Лазиз Раҳматовга табрик
Истеъдодли журналист, адиб, моҳир таржимон, сценарист ва драматург – Лазиз Раҳматовни таваллуд топган куни муносабати билан муборакбод этамиз! Лазиз Раҳматовга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва янада юксак муваффақиятга эришишини чин юракдан тилаймиз!
Камоли эҳтиром ила – Muzaffar.uz сайти ва «Ижод чашмаси» журналининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Лазиз Хасанович Раҳматов 1981 йил 21 апрелда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган.
1997 йилда тумандаги Қори-Ниёзий номли ўрта мактабни тамомлаган.
2002 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг «Журналистика» факультетини (бакалавр), 2011 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг «Халқаро журналистика» факультетини (магистр) тамомлаган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилган. “Шуҳрат” медали соҳиби.
У турли йилларда “Фидокор” ижтимоий-сиёсий газетаси (2002-2003), “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” (2003-2004), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2004-2006), “Жаҳон” ахборот агентлигида (2006-2008) фаолият кўрсатган.
2008-2017 йилларда ва 2018 йилдан Президент девонида масъул лавозимларда хизмат қилган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот хизмати бошлиғи (2017-2018) бўлиб ишлади.
50 дан ортиқ илмий мақолалари турли республика ва хорижий журнал ҳамда илмий тўпламларида эълон қилинган.
2009 йил унинг сценарийси асосида “Интернет” ва 2011 йилда “Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти” ҳужжатли фильмлари суратга олинган.
Таржима йўналишида: Ўзбек Миллий академик драма театрида поляк драматурги Славомир Мрожекнинг “Чегара устидаги уй” асари (2007), “Илҳом” театрида Марказий Осиё ёш режиссёрлари фестивали учун бир гуруҳ ёш ижодкорлар томонидан тайёрланган “Доктор Фауст ҳақида афсона” спектакли (2008 йил) саҳнага қўйилди. Ўзбек Миллий академик драма театрида “Севги жилолари” либреттоси (2011), Тошкент давлат мусиқали рус комедия театрида 2013 йилдан “Простите, дорогой” (“Дадажониси, кечиринг”) пьесаси қўйилган.
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида “2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан “Дунё кексалари: Кексалар дунёси” (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида), “2016 йил – Соғлом она ва бола йили” муносабати билан “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)”, шунингдек, 2017 йили “Тамаддун” нашриётида “Оналик ва болалик: Ўзгараётган дунё” илмий-оммабоп китоблари босмадан чиқди.
2019 йили “Янги китоб” нашриётида босмадан чиққан “Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача” энциклопедик қўлланмаси, айниқса, шуҳрат қозонди.
2026 йилда “Дунё мамлакатлари” китоби тўлдирилган қайта нашри, “Севги жилолари” китоби чоп этилди. Халқаро муносабатлар соҳасида докторлик диссертацияси (DSc) ва “Дипломатия энциклопедияси” қўлланмаси устида илмий изланишлар олиб бораяпти.
У асосчиси бўлган “Қанот” ижодий лойиҳаси доирасида 2022-2026 йилларда элликка яқин истеъдодли ва маҳоратли ижодкорларнинг сара асарлари чоп этилди, турли ижодий танловлар ташкил этилди ва адабий тақдимотлар ўтказилди. Республикамизнинг қатор туманлари ўрта мактабларига, шунингдек, “Дастхат” ва “Китобхонлик маданияти” лойиҳалари орқали китобсевар мухлисларга 50 мингдан ортиқ турли адабиётлар тақдим этилди.