УЧАРЛАР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
УЧАРЛАР
ҳикоя
— Нега учмаяпмиз, а? Нега?!
Ҳамроҳимнинг кўзойнак остида совуқ чақчайган, балиқникидай майда, дум-думалоқ кўзига боқиб, этим сесканиб кетди. Товба, одам боласининг ҳам нигоҳи шундай ёвузона йилтиллайдими? Кўзойнакли илонга ўхшаркан.
— Нега учмаяпмиз?,— безовталанади у.
Нигоҳимни китобдан узмай, ички бир оғриқ билан жавоб қайтараман:
— Худо хохласа, учамиз. Сабр қилинг. ( Нима, мен сенга учувчиманми?)
— Э-э-э-э-ййй, ана!!! Энди учамиз! Кўрдингизми?,— елкамга елка уради.
Бу турқу таровати илонваш кимсанинг феъл-атвори ҳам анойи эканлигидан ҳайратланаман.
— Кўрдингизми-и-и?,— вишиллайди у.
— Нимани кўришим керак?,— энсам қотади.
— Юксакбек Қалқонович ҳам самолётга чиқди. Шуни кутаётган эканмиз. Ана, катталар ўтирадиган бўлмага жойлашди,— салоннинг олдига боши билан ишора қилади. Икки “ўқотар” кўзи тешиб юборгудай бўлиб хосхонани ёпган қалин пардаларга қадалади.
— Чиқса чиқибди-да. Ҳайит ҳамма учун байрам. Ота-она, қариндош- уруғини кўргани бораётгандир, — дейман ҳасратми ё ҳасад нуқси урган қонсиз юзига боқиб. (Товба, менга бунча кўзларини чақчайтирмаса).
Шу тобда “ўқотар”нинг қўлтелефони жиринглаб қолди.
— Алло, яхшимисан?. Ҳа, бораяпман. Ишинг яхши бўлади. Юксакбек Қалқонович билан бирга учаяпмиз. У киши ёнимда. Так что...,— дейди у сирли қилиб.
“Так что... так что....” бу чала топишмоқнинг тагида нима бор, билмадиму, ҳар ҳолда бу ғалати нусха телефон ортидаги кимсанинг қўлтиғига сув пуркаганини ҳис қилдим. Ва, ниманидир тусмолладим.
Самолёт ҳавога кўтарилиши ҳақида эълон янгради. Ўрнимдан туриб, қўлимдаги китобни жойлаш учун рўпарамдаги юкхона қопқасини очиб, юкхалтамни олдим. Қаршимдаги ўриндиқда ястанган хўппа семиз, калбош кимса қўлтелефони орқали кимгадир муҳим бир маълумотни маънилатаяпти:
— Ҳа, битта салонда учаяпмиз. Юксакбек Қалқоновичга яна бир эслатаман. Ўзлари ёнимга келиб шундоқ саломлашиб кетдилар. — У бехосдан ўнг қўлини худди саломга узатилган каби чўзади. Гўё суҳбатдоши уни кўриб тургандай.
Менинг кулгим қистайди. “Қанақасига сенинг олдингга келиб саломлашиб кетади. Салонга кириши ҳамона уни сўл тарафга, махсус бўлмага ўтқазишади-ку”.
Олдинги ўриндиқларда ҳам рўпарадаги хосхонага қараб тамшанган кимсаларнинг бошлари лиққиллайди, лабларидан ҳаяжон қоришиқ “Юксакбек Қалқонович”, деган шивир-шивирлар уча бошлайди.
Ва, ниҳоят самолёт ерга қўнди. Ёнимдаги кимса ўрнидан туриб кетди, хосхонадан кўз узмайди. Йўлакда тик турган кўйи ўз юкларини олаётган йўловчилар салон бошидаги хосхонани тўсиб қўйишади. Юксакбек Қалқоновичнинг савлату симбатини кўриш ҳамроҳимга насиб этмайди.
Трапга оёқ қўйишим ҳамона ортимдаги дорроз кимса қўлтелефони орқали кимгадир мақтанаётганини эшитаман: “Бирга келдик. Бир-икки кун бўлсалар керак. Тошкентда кўришамиз дедилар. Юксакбек ака ҳалиги масалани бир ўйлаб кўрамиз дедилар...”
Аэропорт эшигидан чиқдим. Йўловчиларни кутиб турган қатор уловлар қаршисига ўтаман. Кастюмини билагига ташлаб олган, бўйинбоғи қийшайган ҳамқишлоғим, домла Эшқуловнинг укаси Рисқулга иддоа қилаётганини эшитаман:
— Сенга кутиб олишга чиқ деб айтмасам ҳам бўларкан. Юксакбек укамиз: “Ака, туман марказигача менинг машинамда бирга кетамиз, юринг, “вебзал”дан бирга чиқайлик, девди, ҳокимиятда ишлайдиган Рисқул уканг ташқарида кутиб турибди...”, деб айтдим. У киши: “ Э-э-йй, Рисқулбой ҳокимиятда ишлаяптими?”, деб қизиқиб ҳам қўйди.
Рисқул акасининг қийшайган бўйинбоғини меҳр ва ихлос билан тўғирлаб қўяди-да, алланечук илинж оғушида илжаяди. Машинанинг орқа эшигиини очади. Домла Эшқулов виқор билан ўзини ўриндиққа ташлайди. Машина енгил ҳаракатланади. Назаримда уловнинг ғилдираклари ердан узилади, оппоқ “Ласетти” худди самолёт каби ҳавога кўтарилаётганга ўхшайди. Мен унинг ортидан ажабсиниб қарайман.
Аэропортнинг кунчиқар томонида, нақшинкор баланд панжаралар билан ўралган, домла Рисқулов айтмоқчи “вебзал” эшигига туташ зинапояларга тақалган алламбало русумдаги қоп-қора машинага кўзим тушади. Олиймансаб казоларни кутиш ва кузатиш масканидан Юксакбек чиқиб келади. Салобат билан ҳалиги “бир бало” машинага ўтиради. Мен унга завқланиб қарайман.
— Анови одам менинг синфдошим ,— дейман қаршимдаги кимсага.
У менга ғалати қараш қилади.
— Ишонинг, у менинг синфдошим. Кечқурун бизникига келади. Иккимиз қишлоқ адоғидаги Чуқурдарё қирғоғига, отамнинг полизига борамиз. Қумғонда чой қайнатамиз. Қовун еймиз. Полизда очиқ ҳавода ухлаймиз. Юлдузларни томоша қиламиз. Биз шундай қилишга келишиб қўйганмиз. У фақат мен ҳам шу самолётда ўзи билан бирга учиб келганимни билмайди. Бир кун олдин поезда бораман дегандим-да. Иш чиқиб қолди. Самолётда келдим.
Қаршимдаги одам: “Нега менга бу гапларни гапираяпсан?”, деган маънода ҳайратланади. Кўзларимга бироз хавотир билан тикилади.
— Сизга такси керакми?, — дейди ниҳоят.
Мен йигитнинг киракашлиги, гапларим унга зиғирчалик аҳамиятсиз, самолётда ким билан учиб келдиму, кимнинг синфдоши эканлигим сариқ чақачалик қимматга эга эмаслигини пайқадим. У мутлоқа бошқа одам, мен билан самолётда бирга учиб келган “учарлар” дунёсидан анча баланд одамлигини англадим.
— Ака, Сизга такси керакми?
— Керак! Керак!!
— Қаерга борасиз?
— Тоғ туманга, Чуқурдарё қирғоғидаги полизга.
Машина кенг далани ёриб ўтган йўлда елиб боради. Қўлтелефоним жиринглайди:
— Салом, қаердасан?
— Уйдаман. Кечқурун полизга ўтаман.
— Бўпти, оқшом кўришамиз. Нима дейсан, сув совуқмасдир-а, чўмилсак бўладими?
— Қўрқма, унчалик совуқмас.
Машина елдай учади. Кўм-кўк дала уловимиз атрофида гириллаб айланаётганга ўхшайди. Мен жилмаяман. Ҳайдовчи ҳам илжаяди.
— Мен Сизни танидим, боядан бери қаерда кўрганман, деб ўйлаб келаётувдим. Сиз шоирми, ёзувчими, шундайчикин одамсиз, тўғрими?
— Тўғри.
— Сизни мен танидиму, бошқалар ҳам танишса керак-а?
— Балки... Лекин бир нарсани аниқ билдим; эҳтимол ердагилар танишар, бироқ осмонда, самолётда учадиганлар танишмайди...
Ҳайдовчи ҳайратомуз боқади. Яна жилмаяди. Ёнимиздан ўша, алламбало русмдаги қоп-қора машина ўқдай шувиллаб ўтади.