ЖОНТОМИР


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЖОНТОМИР
Ҳикоя

  Қуёш оғди. Осмон аланга олди. Тоғлар уфқда чўкди. Чўққилар чўғланди. Борлиқ кузак измида. Боғларда сариқ ва қизғиш ранг қоришиқ. Айрим дарахтлар япроғи тиллотус, айримлари ол-алвон. Мезоноҳанг шамоллар оғушидаги жавониб кузак қўшиғини куйлаяпти. Мен ана шундай гўзал манзара — Яратганнинг жонли суврати бағрида ҳаяжон ила қишлоқ йўлига қадам қўйдим.
  Ҳазорбоғ канали кўпригидан ўтдим, ахир, буёғи она-қишлоғим.
  Соғинган эканман. Юрагимда мунгли бир оҳанг мавж ургандай бўлади.
  Йўлнинг икки четида тизилган тутлар болаликда менга худди қўриқчилардай таассурот уйғотарди. Қишлоққа олиб кирадиган ҳам, олиб чиқадиган ҳам шу — тутзор эди. Ким билсин, шунинг учун ҳам мен тутларни қўриқчиларга ўхшатган бўлсам керак-да, ёпирай, орадан шунча йиллар ўтибдики, ёшим элликдан ошса-да, қишлоқ йўлига шундай тасаввур билан қадам босдим, тутлар қўриқчи, бироқ, бу қўриқчилар сийраклашиб қолибди, йиллар тўфони, вақт бўрони буларни ҳам қўпориб-йиқитибди.
Туткўчадан ўтдим. Уйлар бошланди. Мен ҳар бир хонадонни, шу уйлар соҳибини яхши биламан, тўғри-да, қишлоқ кичкина бўлгандан кейин биласиз-да.
  Мана, манави уй Тожи тракторчиники, буниси Ҳайдар бобоники, манави уй эса Сафар аканики, ёнидаги Нурилла акам, (отамнинг укаси у киши, мен ака дейман), наригиси Тоштемир табелчи, Ғайбулло, Хуррам, Тошқин, Олламурод... ва ҳоказо.
  Нурбой бобонинг уйи... Нурбой бобонинг уйи ёнидан бепарво ўтиб кетолмайман. Шу уйнинг олдидан ўтаётсам мен ўзимни бу дунёда ортиқчадай, гуноҳкордай сезаман. Шу уйнинг рўпарасига келганда қадамларимни тезлаштираман, нигоҳимни қаршимдаги улкан тоғ тепасида худди пахса билан тиклангандай ажралиб турган “девортоғ” томон қадайман, югургилаб-югуриб ўтаман. Ҳовлидан Нурбой бобо чиқиб қолмасин дейман, Нурбой бобонинг мунгли нигоҳи, изтиробли чеҳрасини кўрмайин, дейман, эй Худо, шу бир бурдагина бўлиб қолган, ожиз бир чол қаршисида шунчалик азоб чекаман, худди гуноҳкордай ўзимни қўярга жой тополмай қоламан-а? Шу боис ҳам бу ҳовли қаршисида гўёки катта бир гуноҳ юкини кўтариб ўтган каби оёқларим қалтирайди, тиззаларимдан мадор қочади.
  Сабаби?
  Сабабими? Сабабининг Сизга қизиғи йўқ. Ўзимга тегишли. Сиз барибир тушунмайсиз. 
  Нурбой бобонинг ёлғизгини ўғли бор эди. Исми — Жонтомир. Мендан икки ёш катта эди Жонтомир. Болаликда жуда чаққон, абжир, уришқоқ, полвон эди Жонтомир. Кийимнинг яхшисини кияр эди, Жонтомир. Велосипеди ҳам зўр эди Жонтомирнинг. Бизнинг “велигимиз” Урал, уники эса “Салют”. Агар бизники ҳам “Салют” бўлса, уники “моторливелик”, мопед бўларди. Мен отамга айтишдан қўрқардим, энамга нолирдим: “Мен шу Жонтомирча йўқманми, нима учун унинг ҳамма нарсаси зўр, меники ундаймас, менга ҳам чармли копток олиб беринглар...”. Ҳовлидаги югур-югурдан тинкаси қуриган энам эса мени гап билан узиб-узиб оларди: “Жонтомирга баҳс қилганча, кўчани ҳеч кимга бермай шаталоқ отгинча ўқи, одам бўл... Жонтомирга ўхшаб етти қиздан кейин туғилган арзанда бўлганингда эди, отанг от, энанг арава бўларди, сен бизни бемалол тепкилаб миниб юраверардинг. У Нурбой муаллимнинг ёлғизи, алласидаги азизи, тўрвасидаги майизи... Эркатойлик эркакнинг ишимас, дуппа-дуруст йигит бўлиб қолдинг. Ундан кўра далага жўна, отангга ёрдамлаш... Сен етти сўқим (бизлар етти фарзанд эдик)ни боқаман деб тинкаси қуриди, бечоранинг. Қизинг қиздай, ўғлинг ўғилдай бўлмадинг, ҳей-ей, ўлиб кет баринг...” Қизиқ, энамнинг ҳамма гаплари қулоғим остида жаранг уради, бир гапини эсласам бас, қолган гаплари бирдан хотирамда тикланиб, тирилиб қолаверади...
  Хуллас, Жонтомир билан иккимизнинг орамиздаги тафовутни болалигимда, энамнинг даккипандидан сўнг англагандай бўлганман.
  Жонтомир ўт-олов, қўли кўкда, оёғи ерда, бўроннинг белини букадиган бола эди. Ўнинчи синфга кўчганда, донғи доғистонга етгудай полвон бўлди. Болалигимизда тўйлар курашсиз ўтмасди, элнинг ори — полвоннинг бори замонлар эди-да. Сурхондан Қаршигача, Қаршидан Ғузор, Бойсун, Душанбегача кураш истаб изғирдик, ўсмирликнинг билагида тоғни қайириб ургудай шиддат жўшган паллалар, денг. Барибир Жонтомирга етгулигимиз йўқ эди, унинг олдида айтгилигимиз йўқ эди — Худо берган бир нимаси бор эди унинг, эгнига тортса, “бўйинчилга” олса бас, Боботоғни ҳам бўйнидан ошириб урадиган азамат эди.
  Кунни тун қувди, вақт ўтди. Йигитни синайдиган яна бир палла келди — Жонтомир ҳарбий хизматга кетди, қишлоқнинг довруғи пасайиб қолгандай бўлди, ким билсин, ўша дамлар менга шундай туюлгандир, ҳар ҳолда жавониб атрофдаги қишлоқлар ёки туман марказидаги жўжахўрозлар хезланиб йўлимни тўсса, Жонтомир акам бўлади, десам ортга бир силтанишлари, менга ўсмирона қизиқиш билан қарашлари ҳам бор гап эди.
  Нурбой муаллим тарихдан сабоқ берарди. Бир куни дарс тугаши арафасида эшик тақиллаб қолди. Қудрат почтачи синф эшигидан бош суқиб илжайди. Шошиб қолган муаллим гапини йўқотиб қўйди-да, эшик томон йўрғалади.
— Кечирасиз, домла. Мактабга газета оп келувдим. Сизга полвондан хат бор эди, ташлаб кета қолай, дедим.
  Муаллим хатни олиб кўзларига яқин олиб келди, мижжаларида ёш қалқди. Қудрат почтачини бағрига босиб, эҳтиром кўрсатиб, ташаккур айтди.
  Муаллим жойига қайтиб, курсига чўкди. Бу дунёдан тамом узилиб, мактабу дарси-дардини ҳам унутган кўйи хатни ўқишга киришди. Ўзича жилмайиб-жилмайиб қўяди, бош ирғайди. Биз юқори синф ўқувчилари муаллимни қизиқсиниб кузатиб турибмиз. Ўз фарзандидан ғурурланиб, етти қават фалакка бўй чўзиш онларидаги парвозий масрур дамларни бошдан кечираётган муаллимнинг қалбидаги севинч уммонини ҳали оталик бахтини татиб кўрмаган биз — гўдакўсмирлар қайдан ҳам ҳис қилардик?!
— Муаллим, полвон акам нима деб ёзибди? 
— Муаллим, Жонтомир акам армиядан янаям зўр полвон бўлиб келади.
— Полвон акам у ёқда ҳам кураш тушаяптимикин? 
— Акамга тенг келадигани йўқ, муаллим.
