Биринчи ўқитувчимга мактублар туркумидан


   Ватан ва она танланмаганидек биринчи ўқитувчи ҳам танланмас экан. Яъни, сенинг биринчи ўқитувчининг  сенга Оллоҳ томонидан бериладиган улуғ  дарё кабидир. У қандай бўлса шундай қабул қиласан. Зеро, ўқитувчи ҳам сени қандай бўлсанг шундай қабул қилгандир.
   Азиз муаллим! ( нарпайликлар ўқитувчиларига муаллим деб, мурожат қиладилар) биз 26 ўқувчи сизнинг қўлингизга, синфингизга келиб тушганимизда ёзиш- чизиш тугул қалам тутишни ҳам билмас эдик. Ҳали 45 дақиқа партада ўтириш кўникмасига эга бўлмаган жужуқлардан, Сиз комил инсонлар тайёрлашни ўз зиммангизга олдингиз.
   Сиз бизнинг ҳар биримизни бир хилда яхши кўрдингиз.
   Сизнинг меҳрингиз бизнинг ҳар биримиз учун нажот қалъасига айланди.
   Сиз бизнинг гўдак тасаввуримизда одамийликнинг олий гултожи бўлиб намоён бўлдингиз.
   Сиз бизнинг ҳар биримизда гўзал фазилатларга эга бўлган инсонни кўра олдингиз. Биз учун куйиндингиз. Биз учун қайғурдингиз.
   Ўз-ўзидан биз ҳам сизга  йигирма олти қатлам ипак толаси билан боғландик. Сиз орзу қилган одам бўлишга, сизга муносиб бўлишга интилдик.
   Дастлаб “Абдулла Шерназаровнинг синфи”, “Шерназаровчилар” –дея, бизни бутун мактаб эркалатар,  сўнгра худди шу ном ила биз билан фахрланиша бошлашди.
   Синфимизнинг  90 фоизи аълочилар,қолгани  ҳам яхши ўзлаштирувчилар эди.
   Биз учун сизнинг ҳар бир топшириғингизни бажариш шарт ва зарур эди. Сизнинг синфда ўрнатган тартиб -қоидангиз биз учун қонун эди. Сиз бизнинг ота-оналаримиз билан қон-қариндошдек яқин эдингиз.  Қайси оилада қандай муаммо мавжудлигини яхши билиб шунга яраша муомила қилар эдингиз. Бизда ота- оналар йиғилиши жуда гавжум ўтар, йиғилишга ота-оналардан ташқари бобо ва момолар ҳам таклиф этлар эди. Бу ўзини яхши натижасини берар, йиғилишдан сўнг ҳам боболар ва момолар   билан бизнинг иштирокимизсиз  суҳбатлашар эдингиз.
   Бу анъанага кейинчалик бутун мактаб ўрганиб кетди. Натижада мен ўқиб юрган пайтларда , бизнинг  9 - ўрта мактабда бирорта ҳам нохуш ҳолат бўлганини эслай олмайман. Бирорта ота-она боласига тарафкашлик қилиб мактабга келганини ёки шикоят туфайли мактабга чақирилганини эслай олмайман.
   Мактабимиз жамоаси Жабборовлар,Жўраевлар сулоласида барча болалар математиклар эканини, Мўминовлар, Ғаниевлар адабиётчилар, Худоёровлар тарихчилар, Эшниёзовлар, Тошевлар физиклар эканинию, жисмоний тарбиядан Қаюмовлар, Қувватовлар, чет тилларидан Омоновлар фан олипиадаларида  туман, вилоят босқичларида ғолиб бўлиб келишини билишар эди. 
   Азиз муаллим!  Сиз бизни ҳамма фанларга қизиқтира билдингиз. Биргина мен гоҳ адабиётдан, гоҳ географиядан, гоҳ тарихдан фан олимпиадалари вилоят босқичи ғолиби бўлганимни, Самарқанд шаҳрига бориб мукофотлар олиб келганимни яхши эслайман. Гарчи, бу ютуқларга юқори синфга ўтганимдан кейин эришган бўлсамда, сиз мен учун  қанчалар қувонганингизни кўриб бошим осмонга етарди.
   Бизнинг болалигимиз пахта якка ҳокимлиги даврига тўғри келди. Ўзбекистон қизил империянинг пахта етиштириб берувчиси эди.   Ленин номи билан аталувчи колхозимиз идорасининг пештоқида ёки томи лойшувоқ қилинган дала шийпонимизнинг ёғочига осиқлик турган қизил байроқ бу ерда энг илғор пахтакорлар ишлашидан далолат бериб турарди. Бу белги пахтани  инсон ҳаётидан устун эканини англатар эди гўё.
   Одамлар пахтага қуйиладиган ўғит сувлардан ичар, деярли ҳар бир уйдан  сариқ касаллиги  туфайли жигари шишиб кетган болалар, турли-туман юқумли хасталиклар билан  оғриган камқон оналар, нимжон оталар, ҳали олтмишга кирмаси кексаликнинг дармонсизлиги  суяк – суякларидан ўтиб кетган дала меҳнаткашлари диёри эди, менинг ЎЗБЕКИСТОНИМ.
   Тиббий кўриклар ўтказилмас,  ўзбек онасининг ва боласининг саломатлиги ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Ўзбекнинг  қишлоқлари  Москва деган пойтахтдан шу қадар узоқда эдики, “Тез тиббий” ёрдам машиналари етиб келмас, аёллар  уйларида, туғриқхонага етолмай бузилиб қолган араваларда, пахтазор  уватларида,  маккажўхори далаларида кўз ёриб, қон кетиш, қон босим тушиб кетиш ёки қон босим ошиб кетиш туфайли ҳаётдан кўз юмар эди.Оддий кўричак ёрилиши туфайли азиз одамлар ҳаёт билан видолашар эдилар.  Биргина  бизнинг синфимизда менинг, Холбувининг, Отамуроднинг, Саиднинг,Шафоатнинг оналаримиз бирин- кетин туғриқ чоғи ёки бошқа хасталик туфайли вафот этдилар.  Бу мусибатлар бизнинг мурғак юрагимизнида оғир  жароҳатлар қолдирди.Бутун синф бизнинг ярим кўнглимизга қарар , бу ғамхўрликни синфда сиз қалбларга солган эдингиз.
   Ўша кунларни хотирлаб ёзган шеърларимнинг бири:

Онам эрта вафот этдилар,
Синиб тушди қалбимдан боғлар.
Ярим кўнглим тўлмади гарчи,
Елкасида кўтарди тоғлар.

Эгик қаддин тиклай олмади,
Узумзорим- бобожонгинам.
Яшин ургач кўкламай кетди,
Оқ тутгинам – моможонгинам.

Қўй боққани чиқсам далага,
Қамишзорлар най чалиб берди.
Кўклам худди Ҳамдам тоғамдек 
Қоялардан гул олиб берди.

Ҳар жумада бозор хуржунда
Кунжут ҳолва жўнатди Қўрғон.
Холам каби кумуш сувларда 
Сочларимни ювди Зарафшон.

Косасида шарбат ичирди,
Тарвуз кийиб беқасам тўнлар.
Ёзда ҳам жун рўмолин ечмас,
Шафтолилар – дўмбоқ келинлар.

Саратонда сувдан чиқмасдик,
Бизга нима дунёвий ишлар?
Чўмиларди кўйлагин ечмай,
Оқ каптарлар - уялчанг қушлар.

Нарпайимнинг майин шамоли
Артар эди кўздан ёшларим.
Ўн йил мени аяди бир тўп
Мусичалар – синфдошларим.
                                   
***

   Азиз муаллим! Сиз бизда одамгарчиликни тарбияладингиз.
   Биринчи синфдаёқ азадор оиланинг ҳовлиси ёнидан қўшиқ айтиб ўтмаслик кераклигини тушинтирдингиз.
   Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка, ўзганинг дилига озор бермасликка ўргатдингиз.
   Ожиз ва ногирон кишиларга  ғамхўр бўлишни талаб қилдингиз.  Уларга бирон нарса берадиган бўлсак кўз-кўз қилмасликни  уқтирдингиз.
   Биз сизнинг ўгитларингизга содиқ қолдик.
   Эндиликда бу ҳикматларни фарзандларимиз ва шогирдларимизга етказмоқдамиз.
   Азиз муаллим! Ҳаёт дарсини  бир умр ўрганишдаман.  Улуғ устозларнинг сабоқлари умрим йўлларини ёритиб турибди.
   Аммо, бу  буюк йўлнинг бошида сиз турибсиз.
   Ватаним ва онам олдидаги қарзимни узиб бўлмаслигимни билганим каби сизнинг меҳрингиз олдида ҳамқарзим узиб бўлмаслигини  ҳамиша ҳис этаман. Агарда шеърларим ва бошқа ёзганларим билан миллат фарзандларига инсонийлик аталмиш муқаддас дарёдан бир ҳовуч сув олиб ичира олсам ҳаётимдан мамнун бўлар эдим.  
                                               
Зулфия МЎМИНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот