✨ Ҳаётимиз эзгуликлар, яхшиликлар билан чиройли ва завқли. Мен доимо атрофимда яхши Инсонлар борлиги учун шукур қиламан. Мен Muzaffar.uz сайтининг раҳбари Музаффар Муҳаммадназарни ҳаётда уч марта кўрганман, холос. Уч йил аввал ўтказилган муаллифлик китоби тақдимотида у кишининг оила аъзолари — рафиқаси, фарзандлари, синглиси билан танишишга улгурдим. Ростдан ҳам ҳавас қилишга арзигулик, меҳр-оқибатли оила. Айниқса, тақдимотда ака-сингилнинг ўзаро оқибатига қойил қолганман. Музаффар Муҳаммадназарни ҳурмат қилишимга яна бир сабаб бу инсон қалам аҳлини юртдошларимизга танитиб, уларнинг ижодларини халқимизга етказиб беришда беминнат хизмат қилмоқда. Ўзим ҳам кўпгина севимли ижодкорларимнинг ҳали ўқишга улгурмаган ижод намуналарини шу сайт орқали ўқиб чиқяпман. Яхшилар яхшиликларга сабаб бўлишини мана шу инсон мисолида ҳам кўрдим. Мана шу "Ижод чашмаси" журналида чоп этилган "Чинорларни қулатган дардлар" номли мақолам ҳам шу инсоннинг турткиси билан ёзилган... Фейсбук саҳифаларида бир ижодкор вафоти билан қўйилган постга изоҳ ёзиб қолдирган эдим. Шу изоҳни ўқиган Музаффар ака: "Шу фикрларингизни сайтимда бермоқчи эдим. Назаримда фикрингизнинг давоми бордек туюлди. Шуни озгина кенгайтириб бера оласизми?!" деб ёзиб юборибдилар. Мана шу кичкинагина изоҳимга бўлган эътибор бутун бошли битта мақоланинг ёзилишига сабаб бўлган эди... Шу пайтга қадар бу журналда онам ва менинг бир нечта мақолам чоп этилибди. Аслида бу миннатдорлик пости анча олдин қўйилиши керак эди. Бу эса бугунга насиб этган экан. Уч авлодни – онам, мен ва қизимнинг ижодини ёритишда беминнат ёрдам кўрсатиб, барча қалам аҳлини қўллаб-қувватлаётган Музаффар Муҳаммадназарга, Muzaffar.uz сайти ҳамда "Ижод чашмаси" журнали ижодий жамоасига ўзим ҳамда оилам номидан чексиз миннатдорлик билдираман. Илоҳим, бизга эзгу ниятда, доим яхшиликларни тиловчи инсонларни Худойим эзгуликлар ва яхшиликлар билан сийласин.