  Муаллимнинг ёлғиз ўғлидан хат олиб, димоғи чоғ бўлиб турганини ҳис қилган айёргина болалар атайлаб дарсни четга суриш учун ҳам пайдар-пай савол ёғдиришарди, гапни чўзишарди. Нурбой муаллим ҳам илк даъфа сабоқдан чалғийди. Чехословакияни мақтаб, таърифига тасанно ёғдиради.
— Полвон акаларинг ҳозир Чехословакияда хизмат қилаяпти. Олти ой бўлди, бу ернинг ҳавосига ўрганиб қолдим, дебди. Сизларга ҳам салом айтибди, — дейди ҳушу беҳуш илжайиб.
  Саҳар пайти уйғондим. Эшик очилиб отам печкага ўт қалашга уринди. Унинг ортидан энам ҳам кириб келди-да, шундоқ остонага чўкди. Энам нимадир деб иҳранди — овози сўниқ чиқди. Кўрпани қиялатиб отамга разм солдим. Отам олов олган печга тикилиб тош қотиб турибди. Елкалари учиб-учиб қўяди. Ташқарида қаҳратоннинг қаҳри қўзиб шамол увиллагандай бўлди, йўқ, энам йиғлаяпти, энамнинг йиғисини шамолнинг ҳуштаги босиб кетаяпти. Қўрқиб кетдим. Ўрнимдан шаҳд туриб чироқни ёқдим. Қарасам, отам ҳам йиғлаб ўтирибди, энамнинг кўзида ёш, ўпкаси тўлиб, титраб қақшаяпти.
— Нима бўлди?, — дейман, эсанкираб. Бутун аъзойи-баданим сесканиб кетади.
  Отам жим. Энам лол.
— Нима бўлди, — дейман ҳансираб, бошимда оғриқ туриб, ичимга қўрқув қиринди солади. — Нима бўлди? Катта энам ўлиб қолдими?
— Полвон акангдан айрилибмиз. Жонтомир ўлибди, болам. Жонтомирнинг ўлигини олиб келишаркан.
  Ўшанда илк бора бошимда чақин чақиб оғриқ турган, кўз олдим хира тортиб, ичимга ўт тушган. Айвонга чиқиб сатҳи муз қотган челакдан чўмичда муздай сув олиб ичганман... Кошки ичимдаги олов пасайса, гарангсифат ҳолда яна уйга чопиб кирганман. Энди энам овозини қўйиб уввос тортиб йиғларди. Акам билан опам ҳам ўзини ташқарига уришди. Укаларим бурчакда тиқилиб зирнола энамдан кўз узишмасди.
  Акам шу заҳоти Нурбой муаллимникига қараб югурди. Отам билан иккимиз ҳам унинг ортидан йўлга тушдик.
— Ота, нега ўлади, шундай полвон-а, ўлаверадими?, — дейман ўзимни базўр тутиб.
— Уйи куйсин, ўзи ўлсин, шу урушни бошалаганларнинг.
— Қайси урушни ота?
— Афғоннида, афғондаги урушни айтаяпман.
— Ота, нимага афғон урушини гапираяпсиз?
— Полвон акангни, Жонтомирни шу уруш ўлдирди-ку...
  Жойимда қотиб тураман.
— Ахир, Жонтомир акам Чехословакияда эди-ку...
— Ҳечам. Афғонда экан. Шўрлик бола, ота-онаси, ҳаммамизни ташвиш чекмасин, деб алдаб хат ёзаркан. Уф-ф-ей, болам, шундай йигитни-я, бир бечоранинг ёлғизгина ўғлиниям афғонга юборишадими-а?
  Жонтомирнинг жанозасида қишлоқ бир қалқиган, бир бора куйиб-кул бўлган ўшанда. Одамлар фарзандини ҳарбийга жўнатишга қўрқиб қолишганди, афғон деса бутун аҳли қишлоқнинг юраги зирилларди.
  Қиш кетиб баҳор келди. Нурбой муаллим одамови бўлиб қолганди. Онда-сонда дарсга кирган маҳали ҳам бир нуқтага термулиб ўтирарди. Мактабнинг энг катта болалари, биз ўнинчи синф ўқувчилари муаллимнинг кўнглига оғриқ солмасликка, уни тушунишга ҳаракат қилардик. Шунинг учун муаллимдан у-бу нарсани сўраб ўтирмасдик, дарс мавзуларини ҳам китоб саҳифаси бўйича ўзимиз тайёрлаб бораверардик. Бир куни мактаб ҳовлисида аллақандай тадбир бўлаётганди. Нурбой муаллим стадионда қўр тортиб турган ўқувчилар сафини ёриб ўтди-да, ўртага чиқди. Жилмайиб турди, сўнгра қаҳ-қаҳ отиб кулди. Давра тўрида сўзлаётган мактабимиз директори ҳам тош қотди. Жимлик чўкди. Нурбой муаллим юзларини буриштирган кўйи, илжайиб келди-да, директорнинг қўлидан микрофонни тортиб олди.
