаётган ўзбек халқи тасвири. (Хроника).
28.
“Сен етим эмассан” филмидан лавҳа. Шомаҳмудовлар хонадони. Дастурхон олдида йиғилган, турли миллат вакилларининг уруш бўлаётган ҳудудларидан Тошкентга эвакуация қилинган болалари. Биз қаҳрамонимиз — қизалоқни ҳам шу ерда эканлигини ҳис қиламиз
29.
Ўзбекистонда фронт орти машаққатлари. Аёллар буғдой ўрмоқда ёки шунга ўхшаш оғир меҳнатлар акс этган уруш даври ҳаёти (Хроника).
30.
Ўзбекистон. Йўлдан бир қизалоқ келаяпти. Ҳаракат давомида у улғайиб бораверади. Ҳаёлида эса уруш манзаралари, Ўзбекистонда кечган фронт ортидаги меҳнат манзаралари лип -лип ўтаверади
31.
Йўл туташган ҳовли. Ҳовли этагидаги энди сочлари оппоқ, юзини оғир йиллар даҳшати ажин этган кампирни кўрамиз. У ҳовли эшигини очиб ичкари ҳидлайди. Ҳовли четидаги файзли бир уйнинг эшигини очади. Хонага киради. Юзидан нур таралиб тургани, оқ сариқ чеҳрасида қат-қат ажинлар, мунгли кўзларидаги мислсиз изтиробни кўрамиз. Кампир айвонга чиқиб кўрпача устида ўтиради.
Оғир хаёлларга толади.
32.
Кампирнинг хаёли: Кампир ўша болалиги — энг қувноқ дамлар отаси, онаси, опаси билан биргаликдаги ҳуш ёқимли паллаларни эслайди.
Мижжаларидан ёш оқади.
33.
Кампир яна уй ичига киради. Ичкаридан кийимларини олиб жамадонга тахлайди. Кийимлар тахланиб турган шкаф ичидан ўша болаликдаги сувратни олади. Сувратда дадаси, ойиси , опаси ва ўзи. Сувратни бағрига босади. Жамадонга жойлайди.
34.
Ўтирган жойдан деразага қарайди.
35.
Дераза орқали Ўзбекистоннинг бугунги кўриниши, мевалар ғарқ пишган боғлар, сўлим тоғлар, сойлар, сой бўйида бўйи етган қиз ва йигитларнинг ўйин-кулги билан чўмилишлари, кенг узумзорлардан узум узаётган жувонлар, полизларда сув таратиб юрган деҳқонларни кўрамиз. Тинч ва осойишталик тимсолидаги ёруғ манзаралар, шовуллаган буғдойзорлар намоён бўлади. Кампир жилмаяди. Кўзларидан ёш сизади.
36.
Кампир нигоҳини деразадан олади. Бир нуқтага тикилиб туради.
37.
Кампир ўрнидан туради. Беихтиёр телевизорни қўяди. Экранда Украинадаги бугунги ҳолат намоён бўлади. Данбас, Луганск... Снарядлар портлаши. Вайронага айланган уйлар орасида юз-бошидан қон оқаётган, чинқириб йиғлаётган болаларни кўрамиз. Кампир важоҳатли тарзда экранга термулиб қолади. Унинг кўзларидаги сўнгсиз қўрқув ва азоб юрагимизни ларзага келтиради.
38.
Кампир телевизорни ўчиради. Бир нуқтага тикилиб қолади. Сўнг кийимларини жамадондан олиб яна шкафга ўз жойига тахлай бошлайди. Сувратни олиб яна шкафга қўяди.
39.
Эшик очилади. Ўз иши билан андорман кампир эшик томон қарайди. Қия очиқ эшикда олти-етти ёшлардаги, фақат калтаиштонча кийиб олган, ярим ялонғоч болакайни кўрамиз. Болакайнинг бир қўлида тандирдан узилган иссиқ нон, бир қўлида эса косада овқат. Кампир болакайнинг қўлидан у келтирган емакларни олиб стол устига қўяди. Болакайни бағрига босиб, унинг юз-кўзларидан ўпади. Биз қўшнилар кампирни йўқлагани, қўшни бола унга у-бу нарса олиб келганини англаймиз. Кампир токчани тортади. Ундан қанд-қурс ёки бирор ширинлик олиб болага узатади. Бола чиқиб кетади.
40.
Кампир яна дераза олдига боради. Олис тоғлар сари нигоҳ ташлайди.
41.
Кампир ўз уйидан чиқади. Ёлғиз сўқмоқдан ёлғиз кетиб боради. Биз унинг ортидан, елкаларини кўриб турамиз. Сўқмоқ қабристонга бориб туташади.
42.
Қабристон. Қабр . Қабр тош. Қабр тошда эса бундан узоқ йиллар олдин кампирнинг болалиги ўша — қизалоқ ёзган ўша ажи-бужи ёзувни ўқиймиз: “Мен кетдим. Уруш тугаса хабар беринглар. Қайтиб келаман!”
43.
Қабр тошдаги ёзувдан сўнг тасвир оппоқ осмон билан алмашади.
Сўнгги кўриниш
...2014 йил. Донбасс. Оддийгина ҳовли. Деразадан ташқарига қараб турган қизалоқ. Ҳавода снаряд увиллайди. Қизалоқ кўзларини юмади, қўлчалари билан қўлоқларини бекитиб олади...
ТАМОМ.
2014 йил, 1 сентябрь.