Саида Зуннунова таваллуд топган кун (1926 — 1977)


   Зуннунова Саида (1926.15.02. - 1977.20.03) – шоира ва ёзувчи, янги замон аёллар ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири. Ёзувчи Саид Аҳмаднинг рафиқаси. 
   Истеъдодли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова 1926 йили Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келган. 
   1947 йилдан Тошкентда Андижон ўқитувчилар институтини (1943) ва Ўрта Осиё университетининг филология факультетини (1952) тугатган.”Гулхан” журнали (1953-56), “Ўзбекистон маданияти” газетасида адабий ходим (1956-57), Бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир (1957-58), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1962-67) бўлиб ишлаган.
    Зуннунованинг “Янги шеърлар” (1950), “Гуллар водийси” (1954), “Қизларжон” (1962), “Шеърлар” (1964), “Бир йил ўйлари” (1967), “Нилуфар” (1972) шеърий тўпламлари нашр этилган. Шоира гўзал лирик шеърлар билан бир вақтда “Содиқ ва Анор” (1947), “Хайрихон” (1949), “Сурат билан суҳбат” (1966), “Қўшниларим” (1968) сингари достонлар ҳам яратган.
  Унинг “Гулбаҳор” (1956), “Повесть ва ҳикоялар” (1957), “Гулхан” (1959), “Дўстлик” (1960), “Қанот” (1961), “Олов” (1962), “Кўчалар чароғон” (1965), “Бўйларингдан ўргилай” (1972) сингари насрий китобларида хотин-қизлар ҳаёти ҳаққоний бадиий тажассумини топган. “Янги директор” , “Олов”, “Одамлар орасида” қиссалари, “Она” (1966) ва “Кўзлар” (1968) пьесалари ҳам бор. 
 Турмуш ўртоғи — Саид Аҳмад, ўзбек совет ёзувчиси, драматург, қизи – Нодира Ҳусанхўжаева.
   “Ҳурмат белгиси” нишони билан мукофотланган.
   Саида Зуннунова 1977 йил Чиғатой қабристонига дафн этилган. Тошкентдаги кўчалардан бири ва 224-сонли мактабга, шунингдек, Андижон шаҳридаги кўча ва мактаблардан бирига ҳамда Бўз туманидаги академик лицейга Саида Зуннунова номи берилган. 2013 йилнинг 10 июнь куни Тошкентдаги Ўзбекистон миллий боғида Саида Зуннунова ва Саид Аҳмадларнинг ҳайкали барпо этилган.
   Адабиётимизнинг икки буюк намоёндаларининг ҳаёти, муҳаббат ва садоқати акс эттирилган, Ўзбекистон санъат арбоби, марҳум Шуҳрат Аббосов ва Нодира Ҳусанхўжаева (Саид Аҳмаднинг қизи) сценарий муаллифлари ҳисобланмиш «Саид билан Саида» фильми «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига кўра 2018 йил тасвирга олинган.
   Бадиий фильмда ролларни Эркин Бозоров (Саид Аҳмад), Шаҳло Темирова (Саида Зуннунова), Зулхумор Мўминова, Дилноза Кубаева, Шодия Тўхтаева, Фурқат Файзиев, Жумадулла Раметов ва бошқалар ижро этишган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот