Интеллектуал танлов ғолиблари тақдирланди


    Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотган “Дунё мамлакатлари” интеллектуал танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов Лазиз Раҳматов қаламига мансуб “Дунё мамлакатлари” энциклопедик асари асосида ташкил этилди.
   “Қанот” ҳамда “Дастхат” лойиҳалари ташаббуси билан ўтказилган мазкур билимлар беллашуви ёшларнинг ёзги таътил вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг жаҳон давлатлари ҳақидаги тасаввурини янада бойитиш ва халқаро муносабатлар соҳасидаги билимларини мустаҳкамлашни мақсад қилди.
    Замонавий онлайн форматда ўтказилган танлов қисқа муддат ичида республика бўйлаб катта қизиқиш уйғотди. Икки ой давом этган беллашувда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 1200 нафардан ортиқ билимга чанқоқ ёшлар иштирок этди.
    Танловнинг асосий манбаси бўлган “Дунё мамлакатлари” китобида жаҳон давлатларининг тарихи, географияси, аҳолиси, иқтисодиёти, маданияти, ташқи сиёсати, шунингдек, Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлиги ҳақида кенг маълумотлар жамланган.
    Иштирокчилар китобда келтирилган 236 мамлакат орасидан сараланган 30 давлат бўйича икки босқичли тест синовларида қатнашдилар. Саволлар “оддийдан мураккабликка” тамойили асосида тузилди. Шу билан бирга, кун ора ташкил этилган интерактив викториналар орқали иштирокчилар ўз билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлдилар ва 150 нафар иштирокчилар оралиқ синовларда мукофотландилар..
    Танлов якунларига кўра, 150 нафар иштирокчи ва лойиҳани фаол тарғиб қилган ёшлар муносиб рағбатлантирилди. Энг юқори натижани қайд этган олти нафар ғолиб учун алоҳида совринлар тайёрланган бўлиб, улар китоб орқали танишган мамлакатларга саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритдилар. Жумладан, икки нафар биринчи ўрин соҳибларига Туркияга, икки нафар иккинчи ўрин эгаларига Мисрга, иккита учинчи ўрин ғолибларига эса Вьетнамга сайёҳат йўлланмалари ҳамда махсус дипломлар топширилди.
    Шунингдек, 7–15-ўринларни эгаллаган иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирланди. 16–150-ўрин соҳибларига жами минг дона китоблар жамланмаси тақдим этилди. Танловни кенг оммага етказишда ва моҳиятини тушунтиришда фаоллик кўрсатган 30 нафар тарғиботчига ҳам махсус эсдалик совғалари берилди.
   Тақдирлаш маросимида мамлакатимиздаги таниқли шоир ва ёзувчилар, санъат намояндалари, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
   Бундай маърифий лойиҳалар ёшларда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ва Ватанимизни халқаро майдонда муносиб танитадиган билимли, фаол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот