ҚАДРИЯТЛАР ҚЎШИҒИ


Абдукамол РАҲМОНОВ

ҚАДРИЯТЛАР ҚЎШИҒИ
(баллада)

Дунё айвонида эл-элат бисёр,
Жумлаи жаҳонда беқиёс юрт бор.
Юртларнинг гултожи – шоҳона диёр,
Ўзбекистон эрур – гўзал, бетакрор!

Азиз меҳмон бўлинг Ўзбекистонда,
Шарқнинг мўъжизасин завқини суринг!
Серқуёш ўлкамда, боғу бўстонда,
Ҳаётнинг сурури, шавқини суринг!

Сизни бунда Замин суйиб, эркалаб,
Қулочин кенг очиб кутиб олажак.
Юзингиз сийпалаб, сочингиз силаб,
Майин шаббодалар қучиб олажак!

Сержило табиат кериб қошини,
Кўм-кўк адирларга чорлагай шоён.
Гужум, мажнунтоллар эгиб бошини,
Сизни ардоқлайди, муҳтарам меҳмон.

Тоғдан сизиб чиққан булоқ сувлари
Кумушдек сержило, “Замзам”дек зилол.
Гуллар ифорини сипқириб ари,
Бахмал тоғларидан келтиради бол.

Шоҳимардон, Зомин, Заркент, Хумсонсой,
Бўстонлиқ, Олтинсой, Сариосиё,
Китоб, Шаҳрисабз, Паркент, Косонсой...
Фирдавс боғларидан нишона гўё. 

“Сангижумон” деган мўъжиза тошлар,
Қирқ қизга ҳайкал тош тоғлари машҳур.
Айиқ, қоплон, йўлбарс, шер – заминдошлар,
Наботот-ҳайвонот боғлари машҳур!

Одам Ато кезган тоғлар ҳам бизда,
Момо Ҳаво юрган боғлар ҳам бизда,
Ҳазрати Довудни сақлаб қолган ғор,
Сулаймон, Дониёр пайғамбарлар бор.

Эрадан аввалги наққош Қирқўрғон, 
Сармишсой, Жарқўрғон – Янбошсой, Бурган.
Милоддан сўзлайди кекса Қулқўрғон,
Садо берар мудом қадимий Кушон.

Нур Отани асло кўрмасдан бўлмас,
Чашмаси шифодир, балиғида сир.
Кўрмасангиз агар кўнглингиз тўлмас,
Учқудуқ, Зарафшон – чўлдаги қаср.

Барчинойлар юрган тоғлардан ошиб,
Сангардак булоғин кўрмоқлик бир бахт.
Китоб довони-ю, боғлардан ошиб, 
Ҳисор тоғларида юрмоқлик бир бахт.

Нанай тоғларидан топинг битта жой,
Булбуллар куйидан бўласиз сармаст. 
“Боғи шамол”да бор бир пиёла чой,
Ўзбекнинг чойидан афзали бўлмас.

Андижон, Наманган, Фарғона – водий,
Тоғлар орасида яралган бўстон.
“Яшил макон” сари киришган жиддий,
Хонабод боғининг ўзи бир достон.  

Шоҳимардон суви танга кўп даво,
Оқ сув билан кўк сув қўшилишган сой.
Икки сув қоришар, ҳамма маҳлиё,
Аммо, айролиқда мисли Қуёш – Ой.

Туз тоғлари асло ривоят эмас,
Шеробод туз тоғи – ғор Хўжаикон. 
Келиб кетган меҳмон ҳеч ҳам унутмас,
Қорақалпоқда бор “Борса-келмас” кон.

Шифо тилаб келган азиз меҳмонга
Жигарнинг шифосин Бойсунтоғ айтар.
“Омонхона”да тез, кирар дармонга,
Юзига ранг иниб, ёшариб қайтар.

Сув ости, сув усти чексиз флора,
Аму, Жайхун узра қизғин саёҳат. 
Дарёлар қўйнида катта фауна,
Балиқлар хироми бахш этар роҳат.    

Водий ё воҳани кезганда ҳар гал,
Ўзбекнинг серҳашам уйларин кўринг.
Ақиқа, бешик тўй, хатна ва мучал.
Наҳор ош ва базм – тўйларин кўринг.

Шўрва, сомса, лағмон, мастава, норин...
Дастурхонлар узра айланар коса.
Манти, хоним, барак, каллагўшт, қорин –
Миллий таомларнинг тури кўп, роса.

Тўкин дастурхонда сут, қаймоқ, қатиқ,
Қўй гўшти, мол гўшти, воҳ “ажабсанда”.
Овқат келаверар беш-ўндан ортиқ,
Палов билан сийлар сўнгра пазанда. 

Руҳият юқори, боринг бозорга,
Одил тош-тарози, ҳалоллик юксак.
Далага бир чиқинг, киринг боғзорга,
Деҳқоннинг қўлидан гул унар бешак!

Тилни ёрадиган қовун, анжирлар,
Шода-шода узум – жаннатга монанд.
Тандирдан узилган нон-у патирлар,
Оналар меҳрига, дилига пайванд.

Ўрик, олма, анор, нок ва қароли
Эрта-кеч мунтазир азиз меҳмонга.
Ёнғоқ, олча, хурмо, беҳи, шафтоли –
Юртим мевалари дармондир жонга.

Тўрт фаслли бу юрт, чароғон, сокин,
Тунлари, тонглари ойдиндир илло.
Баҳори мусаввир, сойлари тошқин,
Сувга жило берган тошлари тилло.

Олтин куз жамолин ойга таққослар,
Юртимнинг ёзини, қишини кўринг.
Самарқанд қоғози, адрас-атласлар – 
Ҳунарманд аҳлининг ишини кўринг.

Бахшилар юрти бу, “мақом”лар юрти,
Куйла жаҳон, дейди “Шарқ таронаси”.
Бешиклар тебратган момолар юрти,
Чанқовуз куйида она алласи.

Энг кўҳна тарихдан сўзлаган сўзин,
Хоразм тарихи минг битта асар.
Хивани бир кўрган унутар ўзин,
Унда эзгу китоб – “Авесто” яшар.

Қорақалпоғистон – Устюртда сарой,
Қизилқум чўлида мисли гулдаста.
Султон Увайс тоғи, Сариқамиш сой –
Эрадан аввалги тиграхауда.

Меҳмонга қўй сўяр, оёқ остига,
Бор будин қўяди – очиб дастурхон.
Бир кўзда қарайди баланд-пастига,
Атойи Худодир ҳар қандай меҳмон.

Бухоро, Самарқанд қадимий шаҳар, 
“Ер юзин сайқали” деганича бор.
Чорминор, Регистон кўркка кўрк қўшар.
Кўзмунчоқ юртимга пирлар мададкор.

Бу юртда қадр бор, юз минг қадрият, 
Диёнат, оқибат, орият устун.
Сахий, саховатли барча раият,
Аҳил, оқкўнгилдир, кўкси бус-бутун.

Ёши улуғ одам ҳурматда мудом,
Йўл бериб, жой бериб қилинар эъзоз.
Кексаларга доим юксак эҳтиром,
Ҳар инсон ҳамфикр, ҳамдаму ҳамроз. 

Бир сўзли, самимий, оддий, камтарин,
Қўллари кўксида, дилида раҳмат!
Кўп миллат, кўп элат – тиллари ширин,
Бахтли оиламиз – бахтли мамлакат! 

Ерлари муқаддас – тупроғи гавҳар,
Тоғлари жавоҳир – боғлари гулзор.
Қалби дарё эрур, кўкси чаманзор,
Бунда менинг севган улуғ халқим бор!

Менинг она юртим – кўксимга шондир,
Юрагим қуввати, танамга жондир!
Юртлар ичра танҳо жаннатмакондир,
Қадриятлар уйи – Ўзбекистондир!

2021 йил 22 ноябрь.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот