УЗР СЎРАШНИ БИЛИНГ!


Маънавият сабоқлари

УЗР СЎРАШНИ БИЛИНГ!

  Оилада уч нафар қиз эдик – дея ҳикоясини бошлади Азиза опа. Онам касаллик туфайли анча йиллар олдин оламдан ўтган. Отамиз онам билан жуда бахтли турмуш кечирганлари сабабли бошқа уйланишни хоҳламадилар. Ўша пайтда кенжа синглим Нодирани узатиш арафасида эдик. Опам шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларда яшайди, уч ўғли бор. Мен ҳам кўп қаватли уйда яшайман, бир ўғил бир қизим бор. Синглим катта ҳовлига ёлғиз ўғилга турмушга чиқди. Энди отам хайҳотдек ҳовлида бир ўзлари қолдилар. Авваллари синглим бизларга бу борада сира ташвиш туғдирмасди, отамизнинг иссиқ-совуғи, озиқ-овқати унинг гарданида эди. Энди эса опамнинг ўғиллари навбати билан бобосини ёнида бўлиб юрди, аммо нима қилса ҳам ўғил болада уларни овқат қилишга уқуви йўқ кекса одамни эса асосан овқат сақлайди. Шундай қилиб, отамизга қараб туриш учун опа-сингиллар маслаҳатлашиб бир қарорга келдик, шаҳар четида яшашимиз, эримнинг иши, болаларимнинг ўқишларига қулайлигини инобатга олиб ҳовлига биз кўчиб келадиган бўлдик. Эрим ҳам бунга рози бўлди, отам ҳам бундан беҳад қувондилар, фарзанди, набиралари ёнида бўлиши яхшида. Бизлар ўн йил шу ҳовлида яшадик. Бу орада отам вафот этдилар. У кишига қараганлигим сабабли улар ҳаётлигида ҳовлини менинг номимга васият қилиб берди. Бундан мен ҳам эрим ҳам беҳад шод эдик. 
  Бир куни опам келиб – Азиза сенинг бир дона ўғлинг бор, қизингни узатсанг “дом”га ўғлингни уйлантирасан, менда эса уч ўғил. Улар бирин-кетин уйланиш ёшига етиб қолишди. Синглимга ҳовли жойи етарли, кел шу отамдан қолган катта ҳовлини сотайлик, яхшигина пул бўлади. Сенга алоҳида дом олайлик, менга ҳам улуш берсанг ўғлимни уйлантирар ва бир хоналик бўлса ҳам бир уй олардим – деб хасратини тўка бошлади. Чунки, опамнинг турмуш ўртоғи оламдан ўтган эди, ёлғиз аёл боши билан қийналиб қолганлигини айтиб кўз ёш қилдилар. Қолаверса, поччам рўзғордан ортиниб ўғилларига яшаб турган уйидан бошқа уй қилишга сира имкон қилолмаган. Шунда мени жазавам тутиб, нима сиз фарзанд бўлиб отамни бир кун боқиб қўйибсизми, Нодира кунига ярабдими, мен-ку отамнинг охирги кунигача ёнида бўлган. Ўлигини кўмган, маросимларини ўтказиб бутун сарф-харажатини қилган. Демак уй-жой фақат менга тегишли. Сизнинг бу ҳовлида сариқ чақалик ҳаққингиз йўқ, қолаверса отам ҳовлини менга васият қилиб берган. Шахсий уйим бўлса ҳам ёлғиз ўғлим бўлса ҳам ҳовлини сотадиган аҳмоқ йўқ. Бу ҳовлида набираларим катта бўлади ҳали. Унутинг, агар яна бир марта бу ҳақда оғиз очсангиз сиздайин опам йўқ мени – дедим қатъий оҳангда. Опамнинг кўз ёшлари юзини ювиб ортиқ бир сўз демай уйдан чиқиб кетди.
  Шу кетганча биз опам билан узоқ йиллар гаплашмадик. Опам уч ўғлини уйлантирди, мен ҳам қизимни узатдим, ўғлимни уйлантирдим. Аммо бахтсизликни қарангки, ўғлим бепушт экан. Шу ҳовлига бир ўғлимга уч маротаба келин туширдим афсуски яйрамадим. Қизимнинг ҳам иккинчи фарзанди ногирон туғилди. Бир дардим икки бўлди. Бу фалокатлар қайдан, қайси гуноҳим учун деб ўзимга-ўзим савол бераман, жавоби йўқ. Бир куни синглим - сиз опамдан кечирим сўрашингиз керак, агар опам сизни кечирмас экан ҳеч қачон рўшнолик кўрмайсиз – деди. 
- Мен қайси гуноҳим учун узр сўрашим керак, нима айб қилибманки опам мендан норози бўлади. Ахир ҳовлини олган бўлсам бунинг учун меҳнат қилиб қўйдим-ку, - деб ўзимни оқлашга тушдим.
- Барибир, сиз боқсангиз ҳам ҳовлида барчамизнинг ҳаққимиз бор эди. Сиз нотуғри иш қилдингиз.
- Сени ҳам опам заҳарлаган, бор, мен маслаҳатингга зор эмасман.
- Ҳали бундан-да кўпроқ афсус қиласиз аммо унда кеч бўлади.
- Насиҳатинг ўзингга сийлов, истасанг сен ҳам мендан кечиб юбор.
  Шу бизнинг синглим билан охирги суҳбатимиз бўлди. У ҳам бора-бора келмай қўйди, бу эса менга заррача таъсир қилмади. Мен ўзимни ҳақ деб билардим, ноҳақлигимни эса опам вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитганимда тушуниб етдим. Мен опамдан узр сўрай олмадим. Ҳаётимдаги парокандалик, бахтсизлик, меҳрсизлик ҳамма-ҳаммаси опам мендан кўнгли оғриган кун эвазига экан. Ўша номинг ўчгур ғурур сабабли мен опамдан кечирим сўрамадим. Алам қилгани шу ҳовлида яйраб ҳам яшамадим, қабримга кўтариб кетолмайдиган шу ҳовли мени қолган умримни азобда ўтказишимга сабаб бўлди. Бир неча йилдирки шундан азият чекаман. Виждоним қийналади, халоватим йўқолган. 
  Азиза опанинг хикоясини тинглар эканман, чин дилдан узр сўрашни билиш ҳам фазилат эканлигини тушундим. Аждодларимиз «узр сўрашни билиш – буюклик белгиси», деб бежизга айтишмаган. Биз «мен ноҳақ эдим, нотўғри иш қилдим, узр сўрайман», дейишни билишимиз керак экан. Агар узрни шунчаки сўз билан эмас, чин дилдан сўрасангиз, демак, сиз кучли характер соҳибисиз. Аслида бу сизда мужассам бўлиши лозим бўлган андишалилик белгиси. Ҳар ким ҳам узр сўрай олмайди. Бу ишни амалга ошириш учун асосий принцип ва қадриятларни қадрлаш лозим. Чин дилдан узр сўраш – бу қаҳрамонлик. Одамлар самимий узрнигина қабул қиладилар. Биз одамларга узримиз самимий эканлигини кўрсата олишимиз керак.
  Келинг, агар ноҳақ бўлсак ёки бирор-бир ишни нотўғри қилсак, узр сўрайлик. Кимдан узр сўрашнинг аҳамияти йўқ, ўз боламизданми, фаррошданми, ходимингизданми, бошлиғингизданми, асосийси, узр сўрашни билайлик. Бу билан биз атрофдагиларнинг чексиз ҳурмати ва муҳаббатини қозонамиз. Борди-ю, ишхонада бўлиб ўтган кичик бир кўнгилсизлик ёки хато туфайли танбеҳ эшитсак жуда тушкун ҳолга тушиб қоламиз. Биз учун дунё қоронғу бўлиб кетади. Шошманг, бироз кутинг маълум муддат ўтгач, ўша раҳбар хатосини тушунади ва «Хафа бўлма, мени кечир, сени ранжитдим. Мен жуда асабий ҳолатда эдим. Шундай бўлдики, мен ўз ғазабимни сенга сочдим, мени кечиришингни истардим», - дейди.  Сиз ҳам кечиримли бўлинг, унга ишонинг, узрини қабул қилинг, иш шароитида ҳамма нарса бўлиши мумкин.  Зотан, одамлар хатоларни кечирадилар. Бу бизнинг табиатимизда бор. Зеро, хатолар тафаккур ишининг натижасидир, улар хулоса бўла олмайди. Одамлар фақат қасддан қилинган ноҳақликни кечира олмайдилар. Агар сиз бировни атайлаб ранжитмаган бўлсангиз, унда сизнинг узрингиз ҳар доим қабул қилинади. Худди сиз ҳам уни тушунганингиз ва унинг сиздан узр сўрагани каби. Энг муҳими, ўзингиз учун шундай қарор қабул қилинг, фақат ўзига ишонган одамларгина узр сўрашга қодир, заиф одам эса буни уддасидан чиқа олмайди. Фақат кучли одамларгина узр сўрашни билади.

Феруза ОРИПОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот