БЕЛАРУСЬ МОМО КУЛБАСИДА


Қўчқор НОРҚОБИЛ

БЕЛАРУСЬ МОМО КУЛБАСИДА

Кулба. Қақшоқ кампир тинмайди бир пас
Шамолни қамаган каби ичига...
Дастурхон тузайди — нон, пишлоқ, квас...
“Болам, хуш келибсан, Пуховичи*га...”.

Ўғли жангдан қайтган каби кўнгли тўқ,
Ўзини қўярга топмаяпти жой.
Хижолат тортади: “Бизда чойнак йўқ...”
Истоконда дамлаб узатар кўк чой.

Альбом варақларкан жилмаяр кампир —
Менинг кўз ўнгимда гуллайди оғоч...
Озғин бармоқларда титрайди тақдир:
“Бу — мен! Болалигим... Тошкент. Бешёғоч...”.

Кампир нигоҳида милтиллайди чўғ,
Заминни кўтариб турар киприги.
Сўзларкан бўғзига соғинч урар тиғ:
“Ҳали ҳам ширинми, Тошкент ўриги?”.

Сўнгра маъюс боқар — титрайди альбом,
Ҳаволарда инграр жон зарралари...
Менинг кўз ўнгимдан ўтади шу дам
Қиёматнинг қонли манзаралари...

Беларусь ерини ўқ, олов олди —
Танклар занжирида айланар фалак.
Ўзбек қўл узатди. Соғ-омон қолди
Замбарак оғзида турган қизалоқ...

Тирикликни қириб қайтмайди изга
Уруш кўкни ёриб қилар тантана.
Еру осмонидан айрилган қизга
Тошкентнинг осмони бўлар бошпана.

Қайтар чоғим қучди: “Болам, кўп яша!”
Кўксимга бош қўйди. Титради лаби...
Кўзлари жавдираб боқарди. Ўша,
уруш улоқтирган қизалоқ каби...

Кампир дер: “Унутмам... Яратган эгам
кўнглимда борини кўриб турибди.
Болам , Сенга айтсам  кўксимда шу дам
Ўзбекнинг юраги уриб турибди!..”.

*Пуховичи — Беларусьдаги туман.
17 июль, 2019 йил.
Пуховичи — Кисловодск.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот