ЕЛКАМДАГИ ОҒИР ЮК
Қўчқор НОРҚОБИЛ ЕЛКАМДАГИ ОҒИР ЮК
ҳикоя
Дўстим катта идоранинг раҳбари. Қўнғироқ қилди. Бордим.
--- Сени соғинсам чап оёғим оғрийдиган бўлган. Номард осколка исён қилиб қолади, --- маҳзун жилмайди у.
--- Шуни вақтида олдириб ташлашинг керак эди.
----Ҳеч қиси йўқ. Энди бегона эмас, тананинг бир аъзосига айланиб бўлди. Фақат сени кўргим келса…
---- Майли, бошқа гаплардан ол,--- дедим маҳзун хаёлларни бошимга йўлатмаслик учун.
Бироқ... бироқ, лаҳзада қиёмат жанг ичидан уни судраб олиб чиқаётганим ва илма-тешик бўлиб ҳилвираб қолган қип-қизил оёқ гавдаланди.
--- Яхшиси ишингдан сўнг бирор жойда ўтирайлик
--- Ўзим ҳам шуни айтмоқчийдим. Мана оёқнинг ҳам оғриғи қўйворди,--- чеҳрасида табассум ёйилди.
Ўрнимдан турдим, эшикка рўбару бўлган заҳотим, кираверишдаги деворга осилган суратга кўзим тушди; Дастурхон, бир бурдагина нон, битта косада овқат ва уларнинг ёнида Она ер тимсоли --- глобус. Кейин билинар билинмас қилиб аждарҳоми, шунга ўхшаган махлуқнинг расми чизилган.
Мен унга ялт этиб қарадим.
--- Ўзим чиздим. Одамзотга шугина нарса етади, шунга тўяди, --- деди у.--- Йўқса…
--- Йўқса, йўқса…, --- Унинг гапини шартта бўлдим,--- Йўқса, Аждарҳога айланади, йўқса , Ер шарини ютворса ҳам тўймаслиги мумкин ,--- дедим.
Шу гапни айтдиму, ўзимнинг ҳам аъзойи танам жимирлаб кетди. Суврат энди қаттиқ таъсир қилганини ҳис этдим.
Ташқарига чиқдим. Хаёлимда бир ўй чўкди: “Нега одамзод шу оддийгина одамийлик фазилатини йўқотиб қўймоқда? Бир бурда нон, бир коса овқат… Ахир шунга қорин тўяди-ку… Унда нега тоғу-боғлар, бутун борлиқ, улкан шаҳарлар, ҳатто, Ер шарини ютиб юбораман деяпти? Нега? Ахир улар ҳам одамийликка даъво қилишади-ку, улар ҳам бизнинг ёнимизда одамман, деб юришибди-ку…”
Айни тоб елкамни шундай оғир саволлар ҳамда улкан бир асарнинг юки боса бошлаганди.
Мен узоқ юролмаслигимни ҳис қилдим. Тин олишга ҳам ҳаққим йўқ.
Оғир... Оғир.. Елкамдаги юк жуда ҳам оғир…
9.01.2023 йил.