КУЗНИНГ МАҲЗУН НИГОҲИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
КУЗНИНГ МАҲЗУН НИГОҲИ
Ҳикоя
Ер жудаям кичкина.
Олмадан ҳам кичкина.
Йўқ, бу ҳикоя ернинг кичкиналиги ҳақида эмас...
Поезддан тушгач, йўл четига ўтиб бирор киракаш уловга ишора қилишга чоғланган эдим ҳамки, ёнимга оқ “Ласетти” келиб тўхтади.
– Ака, Олтинтепагами? Кетдик, – деди ҳайдовчи ён ойнани тушириб.
Йўлга тушдик.
Ҳозиргидай куз кунлари. Осмон қорамтир – қурсоғи ёрилишга шай. Борлиқ тунд. Дим. Туман марказидан чиққач, сатҳи сокин, суви тип-тиниқ “Ҳозарбоғ” канали устидаги кўприкдан ўтишимиз ҳамоно дала-боғ бошланади.
Узумзору боғу-роғ ястанган кенгликка боқиб кўз ёнади. Алланечук сирли сукутга чўмган бу бепоёнликни қилт этган шамол остин-устин қилиб ташлайдигандай туюлади. Табиат деган буюк мусаввир Яратганнинг изми билан қизғиш ва заъфарон рангларга бўяган бу мукаммал сувратга жон кириб, аҳён-аҳёнда дарахт новдаларидан олтинтус ва оловранг япроқлар тўкилади. Бу манзарага шоир кўзи билан боқиб, “Дарахтларнинг жони тўкиляпти”, десангиз ҳам ҳеч ким сизнинг ёқангиздан олмайди. Кузни нималарга қиёслашмайди...
Кечки ёки эрталабки шабада таъсирида равон йўлни қоплаган сариқ-қизил япроқларга боқиб, каминанинг ҳам юрагидаги шоирлик чўғи милтиллаб қолса денг, қўнглимдан кечгани шу бўлди: “Ерда кузакнинг, тирикликнинг биз одамларга ёзган мактублари сочилиб ётибди. Афсуски, бу мактубларни ўқишга менинг саводим етмайди...” Ўз ташбеҳимдан ўзим мулзам тортаман. Ёнимдаги ҳайдовчи йигитга қарайман. У йўлдан кўз узмайди. Негадир кузнинг маҳзунлиги бунга ҳам кўчгандай. Қиёфаси тунд. Ҳар замонда сукунат қаърига чўмган борлиққа ён қараш қилиб, яна йўлга кўз тикади.
Машина ойнасига ёмғир томчилари урилади. Асфальт йўл сатҳидаги баргрезонни туйқус уйғонган шамол уларни ҳар ёнга пириллатиб учиради, ёмғир авжига чиқади. Қия туширилган машина ойнасидан томчилар ҳамда намхуш ҳаво урилади. Сизни билмадим-у, менга мана шундай ҳолат – ёмғирли куз кунида шамол бағрида тўлғонган хазонрезлик ичра сайр қилиш хуш ёқади. Қанийди, манзил яқин бўлса-ю, куз видоси янграган оловтус боғ ичра ёмғирда ёлғиз кетсам. Э-э-эй, одамзотники шу-да, ҳеч қачон ўйинг куйингга мос келмайди.
– Бу ерларнинг кузи ҳам бошқача бўлади, мукаммал. Қаранг, қандай ажойиб, – туйқус ботинимда мавж урган шавқу завқни яширолмайман.
Ҳайдовчи менга ажабсиниб қарайди, бирдан сўл қўлини чамбаракдан олиб, манглайига уриб қўйди. Юзида энди жилмайиш зоҳир бўлади.
– Бўлди! Бўлди... Э-э-эй, бўлди! – дейди ҳамон йўлдан нигоҳини узмай.
– Нима бўлди?
– Бўлди, сизни танидим. Боядан бери қаерда кўрган эканман, деб келаётувдим. Бу ерларда нима қилиб юрибсиз?
– Қишлоққа келаётувдим. Мен шу ерда туғилганман. Ота-онамни кўргани келяпман.
– Ҳа-я! Сизни баъзида телевизорда кўриб тураман. Айтдим-а, таниш деб. Олтинтепаликмисиз?
– Шундай.
– Мен Водийданман. Ҳайрондирсиз-а, бу ёқларда нима қилиб адашиб юрибди деб?
– Йўқ. Нега ҳайрон бўлай?
Менинг жавобимдан Бўроннинг ҳафсаласи пир бўлди. Очиғи, улов ойнасидан тўзғин куз манзараларига боқиб, ўз ўйларим қаърида, бу дунёдан узилиб, кузга сингиб, кузакка айланиб хаёллар оғушида қолишни истаётган эдим. Бироқ Бўронга беҳурматлик қилиб, тумшайиб кетиш ҳам эп эмасди. Сездим, у мен билан гурунглашиб кетмоқчи. Кўнглида нимадир чўкиб ётибди-ю, дил ёзса, ундан халос бўладигандай туюлди. Шавқи табиий туйғу билан буни сездим ва унга юз бурдим:
– Хўш, ўзингиз айтганингиз каби бу ерларда нима қилиб адашиб юрибсиз? – деб сўрадим.
Бўрон жонланди – жилмайди:
– Бу ерлар менгаям таниш. Ўн йиллар олдин Олтинтепанинг Сойгўзар қишлоғида сурункасига беш йил деҳқончилик қилганман. Билмадим, нафсим очилдими, шайтон йўлдан урдими, ишқилиб, бу ерларга нонтепкилик, номардлик қилиб кетганман. – Бўроннинг қиёфаси янада тунд тортди, овози маҳзун ва синиқ. Худди ич-ичидан йиғлаб гапираётгандай оғриқли нола отилиб чиқаётганди.
– Бу нима деганингиз? – астойдил ҳайрат ва қизиқиш билан сўрадим.
– Хўш, – у менга тикилди, – мана, кўзларимга қаранг. Кўрдингизми? Бир кўзим кўр, ўйиб олиб ташланган. Бу кўзим ҳам кўр бўлиши керак эди, бироқ бир фаришта инсоннинг қўлига тушдим. У бу кўзимниям, ўзимниям сақлаб қолди.
Мен унинг бир кўзи совуқ шиша эканини англаб сесканиб кетдим. Узуқ-юлуқ гапларидан эса ҳеч нарса тушунолмай, энди чиндан ҳам унга диққатим ошиб термилдим.
– Хуллас, ёзувчисиз-ку, ёзсангиз, яхши бир нарса чиқади, – деди Бўрон. – Розиман, ёзинг, ака, шу воқеани ёзаверинг, – деди яна дабдурустдан. – Бировни алдаб, қақшатган одамни қарғиш уриши ҳақида ёзинг.
Бўрон ботинидаги аллақандай оғриқдан қутулолмай қийналаётгани, шу пайтгача ҳеч кимга дил ёролмай азоб тортаётгани, ёзувчилигимни билиб, мендан таскину тасалли истаётганини ҳис қилдим.
– Бўронжон, нима гап ўзи? Сиз тортинмай кўнглингиздагини тўкиб солаверинг. Бировнинг дардига безлик қилиб куладиган одаммасман, – дедим ниҳоят.
Сойгўзар қишлоғига кираверишдаги чойхона олдида тўхтадик. Шамол тинган. Ёмғир чимиллаб ёғяпти, дийдираган куз қаъридан ситилиб чиққан хўл япроқлар намиққан ер бағрида қапишиб қолган, уларни тўзғитишга эса ожиз эсган эпкиннинг мажоли етмайди. Биз чойхона айвонидаги сўрида оёқ чўздик. Тушликка ҳали бор, чойхонада одам йўқ ҳисоб. Ярим кило жиз тайёр бўлгунига қадар Бўрон ҳикоясини бошлади. Инсон юрагида ётган армонли бир туғён саси хазон куз бағри, ёмғир томчилари титроққа солган кўринмас намхуш кулранг парда ичра сингиб борарди гўё. Эшитинг, Бўрон ҳикоя қиляпти:
– Хуллас, ўтган йили ўзимга келолмай қолдим, бошим оғрийди, нафасим қисади. Борлиқ қоп-қоронғу... Эскичасигаям, янгичасигаям бормаган жойим қолмади. Бошимда нимадир ўсиб чиқаётгандай, йўқ, кимдир ичкарида қозиқ қоқаётгандай бўлади.
Оғриққа дош беролмай хушимни йўқота бошладим. Э-э-э-эй, у азобларни айтмай, бандасига раво кўрмайман, ака. Қаерга касалхонага олиб боришмасин, ҳафта-ўн кун ўтмай жавоб беришади – олиб кетинглар, тайёргарлик кўраверинглар, дейишади. Қуриб чўп бўлиб қолдим. Тезроқ жоним узилса-ю, бу уқубатлардан қутулсам, деб нола қиламан. Чиқмаган жондан умид деб, Тошкентга олиб келишди. Ҳушимга келиб кўзимни очсам, тепамда ёшгина йигитча турибди. Врач экан. Эртага операция қиламиз, бир кўзингизни олиб ташлаймиз, бошдаги нерв томирлари зўриқиб фалаж бўлиб қолишингиз мумкин, деди. Энг ёмони, иккала кўзингиз ҳам кўрмай қолиш хавфи бор, деб ўзларининг тилида айтиладиган аллақандай касаллик ва унинг оқибатини гапирди. Тушунганим, бир кўзимни олиб ташлашади, барча азоб-уқубатлар касри шундан экан. Рози бўлдим. Очиғи, шу операциядан чиқмай ўлиб кетсам ҳам майли, деб Худога ичимда илтижо қилдим.
...Бир маҳал тепамда раҳматли ота-онам пайдо бўлишди. Худди дўхтир ва ҳамширалардай оппоқ кийинишган. Лекин уларнинг кийимлари ҳарир, нурланиб турибди. Қизиқ, улар ёнидаги дўхтирга операция анжомларини олиб, узатиб туришибди. Кимдир қип-яланғоч чақалоқ кўтариб келди-да, онамнинг қўлига тутди. Бу мен эдим, менинг гўдаклигим эди. Онам қўлидаги гўдакни, яъни мени қаршисида турган дўхтирга узатди. Дўхтир уни олиб менинг ёнимга ётқизди. Бир маҳал чақалоқ йўқ бўлиб қолди. Ёнимга қарасам, ота-онам ўрнида Ҳалима опа турибди. Унинг қўлида қон сизиб турган тиғни кўрдим. Кичқира бошладим. Кейин нима бўлганини билмайман. Айтишларича, икки кун ойна идишда беҳуш ётибман. Ўзимга келгач, илк сўзим шу бўлибди: “Ҳалима опа...” Нега шундай деганимни кейин айтаман. Хуллас, мени палатага олиб чиқишди. Оғриқ пасайган, бошим енгил тортган эди. Ўн кунда анча ўзимга келдим. Умри узоқ бўлсин, дўхтирим, ўша ёш йигит Илҳомжон Яратганнинг изми билан мени ҳаётга қайтарди. Ҳар куни эрталаб кўнглимни кўтаради. Касалликнинг оғир даврини унинг меҳри ва далдаси туфайли ҳам енгиб ўтдим. Ёшгина йигитнинг ўз ишини жуда яхши билишига ҳайрон қоласиз. Бугун ана шу ўғлоннинг туғилган куни. Ишонаверинг, қариндош-уруғлар мен шифохонадан чиқаётган куни унга, ҳалиги, бир-икки сўм қилиб, йиққанини беришса, роса жаҳли чиқиб, олдига солиб қувлабди, денг. Ажойиб бола экан. Бизникилар ҳам анойимас, қуруғини кўкига айлантириб, конвертга солиб, рисоладагидай қилиб олиб боришган. Ҳа, майли, дўхтирнинг олмайдиганиям бўларкан, деб ўлмай қолганимга бир қувонишса, пулни олмаганига яна минг қувонишибди. Шундай гаплар. Мана, бир йил бўлди, Худога шукр, бир кўзимни айтмаганда, отдайман. Энг муҳими, жонинг зирқираса, бу дунёнинг сариқ чақачалик аҳамияти йўқлиги, бутун олам қадри бир ютум ҳавога арзимаслигини англаб етдим, ака...
Мен Бўроннинг ботинида алланечук оғриқ чўкиб ётганини ҳам ҳис қилдим.
– Яхши иш қилибсиз. Дўхтирингиз Илҳомжонни туғилган куни билан табриклагани келиб яхши қилибсиз. Ҳар ҳолда, одамийлик, миннатдорлик туйғусиям бу осмонни тутиб туради, дейишади.
Бўрон менга илтижоли тикилди. Унинг шишали ўнг кўзи янаям совуқ туюлди. Нигоҳимни олиб қочдим.
– Ака, хўп, десангиз, иккимиз бирга борсак. Таниқли одамсиз. Хурсанд бўлади. Беш-ўн дақиқа ўтирамиз. Кейин ўзим сизни уйингизгача кузатиб қўяман.
Мен рози бўлдим. Очиғи, Бўрон, ҳа, Худо ҳаётга қайтариб берган Бўрон менга ёқиб қолди. Дилкаш йигит экан. Барибир у ниманидир менга айтишга ийманаётганини сезиб турардим.
– Ҳаёт яхши. Тирикликнинг ҳар лаҳзаси гўзал, – дедим.
У бош ирғади:
– Ака, ҳикояга арзигулик воқеа эканми? – деди синиқ овозда.
– Ҳа, яхши сюжет, – дедим.
– Йўқ, ҳеч қачон! Бу айтганларимнинг ўзи ҳикоя бўлолмайди... Ҳикоя бошқа ёқда, – деди у титраб.
– Тушунмадим.
– Мен қарғишга йўлиққанман, ака.
– Қанақасига? Нега?
– Мени, мана шу ерлик бир аёл қарғаган, ака! Мен уни алдаганман, чирқиратиб йиғлатиб кетганман, ака. У менинг ортимдан: “Икки кўзинг оқиб тушмаса, Худодан норозиман...” – деб зор қақшаган, ака!
Мен бир қалқиб тушдим. Худди эсдан оққан каби кўксига уриб-уриб гапираётган Бўроннинг аянчли иҳрашидан ўзимни йўқотиб қўйдим.
– Бу нима деганингиз?
У жим қолди. Қўллари билан бошини ушлаб, хўрсинди.
– Мен мана шу ерда – Олтинтепада бир фермер аёлнинг ерини ижарага олдим. Олтинтепадаги қўшни хўжаликларда тўрт йилдан бери ер олиб экин-тикин қилаётганимни, ортимдан ҳеч қандай гап-сўз чиқмаганини билган аёл менга ўзига тегишли йигирма гектар ерни ижарага берди. Эвазига мен ер ҳаққи беришим ва фермерга тегишли арзимаган ҳосил режасини бажаришим керак. Опанинг бир йил бурун эри қазо қилган, икки нафар етими бор эди. Далага келишга имкон тополмасди. Фермер хўжалигига тегишли жой опа яшаётган уйдан ўн чақирим узоқда эди. Хуллас, ўша йили ҳосил яхши бўлди. Мен совутгичли “Алка”ларда Россияга кетма-кет сабзавот жўнатдим. Кўп даромад қилдим. Ҳа, пулим кўп эди. Билмайман, менга нима бўлди, шайтон йўлдан урдими ё гўр бўлдими, ишқилиб, экин-тикинни йиғиб олгач, ерниям шудгорламасдан тўғри ўз қишлоғимга қараб жўнадим. Топганим икки қишга бемалол етарди. Кеча-кундуз базму чойхоналарниям канда қилмайман. Хотин, бола-чақанинг ҳам усти бут, қорни тўқ. Оилада хотиржамлик. Қишнинг авжи кунида эшигим тарақлаб, остонада ҳалиги опа пайдо бўлди. Ёнида беш-олти ёшлар чамасидаги ўғилчаси. Сўраб-суриштириб уйимни топиб келишибди.
– Ука, нега бундай қип кетдингиз? Бизни хонавайрон қилдингиз-ку... Контрактда ўқиётган ўғлим бор. Уни ўқишдан ҳайдаймиз дейишяпти. Манави боламнинг эса усти юпун. Уйдаги мол-холларни сотиб бир амаллаб кун кўряпмиз. Ернинг ҳақини бермай кетаверибсиз. Мен пулимни сўраб келдим, – деди қалтираб.
– Қанақа пул? Мен сизга аллақачон пул берганман. Эрта баҳордаёқ, ернинг пулини санаб олгансиз, – дедим тап тортмай.
Аёл тахта бўлиб қотиб қолди.
– Худодан қўрқинг, – деди зўрға инграб
– Сиз Худодан қўрқинг. Боринг, тошингизни теринг. Мен сиздан бир тийин ҳам қарзмасман. Аксинча, сиз менга ерни икки баробар қимматга пуллагансиз, – дедим бақрайиб ва важоҳатим аланга ола бошлади. – Йўқса, ҳозир участкавойни чақириб, шантаж қиляпти, деб арз қиламан.
Аёл ҳанг-манг бўлиб турди. Кўзларидан дувиллаб ёш сизди. Икки қўлини дуога очиб, кунботар томон юз бурди:
– Сени Худога солдим. Илоё, икки кўзинг оқиб тушмаса, мен Худодан норозиман...
Эшикни қарсиллатиб ёпдим. Ташқарида йиғи овози эшитилди. Ҳовлида ит қаттиқ хурганди, кўчадаги аёлнинг уни ўчди, – Бўрон қўллари титраб пиёлага чой қуйди. Мен: “Чой ичмайман”, – деб юзимни бурдим.
– Чиндан ҳам Худодан қўрқмадингизми? Бемалол юравердингизми? – дедим ва бўғзимга нимадир тиқилди. Бўрон энди кўзимга балодай кўринди.
– Ака, бу дунёда ҳеч бир нарса жавобсиз қолмас экан. Аёлнинг қарғиши ўн йил деганда менга текканини ўшанда, операция пайти, дўхтирнинг ёнида ўша фермер опа, Ҳалима опа қўлида қон сизган пичоқ билан пайдо бўлганини хаёлимга келтиргач, ўша ҳолатни эсга олганимда, операциядан кейин англаб етдим. Мени қарғиш урганини ҳис қилдим. Очиғи, ўтган шу бир йил ичида Ҳалима опага беришим керак бўлган пулни ортиғи билан тўпладим. Ҳовли-жойимнинг бирини сотдим. Қариндош уруғ, ака-укаларимгаям бор гапни айтдим. Улар ҳам бир нарса деб қаршилик кўрсатишмади. Шундай гаплар... Дўхтир Илҳомжонни Олтинтепада, ўз қишлоғида эканини, туғилган кунини шу ерда, қишлоқдаги уйида ўтказишини билиб, бу ёққа йўл олдим. Опанинг уйи Сойгўзар қишлоғида. Илҳомжоннинг қишлоғидан берида. Балки аввал Ҳалима опанинг уйига кириб ўтсаммикин? – деди илтижоли оҳангда. Унинг овозидан ҳадик ва қўрқув сезилиб турарди.
– Ҳмм... Шунақа денг. Агар аёл сизни кечирса-да. У сизнинг остонангизгача борди. Сиз эса...
– Ака, ахир, мен ҳам ўлимнинг остонасидан қайтдим-ку... Ака, агар мени аёл кечирмаса, бу кўзимдан ҳам айрилиб қоладигандайман, аҳён-аҳёнда бошимда оғриқ туради, худди эски касалим яна хуруж қиладиганга ўхшайди.
Бўрон бирпас жимиб қолди. Айвон даричаларига ёмғир томчилари энди шаҳд ила урила бошлади – куз ёғини кучайди. Гўё ҳаво зил-замбил тортган каби борлиқ оғирлашиб қолганди, негадир менга шундай туюлди. Назаримда, тундликнинг қалин пардаси қоплаган осмон ерга тобора яқинлашиб келаётгандай, борлиқ жонсарак, дов-дарахтлар қалтираб япроқ тўкар, ҳавода эзғинди бир куй, инсон қалбига соғинч ё оғриқ солгувчи оҳанг ҳукмрон эди. Бўроннинг эзғинди ҳикояси қаъридаги дард менинг ҳам кайфиятимга кўчган, мен қаршимдаги бу йигитга на ачиниш, на ундан нафратланишни билмасдим. Бироқ бир нарса маълум: у қалбидаги бор изтиробли туйғулардан халос бўлишни истаб, ўз кўнглини ёрди. У пушаймон. Ҳаёт уни номард ва нотантилиги учун жазолади, Худонинг қаҳрига йўлиқди. Қалб кўзи очилди. Бу дунёда ҳеч бир нарса жавобсиз қолмаслиги, бировни зор-қақшатган кимса вақти-соати етгач, албатта, қон қусиши муқаррарлигини, бу дунёдаги гуноҳнинг жазоси у дунёнинг елкасига тушиб қолмай, шу дунёнинг ўзида ҳам тап-тайёр эканини англаб етганди.
– Ака, биласизми, мен нимадан қўрқаман? Очиғини айтай, ўлимдан қўрқмай қўйдим. Фақат...
– Хўш, унда нимадан қўрқаяпсиз? – дедим ҳайрона ҳолда.
– Гуноҳларим бола-чақам, жигарларимга уриб кетиши, уларга қарғиш тегишидан қўрқаман. Охиратимниям ўйлаб қўрқяпман.
Тамом. Бўрон жони-қалби сирқираб, астойдил гапираётганини ҳис қилдим, унга раҳмим келди, ҳатто айни дам яхши кўриб кетдим.
– Қани, кетдик. Сойгўзар қишлоғига, Ҳалима опангизникига борамиз. Узр сўрайсиз. Мен ўзим ёнингизда бўламан.
Бўрон сапчиб турди. Пойгакдаги пойабзалимни олиб, энгашиб оёғимга тўғирлади. Кўзларида ёш ғилтиллаб қўлимни сиқиб қўйди. Биз яна йўлдамиз. Ёмғир эса сим-сим ёғади. Намчил йўлда қапишиб ётган жонҳолат япроқлар энди менга тириклик новдасидан узилиб, ерга сингиб бораётган инсон умрини эслатади, бу дунёга келиш ва кетишимиз ҳақидаги куз драмаси бўлиб туюлади.
Ярим соатларча вақт ўтиб ёмғир тинди. Сойгўзар қишлоғи тоққа олиб борадаган катта йўлнинг чап биқинидаги сайҳонликда жойлашган экан. Қинғир-қийшиқ кўчалардан юриб, элники қатори қад ростлаган уйнинг темир эшиги олдида тўхтадик. Бўрон не бир ҳолатда машинадан тушиб эшик томон юрди, мен эргашдим. Кўк дарвозага қулф осилган, лекин дарвоза олди супириб-сидирилган...
