ХИЗР БОБОНИ УЧРАТГАН АКТЁР
Яхши кайфият улашамиз
ХИЗР БОБОНИ УЧРАТГАН АКТЁР
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдухолиқ Мамарасулов ўзи меҳнат қилган Муқимий номидаги Ўзбек давлат драма ва мусиқа театридаги, балки телевизион минитюралар театрида ижро этган ранг-баранг роллари билан томошабин меҳрини қозонган. Айниқса, “Муҳаммадхон” роли уни элга танитди. Анча йиллардан бери телевидениеда кўринмаган ва яна санъат оламига қайтган Абдухолиқ ака ҳаётида ҳангомали воқеалар жуда кўп. Санъаткоримиз бу ҳақда сўзлаб берганларида мазза қилиб кулишдик.
- Абдухолиқ ака, айтинг-чи, нега дарвозангиз тепасида шернинг ҳайкалчаси бор. Бу ниманинг рамзи?
-Э, буми? (кулади). Бу андижонлик мухлисимизнинг совғаси. Кўп йиллар бўлди. Биров келиб эшигимиз тепасидаги тугмачасини босса, шеримиз “ув” деган овоз чиқарарди. Бир куни сочиқ, ҳар хил майда-чуйда нарсалар сотадиган савдогар хотин келиб эшигимизни тақиллатган. “Ув” деган овоз эшитилса, шўрлик хотин қўрққанидан ерга ўтириб қопти. Шундан кейин овозини олиб ташладим. Мана кўриб турибсиз, фақат шернинг ўзи турибди (кулади).
- Сизни Хизрни кўрган одам, дейишади. Бу гаплар ростми ёки одамлар оғзидаги миш-мишларми?
- Рост, синглим, рост. 1985 йили янги “Волга” машинаси олган эдим. Паркентдан қайтаяпман. Йўл четида бир чол қўл кўтариб турибди. Жуда жулдур кийинган, қўлида қопи ҳам бор. Чолни машинамга ўтказдим ва эгнига қараб, “Ота, мен сизга зўр чопон олиб бераман” дедим. Индамади. “Ота, тушимда отам раҳматлини кўрибман, қўлимга чиройли тугунча бердилар, таъбирини айтинг” деб сўрадим ундан. Бобо “Сенга Худо ризқ берган экан, отанг дуоталаб бўлибди”, - деди. Бир маҳал “тўхтат”? - деди-да, пастга тушиб пул узатмоқчи бўлди. “Ие, нима қилаяпсиз, менга дуо керак!”? - десам, чол: “Илоё, пулнинг саноғини билмагин”, - деди ва тўсатдан ғойиб бўлди. Ё, тавбангдан кетай! Кўкка учдими, ерга кирдими, излайман, чол йўқ! Шу ерда кабоб сотаётган одамлардан “Бир чолни олиб келувдим, кўрмадингизми?”, - деб сўрасам, “Шу ерда ҳам қизиқчилик қилаяпсиз-а, ака?”, - деб кулишдан нарига ўтишмади. Кечда бир жойда ошимиз бор эди. Абдуғафур деган акамизга айтиб берсам, “Эй Холиқ, сен Хизр бобони кўрибсан, отангнинг руҳи бўлиб кўринибди”, - дедилар.
- Абдухолиқ ака, сиз йўлларда кўп юрар экансиз. Турли одамлар билан мулоқотда бўлавериб, салкам руҳшунос бўлиб кетибсиз?
- Э, синглим, умримнинг асосий қисми йўлларда ўтди. Йўлларда турфа феълли одамларни учратаман. Кимдир сени алдайди, иши битиши учун артистлик қилади. Кимдир иши тезроқ битиб қорни тўйса бўлди, яна кимдир умрини яхшиликка сарфлаётган бўлса, иккинчиси қитмирлик қилиш билан овора. Халқимизнинг санъаткорга бўлган илтифоти, ҳурмати катта. Қаерга борсам, таниб қолишиб, қучоқ очиб кутиб олишади. Шунинг учунми ишим тез битади. Тўйларининг устидан чиқиб қолган пайтларим кўп бўлади. Кўпи билан ака-укадек бўлиб кетганмиз. Зоминда Абдураҳмон деган укам бор. Ака-ука бир ҳовлида туришади, ўртада девор йўқ. Уларнинг ўртасидаги аҳилликни кўриб одамнинг ҳаваси келади. Чунки ота-онаси болаларига яхши тарбия берган. Аҳилликнинг оқибатида улар бой бўлиб кетишган. “Қимирлаган қир ошар” дейдилар. Ҳаммаси ҳалол меҳнатнинг орқасидан.
- Суҳбатимиз давомида кўплаб ҳангомалар айтиб бериб бизни кулдирдингиз. Шулардан бирини мухлисларимизга ҳам сўзлаб берсангиз?
- Узоқ вилоятдан қайтаётган эдим. Тунги соат 11.30. Қирқ ёшлардаги жувон қўл кўтарди. “Бечора йўлда қолиб кетибди”, дедим-да, машинага ўтқаздим. “Халқободда тушаман” деди. Ҳа, тушмай ҳар бало бўлгур! Роса сарсон қилди. Нос отадиган одатим бор. Носимни тупураман, деб деразани очсам, нос ўлгур айланиб бориб орқада ўтирган жувоннинг кўзига тегса бўладими! “Вой-дод” деб бақира бошлади ва катта тезликда кетаётган машинадан тушиб қолмоқчи бўлаяпти. Опажон, дедим, синглим дедим, ҳеч бўлмади, машинани тўхтатдим. Юз-кўзини ювгани сув қидираман, сув йўқ! Кўрган одам таниб қолса, “Абдухолиқ ака ярим тунда бегона аёл билан нима қилиб юрибди?”, демайдими? Бир бало қилиб айтган жойида қолдирдим. Яна машинангга аёл кишини чиқарадиган бўлсанг, ҳар бало бўласан, дедим ичимда ва ўзимни роса сўкдим. Қайда, кўнгил бўш, савоб бўлади деб, яна раҳмингиз келиб ўтқазасиз. Э, синглим, йўлларда бундай воқеалар кўп бўлган.
Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.