Уйғотдик... Уйқуда ётган фалакни...


Қўчқор НОРҚОБИЛ


Уйғотдик... Уйқуда ётган фалакни...


 ЎЗБЕКИСТОН 


Тоғларда тонг отди. Шуъларанг титроқ —
Осмон чўққиларга боғланган елкан...
Ер юзида қанча юртлар бор, бироқ
Баридан барвақтроқ уйғонар ўлкам... 


Қуёшни қумғонда қайнатган чўпон,
пиёласи ичра сузиб юрар ой —
Эгнига булутдан иларкан чопон,
Боботоғ меҳмонга узатади чой.


Бахмал адирларда тунда тин ол... Кел!
Қўл чўзсанг юлдузлар сеники — турфа!
Баҳор беланчагин ўйнатади ел,
Қирлар болиш бўлар, лолазор кўрпа.


Болари бошида ташвишли дунё,
боғлардан бол терар, зарра йўқдир кек...
Тонгни қарши олар ризқ тутиб гўё
тиниб-тинчимаган беминнат ўзбек.


Жаҳон-ла бўйлашга етар журъатим,
Халқим юрагида дарёнинг сеҳри.
Ҳар зарра қумида замин қудрати,
Икки дарё ичра тошади меҳри.


Юртлар кўп жаҳонда чиройли, кўркам,
Ўйин-кулги билан яшар кўнгли тўқ.
Жаҳон қаҳқаҳаси жамланганда ҳам
Хандон пистамизнинг кулгисича йўқ...


Дунё, кенглигингдан ўргилдим... 
Кездим!
Гоҳо кулгим қистар қилган ишимга.
Таътил тугамасдан соғинчни сездим —
Хорижда қишлоғим кирди тушимга.


Сотмадим шон-шуҳрат излаб виждонни,
Нону туз ҳурмати заминга қасам...
Мендан хафа бўлманг, Ўзбекистонни
Ҳаммангиздан кўпроқ севаман десам...
 * * * 
Сенинг боғларингда гуллар очилди,
Менинг боғларимда на бир гиёҳ йўқ.
Сенинг кулгуларинг ҳар кун сочилди,
Менинг юрагимга тегаверди ўқ.


Шунда,
тўйиб кетдим бору йўғимдан,
Оёғинг остига отдим юракни.
Севаман!!!
Юракдан қушлар учдилар,
Қушлар тутиб кетди ғамгин фалакни.


Гоҳида ачинди, гоҳида кулди —
дўсти рақиб боқди ҳайрона.
Панду ҳасрат кўнглимни тилди:
Қўй, бунчалар куйма, девона...


Йўқ!
Мен эмас, юрак эзилар
Қақшамоқлик бу — дилнинг ройи.
Тинч қўйинг, бас,
капалак қизлар
Мен ҳижронман,
мен бир савдойи...


Атрофингда мақтов қуюни
Кибрми,
ўўў, қароғингдаги??
Келдинг:
Бас қил! Севги ўйинми??
Лой бўлмадим оёғингдаги...


Шундай йиғлаб куйлашни билдим,
Кипригимда қалқиди тоғлар.
Бир тун кўкка беҳуш улидим
Ой юзида кўпчиди доғлар...
 * * * 
Бездим...
Маърузалар!!!
Ҳар кун панд едим,
Қор ёғди доцентлар қабоқларидан,
Домла, мен ўрганиш билан банд эдим,
Қутқазинг, 
Ҳижроннинг сабоқларидан.


Кўйлагинг гуллари кўзимда қолди,
Дил ўйнар рўмолинг ипакларини.
Ҳар тонг ёстиғимнинг тагидан олдим.
Қучоқлаб йиғладим шиппакларингни.
 * * * 
Кутдим...
Сира вақтинг бўлмади,
Мен жон бериб ичдим кечани.
Китоб ўқияпсан — ташвишларинг мўл,
Ўрганишинг керак инглизчани.


Ана.. деразада қотар икки кўз.
Қуюқ сочингдайин сирғалар осмон.

Эшикка ёлбордим — чўкаяпман тиз,
Қутқар,
бир ўлим бер кутишдан осон.


Менинг умрим чалкаш, кунларим чалкаш
Тунми ё кундузми соат ўнаки...
Фақат икки кўзга айланди фурсат,
Мендай телбаланиб тутар тамаки.


Жаноби шоирлар — Лермонтов, Пушкин
Жавонда занжирбанд чақмоқ хитоблар!!!
Нега жанозада каби мунғаяр.
Ай-ёв, муҳаббатга тўла китоблар?!


Кутдим...
Сира вақтинг бўлмади,
Юрак кетиб қолди кўчангга.
Жон билан ўйнашма, капалак, айтгин,
«Кутиш» нима ўзи инглизчангда.
 * * * 
Йигирма баҳорим!
Йигирма минг оҳ!
Умрим лаҳзасида сенинг сувратинг.
Топдим!!!
Бу дунёда ўтгайдир гумроҳ
Кимнидир ёқмаса
ишқнинг тийнати.


Ёндим,
ҳижронларинг бунчалар гўзал.
Тонгларинг афсунгар қиздай бокира.
Ассалом,
ул кўзлар яширган ғазал,
Кечир,
лаънатланган бўлсам гоҳида.


Йигирма баҳорим!
Менинг ўт болам!
Ой чархлаб қўйгандир
Сенинг тилингни.
Нур бўлиб ёритсин
Сен тўккан алам
Менинг йигирмада қолган умримни.


Йигирма баҳорим!
Йигирма минг оҳ!
Айланайин ҳалол йиғиларингдан.
Мен ахир тирикман!!!
Фақат Сен паноҳ
Мени айро этар туйғуларингдан.


Йигирма баҳорим!
Йигирма минг оҳ! 
Бир қиз сочларига осдик юракни.
Йиғладик,
куйладик,
ўт бўлдик ногоҳ,
Уйғотдик..
уйқуда ётган фалакни.
 * * * 
Бу тун ҳамма нарса менинг рақибим,
Дилда ҳижрон туғи — ғалаба.
Юракни эзғилаб ўтган поездда
Кетмоқда энг сулув талаба.


Тонггача Байронга тикилмоқ оғир,
Ухлайди темиртан трамвайлар ҳам.
Ва мени сукунат бўғар, беомон
Қароғимда қалқир тундай қаро ғам.


Севмаган доцентлар эслатманг менга
Беҳуда ўтгувчи нурсиз онларни...
Билинг ҳеч бир толиб эплолмас мендай,
Ёлғизлик фанидан имтиҳонларни.


 БОЛАЛИК


Гарчанд сўлғин руҳим, исёним...
Болалигим бироқ ўлмаган.
Бир бола бор тоза ошёнли,
Хуржунлари ўтга тўлмаган.


Бир бола бор... чўлоқ эшакда
Чизган қишлоқ харитасини -
Узоқ эди ўтрик — ўшакдан1
Умри кечди... олатаъсирли.


Қўлларидан тушмади ўроқ,
Сигир еди бармоқларини...
Мағрур эди болакай бироқ
Умид ёқар қароқларини.


Бир бола бор толтуш... тушида
Ухлар эди оппоқ тўшакда...
Бир лаҳзада кетди ҳушидан
Йиқиларкан қайсар эшакдан:


Ор номусу орзу зиёда...
Шеърлар ёзди болакай тунлар...
Бахтсиз эди бола дунёда —
Хуржун ўтга тўлмаган кунлар.


Шеър ўқирди далаларда у
Шеър ўқирди ғумай, ўтларга...
Юрак тўлган палларда у
Исм қўйди қари тутларга


Бир кун бари тугади... тамом,
Дала. Ўроқ... ва хуржунлари.
Бола жўнар шаҳарлар томон
Кўз олдидан ўтиб кунлари.


Шаҳар улкан...
Кечалар равшан.
Юлдузлардан кўпдир чироқлар.
Базму жамшид, кулгулар
шўх-шаьн,
Дилни ўртар сузик қароқлар...


Бунда ҳамма пўрим, озода,
Бир-бирини севар, жонимлар.
Гуноҳ эмас, гоҳо базмда
Эри билан отса хонимлар.


Тез тугайди ҳасрату хаёл,
Кўнгил қўмсар дашту далани.
Қай бир кунда сотарди аёл
Ойнавандда ўсган лолани.


Хира тортди...
Юлдузли осмон,
Ортда қолди боғлар, баҳорлар...
Туҳфа этиб ҳажру ишқ, достон.
Дилни ташлаб кетди гулзорлар.


Васли ҳижрон кетди қоришиб,
Ҳаёт оқди телба-тескари.
Шомда келар олам ёришиб,
Ёҳу, тонгда зулмат лашкари.


Оғрир руҳим... оғрийди руҳим, 
Тонг шамоли —
Бир хазин нола.
Осмонларда изғийди оҳим,
Сени жуда соғиндим, бола.


Ойдан олгин ўроқларингни,
Юлдузларга тўлсин хуржунинг.
Кўкдан сўра гуноҳларимни
Чеки борми қисмат ҳажрининг?!


Дўстдан рақиб бисёр дунё бу,
Юрагимни таларлар гоҳо.
Ёлғиз қолдим — чорладим сени,
Болалигим — энг буюк даҳо!


Руҳим ҳажр, юрагим ҳажр
Куйга солдим ҳажрларимни.
Юрагимни бир оғриқ ғажир,
Олиб кетгин ҳажрларингни...


Мен йиғладим; руҳим — исёним,
Болалигим бироқ ўлмаган...
Бир бола бор - тоза ошёним,
Хуржунлари ўтга тўлмаган.


 ТУН
 

Хосиятга


Хонанг бунча батартиб,
Ҳамма нарса жойида.
Ухлаб қолар чанг артиб
Ёз жавонинг пойида.


Тонггача ўчмас чироқ,
Руҳинг тетик — шоҳона.
Кўнглингга солар титроқ
Жавондаги даҳолар.


Навоий, Хайём, Чўлпон,
Пушкин, Балзак, Эдгар По.
Елкангни босган осмон —
Осиё ва Европа.


Даричангни оч, қара,
Шамолга бер ижозат.
Тунни айлаб масхара,
Дарахтлар қилар ижод.


Шамолнинг тароғида
Ёз боғлари таранди.
Новдалар титроғида
Тугамайди шеър жанги.


Ҳар шеърда бир даҳолик,
Гоҳ шон-шуҳрат лашкари.
Турибман жонда ҳадик,
Мен хонангдан ташқари.


... Шеър тугар қалб майлини,
Тун ваҳми олмас тортиб.
Жоним, энди майлими,
Тонгни қўйсам уйғотиб? 


1989 — 1990 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот