Болаликнинг буюк овози


Қўчқор НОРҚОБИЛ
           
Болаликнинг буюк овози
Ҳикоя

Ота: — Ҳеч нарса ёқмаяпти. Ўғлим, менга жимлик керак. Жимлик.
Болакай: — Хўп дадажон, ёнингизда индамасдан ўтираман. Ҳеч нимага тегмайман.
Ота: (Оғир хўрсиниб ўғлига қарайди) — Қани энди Сен сукунат нелигини тушунсанг... Олис-олисларга бош олиб кетсам, ҳеч ким, ҳеч ниманинг, на жонли, на жонсизнинг овозини эшитсам... Ёлғиз сукут ичра қолсам бирпас.
Болакай: (Ҳайратда) — Сувнинг ҳам, шамолнинг ҳам, қушларнинг ҳам, ҳеч ниманинг овози йўқ жой бормикин, дада?
Ота: (Ўз дарди- дунёсига ғарқ бўлиб) — Бордир. Агар бундай жой бўлмаса жимлик, сукунат деган сўзлар қаёқдан келди?
Бола: (Ўйчан) — Дадажон, бир гап айтаман, кейин чиқиб кетаман, кейин сизга ҳалал бермайман. Майлими?
Ота: (Таажжубда) — Хўш...
Болакай: (Дераза пардасини сидириб ташқарига қарайди) — Дадажон, сизга ташқари эмас, ичингиздаги овоз ҳалал бераяпти. Сиз ўшани эшитмасликни ўрганинг. Ҳаммамизнинг ичимизда овоз бор... Баъзи пайт ўша овоз сизни безовта қилади.
Ота: (Бир қалқиб тушади) — Сенга буни ким айтди?
Болакай: — Ўзим биламан. Сизни соғинсам Сизнинг овозингиз, (болакай титраб кетади)  баъзида Ойижонимнинг овозлари эшитилади ичимдан. (Боланинг кўзларида ёш ғилтиллайди) — Ҳа, Ойижонимнинг овозлари нариги дунёдан келиб, менинг ичимга яшириниб олади. (Болакай оғир хўрсинади, сўнг пиқиллаб, яна хўрсиниб қўяди).
Бола сўлиш олиб, эшик томон юради. Ота ҳангу манг. У кучли бир зарбдан гандираклаб қолгандек эди. Отанинг ботинини нимадир қириб, куйдириб ўтди. Ўғил боши хам, елкаси чўкиб эшик томон юраяпти.
Ота: (Жон ҳолатда) — Болам, болажоним-м-м!
Ўғил илкис ортга қаради. Кўз ёшларини тиёлмай титраб-қақшаётган отанинг бағрига отилди. Икки ярти бир бутун бўлишди. Уларнинг иккиси ботинида ҳам айни дам бир овоз садо берарди. Бу — дунёдаги энг гўзал Ёр ва дунёдаги энг гўзал Онанинг овози эди. У ота ва ўғилни, бу дунёни ташлаб кетганига бор йўғи бир ойгина бўлган эди.
...Орадан эллик йил ўтди. Буюк ўзбек адибига “Ичимдаги овоз” деб номланган романи жаҳоншумул шон-шуҳрат олиб келди. Китобнинг дастлабки саҳифасида шундай идрок баён этилганди: “Сувнинг шилдираши, қушларнинг чуғурлаши, шамолнинг гувиллаши, ёмғирлар шитири, чақмоқ ва довуллар... бари-бари буюк табиатнинг мангу мусиқасидир. Агар табиат бир лаҳзагина мусиқани тўхтатса, борлиқни тутган даҳшатли сукунат чинқириғидан бутун инсониятнинг қулоқлари тош битиб кар бўлиб қоларди. Инсоният сукунат зарбини кўтаролмайди... Бу китобни Отажонимга бағишлайман!”










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот