ҚИЗИЛ ДЕНГИЗДАН САЛОМ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ҚИЗИЛ ДЕНГИЗДАН САЛОМ
Ҳикоя

  Шунқор менинг ошнам. Бир синфда ўқиганмиз. Шаҳарда яшайди, онда-сонда қишлоққа ҳам келиб туради. Уни каттакон дейман; мансабдор-да, шу боис ишим тушиб туради. Баъзида жаҳли чиқса “заҳри”ни сочиб қолади, ниш урса чаённи чаппа бўлганини кўринг.
  Товба қилдим, нариги столда ўтирган кимса айнан Шунқорнинг ўзгинаси. Икки томчи сувдай ўхшаш. Бироқ юзида зоҳир табассум, қаршисидаги хонимга сертакаллуфлиги, ёнида минг ўлиб-минг тирилиши, илтифоту мулозаматини, эгнидаги алламбало, хорижда русум бўлган йиртиқ-пиртиқ илвасинни айтмасам, дунёнинг бир чеккасида айнан иккинчи бир Шунқорга дуч келиб тургандайман. Кўзим тушиши ҳамоно ўрнимдан туриб кетганимни ҳам билмабман. Унга анграйиб боқаётганимни сезди шекилли, бир жилмайиб, ажабсиниб қаради, сўнг ёнидаги ойсулувга бир нарсалар деб жилмайди ва менга ғалати қараш қилиб қўйди. Уялиб кетдим. Ким билсин, у ёнимдаги хурлиқога кўнгли суст кетди деб ўйладими, менга яна бир қараб қўйиб, хушҳол чеҳра ила нозаниннинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Бўларимча бўлиб, ўриндиққа чўкдим, юзларим жимирлади. Албатта, ҳе йўқ-бе йўқ серрайган кўйи рўпарангиздагиларга анграйиб қараб турганингиздан кейин ҳар қандай маданиятли, серишва одамнинг ҳам қони қизийди-да.
  Э-е-ей, Шунқор қайси гўрда-ю, манави “жентелмен” қаёқда. Бунинг табассуми тошни ёради, анча сипойи. Агар Шунқор бўлганида борми, аллақачон ўшқириб қолиши ҳам чўт эмас эди: “Нега бақираясан, кўзингни...” ва ҳоказо... Бироқ қаршисидаги хилқатга ҳам Холиқнинг ҳиммати жўшган, чиройдан қисмаган, қадди-қомати қасрона. Бурда-шурда эмас. Кўрсангиз кўргудайгина. Яна кўрсам дейсиз. Чиройли-да, чиройли.
  Яратган Эгамнинг синоатига тан бермай иложимиз йўқ. Дунёнинг икки бурчида бир-бирига айнан ўхшаш икки кимсани яратибди-ю, бирига ёниқ табассум, бошқасига тундлик ато этибди. Бирининг жуфти худди ўзи каби баджаҳл, аёл боши билан дунёни остин-устун қилиб ташлайдиган офату тўфон, бириники эса мулойим, кўзни куйдирадиган даражада хушчирой.
  Рўпарамдаги столга яна беихтиёр, зимдан кўз ташлайман. Аёлни кузатаман. Русми ё инглизмикин? Кавказликлару европаликларга ҳам тортиб кетаркан. Балки араб билан чатиш жойи бордир.  Кўзлари тим қора. Хуллас, бунчалар жозиба ато этган табиат, насли-насабдан ҳам қисмаган эди. Томирдаги қонида Волга-ю Амазонка,  Нил дарёсининг-да мавж уриб турганини ҳис қилдим. Яна айтаман, шундай бахти беғуборлар қайда-ю, бизнинг Шунқор билан бақироқ, шанғи хотини қайда?
  Эртасига уларни тўлқинлари кўпириб-тошган денгиз соҳилида кўрдим. Жизғанак тортган қум зарраларидан тафт, офтобдан оташ олиб, тани-жонини осмонга тоблаб чалқайрамон ётишибди. Кечқурун рақс майдонида дуч келдим. Эҳтирос ила вальс тушишаяпти. Хуллас, дунёнинг манаман деган фароғатли ўлкаларининг бири, роҳатижон меҳмонхонаси денгиз қирғоғига тўш урган, атроф-жавонида соябонли мармарҳовузлар тўлиб-тошган, афсонавий хурмо дарахтлари ғуж-ғуж мева солиб, эгилиб таъзим қилган, кечалари турфа чироқлари оҳангжамо, турли-туман нурлар оғушидаги сайрисайл ҳордиқгўшада уларни худди атайлаб кузатиб юргандай рўбару келиб қолавераман. Улар менга парво ҳам қилишмайди, бироқ ўзим хижолат тортаман.
Эрталабки нонушта, тушлик ё кечки овқат маҳали ҳашамдор емакхонага киришим ҳамона кўзларим уларни излайди. Қай бир стол атрофида ўтиришганини кўрсам, ўзимча хотиржам бўламан.
  Бугун тушлик чоғи, тасодифни кўринг, ёнма-ён  ўтириб овқатландик. Мен уларга яна разм солдим.
  Қаршимдаги эркак билан кўз уриштирдим. У менга тикилиб турди. Бундай пайтда жим туриш ноқулай эди.
— Кечирасиз, сиз менинг яқин дўстимга жуда ўхшаркансиз? Шунга ҳайратим ошиб тикилиб қолдим, — дедим русчалаб, тутилиб-сутилиб узрхоҳлик билан.
Эркак кулимсиради. Ёнидаги аёлга инглизчалаб нимадир деди. Жувон жилмайди.
— Одам одамга ўхшайди, — деди эркак рус тилида.
— Лекин Сиз... Сиз менинг бир дўстимга жудаям ўхшаркансиз. У синфдошим. Ҳа, ўхшаркансиз, — русча сўзларнинг “тилка-пораси”ни чиқариб, ғирт лаҳжада бидирлаётганимни ўзим ҳам ҳис қилдим. 
  Эркакнинг юзида энди қизиллик югирди. Кўзларида қаҳр ялт этди:
— Менга қара, бойўғли, — деди у ўзбекчалаб, — бу ерни қаердан топиб келдинг. Бунчалар шипионлик қиласан-а? Мен сенга Тўра калнинг ўғли Қудрат мижғовга ўхшаркансан, ҳа, ўша эси паст оғайнимга айнан ўхшаркансан, демаяпман-ку. Шу ерда ҳам бойўғлига ўхшаб бир ўзинг сўппайиб юрибсан-а! Хуллас, сенга Қизил денгиздан салом!!!
  Мен ўзбекча янграган бу каломдан гангиб, карахт бўлиб, танг қолдим. Кўз олдим хира тортди. Ҳалиги  кимса ўрнидан туриб ёнидаги хурлиқога қўл узатди. Улар емакхонадан чиқиб кетишди.
  Мен анграйиб қолавердим. Емакхонада. Юртимдан олти минг чақирим олисда. Дунёнинг бир бурчагида. Ўзимдан бошқа ўзбек анқонинг уруғи деган жойимда. Қизил денгиз соҳилидаги оромгоҳда...
  Кейин лабларим пичирлаб ўз-ўзимга шивирладим.
— Қ... Қ... Қизил денгиздан салом!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот