Лермонтов иқрори
Қўчқор Норқобил Лермонтов иқрори
Қатра нур қаърида қуёшни кўрдим,
Бироқ зиёлари бўлди ортиқча.
Лаҳзага мангулик муҳрини урдим
Оғам, дунёлари бўлди ортиқча.
Гўдак умрим сўлди, эй, зиқна қисмат,
Қақшаб қолди ортда бувим — бор-йўғим...
Барибир мен сендан ғолибман ҳаёт
Дунёни қаритиб борар довруғим!
Чўққида турибди ҳайкалим ҳатто
Қисмат бўронига қилган каби қасд.
Биламан, ўлимга тик бориш хато
Мен ундан қўрқмадим, паст кетмадим, паст!
Ўлмадим! Мен учдим. Мағрурман — ғолиб!
Шеърим қанот ёзди. Фалакдан ўздик...
Тирикман! Офтобни қўйнингга солиб
Мени излаб келдинг... Ташаккур, ўзбек!
13 июль, 2021 йил
Кавказ