Ижод чашмаси: Сўз санъатининг қадри
Ижод чашмаси: Сўз санъатининг қадри
Таниқли журналист ва ёзувчи – Музаффар Муҳаммадназар «Ижод чашмаси» журналини ташкил этганида, дастлаб, очиғи, бироз ҳайратландим. Негаки, бугунги кунда босма нашрларнинг аҳволини яхши билганим учун, Музаффарнинг бундай залворли ишга дадил қўл уриши мен учун катта жасорат бўлиб туюлди. Аслида, бугун отахон нашрларнинг аксарияти таназзулга учраяпти, обуна деган бало уларнинг йўлида катта тўсиқ бўлиб турган бир даврда «Бизга шу журнал керакми?», деган савол ҳам туғилди. Кейинчалик эса, журналнинг ҳар бир сонини қолдирмай ўқишга ҳаракат қилдим. Мени хурсанд қилгани – журналнинг адабиёт ва санъат аҳлига, уларнинг ижодига ва янгиликларга ўзгача ёндашуви бўлди.
Юқорида таъкидлаганимдек, "Ижод чашмаси" журналининг ҳар бир сонини мунтазам кузатиб бораман. Эътироф этиш керакки, журнални варақласангиз, у жуда қизиқарли ва мазмунли эканлигига гувоҳ бўласиз. Унда ижоднинг аҳамияти, сўз санъатининг қадри, ижодкорлар орасидаги муносабатлар ва ижодий фаолиятнинг натижалари ҳақида чуқур мулоҳазалар билдирилади.
Журнал мавзуларини қисқача таҳлил қилсам, менга манзур бўлган асосий жиҳатлар қуйидагилар:
1. Сўз санъатига эътибор: таниқли шоира Гуландом Тоғаева ҳазрат Навоийнинг сўзга бўлган эҳтиромини ёдга олади. Бу ижодкорлар учун сўзнинг қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Сўз инсонни ҳайвондан ажратиб туради, бу эса ижодкорнинг масъулиятини янада оширади. Журнални ўқиётган ёш ижодкорлар айнан сўзга эътиборни ўрганади, деб айтиш мумкин.
2. Ижоднинг сирлилиги: ҳар бир ижодкорнинг юрагидаги ғоялар унинг асарларига таъсир қилади ва акс этади. Журналдаги ҳикоялар ва суҳбатлар ижод аҳлидаги туйғуларнинг қандай туғилиши ҳақидаги фикрлар ўқувчини мушоҳадага, мунозарага чорлайди. Ижодкорлар томонидан яратилаётган янги асарлар инсонни ўйлантириш билан бирга, улардаги сўз орқали яратилаётган мўъжизаларни ҳис қилиш имконини беради.
3. Мақолалар ва ижодкорлар: Мунаввара Усмонованинг “Бир куни” рубрикаси остидаги мақолалари ота ва қиз ўртасидаги меҳрни гўзал тасвирлаш билан бирга, турли ҳаётий вазиятлардан тўғри хулоса чиқаришимиз учун имкон беради. Шунингдек, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Адиба Умирова, Нилуфар Жабборова ва бошқа ижодкорларнинг шеърлари ҳамда ҳикоялари журналнинг савияси ва ўқимишлилигини янада оширишга хизмат қилади. Журналда санъат аҳлининг илғор кишилари ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.
4. Журналнинг дизайни: Журналнинг бадиий безалиши ва дизайни ҳам эътиборни тортади. Бу ижодкорлар жамоасининг профессионаллигини ва кўп изланишини кўрсатади. Дизайн ҳар доим ўқувчини жалб қилиш билан бирга, контент билан мувозанатда бўлиши керак. Журналдаги ранглар, шрифтлар ва расмлар жуда яхши танланади, бу эса ўқувчига эстетик завқ бағишлайди.
Энди мана шу қисқа таҳлил орқали мақола бошида айтилган «Бизга шу каби журнал керакми?» деган саволга жавобан айтаманки, бизга «ИЖОД ЧАШМАСИ» журнали албатта керак! Чунки, у бизни адабиёт ва санъатдаги янгиликлар билан таништириш билан бирга, улкан маънавий озуқа ва бугунги ўзбек адабиёти ва санъатидаги янгиликлардан хабардор бўлиш имконини беради. Журналнинг ҳар бир сони изланишлар ва улкан меҳнат сабаб ҳам ўзгачадир.
Мен ёзувчи ва шоира сифатида "Ижод чашмаси" журнали таҳрир ҳайъати ва муаллифларининг келгуси ижодларида муваффақият тилаб, катта ададларда нашр этилишига тилакдошман.
Моҳигул НАЗАРОВА –
Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудири, сценарийнавис, адиба ва шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.