Кавсар Турдиева ижод оламида катта тажриба мактабига эга бўлса-да, ўта камтар ва камсуқум, маънавиятли ва маданиятли ижодкор. Адабиётда саёз қораламалари билан ўзини кўрсатишга, кўз-кўз қилишга уринаётган айрим “ижодкор”ларга бу Инсонни ўрнак қилиб кўрсатгим келади. Кавсар опа гарчи “Ўзбекистон халқ шоири” унвонининг соҳибаси бўлмаса-да, аллақачон халқимизнинг, фарзандларимизнинг юрагидан жой олган қалам соҳибасидир. Менимча, ҳақиқий ижодкорнинг ютуғи ҳам шундадир!
ИШОНЧНИ ОҚЛАГАН ҚИЗ
Болалар шоираси Кавсар ТУРДИЕВАнинг қизиқарли, қувноқ ижоди билан дарслик китоблар орқали яхши танишсиз. “Катта ойи” бадиий фильми, “Сумалак ва минг тилак”, “Зумрад ва Қиммат” “Иркитвой ва Киркетжон”, номли бир қатор мультфильмлар Кавсар Турдиеванинг сценарийси асосида тайёрланган. Бу ижодкор бир-биридан ажойиб китоблари, шеърлари орқали кўпгина кўнгиллардан жой олиб улгурган. Бугун биз Кавсар опанинг болалик йилларига қайтамиз...
“ДАЗМОЛЛАНГАН ОДАМ”
Оилада уч фарзандмиз – бир қиз, икки ўғил. Ёлғиз қизлигим сабаб жуда эркатой, аммо табиатан оғир, босиқ бўлганман. Отам – адабиётшунос олим Шерали Турдиев қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизни оқлаб, бу иш устида кўплаб илмий изланишлар олиб борган. Онам Гулшод Муҳаммаджонова тилшунос олима, ўзбек лексикологиясининг ривожланиши ҳақида бир қатор илмий ишлар тайёрлаб, диссертация ёқлаган.
Оиламизда китоб ўқишга, мутолаа қилишга эътибор катта бўлган. Ота-онам ишдан ортиб бизга деярли ҳар куни эртак ва ҳикоялар ўқиб беришарди. Агар шамоллаб, бетоб бўлиб қолсам, ҳамширанинг санчқи муолажасидан сўнг мен учун алоҳида яна эртак ўқиб беришарди. Мен эса бир кунда кўплаб эртак эшитиш имконига эга бўлар эдим. Шунинг учун бўлса керак, болалигимда касал бўлишни яхши кўрардим.
Хаёлпараст, ишонувчан, жуда содда қиз бўлганман. Кичиклигимда негадир суратга тушиш деганда одамни дазмоллаб, қотириб, деворга илиб қўйишади, деб ўйлар эдим. Суратга тушишдан жудаям қўрқардим. Бир куни онам укам билан мени эсдалик учун расмга олдирмоқчи эканлигини эшитишим биланоқ, кўчага чиқиб қочиб кетганман. Мени роса қидиришган... Шу қўрқув сабаб уч ёшлигимда тушган суратим йўқ.
Мактабда табиат дарсида пластилиндан турли-туман шакллар ясардик. Аммо мен ясаш ва чизишга нўноқроқ эдим. Шундай пайтлари укамга илтимос қилардим. Укам истаган шаклни ўзига ўхшатиб ясаб бера оларди. Бир куни укам қўшни, синфдош дугонам Жаннат билан менга табиат дарсидан берилган уйга вазифани бажариб берди. Эртаси куни ўқитувчим дугонамнинг ишини мақтаб, ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатди-да “беш” баҳо қўйди. Меникига эса “тўрт” баҳо қўйди. Шу куни уйга келиб, “Укам менга эмас, дугонамга чиройли қилиб ясаб берибди. Ахир мен опасиман-ку”, дея хафа бўлиб йиғлаганман.
1-синфни тамомлаш арафасида ўқитувчим Зинаида Васильевна мажлис бўлишини, унда ҳамма ота-оналар иштирок этиши лозимлигини уқтирди. Устозим яна, кимнинг ота-онаси келмаса ёки кечикса, ўша ўқувчи синфдан қолдирилади, дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Ишдан чиқиб, уйга зўрға етиб келган онам билан шошилганча мактаб томон йўл олдик. Бироқ мактабга етиб борганимизда мажлис тугаган, ота-оналар мактаб ҳовлисига чиқишаётган экан. Ўқитувчим синф эшиги олдида турганимни кўриб кулганича, “Мен нима деган эдим, ана энди сен 1-синфда қайта ўқийсан. Синфдан қолдирилдинг”, деган. Шунда мен яна бир йил ўзимдан кичик болалар билан ўқишимни, ҳамма устимдан масхара қилиб, кулишини тасаввур қилиб хавотирга тушганман. Кучли ҳаяжон таъсиридан ўша заҳотиёқ ҳушимдан кетиб йиқилганман. Қўрқиб кетган ўқитувчим бошқа менга ҳазил қилмайдиган бўлди...
ИЛОҲИЙ КИЙИКЧА
Оиламизда яхши бир одат бор эди. Ота-онам бизга жуда кўп шеър ёдлатар ва бунинг учун тез-тез рағбатлантириб туришарди. Укаларим билан “Ким кўп шеър ёдлайди!” мусобақасини ўйнардик. Кўпинча мен ғолиб бўлардим.
Уйимизда менга бўлажак шоира сифатида муносабатда бўлишарди. Келган меҳмонларга бир талай шеърни ифодали ўқиб берардим. Отам 7-синфда ўқиётганимда сўз бойлиги кўпайсин, деган мақсадда ўқишимни рус мактабдан ўзбек мактабига ўтказди. Мен билан бироз суҳбатлашган мактаб директори ўринбосари “Бу ўзбек мактабида ўқиёлмайди. Бошқа ўқувчиларни орқага тортади”, деди. Унинг гапларидан хафа бўлдим. Бор кучим билан яхши ўқишга ҳаракат қилдим. Кунига 3-4 та “беш” олдим. Бир ой ўтар-ўтмас мен ҳақимдаги фикрлар тамоман бошқа томонга ўзгарди. Турли хилдаги тадбирлар, олимпиадаларга қатнаша бошладим. Айниқса, рус тилидан олимпиадага бориб юқори ўринларни олардим. Ҳар бир фанга алоҳида тайёргарлик кўрардим. Шунинг учун ҳам ўқитувчиларим мени яхши кўришарди. Айниқса, тарих ўқитувчим энди гапиришни бошлашим билан баҳонг “беш”, деб юборарди. Бир куни ўқитувчим барибир сўрамай “беш” қўяди, деб тарихдан уйга вазифани ўқимай, тайёрланмай бордим. Лекин дарснинг охиригача ўқитувчим мендан мавзуни сўраб қолса, нима қиламан, деган қўрқув ва хавотир билан ўтирганман. Бу ҳолатим менга анча сабоқ бўлган. Ҳаттоки бу ҳақида шеър ҳам ёзганман.
Математика ўқитувчим доимо менинг ёзувимни болаларга ўрнак қилиб кўрсатарди: “Мана буни ҳуснихат дейдилар, нега сизлар Кавсардек чиройли ва тоза ёза олмайсизлар”, дерди. Менга эса фикрлашинг тез, аммо жуда секин ёзасан, тез ёзишни ўргангин, дея танбеҳ берарди. Тез ва чиройли ёзишга ҳаракат қилардим. Чиройли ёзишимнинг яна бир сабаби – яхши кўрган сиёҳли ручкам бўларди. Айнан шу ручкам бошқача, бежирим ёзарди. Бир куни танаффусда шўх синфдошим ҳамма ўқувчиларнинг ручкасини ўзига билдирмай териб олибди-да, печканинг ичига ташлаб юборибди. Уларнинг ичида менинг қадрдон ручкам ҳам бор эди. Анча пайтгача бошқа ручкага кўниколмай, қийналиб юрдим.
Онам ёлғиз фарзанд бўлгани учун бувим (онамнинг онаси) биз билан яшарди. Бувим жуда билимдон аёл бўлган. Менга кўпгина асарларни ўқиб, мазмунини тушунтириб берарди. Айниқса, Абдулла Тўқайнинг бошидан кечирганлари, болалик қийинчиликлари, ривоят ва ҳикоятларини эринмай сўзлаб берарди...
Бир кеча туш кўрдим. Тушимда кичкинагина кийикча ўйнаб юрган эмиш. Шунчалар чиройли ва ёқимли эдики... Уйғониб кетдим. Эртаси кундан эса менда қандайдир куч оҳангга мослаб шеър ёзишга ундай бошлади. Нималарнидир ёзгим келарди-ю, сўз бойлигим камлик қиларди. Онамнинг кўмаги билан шеър ёзишни машқ қила бошладим. Онам чизган расмларим, ёзган шеърларимни йиғиб, атрофларини кесиб, текислаб китобча ясарди. Кейин оқ қоғоздан чиройли муқова тайёрлаб, устига “Кавсарнинг биринчи китоби”, “Кавсарнинг иккинчи китоби”... деб ёзиб чиқарди. Мен уларни худди ростмана китобдек тасаввур қилиб қўлимда ўзгача кайфият билан кўтариб юрардим. Ҳозир ҳам янги китобим чоп этилса, ўша болаликдаги қизалоқдек ич-ичимдан қувониб кетаман.
Онам менга ҳар куни “Ҳеч бўлмаганда бир дона шеър ёзгин, ёза олмасанг рус тилидан бирор-бир шеърни таржима қилишинг керак”, дея уқтирарди. Бора-бора ҳар куни шеър ёзиш кўникмага айланди. Қизиқишим сабаб мактаб, газета ва журналларда ташкил этилган адабий тўгаракларга қатнай бошладим. Кетма-кет шеърларим чоп этилиб, ҳаттоки, мактабимга менинг номимга ёзилган хатлар кела бошлади. Ижод қилганим сари хатларнинг сони ортаётганини кўриб ўқитувчиларим ҳам ҳайратда эди. Шундай қилиб, мактабдаги энг машҳур ўқувчига айландим. 8-синфда ўқиётганимда мактабимиз почтасига “Муштум” журналидан 7 сўм қалам ҳақи келди. Ўша пайтда 7 сўм ўқувчи учун катта пул эди. Хурсанд бўлганимдан, ҳаммага совға олиб улашиб чиқдим.
АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ ЭЪТИРОФИ
Отам асли зоминлик бўлган. Шунинг учун Зоминга – бобом билан бувимникига тез-тез бориб турардик. Кенг ва гўзал табиат қўйнида болалар билан “Оқ теракми, кўк терак” ўйинини ўйнардик. У ерда бир-биридан чиройли катта-кичик сойлар кўп эди.
Бир куни укам ота-онамдан сўрамай болалар билан катта сойга чўмилишга кетиб қолибди. Қайтиб келишганида қўшни болаларнинг оналари боласининг қулоғини чўзиб, уриб-уришган бўлса, онам укамни маҳкам қучоқлаганча, “Агар сенга бир нима бўлганида мени қай аҳволга тушишимни ўйлаб кўрмадингми?” деб йиғлаган. Шу воқеадан сўнг ҳеч биримиз уйдан сўроқсиз чиқиб кетмайдиган бўлдик.
Отам жуда меҳрибон бўлса-да, лекин талабчан ва қаттиққўл инсон эди. Кечқурунлари кўчага чиқишимизга рухсат бермасди. “Қиз боланинг кўчада гаплашиб туриши кўзга хунук кўринади. Дугоналаринг билан қанча гапинг бўлса уйда гаплашгин”, дер эди.
Мактабимизда Абдулла Орипов билан учрашув ташкиллаштирилди. Мен бу тадбирга “Илоҳий комедия” асарининг таржимаси ва мазмуни ҳақида маъруза тайёрладим. Маъруза Абдулла Ориповга жуда маъқул келиб, мен билан қизиқиб қолди. Отам билан танишиб, “Қизингиз албатта ўқишга кириши керак. Бу қиз келажакда яхши ижодкор бўлади. Агар ўқишга кира олмаса, шахсан ўзим Шароф Рашидовнинг олдига кираман”, деган экан. Абдулла Ориповдек инсоннинг қайғуриши менга кўпроқ ва яхшироқ ижод қилишим кераклигига туртки бўлган.
Отам чет эл адабиётини севиб мутолаа қилар, Лев Толстой асарларидаги бадиий тасвирларни ўқиб, изоҳлаб, тушунтириб берарди. Қаерда шеър ёзиш маҳоратини ўрганишга оид адабиёт ёки қўлланма кўрса, албатта, ўша китобни олиб келиб берарди. Уларни синчиклаб ўрганиб чиқардим. Эртак ва ҳикоялардаги қизиқарли образларни шеърга солишимда отам совға қилган китоблар менга катта кўмакчи бўлди.
Сўнгги қўнғироқда ҳар бир фан ўқитувчимга атаб алоҳида шеър ёзиб, ўқиб бердим. Ҳамма менга “Бундай хайрлашувни кутмаган эдик. Ажойиб бўлди”, дея роса хурсанд бўлишди. Устозларим ва синфдошларим бу хайрлашувни ҳалигача эслаб гапиришади...
Мактабни тамомлаб олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун борганимда, у ерда етук устоз Бойбўта Дўстқораевга дуч келдим. У киши менга қараб: “Биз Кавсар Турдиевани ёши катта аёл бўлса керак, деб ўйлагандик. Сиз ростдан ҳам ўша Кавсар Турдиевамисиз?” деб қайта-қайта сўраган...
Тинимсиз ўқишларим, изланишларим натижасида олий ўқув юртига қабул қилиндим ва янада кўпроқ ижод қила бошладим.
Ижодкор фақатгина меҳнати билан юзага чиқар экан. Ҳақиқий меҳнатнинг меваси, унинг мазаси эса жуда ёқимли бўлади. Бир кунгина ўқиш ва ўрганишдан тўхтаган инсон кўп нарса йўқотади. Мамнуният билан шуни айта оламанки, шу кунгача фақат болалар учун ижод қилдим. Болаларнинг беғубор оламидан узоқлашгим, тарк этгим келмайди. Болаларимиз кўнглига ҳар куни янгиликлар, янги олам билан кириб боргим келади. Уларнинг хаёлидаги ўйларини бола қалбидек ҳис этиб, ижодимда акс эттиргим келади. Бу йўлда ҳамиша изланиш ва интилишдаман.
Суҳбатдош - Нилуфар ЖАББОРОВА.