— Ўртоқлар, бугун Жонтомир ўғлим келди, Жонтомирим келди-и-и-и-ё-ё-в-в, келди-и-и-и-и, — деб қичқира бошлади.
  Нурбой муаллим қўлида микрофон тутиб даврани чарх уриб айланиб, ўйнай бошлади, бошидаги телпаги ерга тушиб кетди, сўнг эгнидаги палтосини ҳам ечиб ерга отди-да, уни тепкилаб, қичқира бошлади:
— Одам-л-а-а-р! Жонтомиримни соғинд-и-и-и-м... Жонто-о-мир-ир!!!
  Муаллим ерга шилқ этиб тушди-да, юзтубан ётиб олди. Ўқувчилар қий-чув кўтаришди. Муаллима опаларимиз изиллаб йиғлай бошлашди. Директор ҳамда тўрт-беш муаллим Нурбой муаллимни кўтариб олиб, кўздан панага, мактаб ошхонаси ортига олиб ўтишди. 
  Қишлоқда гап тарқалди. Нурбой муаллим ақлдан озибди. Даволанишга олиб кетишибди.
  Шундан сўнг анчагача муаллимни кўрмадим. Мактаб тугади. Институтга ўқишга кирдим. Биринчи курсни тугатгач, ҳарбий комиссарликка чақиришди. Армияга кетарканман. Очиғи, юрагимни алланечук ваҳима боса бошлади, юрсам ҳам, турсам ҳам хаёлимда бир ҳадик бонг урарди: “Афғонга кетсам-а? Мен ҳам Жонтомирдай ўлиб кетсам-а, менинг ҳам ўлигим келармикин? У ёқда қирғин-барот дейишаяпти. Маҳмуд тоғамнинг ўғли ҳам яримжон бўлиб, бир қўлини йўқотиб келди, мен у ёққа бормаслигим керак...” Хаёлингда нима воқеа чарх урса ҳаётинга ўша нарсани чақиришинг чин экан. Мени афғон урушига жўнатишди. 
  Мен уйга биринчи ёзган хатимдаёқ қаерга, қайси жаҳаннамга келганимни яшириб ўтирмадим, ота-онамни алдагим келмади. Агар менга бирор кор-ҳол бўлса, жигарларимни алдашимдан нима наф, деб ўйладим. Дастлабки ойларда қўрқув комидан қутулолмадим, жанг олдидан оёқ-қўлимни қалтироқ тутарди, юрагимни аллақандай куч суғуриб олаётгандай жоним халқумимга келарди. Ўлиб кетсам, нима бўлади? ...Кейинчилик жангга, отишга, одам ўлдиришга ҳам кўникиб кетдим. Ҳеч нарсани ўйламай қўйдим. На уйни, на ота-онамни... Агар мен уларни ўйласам, ёнгинамда ўлимнинг нафасини ҳис қилардим. Мен жангда, қиёмат-қойим ичида ўзимни, ўз руҳиятимни бошқаришни ўргандим, аниқроғи, уруш шунга мажбур қилди. Бу дунёнинг сариқ чақачалик аҳамияти қолмади. Менинг ўзим қуролга айландим, қалбим, кўзим, оёқ-қўлим, вужудим қурол. Ҳа, мен одам эмас эдим, мен қурол эдим...
Тақдирнинг ёзиғи... уйимдан туз-насибам узилмаган экан, икки йилдан ошиқ вақт ўтгач баҳорнинг сўнгги кунларининг бирида қишлоққа қайтиб келдим. Ҳовлимизда тўй бошланиб кетди. Ота-онам ақлдан озгудай бўлиб чор-атрофга зир югуришади, ака-укаларим кўзида ёш билан мени бағрига олишади, хеш-ақрабо, бутун қишлоқ аҳли йиғлади. Новвос ағдарилди, иккита улкан қозон осилди. Шўрва қайнади, ош тортилди, ўйин-кулги бошланди. Ҳовли четидаги кенг мўл супада, одамлардан холироқ жойда тенгдошларим даврасида улфатчилик оғушида ўтиргандим, тўйхона томондан келаётган акамга кўзим тушди. У мени имлаб чақирди. 
— Нима гап?
— Нурбой муаллим келди. Сени сўраяпти. Кўришиб қўй.
  Юрагим шиғ этди. Акамга синчиклаб қарадим.
—  Муаллим, ҳалиги, кайфияти қандай? Ақли...
  Акам нега саросималаниб турганимни дарҳол англаган экан:
— Хавотир олма. Даволаниб чиққан, касалмас. Ақли-хуши жойида.
  Муаллим анча чўкиб қолган экан. Кўзларида ёш ғилтиллаб турибди. Мени бағрига босиб из-из йиғлади.
— Ўғлим, болажоним, омон-эсон келдингми? Ўша ёқда Жонтомир аканг қолиб кетди-да, болам... Қолиб кетди. Жонтомир акангни кўрмадингми, болам...
— Йўқ, кўрмадим... Кўролмадим, — дейман титраб-қақшаб.
  Уйимизга, мен билан кўришиш учун келган одамлар ўзларини четга олишди, кўзларини олиб қочишди. Муаллимни войиш тагидаги даврага чорлади отам. Мен анчагача серрайиб турдим. 
  Йиллар учди... Вақт ўтди. Ўқишни тугатдим. Ишга кирдим. Қишлоққа онда-сонда борган кезларим Нурбой муаллим мени йўқлаб келади, ё ўзим бораман. У менга анча термулиб туради. Гапимиз унчалик қовушмайди, лекин бир-биримизни анча соғинганимизни ҳис этамиз. 
  Қишлоққа боргач, муаллимни кўрмасдан шаҳарга қайтмайдиган бўлдим.
  Мана, орадан қарийб ўттиз йилдан ошиқ вақт ўтаяпти. Мен эллик бир ёшга тўлдим. Нурбой муаллим эса тўқсон ёшга яқинлашаяпти. Муаллим бир бурдагина бўлиб қолган, лекин, гаплари анча тетик. Жони қаттиқ экан муаллимнинг, балки Жонтомир ўз жонини отаси Нурбойнинг жонига улаб кетдимикин? Парвардигорим Жонтомирнинг умрини ҳам Нурбой бобога қўшиб берганмикин-ё? 
  Билмадим, бундай мушоҳадаларга ҳаммамизнинг ҳам ақлимиз ожизлик қилади. Бироқ ўша пайтлардаги муаллим, ҳозирги Нурбой бобонинг фақат менга, биргина, биргина ўзимга ишониб айтадиган гапи замиридаги куч бобога қувват бериб турибдимикин, деб ҳам ўйлайман. Нурбой бобо билан ҳар гал кўришганимизда менга ишонч билан айтади:
— Буни сен тушунасан, бошқаларга гапирмайман, шунинг учун ҳам сени соғинаман болам, шуни бил: Жонтомир аканг келади. Унинг хабарини биринчи бўлиб сен берасан, тўғрими?
— Тўғри. Тўғри, бобожон...
  Бобо жилмаяди. Ҳар гал суҳбатимиз шундай якун топади.
  Бугун яна қишлоққа келдим. Атроф кеч кузак оғушида. Уфқ жонталаш. Нурбой бобонинг уйи олдидан ўтаяпман. Бу гал қадамимни тезлаштирмадим. Ҳовлига кирдим. Тахтакраватда уфққа термулиб турган бобога кўзим тушди. У мен томон ўгирилди. Бобо янада кичрайиб қолибди. Мен томон сийпаланибгина юрди. Бағрини очди.
— Келдингми, ўғлим?
— Келдим бобо, келдим...
— Жонтомиримни кўрдингми, болам.
— Кўрдим, бобо, кўрдим...
Бобо менга бироз тикилиб турди.
— Бор энди болам, уйингга боравер.
  Мен ўз уйимга йўл олдим. Мен бобони бу қадим заминда ушлаб турган қудрат, унинг Жонтомири ҳақида ўйлаб борардим. Бу томир қаердан ўсиб чиққанлигини ва инсон боласида умид деган Жонтомир ҳеч қачон узилмаслигини мен яхши билардим.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот