ҚЎМСАШ
ҚЎМСАШ
Новелла
Новвойхона олдида тумонат одам. Тандирдан чиққан нон қўл-қўлга тегмайди. Ҳар гал мен бу мўътабар даргоҳ ёнидан тўхтамай ўтолмайман. Навбатда турган харидорлар оқимига қўшиламан...
Хаёлан кўз ўнгимда сизнинг нуроний чеҳрангиз, хиёл эгик қоматингиз гавдаланади. Хотиралар ўз оғушига олиб, вужудимга ҳаяжон – ларза солади. Ана, сизнинг эгнингизда оқ яктак, бошингизда оқ қийиқча... Тандирда гуруллаб олов ёнади... Иссиқдан қизарган юзларингиз, қордек оппоқ соқолларингизда оловнинг шуъласи ўйнайди.
Мен эса – ҳали сочи ўримга кирмаган қизалоқ, сизнинг ортингиздан қолмайман. Сиз ясаган нонлар юзига оёқ учида чўзилиб, кунжут сепаман. Хамир юзи идишларни новвойхона орқасидан ўтган анҳорда ювиб келаман. Хамир увоқларини балиқчалар талашиб-тортишиб ейишини томоша қилиб, узоқ хаёл суриб ўтираман.
Қандай ажойиб дамлар эди-я ўша кунлар...
Бир томондан тонг отиб кела бошлайди ҳамки, сиз тандирдан нонни уза бошлайсиз. Иссиқ ноннинг ёқимли ҳиди атрофни тутиб кетади. Новвойхонага биринчи бўлиб қўшнимиз Омон михчи кириб келади.
– Ҳазратқул бобо, нонингиз пишдими? Эрталаб сизнинг нонингиз билан қаймоқхўрлик қилмасам, кўнглим жойига тушмайди-да...
У ҳар гал нонни оларкан, «Новвойликнинг пири сизга кетганда», деганча уйи томон йўналади.
Бирпасда икки юз-уч юзта нон сотилиб кетади. Сиз иккинчи хамирга уннайсиз, мен эса ҳар куни мен учун атайлаб тайёрлайдиган кулча нонларингизни сумкамнинг бир четига соламан-да, мактабга ошиқаман. Танаффус пайтида мен кулчаларни, Баҳром сумкасидан парварда-ҳолваларини олиб ўртага қўямиз...
Буларнинг ҳаммаси энди бир хотира, дадажон. Хотира бўлганда ҳам шундай ширин, шундай муқаддас хотираки, мен уларни умрбод унутолмайман. Чунки у хотиралар қатида барча шўхликларим, эркаликларимни малол олмайдиган, мени меҳри оғушида вояга етказган меҳрибон падарим, сизнинг нурли сиймойингиз бор.
Шундай кезлар бўладики, дадажон, сизни кўрмоқчи, дилдаги ҳасратларимни айтиб, кўнглимни ёзмоқчи бўламан. Қувончларимни, шодликларимни айтиб, менга тилаган тилакларингиздек оппоқ соқолларингизни силкитиб кулган кўзларингизни яна кўрмоқ истайман. Баъзан меҳрсиз, совуқ, сохта нигоҳлардан безганда сизни қўмсайман, дадажон...
Навбатим яқинлашади. Ёшгина новвой йигит қўли кўксида менга нон узатаркан, унинг эҳтироми менга эмас, сизга эди. Чунки, сиз унга энг муқаддас касбни, энг ноёб ҳунарни ўргатгансиз. Шогирдингиз қўлидан нонларни олиб, бағримга босаман. Ўзимни бир зум мен учун касбидек табаррук, пиширган нонларидек азиз дадагинамнинг иссиқ бағрида ҳис этаман.
Сайёра ЗОИРОВА,
журналист, публицист
Новелла муаллифнинг "Яхшилари кўп дунё" китобидан олинди.