Чингачгук бобо


Қўчқор НОРҚОБИЛ
Чингачгук бобо
Ҳикоя

   Энди келувдим. Чарчоғим чорпояга малол келиб турган пайтда энам амр этди:
— Чингачгук бобонгни кўриб кел!
— Ҳали отам билан ҳам кўришмадим-ку…
— Отанг туппа-тузук. Тойдай тосирдаб, боғни бошида кўтариб бақириб-чақириб юрибди.
   Толнинг тим қуюқ соясида чорпояга чўзилиб то кечгача уйқуни ураман, деб ўйлагандим. Шунча йўлдан озиб-ёзиб йилда бир-икки келаман, ҳали елкам ер искамаёқ, энам эшикка равона қилиб турибди.
— Эна шу… Кечроқ.
— Шу-шулама болам, бор! Бобонг пишибгина турибди. Тўқсондан ошиб қўйган гўдак-да, энди. Йўл қаратма. Отангга тайинлабди! Ўғлингиз келса, кўришсам деб, алағда бўлаяптикан. Тунов кун отанг кўргани борувди, яна сени сўрабди. Отангнинг ҳам оғзида гап ётмайди, келишингдан бурун эл-эломонга жар солиб, маънилатиб чиқади: бизнинг ўғил келаяпти, бизнинг ўғил отпуск опти, бизнинг ўғил чет элга кетаяптийкан, бизни бир кўриб келай деб йўлга чиқди… Э-ей, хуллас, отангнинг феъли менга маълум, бобо бечорага ҳам бугун келишингни айтган, биров сўрамасаям айтгич одати бор, отангнинг. Шу билан мақтанадими-ей, ишқилиб феъли-рўйда, феъли-рўй!
   Энам лаҳзада шунча гапни тўкиб солди. Бир пас тайсалласам бу гаплар дийдиёга айланишини ҳам биламан, шаҳд ўрнимдан турдим:
— Бўпти, мен кетдим!
 Чингачгук бобо, Чингачгук. Ўтган йили кўрганимда анча бақувват эди. Тепкиси тепаликни тўздирадиган, шаппати шамолни эсдан оғдирадиган чолнинг тор хонадонни кенг қилиб ўтирганини кўриб қувонган эдим. Бесўнақай узун қўлини чўзиб, кафтини эксковаторнинг чўмичидай қилиб носвойга тўлдирганда роса завқландим: “Бобо, дев-певнинг авлодимасмисиз?” — дегандим ҳазиллашиб. Бобо тушмагур ҳам гум-гурсдай бўлиб елка учириб ғулдираб-ғулдираб кулган эди. “Ҳа, сен бола-я, яхшиям жин-пиннинг авлодимисан?..”, демадинг.
  Бобо чиндан ҳам бақувват, басавлат, бошқаларнинг кўрпасидан оёғи чиқиб қолади. Икки елка икки қоп кунжарани кўрдим демай кўтаради. Кўз тегмасин, кўз ҳам қирғийнинг кўзидай ўткир. Қулоқ жонивор том устидаги тарелка — шалпонглиги майли, минг чақиримлик гапни илиб олади. Узун жағ, дўнг пешона, қирра бурун. Олтмишга кириб-кирмай чолликка даъво қилиб соқол ўстирадиган айрим қишлоқ кишиларидан фарқли ўлароқ бобомизнинг буғдойранг силлиқ юзида шу ёшда ҳам бир мўй кўрмайсиз, кунора покида қириб-қиртишлайди. Узун қошлари остида ёниб турган нигоҳида симбати-сиёҳига ножоиз бир меҳрибончилик қалқийди. Маъқул келсангиз қалин лабининг бир бурчида табассум учган кез, кўзлари қисилиб кетади. Қисқаси, бу девсифат бобомиз билан мен яхши чиқишаман. Гули гулига тўғри келганларданмиз.
 Болалигимда бобо ҳақида республикадаги болалар нашрлари, ўзимизнинг туман газетамизда ҳам “фронтовик бобо” деб кўп мақолалар эълон қилганман. Бир гал бобо қулоғимни бураб узиб олаёзган: “Ёлғон-яшиқни қўшма, немисни ундай қийратди, бундай қийратди дейверма..!”
   Қишлоқ аҳли бободан баджаҳл деб чўчирди. Олдини кесиб ўтадиган бир марду мардак топилмасди.
   Топилди. Элчиликда, топилди. Кесиб ўтаман, деб қўшниси Мамат жағ-жағ нима бўлди, сал қолди, орқасидан ўроқ еб ўлиб кетишига. Шу тиррақи ҳолига денг ичиб келиб кунора хотинини калтаклайди. Аллақаерга прорабми, баломи бўлиб ишга жойлашган Мамат жағ-жағ тез қутурди, чўнтагига кирган бир сўм бия, икки сўм туя бўлиб кўринди. Кўрмаганнинг кўргани қурсин-да. Бобо бир икки дакки берувди, хўп бўлади, дегандай қилувди, яна нима худо уриб сархуш-сармаст ҳолда яримяланғоч бўлиб хотинига мушт ўқталиб ҳовлини гир айлантириб қувиб юрган эди, бобо чидай олмай томорқа адоғидаги симтўсиқни суғириб олиб ирғитди-да, жағ-жағнинг қаршисида пайдо бўлди:
— Ҳой, тўхта, нима қилаяпсан? Уят-э!
   Жағ-жағнинг ажинаси отланиб, шайтони бонг урган эди!
— Сиз аралашманг!!!
— Мана бўлмаса, мана! — Бобо гурзидай қўли билан жағ-жағнинг тос манглайига туширди. Жағ-жағ тиззанлаб қолади, сўнг кетига чақир теккан бузоқдай шатолоқ урди. “Вой ўлдим-м! Воой, ўлдим!” Бобо бунга ҳам қаноат қилмай бир боғ бедага қадалган ўроқни олиб жағ-жағнинг ортидан ирғитди. Шувиллаб учган ўроқ тегса, жағ-жағнинг тирик қолиши даргумон эди. У жон уҳмида чап берди, ўроқ жағ-жағ паналаган тут танасига тегиб қадалиб қолди. Томошаталаб болалар бараварига бақирворишади: “Ў-ҳ-ҳ-ей! Ууккағайди, бобоси, Чингачгук экан. Чингачгук!”, — чинқирди болалардан бири. Шу-шу гап тарқаб лақаби Чингачгук бўп кетди. Кичиклар тугул катталар ҳам уни Чингачгук деб чақирадиган бўлишди. Ҳа, ўша машҳур фильмдаги оқ танли ва қизил танлилар жанг-жадалидаги жасур, ҳиндулар қаҳрамони — Чингачгукка менгзалди бобо. Бу гапларга ўттиз йиллардан ошди-ёв…
   Тол-туш. Жавзонинг жинғиртоб офтоби тиғида бошим қайнаб қишлоқнинг тепасидаги Хўжаипок дарёсига қараб йўл солдим.
   Бобонинг кулбаси қишлоқ тепасида, Хўжаипок ота дарёси бўйида. Кампири ўтгандан кейин бола-бақрасининг бақир-чақирига ҳам қарамай шу ерга — тубканинг тубига келиб олганига ҳам ўн йилдан ошаяпти. Одам иси ёқмай қолди, бобога.
   Отамнинг айтишича, тенг-тушлари чолни ўртага олиб: “Буйтиб элдан чиқиб кетма, тўй-маракага қўшил, бола-чақанг ҳам ер чизиб қолаяпти, кампири ўлган бир сенми?..”, — деб аччиқ-тизиқ гаплар қилсаям парвойига олмабди. Қайси бир йили хабар олгани борса бобомиз биргина отамга ёрилиб қопти: “Раҳматбой, эркак киши бургут бўладими, лочин бўладими, қирғий бўладими, осмону фалак бўладими, гўр бўладими, аёли ўзидан олдин кетмасин экан, иним! Эр нима бўлса бўлаверсин, лекин хотин шўрлик тоғ бўларкан… Бургутниям, қирғийниям, осмонни ҳам кўтарадиган тоғ бўларкан, мени тушунаяпсизми, иним?” “Тушундим тоға, тушундим…” Тушунган бўлсангиз шу гап-да, иним!..” Мана — бобонинг топган гапи! Буни ҳеч бир иддаога, тангу тажангликка йўйиш керак эмас. Мўрт жойини метин, кемтигини бутун қиладиган инсон йўқ — бобо ёлғиз, вассалом.
   “Мени нега чақиртирдийкин?…”
  Ҳовли бош-адоқ йўнғичқазор. Кетмон сатҳидайгина жойга ўроқ теккан. Эндигина ўрилган беда ҳиди димоққа гупиллаб урилади. Қишлоқни қишлоқ қилиб турган жиҳат ҳам аслида шулар; тонгда қайнаган сут иси, ўрилган беда, ўт-ўлан ҳиди, тандирдан таралган нон бўйи, юлдузлар тўкилай-тўкилай деб турган ёз кечалари дала-боғлар ичра эсган сархуш бир эпкиннинг дил-дилингни, руҳиятингни тозартиб ўтиши.
   Бобо телпак тут тагидаги супада қурдан қайтган қўрбошига ўхшаб, ўтирибди. Вой бу-я, бунчалар озодалигини кўринг: эгнида қордай оппоқ яхтак-иштон, бошда оқ сурп гириллак дўппи. Эй-ей, бу йил соқол қўйибдими, ҳа соқол қўйибди, қўйгандаям кузабгина, теп-текисгина қилиб қўйибди. Чол ўтган йилгига қараганда бирозгина чўккандай, озгандай туюлди менга.
   Айтдим-ку, бобо мен билан чиқишади, опоқ-чапоқ. Гурунгимиз гулхани гуриллади. У ёқ-бу ёққа от солиб, гап-гаштакнинг ҳам чангини чиқардик: бобо ҳам анчадан бери тўлиб ўтирган экан дилидагини дастурхон, тилидагини кенг жаҳон қилди. Йигитлигидан сўзлади: кўпкари, кураш, оғир-оғир меҳнату заҳматдан оғиз очди, бугунги замонларни алқади, нон мўл, ризқ сероб шу кунларни алқади, чолнинг офтобга чайинган чеҳрасида шукроналик нури балқибгина турибди.
   Мени нимага чақирдийкин? Шу гапларни айтиш учун чақиртирдимикин?
  Орага сукут тушди. Бобо ўсиқ қошларининг орасида йилтиллаган ўткир кўзларини менга тикди. Аъзойи-баданим жимирлаб, юрагим орқага тортиб кетди. Чолнинг тиззасига белкуракдай бўлиб тушиб турган қўллари титраётганини пайқадим. Шундай бобо-я?
   — Хўш, (томоқ қирди) — хўш. Сени гапга етадиган бола деб биламан. Бу қишлоқда бу гапни Сендан бошқага айтмайман. Тушунгичдан кўра, кулгич кўп, нима дейсан? Болам, мени шу ҳаёт билан боғлаб турган ришта таранглашиб қолди, эрта-индин узилиб ҳам кетиши мумкин.
— Ундай деманг бобо…
— Менга қара, Сен китоб ўқийсан, китоб ёзасан… Одамнинг кўнглига бир замонлар чўккан бир ажойиб меҳр сира-сира чиқиб кетмас экан-а! Одамнинг ичида ана портлайман, мана портлайман деб юравераркан-а? Шу нарсани босиб, шу нарсага чидаб яшашни ўзи азоб экан-а. Нима дейсан?
— Нима ҳақда гапиряпсиз, бобо!
— Нима ҳақда гапираётганимни ўзинг бил, болам, ўзинг бил! Етмиш йилдан ошди бу ҳақда лом-мим демадим. Бировга оғиз очиб тиш ёрмадим. Дардим ичимда бўлди, гардим сиртимда бўлди. Лекин ҳар куни хаёлимда турди. Мен уни ҳар куни ўйладим. Етмиш йилдан бери.
— Нима турди, бобо?!
   Бобо жимиб қолди. Юзидан реза-реза тер оқди. Оғир хўрсинди:
— Уфф-ей! Кейинги икки ойдан бериб тунора тушимга ҳам кирадиган бўлди.
   Бобо кўрпачанинг дўмпайиб турган жойини сидириб аллақайси замондан қолиб кетган ёстиқдай келадиган жигарранг жамодонни олди. Кўҳна матоҳнинг ичини очди. Қўллари қалтираб, қоғоз-қуғозларни титкилаб эски бир сувратни олиб менга узатди. Сувратнинг четлари синиб, сатҳига сарғиш қуйинди ранг ўнгиган эди. Мен сувратда ҳарбий уст-бошдаги келишган, дароз, қадди-қоматидан куч-қувват ёғилиб турган йигитни ҳамда унинг кўксига бош қўйган навниҳол, кўзлари юлдуздай порлоқ, қўнғир сочлари пилоткаси остидан чиқиб, гўзал чеҳрасининг бир қисмини тўсиб турган, жуда-жуда чиройли қизни кўрдим. Сувратдаги йигит қаршимдаги Амир бобонинг навқирон, қирчиллама пайти ва бу суврат уруш йилларидан эсдалик эканлигини англадим.
   Мен сувратни жамодонга солиб қўйдим.
— Болалигингда Сенга кўп айтганман. Ёшимга етиб, ўн еттига тўлганимда қирқ учинчи йил урушга кетдим. Қаерларни босиб ўтдим, қайси шаҳарларда бўлдим эшитгансан. Бугун Сенга эшитмаганингни айтаман. Мен бу гапни ўзим билан олиб кетмайин болам.. Одамнинг юрагида гап кўп экан. Сен сувратда кўрган пошкаста (Сурхондарёда қиз-жувонни шундай дейишади) Белоруссиядан. Минскни озод қилган пайтим дуч келганман. Оғир ярадор эдим. Госпиталда тўрт ой мени даволади. Сўнг яна икки ой то тамом тузалиб кетгунимча мендан ажралмади, мени боқиб-бовлиди ҳисоб. Ўзи емай топганини менга ташиди. Шугинага мен ҳам кўнгил бериб эдим болам. Госпиталдан чиқаётганимда изиллаб-изиллаб йиғлади. Куйиб-куйиб йиғлади. Вокзалгача титраб қақшаб келди. Поездга чиқаётсам бўйнимга маҳкам ёпишиб, “Мен сени унутмайман. Сен ҳам мени унутма! Сен жуда узоқ яшайсан”, деб чинқирди. Ўзим ҳам бўларимча бўлдим, ич-ичимдан тўкилиб кетдим. “Унутмайман, сира унутмайман…”, дедим… Унинг исми Марта эди. Марта… Марта айтганидай бўлди. Мен уни мана шу бугунга қадар унутмадим, деярли ҳар кун бир марта эсга оламан, ишонасанми болам, деярли ҳар куни! Марта айтгандай бўлди — узоқ яшадим, Худога шукр тўқсондан ошдим. Марта айтгандай бўлди — ичимда, кўксимда яшади у… Мени болам, тўқсонга кириб эсини еб қўйибди демагин, Сен ундай демайсан, Сен мени тушунасан, шунинг учун ҳам мен эртага омонатимни топширсам, оёқ узатсам мен билан, Амир бобонг билан бирга Марта деган жуда яхши бир инсон, жудаям чиройли бир аёл ҳам кўмилаётганини дунё билиб қўйсин дейман-да, болам… Инсоннинг қалбида гап кўп экан болам… Гап кўп экан.
   Мен нима деяримни билмай ҳангуманг бўлиб ўтирибман, айни кўз ўнгимда ҳозиргина сувратда кўрганим жудаям гўзал, жилмайиб турган Марта гавдаланди. Кўнглим алланечук бўлиб, худди мен ҳам Мартани узоқ йиллардан бери биладигандайман, Марта, менинг назаримда, Муҳаббат тимсоли, севги рамзи бўлиб туюлади.
— Муҳаббат бу бобо! Муҳаббатнинг мангу қўшиғи бу бобо, — дейман…
— Ким билсин болам, ким билсин! Бобонинг нам кўзларидан нигоҳимни олиб қочаман. Қаршимдаги полвон, чавандозу чапани чол бир зумда кичрайиб қолгандай эди.
— Манавини кўр, ўғлим. — Бобо бош бармоқдаги тирноқдек келадиган ялтироқ темирни кўрсатди. — Буни икки курагимнинг ўртасини ковлаб олишган. Операциядан сўнг Марта берувди. Шуни сен олиб қўй. Йўқотма болам, ҳозир айтдинг-ку, муҳаббат бор деб, мангу дединг-ку болам. Шунинг учун ҳам узоқ яшадиммикин деб ўйлайман. Ол, олиб қўй! Сенда турсин, йўқотма. Вақти-соати келиб китоб-питоб ёзарсан…
   Бобо жилмайди. Оқарган чеҳрасида синиқ табассумни илғадим. Унинг қаршисидан гурзи еган гулахдай бўлиб қайтдим — авзойи баданим қизиб борарди.
— Ҳа, болам, бобонг тузукма…
— Тузук эна, тузук.
   Кун бўйи бобони, Мартани ўйлаб юрдим. Ўйларимни тасвирласам адоғи йўқ. На бир нарса ўқиёлдим, на бирор юмушга машғул бўлдим. Шу алфозда кеч кирди.
   Тонгга яқин туш кўрибман. Ям-яшил майса қопланган ҳад-ҳудудсиз кенглик бағридаги адирликда бош-оёқ ҳарир оқ либосга бурканган Марта менга қўл чўзиб имлаяпти. Шу пайт ўртада Амир бобо пайдо бўлди. Эгнида бугунги уст-бош оқ яктак, оқ иштон. Бобо менинг кўкрагимдан итарди-да, ўзи шаҳд бурилиб адирлик томон — Марта сари вазнсиз бир ҳолатда юзиб кетди.
   Кўз очдим. Пешайвон эшиги олдида қўшнимиз Раҳмон амакининг синиқ ва маҳзун овози бутун борлиғимга титроқ солди:
— Қўшни, одам боласиники шу эканда-а, эшитдингизми… Чингачгук бобо ҳам кетиб қолибди.
— Пешинда-да…
— Қачон чиқаришар экан?
— Бобо яхши одам эди. Кечагина ўғлим бориб гаплашиб келувди. Энасига бобом яхши деган экан…
   Мен тўшакни юзимга босиб ўкириб йиғлаб юбордим…

***

   PS. Орадан олти ой ўтди. Мен Минск шаҳар ҳарбий комиссариатидан хат олдим. Хатдаги ёзув: “…Кичик лейтенант Марта Повловна Поддолская. 1925 йил 6 мартда Минск шаҳрида туғилган. 1944 йил 17 июнда ҳалок бўлган…”.
   Ҳар гал қишлоққа борганимда Амир ота қабрини зиёрат қиламан. Қабр тошидаги ёзувга кўзим тушади: “Амир ота Мурод ўғли 1925 йил 6 мартда туғилган — 2015 йил 17 июнда вафот этган”. Қабр тепасида туриб тирноқдеккина темир парчаси кафтимни чўғдек қиздираётганини ҳис қиламан.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот