ҚИСМАТ БИТИГИ
Ассалому алайкум, "БИР КУНИ" ни соғинган дўстларим учун...
ҚИСМАТ БИТИГИ
Уч нафар ногирон болалари бор ёлғиз онани йўқлаб хонадонига бордик. Каттагина ҳовли, мевали дарахтлар қийғос гуллаган, томорқанинг ҳар қарич еридан унумли фойдалангани кўриниб турибди. Бизни кўриб супага кўрпача тўшаб пешвоз чиққан онахоннинг қадоқлашиб кетган озғин қўлларига, рангпар юзига қараб юрагим эзилди...
Ўғиллари ётган хонага бошлади. Бири тўшакдан бошини кўтара олмади, икки ўғли нима биландир машғул бўлиб ўтирарди. Титраб турган онаизорга ўғиллари ҳақида бир қалтис савол бериб, дилини оғритиб қўйишдан чўчиб, ўзи сўз очгунча сабр қилдим:
– Мен оилада ёлғиз фарзанд эдим. Отам урушга кетганида онамнинг қорнида қолган эканман. Яқинда элликка тўламан. Урушдан ногирон бўлиб қайтган отам умрининг охиригача азобда яшади. Бошқа фарзанд кўришмаган. Мактабда яхши ўқидим, ўқитувчи бўлишни орзу қилардим, аммо ўқишга киришга имкон бўлмади. Бир қўл бўлиб қолган отамнинг ёнига кирдим. Катта ҳовлида керагида лой тепиб пахса урдим, ер чопиб экин экдим. Узоқ-яқиндан қўлимни сўраб келган совчилар кўп бўлди, мен кўнмадим. Яримжон отам билан онамни ёлғиз ташлаб кетгим келмади. Ёшим ўтиб бораётганини билган қариндошлар маслаҳат қилишиб, холамнинг ўғлига узатишди. Пешонам шўр экан. Кетма-кет дунёга келган ўғилларим мажруҳ туғилди. Учтанинг кенжаси ҳам йигирмага кирган. Ота-онам, фарзандлар дардига куйган умр йўлдошим – ҳаммаси бизни ташлаб кетди. Болаларингизни ногиронлар уйига топширинг, хабар олиб турасиз, деганлар кўп бўлди. Кўнглим бўлмади. Оз бўлса ҳам нафақалари бор, маҳалла, қариндош -уруғлар хабар олиб туришади. Майиб-мажруҳ бўлса ҳам шу ўғилларимнинг борига шукур. Елкасига офтоб тегса, иккиси эмаклаб ҳовлига чиқишади. Бир-бирига имо-ишора билан бўлса ҳам меҳр кўрсатишади. Катта акалари ўрнидан туролмагани учун кичиклари бир амаллаб тўшагини судраб чиқиб қуёш юзини кўрсатади. Булар бўлмаса, менинг кимга керагим бор... Отамдан қолган бу дарахтларнинг мевасини кимлар ейди...
Онахон билан суҳбатлашар эканман, ўртанча ўғли: “Бувва, ке, ке”, – деб чақира бошлади. Онаизор: Ана кўрдингизми, бирпас кўринмай қолсам шунақа қилиб чақиришади-да”, дея кўзида қувонч ёлқинланди. Икки ўғлининг қўлидаги бир ўрам ипини кўриб онага савол билан юзландим.
– Қўллари бўш қолса тагига солинган кўрпа-тўшакни ипидан тортқилаб йиртиб увадасини чиқаради, кийимларини ҳам шу аҳволга солишади. Қорни тўқ бўлса, шу ипни чуваб ўйнаб ўтиришади. Иккисига икки хил рангдаги ип боғлами олиб келганман, ипини рангидан танийди, – дейди жилмайиб.
Ўша куни уйимга қайтдиму, ўзимга қайта олмадим. Фаолиятим (тўқсонинчи йиллар) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлгани учун бир оёғим ўша оилада бўлиб қолди. Онаизорга раҳмим келарди. Шифокорлар кунда, кунора хабар олиб туриши йигитларга руҳий мадад бўлди. Айниқса, ўртанча ўғли мутахассис ёрдами, муолажаси билан анча сўзларни айтадиган бўлди. Ақли ҳам тиниқлашгандек эди. Бир куни каноп ип ўрамини кўтариб бордим. Мансурбекка ипни эшиб арқон қилиши мумкинлигини уқтириш учун анча фурсат керак бўлди. Секин-аста уддалади. Укасини арқон эшаётганини кўрган ака, аввалига ўзини деворга уриб ғудраниб исён кўтарди. Ҳеч ким, ҳатто онаси ҳам тушунмайдиган тилда бир нималар дерди, шўрлик. Кейинги борганимда укаси эшаётган арқоннинг бир томонини ушлаб турганини кўриб, суюниб кўзларимга ёш келди. Тайёр бўлган арқонларни олиб кетиб, хом ашёсини келтириб берадиган савобгир ҳам топилиб қолди. Сўриток соясида иш билан андармон бўлиб ўтирган ўғли: “Буввааа, нон абке” деганда онаизор яшариб кетгандек кўринарди. У жуда бахтиёр эди.
Соппа-соғ дилбандини ўлимга маҳкум қилган ёки тўлғоқ азобида туққан боласини бегонага пуллаётган аёллар шу хокисор, мискин она пойидан тупроқ олса эди... Ўша онадаги сабрнинг бир лаҳзаси, меҳрининг бир ҳовучи ўша ношукур оналарда бўлса эди...
Мунаввара УСМОНОВА