У сизнинг ўғлингиз...
У сизнинг ўғлингиз... (Бадиа)
(Хизмат вазифасини ўташ пайтида қахрамонларча халок бўлган ИИБ ходими, катта лейтенант – Абдурасул Абдувалиевнинг ёрқин хотирасига бағишлайман)
Муштипаргина, беозоргина онаизор, ўғли олийгоҳда ўқиётганида қўшни аёлларга “Илоҳим сенинг боланг ҳам институтда ўқисин, мендек йўл қараб, кун санаб ўтиргин, болам келади деб иссиқ нонлар ёпиб, сомсалар пиширгин, соғинч сени ҳам қийнасин”, деб енгилгина танбеҳ берган онаизор...
Бугун бир йигит бутун Ўзбекистон бўйлаб донг таратди. У Сизнинг ўглингиз. Оддий қишлоқ боласи жасоратда бамисоли Алпомишга тенглашди. У Сизнинг ўғлингиз.
Бугун менинг соддагина, мўмингина, доим кулиб турувчи, одамгарчилик, инсонийлик хислатларини юз-кўзидан билиниб турувчи, ҳаммага самимий бўлган, зарур ёрдамларини ҳеч кимдан сира аямаган қўшнижоним Ватанимизга танилиб кетди. У сизнинг ўғлингиз...
Онаизор, гапни мухтасар қилсам, сиз оилада ёлғиз ўғил ўстирдингиз. Унга уч қизингиз суянч бўлишди. Аммо ёлғизгина ўғлингизга бутун умид, нигоҳингиз қаратдингиз. Нечун? Чунки она учун ҳаётда бир посбон керак, суянч керак, оғир дамда асқотадиган, парваришлайдиган бир ўғлон керак...
Не бахтки, Абдурасул сиз кутгандан зиёда ўғил бўлди. Чиройли тарбиянгиз олиб ўсди, улғайди. Муҳими, халққа, Ватанга яроқли бир инсон бўлди.
Аввал бошда ҳарбий соҳада ишлаб, Ватанимиз сарҳадларида мардлик кўрсатди. Бора-бора юраги чиниққан ўғлонни ички ишлар тизими ўз сафларига қўшди. У гўзал ҳулқ, фидойилик намуналарини кўрсатиб тизим фаолиятида сидқидиллик билан ишлади. Ҳамманинг меҳрини, ишончини қозонди. Ҳа, ана шу меҳр, ишонч қозонган мард йигит - сизнинг ўғлингиз. Мен нима учун бу жасур йигитни ҳадеб "Сизнинг ўғлингиз", дея такрор-такрор сўзлаяпман. Бунга бир ривоят сабабдур.
Ривоятни қисқача айтиб ўтай. Қадимда бир қабилада ёлғиз ўғил ва унинг онаси яшаган экан. Ўғил ҳунарманд экан, сангтарошликни касб қилган экан. Гоҳида мусаввирлик қиларкан, тошларга турли безаклар бериб, хайкалчалар ясаркан, иморатлар тархини чизаркан. Пайти келиб, ўғил юрт ҳимояси учун жангга кетибди. Онаизор ўғлини қишлоқнинг чекка бир тепалигидан кузатибди. Ўғил шу кетганча қишлоғига қайтмабди. Орадан йиллар ўтибди. Уруш тугабди, ҳамма қайтибди, аммо ёлғиз ўғил қайтиб келмабди. Она бўлса, ҳар куни ўша, қачонлардир ўзи кузатиб қолган тепаликка чиқиб жигарпорасини кутар экан.
Ҳа, йиллар ўтса ҳамки, онаизор ўғлини кутишдан чарчамабди, қайтишига умид қилаверибди...
Кунлардан бир куни онаизор ҳузурига бир киши келиб, ўғлингиз тирик экан, уни мен олис бир мамлакатда кўриб келдим, деб хабар берибди. Айтишича, у машҳур хайкалтарош бўлиб танилибди, расмлар чизиб, кўплаб экспонатлар яратибди. Бу хушхабарни эшитиб, она шўрлик қувончдан карахт бўлибди, тили сўз тополмабди. Фақат ўша хабарчидан ўғлининг сифатларини сўрай олибди.
Ўғлим барваста эди, қорақош эди, кўкраклари ёлли, кўзлари катта-катта эди, елкалари яғриндор, билаклари забардаст... Қисқаси, ўғлининг хушрўйлигини, юзлари тиниқ, кулганда кўзлари чақнашини айтиб, роса таърифини келтирибди.
- Шу сифатларни топдингизми ундан, дея сўрабди она.
- Ҳа, ҳамма айтган сифатларингиз бор унда. Ишонинг, у сизнинг ўғлингиз, дебди ҳалиги одам.
Онаизор оғир тин олибди."Нахотки, наҳотки, ўғлим тирик?", дея ажабланибди. Аҳир, орадан неча йиллар ўтган бўлса...
- Ҳай, тўхта, дебди анча тин олгач она, - ўша, сен ҳадеб "ўғлингиз, ўғлингиз" деяётган бола сен билан қайси тилда гаплашди?
Ҳалиги одам сал довдираб қолибди. Тўғриси, онадан бу қадар кескин саволни кутмаган экан. Нима дейишни билмай, каловланибди.
- Айт, айтавер, у сен билан қайси тилда гаплашди?
Охири, хабар келтирган киши онага рост жавоб айтибди: - мен у билан фақат...таржимон орқали гаплашдим... У ўз она тилини унутган экан...
Онаизор оғир хўрсинибди. Боядан бери қувончдан пориллаган кўзлари беихтиёр жиққа ёшга тўлибди. Юзлари салқибди, ажинлари яна кўпайибди, ранглари сарғайибди, овозлари хириллаб чиқибди...
- Шунақа дегин. У сен билан таржимон орқали гаплашдими? У менинг ўғлим эмас!... Ўғлим эмас у!!!...
Хабарчи жавоб беролмабди, тўғриси, журъати етмабди онага жавоб қилишга.
- У менинг ўғлим эмас!... Ўғлим эмас у!!!...
Э воҳ, дунёи дун ларзага келибди шу он. Онаизор ҳар қақшаганда, ҳар нола қилганда, сўзлаганда овозлари узоқ-узоқларга етиб борибди. Тоғу тошлар акс садо берибди: " у менинг ўғлим эмас, ўғлим эмас!!!..."
Хўш, онаизор нима учун ўз фарзандини тан олмади? Нима учун ундан тонди?...
Сабаби битта, ўғил ўз юртини, ўз она тилини, миллатини унутган эди...
Қиссадан ҳисса шуки, Абдурасул Сизнинг ўғлингиз. У ўз юрти шаънини улуғлади. Ватан байроғини баланд кўтарди. "Аввал Ватан, кейин жон", деди.
У бугун миллат қахрамонига айланди. Афсонавий Алпомишу Широқ, Мангуберди, Амир Темур, Бобурмирзолар каби ўзбек миллатининг ҳақиқий қахрамонлари сафидан ўрин олди!
Азизам Тўтиё! СИЗ йиғламанг. Бир мард йигит жасорати тарихга муҳрланди. "Жасорат" медалини мардлиги, жўъмардлиги сабаб (вафотидан сўнг) олди.
У Сизнинг ўғлингиз...
Маҳфуза НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
