Амир Худойберди 1961 йилнинг 13 мартида Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига қарашли Шилви (Шайх Шиблий) қишлоғида таваллуд топган. 1978 йилда тумандаги Ибн Сино номидаги 36-умумий ўрта таълим мактабини тамомлаган. 1978-1985 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Қарши тумани, Қашқадарё вилояти газеталари таҳририятида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлимида адабий маслаҳатчи, Қарши шаҳридаги 21- умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, Қарши Давлат университетида катта ўқитувчи, "Насаф" нашриётида бош муҳаррир ҳамда директор, республика "Мусиқа" нашриётида директор ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борган. Ҳозирда "Ренессанс пресс" нашриётида бош муҳаррир вазифасида ишлаяпти.
Мен сени севаман, ғунча лабида
Ўпичдай титраган шабнам мисоли.
Мен сени севаман, ҳижрон шабида
Эриб адо бўлган бир шам мисоли.
Мен сени севаман, чўққини қучиб
Жарликка осилиб турган қоядай.
Мен сени севаман, ўзидан қочиб
Ўзига эргашиб юрган соядай.
Мен сени севаман...
О, бундан ортиқ
Севишимни талаб қилмагин, гулим.
Бундан ортиғини этолмам тортиқ,
Бундан ортиқ севги бўлади ўлим!
НАДОМАТ
Яллачини танир, ҳаттоки
Танир думбул отарчини ҳам.
Итигача билади, токи
Бирор сири эмасдир мубҳам.
Билар: қандай рангни хуш кўрар,
Кимлар билан айлади сафо?
Қандай ухлар, қандай туш кўрар,
Шоирини танимас аммо.
Халқим дея, халқнинг бахти деб
Шеърлар битур шоир хилватда.
Берганича ёлғонларга зеб
Халқи эса яшар ғафлатда!
Ёлғонларнинг қули бўлганча
Яллаларга бўлади хуштор.
Юрак-бағри қонга тўлганча
Шоир куйиб битади ашъор.
Нима керак тафаккур қилмак,
Нима керак титмоқлик китоб?
Шоирини шартмикан билмак,
Ўтиб борар замон сершитоб!
Вақти келиб ғафлатдан бир кун
Уйғонарлар, аммо бўлур кеч.
Оқиб ўтди бир дарё фунун,
Соҳир қалбин англадингми ҳеч?
Фойда йўқдир йиғламак билан,
Ва ҳайкаллар тикламак зардан.
Эшитилар қайғули ўлан
Шоир мангу ётган мозордан.
У шунчалар мард эди, ўктам,
У шунчалар шиддатли- шаҳдли.
Қабри ичра ётур хотиржам
У халқини кўролса бахтли!