БАҒРИМИЗДАН БЕЗГАН БОЛАЛАР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
БАҒРИМИЗДАН БЕЗГАН БОЛАЛАР
ҳикоя
Мактаб билан тоғ тагидаги қишлоқ ораси бор-йўғи беш чақирим.
Туман марказидан шу ёққа йўл олдилар. Ўттиз нафар ўқувчига дарсни табиат бағрида ўтишга қарор қилган муаллимнинг кўнглидан нелар кечаётгани бизга номаълум, бироқ унга эргашган бўй етган ўғил-қизларнинг парвойи фалак, аксариятининг қиёфаси тунд, оёқ олишлари зил-замбил эди; худди қўмондон ортидан норизо одим отган қўшин каби ҳорғин жилишарди.
Улар тепалик адоғида оёқ илдилар.
Табиат дарсида табиат қучоғида бўлиши яхши-да!
--- Бугунги амалий дарсимизда ўз она еримиз бағридаги мавжудотлар билан танишамиз, --- деди муаллим қўлларини бир-бирига қарсиллатиб уриб. Ахир, табиат бағри --- бизнинг бағримиз-ку, шундай эмасми?
Атрофга хушҳолу, сурур ила боқиб, қулочини кенг ёйиб, жилмайган кўйи кўзларини юмиб олган ўқитувчининг бу қилиғидан бироз энсаси эгов тортган ўсмирлар ишшайиб туришди. У шу мактабга бу йил, ҳууув, Термиз томонлардан еелиб қолган... Кўнглида самимият ва ҳаяжон ҳисси тўлиб тошувчи бу инсонни кўпчилик ўқувчилар ҳовлиқмаликка йўлиққан, деб тушунар, нафақат катта синф болалари, балки айрим ичи тунд ва бўш ҳамкасблари ҳам шундай ўйлашарди.
Эрталаб ўз режасини жамоага билдирганди, директордан тортиб бошқа муаллимлар ҳам ботинида тошган мазах бўронини тўхтатишолмади, юзларида киноя қалқиб, унга соғмисан, ишқилиб, тоғ томонда пишириб қўйибдими, деган маънода қарашди ва айримлари майли даф бўла турсин, қулоғимиз тинчийди, бугун унинг эзмалиги-ю ҳайратли гапларидан қутуларканмиз, деган хаёлга боришди.
--- Тўппа-тўғри қиласиз, укажон! Боринг, табиат бизнинг онамиз, ундан хабар олиб туришимиз керак, --- деб юборди мактаб директори енгил тин олиб.
--- Жуда фидойисиз! --- кесатди директор ўринбосари. --- Қойил! Боринг!
--- Биз ҳам қувватлаймиз. Табиат дегани нақадар қизиқ фан. Табиат эса... э-э-ей, туганмас бойлик. Бораверинг, иним, Холматбой! --- ўсмоқчилади кимё фани ўқитувчиси.
Кўнгли беғубор Холматбой иддао-кинояларни унча пайқайвермас, ҳар гапни ҳақ тушунар, эгри мўридан тўғри тутун чиқади, деб ўйлайдиган одам эди.
Хурсанд бўлди, мана келди тоғ ён бағрига!
О-о-о, ҳавони айтмайсизми?! Шовуллаган сойни қаранг. Эпкин эсаяпти, ўт-ўланлар, гулу чечаклар бўйи муаттар этган борлиқда қур тўккан ям-яшил тепалик, осмон оққан уфқларга туташиб кетган бепоён дашту дала... Авжи баҳор чоғи тириклик ва муҳаббат симфонияси яйраб, қушлар фалакда чарх уриб, неки жонзотда жонланиш сезилган бундай илоҳий паллада одам боласининг томирларида қотган қон ҳам қайнаб-жўшиб, кўзлари равшан, тасаввури тиниқ тортади. Табиатнинг буюк тортиғида Яратганнинг инъоми бор, ахир. Табиат шунинг учун ҳам Инсон қалбида нафақат куч-қудрат, балки севги ва муҳаббат ҳисларини аланга олдиради. Инсонга у ер фарзанди, у ҳам табиатнинг бир бўлаги эканлиги, ундан ажралса, ўлик тошу кесакдан фарқи қолмаслигини эслатиб туради.
Холмат муаллим шундай хаёллар ила ўз дилини хушларди. У ўтлоқ узра чўккан кўйи қўлтелефонига мўлтираб "термулиш" машғулотини бошлаворган ўқувчиларига қаради.
---Хў-ўш, мана шу дунёнинг энг гўзал жойи, Олтиндаламизнинг кўрки ён адир бағридаги ўсимликлар билан танишамиз.---У тўда-тўда бўлиб ўтирволишиб, қўлидаги телефонга кўз қадаган болаларга бироз термулиб турди. Ҳамма банд. Ҳамма бу ерлардан олисда. Ҳамма табиатдан узилган. Ҳамма қўлидаги қўлматоҳга қул бўлган. Хуллас, ҳамма йўқ. Биргина Холмат муаллимнинг ўзи бор. Бошқалар қўлтелефон ичига кириб, сингиб, йўқ, икки букланиб, қайтмайдиган бўлиб ки-р-и-и-и-и-иб кетган!
Муаллим ерда ялпайиб ўсган, ўртасида сариқ гули бўй чўзган Момоқаймоқнинг бир новдагинасини авайлабгина узиб олди-да, болаларга кўрсатди.
--- Бу нима? Қани, айтинглар-чи! Буни бизда Қоқиўт дейишади. Фанда эса?.. Хўш, фанда нима дейиларкан? Қаранглар, тугмадеккина сариқ гули ҳам бор. Буни ювиб тозалаб, туз қўшиб истеъмол қилсак ҳам бўлади.
Ҳамма жим. Ҳамма анграйган.
--- Э-е-ей, шуни ҳам билмайсизларми?
Болалар қўлтелефон орқали интернетга шўнғиб, бу арзанда ўтни излашга тушишади. Муаллим ҳайрон.Ва, ниҳоят ўқувчилардан бири
Момақаймоқнинг хусусиятларини қўлтелефон экранидан шариллатиб ўқиб беради!
Муаллим муз. Муаллим баҳор бағридамас, қаҳратон қаърида. Муаллим музлаяпти.
--- Хўш-ш-ш, унда манови тип-тикка ўсимликнинг номини ким билади?
Ҳамма интернет титкилашга тушади.
--- Манови оқ-пушти, юлдузчадай бўлиб очилган ўт нима дейилади? Қаранглар, чирмашиб ўсаяпти?
Болалар тағин жим. Улар энди қўлтелефон қаърида Печакгулни излашга тушадилар.
--- Бу-чи? Бу шапалоқдай, отнинг қулоғидай бўлиб ўсаяпти?
Ундан баҳорнинг кўк таомлари ҳам тайёрлашади...
Болалар лол. Болалар мум. Қўлтелефон тугмаларининг озорли тинғиллаши эшитилади. Охири муаллимнинг ўзи айтади.
- Бу Отқулоқ! Хўш, Отқулоқ ҳақида нималар биласизлар?
Жимлик. Ҳиринг-ҳиринг кулги ҳам эшитилади.
---- Манови, Исмалоқ ҳақида-чи? Демак, ҳатто ялпизни ҳам билмайсанлар. На ажриқ, на итузум, на шўра ўт, на шомоқ, на ғумой, на семиз ўт ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Демак, сизлар бу дунёда яшамаяпсизлар. Демак, сизлар бу дунёда йўқсизлар. Демак, манови дунё, манови осмон, манови гўзал заминни кўрмаяпсизлар. Ҳатто бу ўт-ўланларни ейдиган молу эшаклар ҳам уларни бир-биридан ажрата олади, фақат тили йўқ, айтолмайди... Э-ҳ-ҳ, сенлар-а, сенлар!!! Эссизгина!!
Ўқувчи бўлмишлар унинг дағдағали қичқириғига ҳангу манг бўлиб қарашди. Кимдир уни қўлтелефон орқали тасвирга ола бошлади. Муаллим ердан бир чангал Печак ўтни юлқиб олди-да тўда-тўда бўлиб ўтирган "тўдагул" ва "тўдаой"ларнинг қаршисига келиб, қўлидаги Печакгулни уларнинг юзига тутиб, бақира бошлади:
--- Бу Печакгул, Печак ўт! Қара, қара, шуни ҳам билмайсанлар-а?! Мана, мана, қара, манови эса Ялпиз. Ҳа, Ялпиз! Бизда Пидана дейишади.
Муаллим совуқ ва ўлик жодуга сеҳрланиб қолган авлод қаршисида даҳшатга тушди! Ич-ичидан тошиб, отилиб чиқаётган ўкрикни бўғзида тутиб қололмади:
--- Мана дарё! Мана Осмон!! Мана тоғ! Шамол! Шамол эсаяпти. Ша-м-о-о-о-ллл!!! Сезаяпсанларм-и-и-и-и-и!!!
Муаллим турган жойида депсиниб чинқирар, бу Худобехабар тўданинг аллақачон кўнгли, вужуди музлаб, ҳиссиётлари ўлиб бўлганини тасаввурига сиғдиролмасди.
Энди ўқувчилар унга очиқчасига тиржайиб қарашар, ҳиринглашар, кўпларининг қўлтелефони камераси жазавага тушган муаллимга қаратилганди.
... Эртасига табиат қучоғидаги бу машмаша акс этган телефонлавҳа туман бўйлаб ёйилди.
... Эртаси...эртасига муаллимни ишдан айдашди.Ахир,ота-оналар норизо бўлишибди.
"Фарзандларимизга дўқу сиёсат қиладиган бундай кимса муаллимликка нолойиқ...", деб арз қилишибди. " Биз фарзандларимиз тақдирини бундай кимсага ишониб топширишга қўрқамиз...", дейишибди...
Фарзандларинг тақдирини ўзларинг, ўз қўлларинг билан йўқлик, зимистонликка топшириб қўйишгансан-ку, шундан қўрқмаяпсанларми, чинакам қўрқув рўпарангда, ўз боланг тимсолида турибди-ку, гумроҳлар! --- дейдиган одам йўқ...
25.11.2022 йил.