ҚУЁШ МЕНГА ҚЎЛ УЗАТДИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ҚУЁШ МЕНГА ҚЎЛ УЗАТДИ
(Рассом ҳикояси)
Укам Умиджонга бағишлайман
Саҳар уйғондим. Хонадошларимга ҳалал бермаслик учун чироқни ҳам ёқмадим. Ими-жимида кийиндим. Оёқ учида юриб эшикка яқинлашдим.
— Рассом бола, йўл бўлсин?! Каллаи наҳорда кимнинг кўзидан учиб турувдингиз? Сведания борми, дейман-а?
Ёзувчининг кутилмаган иддаосидан эшикка чўзилган қўлларимга қадар титроқ тушди. Бунинг нима иши бор экан-а? Гастролга келганимиздан бери, уч кундирки пичинги пичоқ қайрайди. Шу билан бир хонага тушиб қолганимни қаранг. Илимилиққина-ю, лекин гаплари илмоқли.
— Шу... тоза ҳавони айланиб келай...
— Тонгда сайр қилиш жуда яхши, — деди ёнбошга ағдарилиб халқ артисти Турғун ака. — Бораверинг иним, хўб яхши иш қиласиз.
Денгиз томон йўл олдим. Соҳилдаман. Қуёш сув ичидан қалқиб чиқа бошлади.
Ҳа, қуёш денгиз тубидан кўтариларди. Олис осмон бурчига туташ денгиз тубидан бўй кўрсатган қуёшга ҳангу манг бўлиб қараб тураверардим.
Бепоён кўк узра тўзғиган оқ, қўнғир булутларни аланга чулғади. Агар бу манзарани бирор бир синчковгина болакай кузатиб турганда борми, ҳеч иккиланмай: “Амаки, офтоб осмонга ўт қўйди...”, дерди ва табиийки, адабий оламдаги энг гўзал ташбеҳ шу бўларди. Биз ҳам шу болага ишонайлик: “Офтоб осмонга ўт қўйди...”.
Мен соҳилдаман. Қуёш ҳали сув ичидан батамом чиқиб улгурмаган. Оқ-сарғиш тусда жимирлаб турган думалоқ мўъжизага бемалол тикилиб турибман. У оҳиста кўтарилиб осмон адоғида ястанган оловтус булутга яқинлашиб бормоқда. Офтоб бир лаҳзагина сув сатҳи ва ловуллаб турган булут орасида муаллақ қолди. Денгиз сатҳида қуёшдан то мен турган соҳилга қадар энига тўрт қулоч келадиган тилларанг, сарғиш узун йўл пайдо бўлди — қуёш мен томонга лангарйўл ташлади, қуёш менга қўл узатди.
Денгизни қоқ иккига бўлиб турган бу ёғдуйўлакдан юриш учун одам ўзини бегуноҳ, ортиқча юкдан ҳоли ҳис қилиши керак деган ўйга бордим. Ким билсин, бу дунёнинг кир-чирларидан ўзини асраб, тоза тутган зотлар шу нурйўлдан қуёш томон юриб боришар, балки...
Яратган Эгам ўзининг ана шундай мўъжизалари билан бизга кимлигимизни эслатиб, кўрсатиб қўяр, эҳтимол?
Қуёш сувдан чиқиб бўлди. Денгизда осмон акс урди. Денгиз шуъла оғушидаги бепоён осмонга айланди. Йўқ, осмон денгизда чўкиб ётибди, эҳтимол, осмон денгизда чўмилаётгандир. Бироқ денгизни ҳамон ўша ёғдуйўлак қоқ иккига бўлиб турибди.
Офтобни кузатиб қўйган денгизга осмон ҳамду санолар айтарди. Қизғиштус булутларни ўз бағридан юлқиб, гулдаста каби сувга отарди гўё. Тўлқинлар мавжида шуъла кўпириб тошарди.
Яратган Эгам ҳудудсиз денгиз юзида ловуллаб ёниб турган осмон сувратини муҳр этган эди. Бу илоҳий манзара сув қаърида ҳам зуҳр эди, кўзим қамашарди.
Ўша ёғдуйўлак ҳамон денгизни қоқ иккига бўлиб турибди.
Мен кўзларимни юмиб, қўлларимни кенг ёздим. Бепоён осмон ва шуълавор денгизни бағримга босмоқ истадим. Тасаввур кучи билан кўксимни очдим, ботинимда борлиқ жо бўлди.
— Қуёшга бораман. Қуёш то фалакка кўтарилиб кетмасдан қуёшга етиб бораман, — дедим.
Мен шамолдай, йўқ, нурдай енгил эдим. Денгизни қоқ бўлиб ўтган нурйўлак бўйлаб сув устида юриб кетдим...
...Туйқус... туйқус нимадир гувиллади. Лаҳзада зил-замбил тошга айландим. Борлиқ зимистон тортди. Кимдир қичқиргандай.
Ғивир-шивир ичида кимдир мени силкилаяпти. Кўз очдим. Хира-шира. Тепамда шарпалар пайдо бўлди. Қобоқларим тортишиб оғрияпти. Аниқ эшитдим:
— Кўзингизни очинг! Кўзингизни очинг, — таҳдидли овоз соҳиби ҳамон мени турткилаётганини ҳис қилдим.
Тепамда хонадошларим — халқ артисти Турғун акани, ёзувчи Сайёҳ Сиёҳни ҳамда яримяланғоч, билаклари уйнинг боларидай келадиган, кенгкўкрак, бақувват-барзанги нотаниш кимсани кўрдим.
— Сизга нима бўлди?, — деди Турғун ака синиқ овозда.
— Мен қуёшга кетмоқчийдим...
— Ол-а, сувда чўкиб ўлишингизга бир баҳя қолибди-я, -- кесатди ёзувчи.
— Алаҳсираяпти, ҳалал берманглар, — деди нотаниш кимса.
Мен алаҳсирамадим. Кўзларимни юмиб олдим. Уларнинг гапини эшитиб ётдим.
— Тавба, кийим-боши билан ўзини денгизга ташлагани нимаси? — деди Турғун ака.
— Ҳеч ким ҳеч нарса демаганмикин? Бирор проблемаси бормиди ё, қарз-парз, ўйнаш-мўйнаш дегандай? Йўқса, нега чўкмоқчи бўлдийкин? — минғирлади ёзувчи.
— Бас қилинг-ей!!! — Турғун ака уни жеркиб ташлади.
— Йўқ, у чўкмаётганди. Сувда юриб бораётганди, ўмганидан тепаси сув юзида эди. Оёқда тик турган кўйи сувда юриб сузган одамни биринчи кўришим, — деди нотаниш кимса.
— Яхшиям сизлар — қутқарувчилар бор экансизлар? Йўқса, рассому даврондан ажралиб қолар эканмиз, — пичинг қилди ёзувчи.
— Жим бўлинг. Нафасингиздан наҳс гап уфуради-я. — Турғун ака тутақди.
— Бошқалар ҳам кўрди. Қайиғимиз яқинлашгунча у сувда тик турди, — деди нотаниш кимса.
— Худо асрабди. Чўкиб кетмабди. Энди шу гаплар ўртамизда қолсин. Эрталабдан ёмон гапни шамоллатмайлик. Бироз дам олсин. Нонуштани ўзимиз олиб келамиз. — Турғун ака бу гапни ёзувчига теккизиб гапирди.
Хонада ёлғиз қолдим. Ўрнимдан турдим. Дераза пардасини сидирдим. Ташқарида ҳад-ҳудудсиз денгиз шовуллаб, чайқалиб тўлқин урарди.
Қрим – 2018 йил.