КЎКСИМДАГИ КАВКАЗИМ


    Қабардин -Болқор республикаси нашри  "Горянка" ҳафталик нашрида "Кавказ моего сердца" номли чоп этилган ҳикоям кўп хотираларни ёдга солади.

Қўчқор НОРҚОБИЛ

КЎКСИМДАГИ КАВКАЗИМ
Ҳикоя

— Дедуля откуда вы? Из Таджикистан? Пакистан?
— Нет из Джахонистан!
   Ойна ортидаги эсни оғдирар даражасидаги сулув қиз оппоқ чеҳрасига ним табассум ёйилиб, кавказ гўзаллари учун илоҳий инъом катта-катта, ёниқ, юлдуздай порлоқ, тим қора кўзларини менга тикади. Унинг шу ўтиришида ҳам адлқад экани маълум. Елкасига шовуллаб тушиб, тўлқинланиб турган тим қора сочлари, нимёй қора қошлари орасидаги уйғунлик ичра алоҳида жозибадор туюлган биргина олма ёноғини таърифлаш учун каминада мажол йўқ. Яратган ундан ҳусни-латофатни аямаган эди. Қиздан қарасанг ҳам қарайсан, қарамасанг ҳам... деган нафис иддао таралиб турарди.
Анграйиб қолганман чоғи:
— Джаханистан, где это Джаханистан?, — деган сас келди.
— Джаханистан — это Узбекистан! — Унга шуни ҳам билмайсанми, дегандай иддаоли қарайман. — Чунки, Ўзбекистонда жаҳоннинг барча мўъжизаси, гўзаллиги, саховати, жозибаси мужассам. Қиз паспортимни очиб, термулиб туради. “Узбекистан... Узбекистан...”, — дейди ва яна бир қараб қўяди. Эс-ҳушимни йиғиб олдим. Унинг бундай беписандлиги менга малол келди. Гўзал бўлсанг ўзингга, ўзбекнинг би-ир санамлари бор, сочининг шамоли Сени қулатади, бу ерда мусофирчиликда кўзга сағал яхшироқ кўриндинг-да, ойимқиз.
— Хўш, қаерда вақтинча рўйхатда турибсиз?, — дейди у энди кибр билан.
— Санаторияда. “Ўзбекистон” санаториясида. Катта бобом қонуний хатлаб олган ўзимизнинг санаторияда.
   У энди ажабсиниб қарайди. Кавказда-я? Катта бобоси қурган ва ўзининг номига расму русумини адо қилиб олган бундай жой қаерда экан, деб ҳайратга чўмаяпти, деб ўйлайман. Йўқ, у биларкан. Бизнинг сиҳатгоҳимиз, ўзбекларнинг сиҳатгоҳи, Кавказнинг мана-ман деган энг баҳаво жойида қўр тўкиб турганидан хабардор экан.
— Тушунарли. Хўш, қани ўша қоғоз?
— Қанақа қоғоз?
— Рўйхатга олинганлигингиз ҳақидаги қоғоз.
   Довдирайман. Шу пул шунчалик зарил бўлмаганда, мен бунинг олди-да, тоқу тоқат қилиб, шунча пайт навбат кутиб турмасдим. Ўғлим хориждан “Вестерн Юнион” орқали пул жўнатган эди. Шуни Кисловодскнинг ўзида ҳам олаверсам бўларди. Сиҳатгоҳнинг биқинида банк бор. Нима хаёл билан, Пятигорскни ҳам томоша қилай, банкка тушиб, сўнг дўстим Аҳмарнинг уйига совға-салом оламан, дебман. Мана, Пятигорскдаги аҳвол.
— Бусиз мумкинмас, беролмайман, — дейди банк маликаси.
— Нима қилай? Яна сиҳатгоҳга бориб ўша қоғозни ёздириб келайми?, — дейман оғриниб.
   Қиз яна паспортимни титкилайди, ўзича жилмайиб қўяди-да, компьютер тугмаларини боса бошлайди. “Ҳайрият, ёзяпти...”. Мен қўлимда қамиштўрга солинган “Гурвак” қовунни дарича ёнидаги катта столга қўяман. Кичкинагина бўлса ҳам зил-замбил. Қўлим толиб кетди. Мен буни не бир азобларда топмадим. Кавказга учаётиб, дўстим Нуриллага қўнғироқ қилдим. Бу анқосифат арзанда фақат Қорақалпоқнинг Беруний тумани томонларда, Хоразмда бўлади.
— Калланг борми? Шу маҳалда “Гурвак”ни қаердан топасан?
— Топилиб қолар, — дейман умид билан, — ахир Кавказдаги ошнамни ҳам кўриб келаман. Биласан-ку, Аҳмар Аҳадов билан афғонда бирга бўлганмиз. Ўттиз йилдан бери кўришмаганмиз. Шуникига олиб бормоқчи эдим.
— Ўзинг айтиб турибсан-ку, сен тош эмас, “Гурвак” сўраяпсан. Эрта-индин қовун пишаман, деб турган пайтда, “Гурвак” сўрайсан-а, “Гурвак” қолармиди? Калланг борми?
   Нурилла телефонини ўчириб қўйди.
   Аҳмар билан бир взводда хизмат қилганмиз. Пешонага ёзилган экан. Ўзга юртда, мусибат ўпқони ичида кўргулигимиз кўп бўлган. Бир гал у мени ажалнинг оғзидан суғуриб олган. Яраланганимда ўқ ёмғири, қиёмат-қойим ичидан мени судраб чиққан. Тилининг жозибадорлигини айтмайсиз; Аҳмар ўзбекчага жуда яқин, татар ё қозоқча оралиғидаги ажойиб бир оҳангда гапирардики, болқор қондошимга қайси бир томирим қўшилиб, узилмас бўлиб боғланганини, иккимизнинг ҳам ирқимизда қадим турк отанинг қони кўпириб оқаётганини ҳис қилардим. Э-е-й, тақдир-а, бу жаҳаннам гирдоби — қиёмат қўпган уруш чоҳига икки қоракўзни ирғитиб юбориб, бизнинг иродамизни синаб, ор-номусимизни имтиҳон қилишдан бошқа ишинг йўқмиди? Икки дилбанда, бири олис Кавказнинг тоғли овули, бири эса жануб Сурхоннинг тубканинг тубидаги қишлоғи — Мўминқулда туғилиб ўсган бўлса-да, сен бу бечораларни битта ипга боғлаб Афғон деган уруш ўчоғининг гуриллаб ёнаётган гулханига ташлаб, томоша қилишингдан нима наф эди? Тўғри, сен ёқдинг, сен бизни шу ўтда қовурдинг, лекин тантилик ҳам қилдинг — бизни омон қолдирдинг. Мана шу омонлик оғриғи бугун дийдор соғинчига айланиб, мен кавказлик ошнамни, Аҳмарни кўришга жазм этдим. Ойда йилда бир бора келадиганим сиҳатгоҳ Қабардин-Болқор республикасига яқин эканлигини билганимдан сўнг тинчим бузилди, ҳаловатимга ўт кетди. Эллик чақирим наридаги қадрдоним учун эллик йил эмаклаб юрсам ҳам камлик қилади деган фикр миямга ўқтомир бўлиб ўрнашиб қолган эди. Ахир ўша куни жангда бадани илма-тешик бўлиб кетган мени, яъни, ўзбек оғайнисини даҳшатбўрон ичидан юрак ютиб олиб чиққан болқор қондошим учун эллик чиқирим йўл азоби нима бўлибди?
   Хуллас, госпиталдан қисмга қайтаётганимда жангқисмат ўзбеклар қатори болқор қардошим Аҳмар ҳам роса қувонди. Худди ўз иниси келгандай ирғишлашини кўринг. Кейин аскарий таомилга кўра казарманинг қоронғу бурчагида алламаҳалгача ароқхўрлик қилдик. Кимлардир попиросига алланималарни қўшиб, ўраб чекди, қуюқ тутуннинг ўткир ҳиди ҳам бошни гириллатиб айлантирди.
— Аҳма-а-а-а-ар... Аҳ....Аҳ, мен сенга нима яхшилик қилай? Сен менинг дўстимсан? Агар ўлмай борсам , Сенга нима юборай...айт, нима керак?
— Сизларда...қов-уун ширин бўларкан. Тошкентдан қовун жўнатаса-а-а-ан, — дейди Аҳмар ҳам чайқалиб, ғулдираб.
— Жўнатаман... Йўқ, ўзим олиб бораман. Чин қиёматли сўзим, ўзим олиб бораман, — дейман. “Тутун”нинг кучи сезилади, унинг кўксига бош қўйиб йиғлай бошлайман. Унинг ҳам елкалари силкинади.
   Ана шундай гаплар. Чалғидим, бир оз, узр. Энди яна ҳалиги суқсур қизнинг ҳузурига қайтсак; у компьютерда нималарнидир ёзяпти.
---Вақтинчалик рўйхатда туришингиз ҳақидаги маълумот паспортингиз ичида экан-ку, билмаганмидингиз? Уни йўқотсангиз, пул ололмайсиз, ---дейди қиз муҳим бир нарсадан огоҳ этган каби.
   Шу маҳал тиқмачоқдеккина, бўйчан, хушчирой жувон стол ёнига келиб “Гурвак”ка термулиб қолади. Қамиштўрва ичидаги қовунни узун-оппоқ бармоқлари билан силайди. Сўл қўли билан қорнини сийпалаб, ютиниб қўяди. Ғайриихтиёрий тарзда стол қошидан кетолмай серрайиб тураверади. Кўзларидан ёш ғилтиллайди, яна ютинади. Дўппайибгина қолган қорнини силади-да, мени ғалати аҳволга тушиб қараётганимни кўриб, лаблари пирпиради, ўриндиққа чўкди. Барибир нигоҳи қовунда. Ҳижолат тортаман, ўзимни ноқулай сезаман, худди айб иш қилиб қўйган каби безовталанаман. Ҳалиги жувонга қарамасликка уринаман, манови қизгина ҳам тезроқ ишимни биткиза қолса эди, қовунни олиб олди-ортимга қарамай чиқиб кетардим. Ё товбангдан, аёл ўрнидан туриб яна “Гурвак” савилнинг ёнига келди. Энди қамиштўрни кўтариб кўрди, илтижоли оҳангда мўлтирабгина деди:
— Шу қовунни менга сотинг, илтимос, қанча сўрасангиз ҳам бераман.
   Жувон нигоҳи билан ер чизиб дув қизариб кетади. Ойна ортидаги кавказ гўзали эса менга қизиқсиниб қарайди ва туйқус:
— Қовунни беринг! Сиз яхши одамсиз, тўғрими? Қаранг, ахир у иккиқат-ку. Сизларда ҳам аёлларни улуғлашади-а, шундайми?.
— Ҳа-я... шундай. Шу-шу дейман, — соҳибжамолнинг қатъиятли иддаосидан бир қалқиб.
— Лекин бу гапингиз чин эркакча бўлди. Агар шу қовунни бирор қоғозга ўраб ё қутидами беркитиб қўйганингизда, бунақа савдо бўлмасди, — Қиз энди хушхандон кулади.
   Мен турган жойимда анграяман. Нурилла буни не азоб билан Хоразмда уйма-уй юриб Бек оғанинг уйидан топиб келган эди-я. Бек оға ҳам шу маҳалгача элкўрсинга сақлаб келган қовунининг борадиган жойи, манзил ва муддаони билгач, Нуриллага рози бўлган: “Иложим йўқ, на деярдим. Дим қўймадинг. Ёшулли одам кавказга оппораман деб дурғач нечита оламан, олавергин. Бироқ тағин бир ой сақламоқчийдим, дуврама йўқми, синаб гўрмакчийдим”, — дегани ҳам рост.
— Берасизми, бу киши менинг келинойим бўлади, акамнинг хотини!, — дейди қиз энди ялинқираб. Ўзига ярашиқли ишкийими чўнтагидан пул олиб менга узатади.
— Мен буни... Бу қовунни... буни..., — дейман тутилиб.
— Ахир Сиз эркак киши-ку, — қизнинг кўзларидан энди ўт ялтиллайди.
Мен бир сапчиб тушаман. Сўнг ўғлим хориждан жўнатган пулни олиб, бинодан шаҳд билан чиқиб кетаман. Бек оғанинг қовуни ичкарида қолади. Худди гуноҳли иш қилиб, изза бўлган одам ҳолатида гандраклаб юраман. Худо раҳмат қилгур катта энамнинг болалагимда кимгадир айтган бир гапи қулоқларим остида жаранглагандай бўлади: “Юкли хотин сўраса тоғнинг тоши титрайди, юкли хотин истаганини емаса куннинг юзига иссиқлик тошади”. Қизиқ, аллақайси замонда айтилган шу сўзлар айнан ҳозир қулоғимда садо берганига ҳайрон қоламан ва ўзимни енгил ҳис қиламан.
   Бозор-ўчар қилдим. Аҳмарнинг уйига пешинда етиб бордим. Ҳовлисида тўй бўлиб кетди. Тоғликлар бир зумда “қўноқкўрди”га йиғилишди. Ўйин-кулги бошланди. Аҳмар ҳар бир овулдошига мақтанади денг: “Менинг дўстим, менинг ўзбегим. Воо, мана бундай инсон... Ўзбекистондан келди, мени йўқлаб келди”. Кечгача ҳовлисидан одам оёғи узилмади. Шомга яқин Аҳмар иккимизга хотини Замарта боғ адоғидаги ёпиқ тапчанда алоҳида жой қилиб, яна дастурхон тузади. Биз ўтган-кетган воқеаларни эслашиб, гоҳ ҳазин, гоҳ ҳазил оҳангларда гурунглашиб ўтирдик. Ажабки, биз бор-йўғи икки йил урушда бирга бўлган эсак-да, икки юз йиллик тарихни кўтариб юрганга, жуда қадим-қадим замонлардан бери кўришиб, ҳол сўрашиб келаётганга ўхшардик. Замарта ҳар-ҳар замонда мен номини билмайдиган емакни келтирар, шундоғам ноз-неъмат тўлиб кетган дастурхондан олазарак бўлиб камчилик излар, хонадонига туғишган акаси меҳмонга келган каби ўзини қўярга жой тополмасдан шамолдай елиб-югурарди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Мен ҳам худди ўз жигарим, эгачимни кўрган каби шод эдим. Эҳ-ҳ-ей, қадим томирларим туташган кунга етказганинг учун Яратган ўзингга минг марта шукрона айтаман.
— Чарчадинг-а? Одамларнинг келди-кетдиси сени толиқтириб қўймадими? Овулдошлар меҳмонга айтишди. Бугун дам ол. Эртага ҳар бириникига бир-бир кириб чиқамиз, — дейди Аҳмар.
— Худо хоҳласа ёзда Ўзбекистонга боргин. Бизнинг қишлоқ ҳам меҳмондўст. Умуман, бутун Ўзбекистон меҳмондўст.
— Албатта, бораман. Бормасам уят бўлади.
— Аҳмар, эсингдами мен сенга ўшанда кўп бора ваъда берганман. Сенга юртимиздан асал қовунлар жўнатаман деб. Худо хоҳласа, ёзда борсанг полизларимизга кириб ўзинг танлаб узиб олаверасан. Энди ҳозир иложи бўлмади, ҳақиқий қовун ёзда етилади, — дейман худди буни мендан сўраётгандай.
— Албатта, бораман дедим-ку, — жилмаяди Аҳмар.
   Ҳовлида нимадир тарақлайди. Катта дарвоза очилиб-ёпилади. Қулоғимга қўнғироқдай жарангли овоз ва кулги урилади.
— Болалар ҳам келиб қолишди. Бизни овулга ташлаб, булар шаҳарга қараб жўнаворишган, — ўзича изоҳ берди Аҳмар.
   Менга ҳовли адоғига кўз ташлаш ноқулай туюлади. Буларда ҳам меҳмон киши хонадоннинг қиз жувонига кўз қадамайди, уят саналади. Тутум шунақа.
   Замарта келин осетинча хамир овқат олиб келди-да, эрининг қулоғига нимадир деб шипшиди. Уй беги бош ирғади. Келин чиқиб кетди-ю, зум ўтмай кенг-мўл миллий либосга ўралган, худойим қадду қоматдан қисмаган икки қиз супадан беш-ўн қадам нарида кўриниш берди.
— Булар менинг болаларим. Бири қизим Асмана, бири келиним Толиҳа! Ўғлим ишдан кеч қайтади. Танишиб оласан.
   Қиз билан келин ичкари уйга кириб кетишади. Зум ўтмай ёпиқ супада яна Замарта пайдо бўлади. У патнисни дастурхонга қўяди. Мен... Мен... патнисга нигоҳ ташлайман, туйқус бир сапчиб тушаман. Ичимдан бир иҳроқ отилади, аъзойи-баданим жимирлаб, кўзларим хира тортади, киприкларим ораси жиққа ёш, лабларим пирпирайди, бехосдан пичирлайман:
— Ё, Оллоҳ қудратингдан айланай. Э-ҳ-ҳ, Худойим-а...
— Ҳа, Ўзбекистоннинг қовуни. Бизнинг бозорда сотишяптийкан. Келиним билан қизим олиб келишди, — дейди Замарта менинг ҳаяжонланганимни ўзича англаган бўлиб.
   Мен ўрнимдан туриб кетаман. Аҳмар ҳам ўрнидан қалқади. Худди олис жангдан омон чиқиш пайтимиздаги каби мен уни бағримга босаман-да кўз ёшларимни тия олмайман...
— Сенга нима бўлди, қўй ўзингни бос, у кунларни эслама, — дейди Аҳмар.
   Мен пичирлайман:
— Оллоҳим ўзингга шукр. Оллоҳ ўзингга шукр.
   Ҳовлида эса Замарта қизи ва келини билан бизга меҳр билан қараб туришарди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот