ЧЎҚҚИДА


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЧЎҚҚИДА

     Кавказ тоғларининг бирида  Лермонтов ҳайкалиги олиб чиқадиган сўқмоқдан юрсангиз, юксак чўққида ўрнатилган темир устунга кўзингиз тушади. Устундаги лавҳда "БИР-БИРИНГИЗНИ СЕВИНГЛАР!"  деган ёзув бор. 
     Бу ердан ҳар куни турли миллатга мансуб минглаб сайёҳ ва дам олувчилар ўтишади. Рус,  ўзбек,  қозоқ,  тожик, қирғиз,  туркман,  татар, белорусь, европалик,  украин, кавказлик... ва ҳакоза... Чўққи гўё Ер шарининг илтижосини кўтариб турганга ўхшайди.
 ***
Тонг ухлар. Сукунат. Шамол ҳам жимдир.
Кавказ тоғи сари чоғладим ўзни...
Тош қотдим. Чўққига лавҳ қадаб кимдир
Ёзибди: "Севинглар, бир-бирингизни..."
Худо суйган қай бир бандаси ёзди?
Тўхтанг, олиб қочманг кўз қирингизни.
Бизнинг телбаликлар дунёни бузди,
Одамлар, севинглар бир-бирингизни! 
Гоҳо дўст, гоҳ иблис, гоҳо кўрнамак--- 
Оламга сочамиз дил киримизни... 
Бунчалар ёвузмиз--- титрайди фалак, 
Одамлар, севинглар бир-бирингизни! 
Бу не адоватдир---чор тарафда чоҳ, 
Интернет "чайнайди"  ор - сиримизни....
Соямиз елкадан тиғ уради гоҳ 
Одамлар, севинглар бир-бирингизни
Меҳр - муз. Қалб - қаҳр. Қабоҳат - очун...
Зарра қум қадридан арзондир кўз ёш...
Юракда қатра нур уйғотиш учун,
Узилиб тушсинми, фалакдан қуёш?
Энам дер: "Нафс - фитна. Гилам остидан
Чиқса вайрон этар уй тўрингизни...
Омон қолмоқ учун унинг дастидан,
Болаларим, севинг бир-бирингизни..."
Кўз тўймас. Осмону ер талашамиз.
Шу ер ютмаганми Доро, Чингизни?
Ҳатто ўлмай туриб гўр талашамиз, 
Одамлар, севинглар бир-бирингизни!
...Жонимни топшириб тошу хасларга,
Чўққига тирмашдим чирт юмиб кўзни.
Чиқдим. Пастда ҳайрон боққан касларга,
Қичқирдим: "Севинглар бир-бирингизни!"
Қичқирдим! Майсалар дод солди ростдан,
Тўфонлар чинқириб отди денгизни...
Тоғлар ҳайқирдилар — ёрилди осмон:
"Одамлар, севинглар бир-бирингизни!
Одамлар севинглар бир-бирингизни!!"

Кавказ.  Июль. 2021-2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот