Кавсар Турдиевага табрик
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, таниқли киносценарист, болалар шоираси – Кавсар Турдиевани таваллуд топган куни билан табриклаб, шоирамизга соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий муваффақият тилаймиз!
Маълумот: Кавсар Шералиевна Турдиева 1958 йилнинг 6 август куни Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилган.
Тошкент Тиббиёт университети профессори, филолог олима, 1984 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болалар шоираси, педагог, журналист, сценарист, драматург ва таржимон.
1975 йили Чилонзор туманидаги 201-мактабни олтин медаль билан тугатган ва ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг «Журналистика» факультетига ўқишга кирган. Сўнгра Ленинград (Санкт-Петербург) давлат Университетида ўқишни давом эттирган (1981).
Кавсар Турдиева Ўзбекистон фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олган. Тошкент давлат Педиатрия тиббиёт институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Кавсар Турдиева ёшлигидан болалар адабиётига қизиққан. Илк шеъри ўқувчилик йиллари ҳозирги “Тонг юлдузи” ("Ленин учқуни") газетасида босилган. Биринчи китоби “Варрак” 1983 йили нашр этилган.
Китоблари:
Кавсар Турдиеванинг «Варрак» (1983), «Ўйнаяпман, ўйлаяпман» (1989), «Қуш бўлиб учган она» (1994), «Рақамлар бўйлаб саёҳат» (2000), «Она иси» (2003), «Ҳайвонот боғи» (2003), «Обод маҳаллам кўчалари» (2003), «Саломат бўлинг» (2003), «Боту нидоси» (2004), «Обод маҳаллам бўйлаб» (2004), «Пиёдалар қўшиғи» (2004), «Тозалик-гўзаллик» (2005), «Ўн юмуш» (2005), «Митти қўғирчоқбоз» (2007), «Ёнимда ойим» (2007), «Касблар алифбоси» (2008), «Топган топалоқ» (2011), «Соғинчлар сочилган бекатда» (2011), «Дунёни сақлар болалар» (2012), «Ўйнаб, сўзлаб ўрганамиз» (2014), «Касблар. Profeshen” (2016), «Ўйла, изла, топ» (2017), «Беғубор жилвалар» (2017), «Нортой ва қорбола» китоби Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида ўзбек, рус ва корейс тилларида чоп этилди. (2018). Шунингдек 2020 йилда ўзбек ва хитой тилларида Ўзбекистондаги Конфуций институти томонидан “Сумалак” , 2021 йилда “Mummy please come soon” инглизча шеърлар тўплами, 2024 йилда “Бир шаҳарча болалари” насрий китоби чоп этилди.
Унинг Кореяда чоп этилган “Нортой ва қорбола” китоби асосида Жанубий Корея боғчаларида машғулотлар ўтказилади.
Сценарийлари:
Сценарийлари асосида “Катта ойи” бадиий фильми, “Иркитвой ва Киркетжон”, “Сумалак ва минг тилак”, “Зумрад ва Қиммат” мультфильмлари ишланди. “Зумраша” киножурнали лавҳалари суратга олинган.
Таржималари:
Рус тилидан Кавсар Турдиева таржимасида Раим Фарходийнинг «Ступеньки здоровья и счастья» (2006), С.Маршакнинг «Мушукойимнинг уйи» (2012), К.Чуковскийнинг «Доктор Войжоним» (2018), Абдулла Тўқайнинг “Шеърий ва эртаклар”, “Бола билан капалак” китоблари 2020 йилда, 2023 йили Елена Макарованинг “Ҳар кимнинг ўз боласи” китоби чоп этилган. “Жаҳон адабиёти” журналида унинг ҳорижий муалифларининг болаларга аталган шеърларининг таржимаси босилган. Ўзбек болалар шеъриятидан рус тилига қилган таржималари нашр учун топширилган.
Монография, дарслик ва ўқув қўлланмалари:
2013 йилда унинг «ХХ асрнинг 60-80 йилдарида ўзбек болалар шеъриятида маънавият масалалари», 2021 йил “Тиббий таълимда китобхонликни соҳа билан боғлаб ўрганишнинг самарадорлиги”, 2024 йил “Ўзбек болалар шеъриятининг ўзига хос хусусиятлари ва тарбиявий аҳамияти” монографиялари чоп этилган. 2006 ва 2007 йилларда Тиббиёт олийгоҳлари талабалари учун «Ўзбек тили» дарсликлари, 2010 йилда «30 шагов к русскому языку», 2015 йилда тиббиёт институтлари талабалари учун «Обучение студентов устной речи» ва «Обучение студентов письменной речи» ўқув қўлланмалари, 2019 йили Тиббиёт институтлари талабалари учун 2 қисмдан иборат “Ўзбек тили” дарслиги чоп этилган. 2020 йил “Учебное пособие по русскому языку для студентов-медиков 1-курса” номли ўқув қўлланма чоп этилди.
Кейинги 5 йил ичида унинг томонидан тиббиёт институтлари учун “Бадиий адабиётда тиббиёт” курси ишлаб чиқилди ва курс бўйича дарслик, қўлланма, хрестоматиялар чоп этилди. Хорижий (инглиз), (корейс) талабалар учун “Ўзбек тили” дарсликлари яратилди. Жами К.Турдиева томонидан 20 га яқин дарслик ва ўқув қўлланмалар яратди.
Илмий мақолалар ва анжуманлар, грантларда иштироки:
1989 йил Москвада ва 1993 йил Ялтада ўтказилган Болалар адабиётига бағишланган анжуман қатнашчиси, Ашхободда ўтказилган “Аёллар тинчлик ва фаровонлик учун” форуми қатнашчиси. 2016 йил Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида ўтказилган семинар қатнашчиси. 2020 йил Новосибирск шаҳрида “Библиосфера: новые форматы”. “Евразийское книжное-культурное пространство:векторы взаимодействия” вебинарда “Ўзбек болалар адабиётининг ҳозирги замондаги ривожланиш босқичи” номли маърузаси билан, шу йил Новосибирскда ўтказилган семинарида “Иркитвой ва Киркетжон” эртаги билан, 2022 йил Новосибирскда “Марказий Осиёдаги маданий-маърифий лойиҳалар маданиятлараро коммуникациялар ресурси сифатида” номли давра сухбатида “Ўзбекистонда маданий-маърифий лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошириш тажрибасидан”, шу йил “Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди” номли маърузалари билан қатнашди. 2023 йил Тюмендаги “Макушин ўқишлари” халқаро анжуманда болалар адабиёти таржимаси мавзусидаги илмий маърузалар билан иштирок этди. Болалар адабиётига бағишланган 100 дан ортиқ илмий, публицистик мақолалар муаллифи.
Кавсар Турдиева томонидан институтда Республика ва Халқаро миқёсида Ўзбек тили, тиллар таълимида янги педтехнологиялар, китобхонлик бўйича Республика ва Халқаро миқёсида турли анжуманлар ўтказилди.
Грантлардаги иштироки: 2020 йилда “Ўзбекистон уюшмаган ёшларида мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг илмий-амалий асосларини такомиллаштириш” номли грантда иштирок этиб, унинг шеърлари асосида ушбу дастур бўйича медиаматериаллар тўплами жамланди, 2021 йилда “Экстремал вазиятга тушган инсонларда ижтимоий-тиббий психологик иммунитетни шакллантириш учун ахборот платформасини яратиш” грантида иштирок этиб, унинг шеър, ҳикоя ва эртаклари асосида 5 ёшдан юқори бўлган болалар психологик иммунитетини ривожлантиришга мўлжалланган “Бардам бўл, болажон!”, 2024 йили “Ижтимоий ҳуқуқий хатар гуруҳига кирувчи ёшларда ижтимоий – психологик иммунитетнинг таъсирчан механизимларини яратиш” номли медиа ресурслар тайёрланди.
Қўшиқлар матни:
Унинг шеърлари асосида 300 дан ортиқ ёзилган қўшиқлар матни катта оммавий тадбирларда, мультфильмда, жумладан Тошкентнинг 2200 йиллиги, Шанхай ҳамкорлиги, Наврўз, Мустақиллик, Устоз ва мураббийлар куни, Конституция куни, Ватан ҳимоячилари куни байрамларида мунтазам ижро этилади. 17 йилдан бери шоира Президент арчаси учун сценарийлар, қўшиқлар матни ва шеърлар ёзади. “Болажон” ва “Ақлвой” телеканалларининг мадҳияси муаллифи. “Булбул”, “Сусамбил”, “Автосаргузаштлар” мультфильмлари ва “Барака топ”, “Зумрад ва Қиммат” телефильмлари, “Учар от” бадиий фильми учун шеър ва қўшиқлар матни муаллифи. Унинг шеърлар асосида қошиқларни ижро этган ансамбллар “Томоша”, “Марварид” хорижий давлатларда Гран-при сохиблари бўлишган.
Жамоат ишлари:
Республика болалар журналлари “Билимдон”, “Знайка”, “Болалар адабиёти” ва “Ғунча” ва “Шарқ юлдузи” журналида редколлегия аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Болалар адабиёти кенгаши аъзоси. Кавсар Турдиева 1992 йилдан бери бошқарган ижодкор тиббиётчи талабаларининг «Нишона» тўгараги аъзолари шеър ва ҳикоялари жамланган «Ушбу куйлаётган ёшликнинг тори» 2000 йилда ва 2006, 2020 йилларда «Чорлар бизни «Нишонамиз» тўпламлари, 2022 йили “Нишонанинг нишоналари” ёш ижодкорлар учун қўлланма нашр этилди. Шунингдек 6 та ижодкор талабанинг алоҳида шеърий тўпламлари нашр этилди.
2008–2012 йилларда институт Хотин-қизлар кенгаши раиси лавозимида фаолият олиб борди. Фаолияти давомида институт аёлларидан 1 нафари “Йил аёли” кўрик-танловининг республика босқичида 2-ўринни 2 та талаба қиз эса “Зулфия” давлат мукофоти учун шаҳар босиқчида ғолибликни қўлга киритди.
Кавсар Турдиева 1995 йилдан бери институтнинг “Педиатр” газетасида мухбир, бош муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатиб келди. Унинг газета саҳифаларида чоп этилган очерк ва мақолалари асосида иқтидорли ёшлар ҳақидаги “Салом ёшлик!”, институт профессор – ўқитувчилари ҳақидаги “Педиатр саҳифаларида” китоблари нашр этилди.
Республика болалар журналлари “Билимдон”, “Знайка,” “Ғунча” ва “Шарқ юлдузи” журналларида таҳрир ҳайъати аъзоси.
Кавсар Турдиева бошчилигида талабалар бир неча бор иншолар танлови совриндори, республика олимпиадаси ғолиблари бўлишган. Жумладан, 2020 йили рус тили фанидан, 2023 йили корейс талабаси ўзбек тили бўйича республика олимпиадаси ғолиблари бўлишди.
Қўлга киритган ютуқлари :
Танловлардаги ғалабалар.
2004 йил Республика Театр фестивалида “Тошкесаклар мамлакатида” қўғирчоқ спектакли 3-ўринни эгаллаган.
2005 йил «Тозалик-гўзаллик» китоби учун ЮНИСЕФ танловида 3-ўринга сазовор бўлган.
2009 йил «Энг улуғ, энг азиз» Республика танловида адабиёт йўналишида 1-ўринни эгаллаган.
2010 йил натижалари бўйича «Болаларнинг севимли шоираси» номинацияси соҳибаси.
2015 йил “Энг яхши болалар оромгоҳи қўшиғи” ва “Энг яхши марш қўшиғи” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритган.
2016 йил Касабалар уюшмаси федерациясининг “Болалар учун энг яхши китоб” танловининг ғолиби.
2022 йили Ўзбекистон Республикаси Ёшлар агентлигининг “ Болалар учун яратилган энг яхши китоб” номинациясининг совриндори
Давлат мукофотлари:
2001 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
2019 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ёшлар мураббийси» унвони билан тақдирланган.
2020 йил «Мустақилликнинг 15 йиллиги» кўкрак нишони соҳибаси.
2021 йилда 1-даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган.
2023 йилда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланган.
2023 йилда “Олий таълим аълочиси ” кўкрак нишони билан тақдирланган.