Рўпарадаги ҳовлидан кўриниш берган аёл ҳали оғиз очмасимизданоқ:
– Ҳалима опа нариги қишлоққа меҳмонга кетган. Эртага қайтади, – деди ва бизга синчиклаб разм солади. “Яна нима қилиб қаққайиб турибсанлар, Ҳалима опа йўқ!..” – дегандай ажабсиниб қараб турди. Биз диму-дирс бўлиб машинага ўтирдик.
– Ака, энди Илҳомжонникига борамиз, кўп эмас, ўн-ўн беш дақиқа, дедим-ку. Кўрасиз, ўзиям камтар, тилло бола. Шундай ёш бўлсаям, Худо берган, қўли гул дўхтир-да.
– Бўпти, дедим-ку. Борамиз!
Очиғи, менга бу “сайру саёҳат” қизиқ туюлаётганди. Қишлоғимгача ўн чақирим йўл бор, Олтинтепада, яъни Илҳомникида озроқ оёқ илиб, кейин менинг уйимга кетсак ҳам бўларди.
Олтинтепаликларнинг кўпи ўзига тўқ. Чўнтагидан шамолни қувган одамлар, улар – қўл тиқса, қуруқ чиқмайди – киссасида “кишмиши” бор эл. Уйлари ҳам баланд-баланд. Худди одамлари каби “қадди тик”, дарвозалари эса салобатли.
Жуфт табақа, катта ва кўримли яшил эшикнинг бир қаноти очиқ турган экан. Ичкарига бўй кўрсатишимиз ҳамоно усти ёпиқ супа четида сабзи тўғраб ўтирган йигит қўлидаги пичоқни дастурхон четига қўйиб биз томонга юрди. Озғин ва новча, эгнига спорт кийим-боши илиб олган йигит бироз ҳайратланди, сўнг юзига жилмайиш олиб Бўронга бағрини очди. (Мен билан ҳам қадрдонлар каби бағирлашиб кўришди. Илҳомжон деган нажоткор укамиз шу эканини англадим).
– Табриклаймиз, туғилган кунингиз муборак бўлсин!
– Раҳмат, катта раҳмат. Эй-э-эй, ака, овора бўпсиз-да. Эринмасдан келганингизни қаранг, – деди Илҳом машина юкхонасидан у-бу нарсаларни тушираётган Бўронга ҳижолат тортиб.
– Сиз мени жуда олислардан бу ҳаётга қайтариб келдингиз-ку, аввало, Худога шукур, сиздай дўхтирни йўлиқтирганига, – деди Бўрон ҳам кўнгли тўлиб.
Илҳомжон бизни ичкарига бошлади. Ойнавандли айвонга беками-кўст дастурхон ёзилган экан. Бирпасда қовурдоқ тортилди.
– Узоқда бўлсак-да, кўнгил яқинда-а! Ҳаммадан олдин биз келибмиз, – деди Бўрон ўзини Илҳомга жон-жондошдай тутиб.
– Ўртоқларим кечқурун келишади. Ҳар йили шу пайт таътилга чиқаман, – деди Илҳом ва сўнгра менга қараб: – Ака, сиз ҳам қишлоқни яхши кўрасиз-а? Ўтган ҳафта “Уйга қайтиб...” деган кўрсатувда сизни ва қишлоғингизни кўрсатишди. Шундай таниқли ёзувчи билан деярли ҳамқишлоқ эканимиздан фахрланамиз. Бу ёзувчи бизнинг қишлоқдош бўлади, деб мақтаниб юраман. Устозимиз, академик Нусратов домлаям сизнинг асарларингиз ҳақида кўп гапирадилар. – Бегидир айтилган бундай мақтовдан хушҳол бўлдим.
– Шу-да, акамизни мен ҳам таниб қолдим-да, юринг, сизга ўхшаган яна бир тилло инсон бор деб, сизникига бошлаб келавердим.
Илҳомжон бироз ҳижолат тортиб дастурхонда ўз жойида чиройли турган фужер ва ликопчаларни у ёқ-бу ёққа сура бошлади, тағин нимадир олиб келиб тус-тугал, тўкин дастурхоннинг “кемтиги”ни тўлатиш учун нариги хонага кириб кетди. Шу маҳал ҳовли эшиги тарақлаб бир ўспирин кўриниш берди. Унинг ортидан ўрта бўй, тўлачадан келган, эгнида кенг-мўл чит камзул, бошига гарди рўмол ташлаб олган онахон қўлидаги ҳассасига таянган кўйи, оҳиста қадам ташлаб кела бошлади. Ошхона эшигидан ўқдай отилиб чиққан беш ёшлар чамасидаги шумтака болакай кампирнинг бўйнига осилди:
– Момоооом, келди-и-и-и-и, мом-м-о-ом келди, ур-р-ре-ееййй!!!
Мен болакайга ҳавас билан қарадим. Кампир камзулининг чўнтагидан нимадир олиб болакайга узатди. Бу орада ойнаванд айвонга кириб улгурган ҳалиги ўсмир қаршимизда тик туриб салом берди-да, Бўрондан кўз узмай турди. Кампир ва набирага қараб қолган Бўрон секин ўрнидан турди. Ичкари хонадан чиқиб келган Илҳомжоннинг юзига табассум ёйилди, ҳовлига чиқиб кампирнинг бағрига бош қўйди. Кампир унинг юз кўзидан ўпиб, қўллари билан сочларини сийпалаган бўлди. Илҳомжон уни биз томонга бошлади. Қаршимизга келишгач:
– Бу киши менинг онам бўладилар, – деди.
Кампир бош ирғаб жилмайган бўлди ва ўрнида тик турган Бўронга боқиб, ортга бир тисланди, лаҳзада юзидан қон қочди, турган жойида безгак тутгандай қалтирай бошлади. Лаблари пирпираб нимадир деди. Сўнг қўлидаги ҳассани беихтиёр ерга ташлаворди-да, мувозанатини йўқотди. Илҳомжон уни базўр ушлаб қолди.
– С-с-с-с-с-сен, – деди кампир изтироб билан.
Мен ялт этиб Бўронга боқдим. У ҳайкалдай тош қотиб, юзи мурдадай оқариб кетганди. Қаршимда ўлик, бир жасад тик турибди, дейиш мумкин эди... Сўнгра... бу мурдага тил-забон битиб, оғир ва иҳроқли ғулдиради:
– М-м-меен... Кеч... кеч... кечиринг.
Илҳомжон ҳам уларнинг иккисига боқиб тош қотган эди. Ўсмир дастурхон четидаги пиёлани олди-да, зарб билан Бўронга қарата ирғитди.
Бўрон, тош ҳайкал Бўрон ерга шилқ этиб ўтириб қолди, юзларини қўли билан тўсиб қалтирай бошлади.
Кампирнинг заифона овози эшитилди:
– К-е-ет. Йў-қо-о-ол...
Бу ҳолат жуда қисқа лаҳзаларда бўлиб ўтдики, ташқаридан кузатган одам нима бўлаётганини англамай гарангсиб қолиши тайин эди. Ҳа, Илҳомжон худди шу аҳволда, нималар бўлаётганини билмай карахт ҳолга тушиб қолганди.
Мен эса ер жуда ҳам кичкина, лекин инсоннинг тақдир иплари шунчалар чигал ва узун, унинг бир учи самовотда, Яратганнинг қўлида эканига амин бўлдим.
Ҳа, ер жуда ҳам кичкина...