Анвар Обиджон (1947 - 2020)


  Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Обиджон - Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 8 Январь (ҳужжат бўйича 25 Январь) куни хизматчи оиласида туғилган.
  1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарган. Шоир 1979 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини сиртдан тамомлаган.
   1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида, «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.
  Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер» (1974), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984) сингари болаларга аталган шеърий тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келган ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда, ўзига хос йўл танлаган. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983),  «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
  Булардан ташқари, адиб «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши», «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, пьеса ва шеър, достонларини ҳам яратди.
   У болалар учун ҳам, катталар учун ҳам кўплаб қисса, шеър, достон, ҳикоя, пьесалар ёзган. Анвар Обиджоннинг драматург сифатидаги фаолияти 1983 йил “Қўнғироқли ёлғончи” комедияси Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилганидан бошланган. Анвар Обиджон “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Шуҳрат” медали, 1998 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган.
   Шоир 2020 йилнинг 11 апрель куни вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот