ИВАННИНГ ОМОНАТ ҲАЁТИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ИВАННИНГ ОМОНАТ ҲАЁТИ
Ҳикоя
Мен унга Кавказда, аниқроғи, Машуқ тоғ пойидаги санаторияда дуч келдим.
Уҳ, Худо урди кишини; жағига ем берганлар хилидан экан. Чаккаги тинмайди.
Оғзини ёпсанг, қулоғи гапиради. Бутун дунёнинг ташвиши шунга қолганмикан дейсиз.
“... Ҳайронман, бу дунёга нима бўлаяпти...”
Гапни шундай бошлаб, бутун рўйи оламни “кезиб” чиқади. Америка ундоқ, Россия бундоқ, Осиё унақа, Европа бунақа, Шарқ шундай, Ғарб бундай... ва ҳоказо!
Ҳа, мен шундай бир балога йўлиқдим - Иванга дуч келдим.
“Ҳайронман, бу дунёга нима бўлаяпти...”, - дейиши билан унинг гапини кесаман:
- Э-е-еейй, Иванжон, тўхта! Барака топгур, кейин, кеййинроқ... Ҳозир мана шу олдимизга қўйилган емакни заҳар маргимизга ютиб олайлик. Совумасин, биродар! Биз ўзбекда таомнинг тепасида кўп вайсамайдилар.
- Нега?
- Шу... шу, овқатингга шайтон чоптириб кетади. – Товба, бу гап хаёлимга қаердан келди, ўзим ҳам билмайман.
Иван ҳайратланади:
- Э-е-ейй, Сиз ўзбеклардай...
- Майли, майли, кейин гапирасан. Жим, овқатдан олсанг-чи. (Шундай деб оғзига қулф урмасам, бошлаб қолади тағин).
Ошхонада тўрт кишига мўлжалланган емакстолни Иван иккимиз эгаллаганмиз. Тўғри, олдин тўрт нафар эдик. Шерикларимиз грузин Зураб билан татар инимиз Ринат столни тарк этишди, бошқа жойга жуфтакни ростлаб қолишди. Уларда Иваннинг дийдиёсини эшитиб ўтиришга тоқат қайда. Бу ерга сабрини синамоққа келишмаган-ку.
Иван терсу қўрс гапимизга парво қилмасди. Фақат жағи жавраса-ю, қаршисида динг қулоқ бўлса, бас.
Эллик ёшдан ўтган, қотма балиқдай зингчайир, юз суяклари бўртиб чиққан, нимқисиқ, айёрона боқувчи кўзлари-ю чеҳраси бир пайтда кулиб тургувчи бу ажабтовур зот, айниқса, лабининг бир чети буришиб: “... ҳайронман, бу дунёга нима бўлган...”, - деб гап бошлаган ҳамоно, бирдан чакка томирлари бўртиб, иккала қўлини нишолдакурак қилиб, стол қирғоғига қўйиб, фалсафа сўқа бошласа, ана ўрнидан туриб кетади, мана ўрнидан туриб кетади, деб анграйиб қараб тураверардим.
Иван Олтой ўлкасининг зинғи-бинг, олис бир чекка қишлоғида вояга етган экан. Москвага қадами етиб, ўша ерда ўқиган. Туз-насибаси томир бойлаб, уй-рўзғор орттиради. Нуфузли бир вазирликда ишлайдиган ойдай хотини-ю, бир ўғил, бир қизи борлигини гурунг равишида қистириб ўтганди. Унинг бунчалар Худобехабар эзма эканлигини ҳали сезиб улгурмаган грузин шеригимиз жилмайиб, дўриллаган овозда мақтаб ҳам қўйганди:
- Худо ёрлақаган одамсан, азизим Иван! Дунёнинг қайси бир еридан Москвани топиб бориб, хотинли ва бола-чақали бўлиб олибсан.
Бу очиқкўнгил грузинимизнинг сафимизга келиб қўшилган илк дақиқалардаги гапи.
Кейин... Эртасига Иваннинг диёдиёси дунёга дам бермай, чаккаги чархни айлантира бошлагач, аччиқланган грузин ўрнидан сапчиб туриб кетди.
- Менга қара, вайсақи! Сени Москва ҳам одам қилолмабди. Қанақа маҳлуқсан-а, ўзи?! Овқатингни есанг-чи...
Грузин кетгач, татар обзей ҳам нариги столга ўрнашган юртдошлари ёнида бир ўрин бўшлиги, улар буни чақиришаётгани, бормаса хафа бўлишларини айтиб, бизни тарк этди. Иван иккимиз қолдик; ўлмаган менинг жоним.
Мен унга кўникиб қолдим. Ҳар замонда уйдагилари бунга қандай чидашар экан, вайсайвериб, еб-ютиб қўйса керак-а, деган ўй кечарди хаёлимдан.
Иван гапираверади, мен ўз кўйимча, парвойим фалак, овқатланавераман. Эрталаб, тушлик ё кечки овқат маҳали ҳам аҳвол шу; гапиради, гапиради, гапиради...
- Иван, сенга бир саволим бор, - дедим унинг юзига очиқ кафтимни яқин келтириб, тўхта ишорасини қилиб.
- Эшитаман.
- Хафа бўлмайсанми?
- Ҳеч ҳам.
- Кўнгли очиқ одамсан-у... лекин уйингдагилар Сени тинглашадими? (Улар сенга қандай дош беришади, дейишга тилим бормади).
У менга тикилиб турди. Айёрона жилмайди.
- Люба мени яхши кўради. Болаларим ҳам. Муҳими, шу!
- Улар Сени эшитишадими деяпман, - тоқатим тошни синдирди.
- Э-е-ей, оила ҳам мамлакатга ўхшайди. Кўп гаплар гапирилаверади. Тинмай жаврашади. Қарорлар чиқаришади. Лекин уларнинг натижаси ноль бўлиши мумкин. Ижро бўлмаса, бари гап сариқ чақага арзимайди. Хуллас... оғзингни шамолга очганинг қолади. Ҳайронман, бу дунёга нима бўлаяпти...
- Э-е-й-й, тўхта, тўхта! Дунёга ҳайрон бўлмай тур. Оиланг ҳақида сўраётгандим.
- Оила муқаддас нарса. Айтдим-ку, у ҳам мамлакатга ўхшайди, деб.
- Мамлакатни тинч қўйсанг-чи!
- Ахир, ўзинг...
- Майли, тушундим. Бахтли экансан, ошнам! Мен турдим. Овқатингни е.
Емакхона эшигига яқинлашган эдим, официантка дераза ёнидаги столни кўрсатди:
- Ана у ерда бир ўрин бўшади. Хоҳласангиз, ўша ёққа ўтишингиз мумкин. У билан ҳамма ҳам бир столда ўтиролмайди.
- Ҳеч қиси йўқ, мен ўтироламан.
- Майли, ўзингиз биласиз. У ўтган йили ҳам келувди. Ёнида хотини бор эди. Жудаям чиройли аёл хотини. Эр-хотин иккови бир стол атрофида қолишувди, шериклари бошқа ўринларга ўтиб кетишувди.
- Бу ҳам энди Худо берган феъли-рўй-да. Нима ҳам қилардик. Лекин Иван кўнгли очиқ инсон.
- Хотини айтувди; у афғон урушига бориб келгандан сўнг шундай бўлиб қолди, деб. Иккови бир институтда бир йил ўқишган, кейин уни афғон урушига олиб кетишган. У ёқдан яраланиб қайтгач, олти ой госпиталда даволанган.
- Э-е-е, шунақами?!
- Ҳа. Олдинлари умуман камгап экан. Институтда ҳам диму-дирс бўлиб юраркан. Госпиталдан чиққач, бир йилгача ўйга ботиб, гунг-соқов бўлиб яшаган. Гоҳида ваҳима ва қўрқув ичида қалтираб, ўзини қўярга жой тополмай қоларкан. Кейинчалик шундай, эзма бўлиб қолибди.
Ошхонадан дилим хира тортиб чиқдим. Ниманидир ҳис қилгандай бўлдим.
Эрталаб нонушта пайти унинг кўзларига тик қадим.
- Иван, урушда бўлган экансан-а?
У ҳам менга тикилди.
- Сенга нима?
- Мен ҳам у ерда бўлганман...
У менга термулиб қолди.
- Хўш, нима қилай шунга?
- Қўрқасанми? Агар гапирмай турсанг, сени қўрқув босади-а, шундайми?
- ...
Жимлик.
- Ҳа, қўрқаман. Бировга гапирмасам, ҳеч бўлмаса, ўз-ўзимга вайсаб турмасам, сукунат чўкса, атрофимда ўпқон пайдо бўлади, мени тортиб, ютиб юбормоқчи бўлади. Жимлик. Жимлик. Жимлик... Мени ўпқон ютворади деб қўрқаман, билдингми?!!
У ўнг қўлини болға қилиб столга қарсиллатиб урди. Ҳамма бизга қаради.
Мен Иваннинг ҳолатини ҳис қиламан. Буни “уруш оғриғи”, “лаънати асорат”, деб атасангиз ҳам бўлади. Тўғри, тиббиётда бунақа касаллик тури қайд этилмагандир, лекин жимлик чўкканда Иваннинг қулоқлари жон битиб, теварагида тубсиз ўпқон пайдо бўлишини англаб етдим. Иван шунинг учун ҳам тинимсиз гапиради, одамларга жавдираб қарайди, ундан безор бўлган кишилардан мурувват кутади...
- Ичасанми? Ичкиликка тобинг қалай?
- Ичсам, тўхтовчиз йиғлайвераман.
У жилмайди. Жилмайиши худди йиғига ўхшаб кетди.
- Врачлар менга кўнглингиздаги қора кўланка – қўрқувни ҳайдаш учун ҳам майли, тинмай гапираверинг, гапдонлигингиз яхши, бу “дард”га йўлиққанингиз яхши бўлган. Бу Сиз учун ҳозирча бирдан бир шифо, дейишди.
У яна жилмайди. Ва, бу дунёнинг ғалати эканлиги ҳақида сафсата сота бошлади.
Эртаси куни Иван нонуштага чиқмади. Официантканинг айтишича, тунда роса тўполон қилибди.
- Хотинини чақиришди. Бугун учиб келади. Буни олиб кетмаса бўлмайди, - деди у.
- Ҳозир ўзи қаерда?
- Хонасида экан. Ётгандир-да, шанғиллаб.
Иван шифтдан кўз узмайди. Ёнида врач.
- Сенга нима бўлди?
У дераза томонга юз бурди:
- Яна уруш..., - деди у иҳраб.
- Бу нима деганинг?
- Ўғлим... ўғлим. Кўнгилли бўлиб, урушга кетармиш. Кеча телефон қилди.
- Тилини, ўз тилини олмос билан тилиб ташлабди, - деди врач шивирлаб. – Бу қанақанги аҳмоқлик?!
Мен сесканиб кетдим.
- Эн... эн... энди... гап йўқ, - деди у менга ўгирилиб.
Лаб-лунжи шишган. Оғзининг бир бурчидан қон сизиб турибди.
- Нима қилиб қўйдинг, тентак?! – дедим титраб.
У кўзини юмди. Юзини яна мендан олиб қочди.
Кечга яқин хотини келди. Иван ётган кроватга кўксини тираб, зор-зор қақшади:
- Иван, Иванушка! Ўғлимиз ҳеч қаерга бормайди. Ҳеч қандай Украина-пукраинага урушга бормайди, Иван! Ҳарбий комиссарликдагилар ҳам жиннимас-ку, ҳар қандай болани урушга олиб кетаверишса... Уни олишмайди, ишон, олишмайди. Аризасини қайтариб олади.
Иван хотини томон ўгирилди. Унинг нигоҳида ёш томчилари килкиллаб турарди.
Иванни хотини олиб кетди. Мен бошқа столдан жой олдим. Гоҳ-гоҳида ўзимизнинг столгга кўз ташлайман.. Иван менга жилмайиб қараётганга ўхшайди. Юрагим тарс ёрилиб кетгудай бўлади. Бўғзимга тиқилган ўкрикни зўрға тўхтатиб қоламан. Борлиқни тутган сукунат оғриғидан қулоқларим тош битгандай бўлади. Мени ҳам гўё жимлик ўпқони юта бошлайди.
Емакхонадан чиқдим. Дунё бўм-бўш, ёлғиз эканлигимни англадим. Ва, бу дунёга менинг ҳам айтар гапларим кўплигини ҳис қилдим...
КИСЛОВОДСК. 4 ИЮЛЬ, 2022 ЙИЛ