Эркин Воҳидов таваллуд топган кун


   Ўзбекистон Халқ шоири, драматург, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 1936 йилнинг 28 Декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида таваллуд топган. 1960 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факултетини тугатгач, «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960—63; 1975—82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963—70), директор (1985— 87), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982-85) вазифаларида ишлаган.Ижодий фаолияти давомида «Тонг нафаси» (1961), «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) каби шеърий тўпламлар нашр қилдирган шоир Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Қодирий сингари маърифатпарварларнинг 60-йиллардаги ижодий давомчиси сифатида ўзбек адабиётида ўз изини қолдирди.Унинг «Орзу чашмаси», «Нидо» (1964), «Қуёш маскани» (1970), «Бахмал» (1974), «Руҳлар исёни» (1978— 79), «Тошкент садоси» (1983) каби асарлари ўзбек достончилигининг етук намуналаридан ҳисобланади.«Ўзбегим» қасидаси (1968) эса коммунистик мустабид тузум даврида миллий уйғонишимизга баракали таъсир кўрсатган. У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990—95); 1995 йилдан Ўзбекистан Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган. У «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983).
   2016 йилнинг 30 май куни таниқли ижодий арбоб ва Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этган. 

ЎЗБЕГИМ
(қасида)

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.
Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.
Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.
Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча ҳоқон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.
Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлдию,
Икки дарё — икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим...    










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот