СЕВИНЧНИНГ ҚУШЛАРИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
        
СЕВИНЧНИНГ ҚУШЛАРИ 
                  Ҳикоя

   Уҳ, совуқ.
   Қаҳратон қонингни қатрон этади. Итни ингиллатадиган изғирин. Қишнинг қаҳри қўзиди, деб шуни айтсалар керак.
    Севинч қизим боласини кўксига босиб кириб келди.
– Дадажон, уйимиз совуб кетди. Куёвингиз ҳам ишдан чиқиб шу ерга келадилар. Набирангиз шамоллаб қолмасин, ўзимиз-ку бир амаллардик...
   Гуппидай қилиб қалин кийинтирилган, камига жун матоҳ билан ўраб-чирмалган гўдакнинг кўзгинаси жовдираб турибди. Ёпинғичнинг попукчалари ҳам қандилнинг сим-симларидай бўлиб ялтираб турибди – музлаб қолган.
    Эти юпқанинг этиги ҳам йиртиқ бўлади.  Шу совуқда электр билан газнинг таги  тортилганини қаранг.
    Бизнинг уй  иссиқроқ; газ ҳам, чироқ ҳам “ўйин” қилмаяпти. Хайрият...
   Хуллас, болалар жойлашиб олишди. Эмгакдаги эрмаквой набирамизнинг қилиқлари қирни қимирлатади; хурсанд – у ёққа  эмгаклайди, бу ёққа эмгаклайди, шугинанинг ҳам қони юришиб, юзига қизиллик инди. Севинчнинг кўнглида миннатдорлик туйғуси жўшиб кетди; оёғи олти, қўли етти. Саранжом-саришта бўлишига қарамай, уй ичини яна қайта супуриб-сидиришга киришди. Бизни оғир олмасин деб ўйлаяпти шекилли, шунинг учун пойи-патак.  “Э-е-е-й, қизим-а, қайси ота-она ўз боласини малол оларкан, бунчалар безовта бўлмасанг-чи..."
   Тушликдан сўнг Севинч деразани очиб, дирдираган кўйи конденционернинг  ташқарида ўрнатиладиган ускунаси устига нон ушоқлари солинган ликопчани қўйди.
–  Нега ундай қилаяпсан?
–  Қушлар ейишади. Ахир бу совуқда ўлиб қолишади-ку. Овқат топишолмаётгандир...
–  Шундай изғиринда қуш учармиди? Ҳаммаси ин-инига кириб кетгандир. – Хаёлимда шаҳарнинг қоқ ўртасидаги уйнинг саккизинчи қавати деразаси ёнига Севинч деган қизимиз уларга атаб  нон ушоқлари қўйганини қаёқдан билишсин, деган ўй кечди. – Майли, дадажон, биз сабабини қилиб қўяверайлик. Худо қушларни бизникига юборади. Оллоҳимнинг ўзи айтади, ўша ерга боринглар, ризқингиз бор деб. 
  Севинч худди хаёлимдаги гапни уққани каби жавоб қайтарди. Ғалати бўлиб кетдим. Мулзам тортдим. 
   Кеч кирди. Кўчада қатновлар ҳам муз тортди. Қаҳратоннинг ўлик сукунати. Севинчнинг ликопчаси ёдимга тушди. Ошхона деразасидан қарадим; ликопча бўм - бўш. Нон ушоғи ва бир сиқим гручнинг урвоғи ҳам йўқ. 
   --- Дадажон, ана, кўрдингизми, қушлар келишибди. Энди бизни дуо қилишади. 
    Севинч хурсанд.  Ликопчани олди-да, яна бир кафт груч ва нон ушоқлари солиб, ташқарига қўйди. 
    Ҳар тонг ошхона деразасидан ликопчага қарайман,  идиш бўш туради. Демак қушлар келиб кетишибди. Севинаман.
   Кунлар исиди. Болаларимиз ўз уйига кетадиган бўлишди. Севинч ташқаридаги ликопчада ҳамишагидан уч - тўрт ҳисса ортиқ емак қолдирди...
   Дўконга кирдим. Елим тўрвачаларда қушлар учун махсус озуқа сотиларкан. Энди Севинчнинг қушларини  ўзим ҳам “овқатлантирадиган”  бўлдим. 
   Якшанба куни.  Уйда ёлғиз эдим. Бир талай ишларни режалаштиргандим. Барчасига улгуришим керак. Шошиб ташқарига чиқдим. Машинани қиздириш учун ўт олдириб қўйдим. Катта кўчага қўшиламан, деб анча туриб қолдим. Беихтиёр уйимиз деразасига қарадим. Шу маҳал қаёқдан пайдо бўлди, билмайман, бир қуш учиб келиб, деразамизга ўзини зарб билан урди-да, ҳавога кўтарилди. Унинг ёнига иккинчиси ҳам келиб қўшилди. Қушлар жон ҳолатда деразага ташланишиб, ойнага тумшуқларини уравердилар. Дам ҳавога кўтарилишади, дам ўзларини деразага уришади. Мен уларга анграйиб қараб туравердим. Қушлар энди ойнани синдиргудай шиддат билан ўзларини деразага уришар, уларнинг ёйиқ қанотларидан момиқ патлар тўкиларди. Ваҳимали чуғурлашганини айтмайсизми? 
  Юрагим шууув этди. Машинадан отилиб тушдим. Алланечук ғайришуурий ҳолатда уйга югурдим. Гўёки, кимдир мени тепада бошқариб  тургандай эди. 
Уй эшигини очишим ҳамона димоғимга куйинди ҳиди урилди. Кўзим ачишди. Ток ургандай сесканиб, кичик  хонага югуриб кирдим. 
   Ёйиқ қолган кўйлагим устидаги дазмол атрофи қорайиб кетган, ўйилган мато остидаги тахта тутай бошлаган эди. Ҳалигинда шошиб дазмолни ўчирмаган эканман. Хона ичини ўткир ҳид, ёнғин олдидан содир бўлажак, бўғиқ тутун қоплаганди. Яшин тезлигида дераза томон югурдим, ҳамма хоналарнинг ойнасини очиб ташладим.
  Ошхонага кирдим. Ташқарига қарадим. Шундоқ, дор учун ўрнатилган симда икки қуш ҳурпайиб туришибди. Иккисининг ҳам нозик тумшуқчалари атрофидан қон сизар, ликопчада жароҳат олган қанотлардан тўкилган момиқ патлар сочилиб ётарди. Ич- ичимдан қалтироқ турди. Бўғзимга нимадир тиқилди. Кўзларим ачишди. Йўқ, кўзларим ичкаридан ўралаётган тутундан эмас, ботинимдан отилиб чиқаётган кўз ёшлардан ачишаётганди. Лабларим беҳолгина пичирларди:  “Раҳмат Сизга, Севинчнинг қушлари! Раҳмат Сизга!.."
                                                 
14.02.2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот