ОСМОННИ ТИТРАТГАН ОҒРИҚ
Қўчқор. НОРҚОБИЛ
ОСМОННИ ТИТРАТГАН ОҒРИҚ
"Беларусь дафтари"дан
Минск. Уруш музейига бордим. Анча пайт ташқарида туриб қолдим. Юрагим дош бермади. Оёқларим зил-замбил, кўксимда алланечук оғриқ чўкиб ётгандай. Мен бу даргоҳ қаърида киши кўнглини остин-устун қиладиган, ларзага соладиган даҳшату кўргуликлар жо эканлигини билардим; интернетда ўқигандим.
Хуллас, ўзимда совуққонлик туйғусини уйғотишга уриниб, гўё, бепарволик билан қадам ташлайман. Қаёқда дейсиз, юрагимда алланечук безовталик.
Музейдан чиқаётганларни кузатаман, барчасининг қадам олиши оғир, нигоҳи маҳзун, худди оғир жанг ичидан мағлуб чиққан аскарлар каби бошлари хам, айримларининг кўзларида ёш. Эшикка тиркалган ўриндиқда кепкасини қошигача бостириб олган, жиккактутамгина, озғин чол ўтирибди. У менга қизиқсиниб қарайди:
– Нега ҳалидан бери жойингда депсинасан, кирмайсанми? Ке, ўтир.
Қизиқ бобой экан-ку. Бунинг нима иши бор, кираманми, йўқми...
– Ўзим шунчаки, – чолнинг ёнига чўкаман – Сиз кириб-чиқдингизми, қандай бўлди?, – дейман дабдурустдан.
Чол синчков назар ташлайди:
– Нимайди? Мен кирмайман. Ўғлим билан набирам кириб кетишди, ҳозир чиқиб қолишади.
– Сиз нега кирмадингиз? Хоҳламайсизми? – Сизга инсоният тарихининг қизиғи йўқми, деган иддаомни пайқаб қолган чол хўмрайди:
– Бундан ўттиз йил аввал бир кирганман, бу музейга. Мен бу ердаги даҳшатларни, мана бу жойга, кўксимга, юрагимга жойлаганман. Мен бу кўргуликларни болалигимда, олти ёшимда ўз бошимдан кечирганман. Менинг мана бу ерим (чол ўз кўксига кўрсаткич бармоғини ниқтайди) тирик музей. Унинг қопқоғини ҳар куни зичлаш билан овораман. Қаёқда дейсан, ичингда, қалбингда кўмилган хотира бўрони барибир қайта-қайта хаёлингда тирилаверар экан. Энди тушунгандирсан, менинг ўзим музейман-ку, ўғлим...
– Ноўрин гапларим учун кечиринг, ота, – дейман мулзам тортиб.
– Ҳеч қиси йўқ. Бор энди, бора қол.
Мен музей эшигига қўл чўзаман.
Музейга кирдим... Чиннаккам урушни кўрдим. Ўзимни қаерга қўйишни билмай қолдим. Автоматлар тариллаши, ўқларнинг чийиллаши, абжағи чиққан танк ва замбараклар, қулаб тушган самалётлар, хандақлар ичра жон таслим қилаётган жангчилар, ловуллаб ёнаётган қишлоқлар... нимасини айтай, қиёмат-қойимнинг ўзгинаси, урушнинг даҳшатли манзаралари билан юзма юз келдим.
Қайғу-мусибатнинг чеки йўқ. Елкангдан босган дард вужудингни зирқиратади. Танангга оғирлик қилади. Уруш билан юзма-юз келасан.
Ҳаёт ва ўлим оралиғида тош қотасан. Бу ҳолатим шеърга кўчади:
Уруш музейида остона ҳатлаб
Юрагим увишди. Урушни кўрдим...
Ёшлик... Афғон жанги ёдимда портлаб,
Танклар панасига ўзимни урдим.
Фашист қирғин солди – амр этган Гитлер,
Тирик жон қолмади. Ўлдирди, ёқди.
Нега тарс ёрилиб кетмаяпсан, Ер?!
Оловда чинқирган гўдаклар ҳаққи.
Тонгда одамларни тизиб деворга
Фашист ҳузур қилиб тортди тамаки.
Чинқириб йиғлади шунда бир бола:
“ Мени отиннг, онамни отманг, амаки!”.
Милтиқлар ўқ отди борлиқни тилиб,
Булутлар қон сочди тонгнинг юзига.
Осмон оқиб тушди ёпмоқчи бўлиб,
Қўрқувдан тош қотган бола кўзига.
Гидқиз, қайғудошим, тўкмагин кўз ёш,
Заминнинг косаси кўз ёшга тўлган.
Титраган лабингда энг сўнгги бардош:
“... ҳар уч Беларусдан биттаси ўлган...”
Музейдан чиқсам бас.
Тугайди азоб,
Унгача тик турмоқ ўзи ғалаба.
Катта бобосининг расмини силаб
Юм-юм йиғлаяпти шўрлик талаба...
Чиқдим, бир ният бор қалбнинг остида:
“Дунё тургунча тур. Илло, ўлма, ўс!
Тирик қолганинг-чун Ернинг устида
Кел, Сени бағримга босай, Беларусь!”
2019 йил. 20 Июнь.