Қўчқор НОРҚОБИЛ
Тавба қилдим, баъзида одамнинг хаёлидан ўтган воқеа содир бўлади. Шунинг учун ҳа, деб ёмон хаёлларга боравермаслик керак. Катта энам раҳматли: “Ёмон хаёл қамални, яхши хаёл ҳамални чақиради...” дер эди.
Пойтахтдан минг чақирим нарида адабий учрашув бўларкан. Бир гуруҳ адиблар сафида мен ҳам борадиган бўлдим. Манзилни эшитиб юрагим шиғ этди: “Илҳомнинг онаси ҳам қатнашади. Онаси мендан Илҳомни сўнгги бор сен кўргансан... Айт, боламга нима бўлувди, болам сенга нима девди... деб сўроққа тутади”, деган ўй ўтди хаёлимдан. Ҳатто онаизорнинг қиёфаси ҳам кўз ўнгимда гавдаланди.
Орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтяпти. Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани ҳақида гап кетса, тамом, Илҳомни эслайман. Мен ўша дамлар, айни қирчиллама ёшимда, ўша ерда Манғит деган шаҳарча борлигини илк бор Илҳомдан эшитганман...
Самолётдан тушяпману ҳамон алланечук хавотир юрагимни тимдалаяпти. Худди кимдир мени таъқиб этаётганга ўхшайди. Елкамга кимнингдир кўзлари қадалиб тургандай бўлади. Илҳомнинг нигоҳи қадалиб қолган елкамга. Мен уни аниқ-тиниқ кўраман... Менинг оёқ-қўлим қалтирагандай бўлади: оний лаҳзада. Чунки Илҳомни елкамга кўтариб олганман. Агар мен Илҳомни олиб кетмасам, Илҳом бу ерларда қолиб кетади. Агар Илҳом қолиб кетса уни душман олиб кетади, уни нимта-нимта қилишади... Чунки... биз...
Хаёл инсонда қандай пайдо бўлади? Буни билмайман. Хаёлни инсон тизгинлай олмайди, хаёл инсонга бўйсунмайди, шуни биламан. Аэропортда машинага ўтираётганимизда гуруҳ бошлиғимиз ажабланди:
— Бизни кутиб олгани шу ернинг ёшуллиларидан бири ҳам чиқибди. Нега сўрашмадингиз?
— А-а?!
— Эй-ей, нега паришонсиз? Тобингиз йўқми?
— Яхшиман. Бир гап, шу мен бошқа бирорта туманга борсам, бўлмасмикан?
— Мумкинмас. Рўйхат кетган. Ўзгармайди.
Майли, рўйхатинг ўзгармаса ўзгармай қўя қолсин...
Машина саҳрони қоқ ёриб ўтган йўлдан шамолни қайириб ўқдай учади. Бироқ саҳро жойидан қимир этмайди. Гўёки мен оёқ-қўлим боғлиқ, қисмат уловида ўзим хоҳламаган манзил сари ноилож ва ночор ҳолда кетиб бормоқдаман.
Тақдир улоқтирса одам боласи палахмон тошига айланади, ўзи истамаган жойга бориб тушаверади. Худди менинг, Илҳомнинг ёшлиги каби.
Хаёл яна менга, фақат менинг ўзимга томоша қўйиб беради — мен бу томошада ўзимни, Илҳомни кўраман.
...Тоғда жанг. Қиёмат қойим. Агар топтамоқчи бўлсанг ўзга юртнинг тоши ҳам, гиёҳи ҳам сенга қарши уруш очади — ўқ отади. Бировнинг юртига босқин қилган биз шўрликларга қарши ўша юртнинг ҳар бир майса, тоши, гилу қуми ўт очяпти — бошимизда ўқбўрон гувлайди. Кўз очолмаймиз. Харсанг панасига бош уришдан ўзга чора йўқ. Биз тепаликка чиқолмадик. Тоғ йўл бермади. Тоғ бизни ўз этагидан худди қурт-қумурсқани силкиб, тўкиб ташлагани каби пастликка улоқтириб ташлади — биз чекиндик, жонимиз халқумимизга тиқилиб, эмаклаб-эмаклаб қочдик, шармисор бўлиб қочдик. Взводнинг ярми тутдай тўкилди, взводнинг ярми қирилиб кетди. Қирилганнинг жони, қирилмаганнинг юзидан қони кетди. Тоғ адоғига етдик-етдик деганда асаби дош бермади чоғи, Илҳом ўрнидан даст туриб пастга қараб югура кетди. У ўзини текисликдаги бутазор ичига урмоқчи эди. Бир маҳал жойида таққа тўхтаб қолди, бир қўлини ҳаволатиб, ортга бир силтанди-да, ониятда тек қотиб, кейин елкаси билан қулади. У ўқдан тез учаман деб ўйловди. Йўқ, у ўққа учди.
Мен юзтубан ҳолимда юзидан сўл қочган Илҳомни тортқилаб, судрай бошладим, у иҳроқ азобида нималардир деб ғулдирарди. Юзига юзимни босиб, бошини силайвердим, нега бундай қилаётганимни билмайман, шундай қилсам юзимдан ҳарорат, жонимдан жон ўтади, деб ўйлаган бўлсам керак-да. Шундай қилсам, унга енгил бўлади, у тирик қолади, деб ўйлаган бўлсам керак-да. Эй-ей, менинг ғўргина ёшлигим-а...
Илҳом ўқчий бошлади. Қон сизаётган лаблари пирпирарди. Ичидан ожиз бир ингроқ отилди:
— Ўлигим... Ўлигим қолиб кетмасин... Олиб кет бу ердан.
Илҳомнинг сўнгги гапи шу бўлди. Жони узилди...
— Шоир, нега хаёл суриб қолдингиз? Нукусда қолмаганингизга хафасиз-а? — деди гуруҳбоши тиржайиб.
Мен нима ғамдаману, қўбизим нима дейди. У олис йўлда азоб тортди деб ўйлаяпти. Ичимдаги сабр тоши чил синади:
— Биз бу ерга нимага келдик, умуман Амударёга нега боряпмиз? — дейман томдан тараша тушгандай.
Гуруҳбоши эсанкираб қолади.
— Ватан, мустақиллик, келажак ҳақида гапиргани, халқ билан учрашгани, — дейди у авзойим бузуқлигидан энсаси қотиб.
— Ватан нима эканлигини мен ёшлигимда ҳис қилганман. Ватаннинг моҳиятини менга ўн саккиз ёшида жон бераётган дўстим ўргатган.
— Тушунмадим.
— Эҳтимол, тушунмаганингиз яхшидир. Тушунмайсиз...
— Бу нима деганингиз?
— Ўша раҳматли дўстим менга ўликлар ҳам ўз Ватанини соғинишини, ўликлар ҳам ўз танасини Ватан тупроғи билан қоришиб кетишини исташини, ўликлар ҳам Ватан танлашини ўргатиб кетган. “Жасадим бу ерларда қолиб кетмасин...” деб инграган аскар илтижосида инсон қалби изоҳлашга ожизлик қиладиган буюк бир туйғу бор... Биз ана шу туйғуни ҳис қилишимиз керак.
— Нега бундай деяпсиз?
— Менга Ватан моҳиятини ўргатган ўша ўғлон туғилиб ўсган тупроққа оёқ қўяяпмиз. Ҳозир биз ўша ўғлоннинг овулдошлари билан учрашамиз, дедим.
Учрашув жонли кечди. Адабиётни, шоиру адибни севган элнинг қарсаклари зални ларзага келтиради. Менинг юрагим безовта, кўнглимда бир титроқ, ҳадик... Залга аланглайман. Худога шукр, тадбир ниҳоя топди. Ўзимни енгил ҳис этиб ташқарига чиқдим. Йўл четидаги машиналарга ўтиряпмиз. Орқа эшикни очиб, энди ичкарилайман деб турувдим, костюмим баридан кимдир тортгандай бўлди. Юрагим шув этди. Ўгирилиб қарадим. Қаршимда озғин, новча, чўзиқ юзи ва тор пешонасини ажин босган, ботиқ ва тим қора кўзлари порлоқ, дурраси остидан чиқиб турган бир тутам кумуш сочи чеҳрасига ярашиқ, истарали, қирқ беш ёшлар чамасидаги аёлни кўрдим.
— Раҳмат сизга, деди у, — Манавини олинг, — эгнига мос ипакгул халат чўнтагидан конверт олиб узатди.
— Нима бу?
— Йўлда кўрарсиз...
У бурилиб кетди. Мен машина ўриндиғига чўкдим. Машина жилиши ҳамоно конвертни очдим. Титраб кетдим. Дўстим Илҳом иккаламизнинг жанг олдидан бирга тушган суратимиз қўлимни куйдирар, бу оташ бутун борлиғимни чулғаб олганди.
— Тўхтатинг. Тўхтат! Тўхтат машинани! — деб қичқирдим.
Мен катта йўлнинг қоқ ўртасида анчагача серрайиб қолдим. Сўнг оёқ-қўлим бўшашиб яна машинага ўтирдим.
Илҳом... менга баъзида айтар эди: “Омон-эсон борсак, синглим бизга гуртук қилиб беради. У гуртукни боплайди”, — дерди...
— Гуртук нима?, — дердим.
— Хамир овқат. Курка гўшти солинади. Қорақалпоқларнинг “бешбармоғ”и, — дерди у.
— Синглинг неча ёшда? — дердим.
— Мендан икки ёш кичкина. Ўн олтига тўляпти, — дерди.
Сўнг менга қараб пўписа қиларди:
— Илжайма, нега илжаясан?
Йўл-йўлакай ўйлаб бордим: синглисининг исми нима эди? Исми нима эди? Нодирамиди? Назирамиди? Нигорамиди? Йўқ, Назира эди... Назира...
Кўзларимда ғилқиллаб ёш айланади. Машина саҳрони тарс ёриб ўтган йўлда учиб борарди...