МОМАММ 2.0: Минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда ташкилот салоҳиятини ошириш
5-декабрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази (МОМАММ)га аъзо давлатларнинг Миллий мувофиқлаштирувчилари кенгашининг (ММК) навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир мавзуси: “МОМАММ 2.0: Минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда ташкилот салоҳиятини ошириш”. Тадбир ташкилотчилари — Ўзбекистон Республикаси, МОМАММ Котибияти ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (БМТ НЖБ) Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий ваколатхонаси.
Йиғилиш икки хил форматда ўтказилди:
Кенг доирада — ШҲТ, ЕХҲТ, КХШТ, МДҲ давлатлари Кенгаши, ЭАГ (Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти), ГCC (Араб Ҳамдўстлик Кенгаши) каби халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари, АҚШ, Германия, Беларус, Эрон ва бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирок этади. МОМАММ директори ва томонлар Марказий Осиё мамлакатларидаги жорий нарковазият ҳамда ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифларни тақдим этдилар. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича халқаро бюроси (ИНЛ), Афғонистон элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакиллари ҳам ўз маърузалари билан чиқиш қилдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Гиёҳвандликка қарши кураш ва наркожиноятчиликни олдини олиш бўйича” Миллий дастур тақдимоти бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг ҳамкорлари билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ замонавий таҳдидларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган Қўшма декларация (коммунике) қабул қилинди.
Тор доирада – ММК раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Йиғилишда МОМАММнинг фаолиятини такомиллаштириш ва унинг институционал салоҳиятини ошириш масалалари, 2026-йил учун Тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) тасдиқлаш, МОМАММ бюджетини шакллантириш, шунингдек ташкилот доирасида ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича алоҳида таклифлар муҳокама қилинди.
Самарқандда бўлиб ўтган ММК йиғилиши минтақавий гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича асосий мувофиқлаштириш механизми сифатида муҳим қадам бўлди.
МОМАММга аъзо давлатлар ҳудудидаги нарковазият
Марказий Осиёдаги нарковазиятни мониторинг қилиш орқали бир қатор ташвишли тенденциялар аниқланди. Булар орасида гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилиниши ҳажмининг ошиши, янги синтетик моддалар пайдо бўлиши ва уларнинг тарқатиш усуллари янада такомиллашгани қайд этилди.
Сўнгги 5 йил ичидаги расмий статистика нарковазиятнинг ёмонлашаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳолат контрабанда оқимлари ва синтетик наркотикларнинг кенг тарқалиши билан боғлиқдир.
МОМАММга аъзо давлатларда ушбу давр мобайнида:
- умумий наркожиноятлар сони 51,8% га;
- мусодара қилинган наркотик моддалар ҳажми 139,2% га;
- синтетик наркотиклар мусодараси 63,2% га ортган.
Мазкур маълумотлар трансмиллий наркожиноятчиликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлигини тасдиқлайди.
МОМАММнинг роли ва фаолияти
Ўз мандатига мувофиқ, МОМАММ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши қўшма халқаро операциялар, жумладан, назорат остидаги жўнатмаларни етказиб берилишини ташкил этиш, ўтказиш ва мувофиқлаштиришда кўмаклашиб, трансмиллий наркожиноятчиликка оид маълумотларни тўплаш, сақлаш, ҳимоя қилиш, таҳлил қилиш ва алмашиш фаолияти билан шуғулланади.
2025-йил сентябрь ойидан бошлаб МОМАММга Ўзбекистон Республикаси раислик қила бошлади. Марказ ўз фаолияти давомида 85 дан ортиқ наркотикларга қарши операцияларни, жумладан халқаро назорат остидаги етказиб бериш операцияларини мувофиқлаштирган.
Натижада:
- 7,5 тоннадан ортиқ наркотиклар мусодара қилинди;
- 62 тоннадан зиёд прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди;
- 122 нафар уюшган жиноятчилик гуруҳлари етакчилари қўлга олинди.
Ушбу натижалар МОМАММнинг наркотиклар савдосига қарши курашда муҳим минтақавий мувофиқлаштириш механизми сифатида фаолиятидаги самарадорликни аниқ намоён этади.
Шу билан бирга, синтетик наркотиклар хавфининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, МОМАММ БМТ НЖБ билан ҳамкорликда янги психофаол моддалар пайдо бўлиши тўғрисида минтақавий “эрта огоҳлантириш тизими”ни жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу тизим янги нарко таҳдидларни тезкор аниқлаш ва олдини олиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази матбуот котиби – Мафтуна Ёдгорова.
©Музаффар Муҳаммадназар фотолари.