БАҲОР КЕЛДИ


Олимжон ЎСАРОВ

БАҲОР КЕЛДИ

“Баҳор келди!..”– хабар қилар бойчечак,
Ажиб тўйхонага айланар дунё.
Ҳовлидаги бир туп ўрик – келинчак,
Оппоқ либос кийиб нозланар гўё.

“Баҳор!..”– новдаларда кўз очар куртак,
Чинқириғи унинг – момоқалдироқ.
Юлдузларга балки сўзлайди эртак
Қисматдошим менинг – лолақизғалдоқ.

“Баҳор келаётир!..”– адирларда ҳам
Майсалар унади, йўқолар изим.
Юрак сирларимдан огоҳ тор хонам,
Фақат бир суратга термулар кўзим.

“Баҳор келяпти!..”– чуғурлашади
Тепамда айланиб бир жуфт қалдирғоч.
Сўнгги сиримни ҳам ўғирлашади,
Бағрига илк сирим ўйган қайрағоч...

“Баҳор келаётир!..”– кўчадан бир тўп 
Тўпори болалар ўтди югуриб.
Кўксимда нимадир узилди шу топ,
Суратидан юзим олдим ўгириб.

“Баҳор келаяпти!..” Кошки қараса...
Қўлида адашим –қоракўз ўғли.
Ёнида қаддини ғоз тутган эса,
Собиқ хат ташувчи ўртоғим –ўғри...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот