ҚОР ЧИЗГАН СУВРАТЛАР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ҚОР ЧИЗГАН СУВРАТЛАР
Қорга ёздим Исиндим –
Ўт ўрлади Исмингдан
Олис чоғлар музлаган
Баҳор ёнди кўксимда...
Чарсиллар қор учқуни,
Шамол ўйнаб учирар...
Зарра-зарра қорларга
Фалак Исминг кўчирар...
* * *
Қор. Кўча. Аллаким
кетаяпти қўлида гул...
У қайгадир шошар балким –
О, шодлиги аён буткул!..
... Йўл муз эди – йиқилди у.
Гул сочилди қорда шу дам –
Ва, кимдандир бахтли эди,
Қор устида ётган одам...
ҚАРҒА
Деразалар беркиниб олди –
Музойналар тортдилар парда.
Ташқарига таҳлика солди,
Қағиллашиб бир гала қарға.
Қўрқув нима?
Қилмаганман ҳис.
Эплаганман гуллашни қорда.
Шу ёшимда кўксимга илкис –
Оғриқ солди бир гала қарға.
Ичкарида ёлғизлик – қисмат.
Кир, киравер қилмайман зарда.
Аёз, сен ҳам бир гала ҳасрат –
Қўшиғидан бўлдингми зада?!
Ёлғиз юрак... Шунчалар оғрир,
Бироқ баҳор кўринар қорда.
Аёз, чида! Биламан, оғир –
Куйлаяпти бир гала қарға...
* * *
Кўксимдаги ғашлик топди ниҳоя -
Бугун ажойиб кун! Қор ёғар бетин.
Шундоқ оқ сукутда яхши ҳикоя
Ёзсам душманим ҳам мақташи мумкин.
Бугун ажойиб кун!
Дунё беғубор
Албатта келасан - кўришим мумкин!
Шундай ажойибки, истасам агар
Ҳавода муаллақ туришим мумкин!
* * *
Қор ёғмоқда... Сокин. Осуда.
Ҳар заррасин қалбга кўчирдим.
Шу муқаддас осмон остида,
Ғанимларим сизни кечирдим.
Бу дунёда яшаш осонми -
Нени топсак йўқотмоқлик нақд!
Бошимизда элаб осмонни
Устимиздан кулаяпти вақт...